Шоҳлар тўртинчи китоб
20 Ўша вақтда Ҳизқиё касал бўлиб, ўлим тўшагида ётиб қолди+. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг олдига келиб: «Яҳова шундай демоқда: “Хонадон аҳлингга васият қил, чунки соғаймай, ҳаётдан кўз юмасан”»,— деди+. 2 Буни эшитган шоҳ юзини деворга буриб, Яҳовага ибодат қила бошлади. 3 У: «Эй Яҳова, ўтинаман, Сенга садоқатли бўлиб, йўлларингдан бутун қалбим билан юрганимни, назарингда тўғри ишлар қилганимни ёдга ол»+,— деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди.
4 Ишаё шоҳ саройи ҳовлисининг ўртасига етиб бормасидан, Яҳова унга шундай деди+: 5 «Ортингга қайтиб, халқимнинг йўлбошчиси Ҳизқиёга: “Бобонг Довуднинг Тангриси Яҳова шундай демоқда: “Сенинг ибодатингни эшитдим. Кўз ёшларингни кўрдим+. Сенга шифо бераман+. Уч кундан сўнг Яҳованинг уйига борасан+. 6 Умрингни яна 15 йилга узайтираман. Сени ва мана шу шаҳарни Оссурия шоҳининг исканжасидан халос этаман+. Бу шаҳарни Ўз исмим ва хизматкорим Довуд ҳаққи ҳимоялайман”+,— деб айт».
7 Кейин Ишаё шоҳнинг хизматкорларига: «Анжир кулча келтиринглар»,— деди. Улар уни олиб келиб, шоҳнинг ярасига қўйишди ва у соғая бошлади+.
8 Ҳизқиё Ишаёдан: «Яҳова мени соғайтириши ва уч кундан сўнг Яҳованинг уйига боришим қайси белгидан+ кўринади?» — деб сўради. 9 Ишаё ундан: «Яҳова сўзининг уддасидан чиқишини кўрсатадиган Яҳованинг белгиси шундай бўлади: зинапояга* тушиб турган соя ўн қадам олдинга силжисинми ёки орқагами?»+ — деб сўради. 10 Ҳизқиё жавобан: «Соя ўн қадам олдинга силжиши осон. Шундай экан, соя ўн қадам орқага силжисин»,— деди. 11 Ишаё пайғамбар Яҳовага мурожаат қилди ва У Охознинг зинапоясига тушиб турган сояни ўн қадам орқага силжитди+.
12 Ўша пайтда Бобил шоҳи Баладон ўғли Беродах-Баладон Ҳизқиёнинг касал бўлганини эшитиб, унга хатлар билан совға-саломлар юборди+. 13 Ҳизқиё келган кишиларни яхши кутиб олиб, уларга бутун хазинасини+ — кумушу олтинини, бальзам ва бошқа қимматбаҳо мойларини, қурол-аслаҳаларини ва хазинасидаги жамики нарсаларни кўрсатди. Ҳизқиё ўз саройи билан салтанатида уларга кўрсатмаган нарсаси қолмади.
14 Бундан сўнг, Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг олдига келиб: «Бу одамлар қаердан келишибди? Улар нима дейишди?» — деб сўради. Ҳизқиё: «Улар олис юртдан, Бобилдан келишибди»+,— деди. 15 Ишаё Ҳизқиёдан: «Улар саройингизда нималарни кўришди?» — деб сўради. Ҳизқиё бўлса: «Саройимдаги ҳамма нарсани кўришди. Хазинамда уларга кўрсатмаган ҳеч нарсам қолмади»,— дея жавоб берди.
16 Ишаё Ҳизқиёга деди: «Энди Яҳованинг сўзини тингланг+: 17 “Яҳова шундай демоқда: “Саройингдаги бор нарса — бугунга қадар ота-боболаринг йиққан-терганининг бари битта қолдирмай Бобилга олиб кетиладиган кунлар келмоқда+. 18 Сендан туғилажак ўғилларингдан айримлари ҳам олиб кетилади+ ва улар Бобил шоҳи саройида мулозим бўлиб хизмат қилишади”+».
19 Шунда Ҳизқиё Ишаёга: «Яҳованинг сиз орқали айтган сўзлари ҳақдир»+,— деди-да, сўнгра: «Менинг давримда тинчлик ва барқарорлик бўлса, унда яхши»,— деб қўшиб қўйди+.
20 Ҳизқиёнинг ҳаёти, эришган ютуқлари, ҳовуз барпо этгани+ ва қувур ясаб, шаҳарга сув ўтказгани+ ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 21 Ҳизқиё вафот этиб, ота-боболарига қўшилди+. Ўрнига ўғли Манаше+ шоҳ бўлди+.