Эстер
8 Ўша куни шоҳ Ахашвераш яҳудийларнинг душмани+ бўлмиш Хомоннинг бутун мол-мулкини+ малика Эстерга топширди. Эстер Мордахай унинг қариндоши эканини айтиб бергани учун, Мордахай шоҳ ҳузурига келди+. 2 Сўнг шоҳ Хомондан олиб қўйган муҳр узугини+ ечиб Мордахайга берди. Эстер эса Мордахайни Хомоннинг мол-мулки устидан бошқарувчи этиб тайинлади+.
3 Эстер шоҳ билан яна гаплашди. У шоҳнинг оёқларига йиқилди ва йиғлаб Ўгах наслидан бўлган Хомон яҳудийларга етказган зарарни ва уларга қарши тузган режани+ бекор қилишни сўраб ёлворди. 4 Шоҳ Эстерга олтин салтанат ҳассасини узатди+ ва Эстер қаддини тиклаб, шоҳ олдида турди. 5 У шоҳга деди: «Агар шоҳ ҳазратларига маъқул бўлса ва назарингизда марҳамат топган бўлсам, шоҳим тўғри деб билсалар ва мендан мамнун бўлсалар, Ўгах наслидан+ бўлган Хамадото ўғли ғаламис Хомон шоҳлигингиздаги барча вилоятлардан яҳудийларни қириб ташлаш учун ёзган ҳужжатни бекор қиладиган фармон ёзилсин+. 6 Халқимнинг бошига бундай фалокат тушишига қандай чидайман? Қариндошларимнинг қирилиб кетишига қандай қараб тураман?»
7 Шоҳ Ахашвераш малика Эстер билан яҳудий Мордахайга шундай деди: «Мен Хомоннинг бутун мол-мулкини Эстерга бердим+. Унинг ўзини эса, яҳудийларга қарши фитна уюштиргани учун устунга остирдим+. 8 Энди яҳудийларнинг фойдаси учун нимани яхши деб билсангиз, шоҳ номидан фармон чиқариб, уни шоҳнинг муҳр узуги билан муҳрланглар. Чунки шоҳ номидан ёзилиб, унинг муҳр узуги билан муҳрланган фармонни бекор қилиш мумкин эмас»+.
9 Учинчи ойда, яъни шавон* ойининг 23- куни шоҳ котиблари чақирилди. Улар Мордахай яҳудийларга берган барча буйруқларни Ҳиндистондан Ҳабашистонгача бўлган 127 та вилоятдаги сатрапларга+, ҳокимларга ҳамда вилоятлар бекларига+ ёзишди. Ушбу буйруқ ҳар бир вилоятга ўз ёзувида ва ҳар бир халққа ўз она тилида, яҳудийларга ҳам ўз ёзуви ва она тилида ёзилди.
10 У буйруқларни шоҳ Ахашвераш номидан ёзди ва шоҳнинг муҳр узуги+ билан муҳрлаб, ҳужжатларни чопарлар орқали жўнатди. Улар шоҳ хизматида бўлган, хат-хабар жўнатиш учун ишлатиладиган учқур отларга миниб йўлга тушишди. 11 Бу ҳужжатларга кўра турли шаҳарлардаги яҳудийларга биргаликда йиғилиб, ўзларини ҳимоя қилишга шоҳ томонидан изн берилганди. Яҳудийлар уларга ҳужум қиладиган ҳар қандай халқ ёки вилоятнинг қуролли кучларини, ҳатто аёллару болаларни қирғин қилиши, ўлдириши, йўқ қилиши ҳамда уларнинг мол-мулкини ўлжа қилиб олиши мумкин эди+. 12 Бу, шоҳ Ахашвераш бошқаруви остидаги барча вилоятларда бир куннинг ўзида, 12- ойда, яъни адар ойининг 13- кунида юз бериши керак эди+. 13 Ушбу ҳужжатда ёзилганлар ҳар бир вилоят учун қонун бўлиши керак эди. Яҳудийлар ўша куни душманларидан қасос олишга тайёр туришлари учун, қонун барча халқларга эълон қилинди+. 14 Шоҳ буйруғига кўра чопарлар дарҳол шоҳ хизматида бўлган, хат-хабар жўнатиш учун ишлатиладиган отларга миниб, елиб кетишди. Қонун Суза+ қалъасида ҳам эълон қилинди.
15 Мордахай мовий ва оқ матодан шоҳона либос, чиройли олтин тож кийган ҳолда, тўқ қизилга бўялган жундан тайёрланган сифатли ридода шоҳ ҳузуридан чиқди+. Суза шаҳрида қувонч ҳайқириқлари эшитилди. 16 Яҳудийларнинг қалбида умид пайдо бўлиб, қувончу шодликка тўлишди ва ҳурматлари ошди. 17 Барча вилоятлару шаҳарларга шоҳ амру фармони етиб борганда, яҳудийлар шод-хуррам бўлдилар, зиёфатлар уюштириб, байрам қилдилар. Яҳудийлардан қўрқиб қолгани учун, юртдаги халқлар орасидан кўпчилик уларнинг динини қабул қилди+.