Ишаё
58 «Овозинг борича бақир, чекинма!
Бурғунинг товушидай овозингни баландлат.
Халқимга исёни ҳақида+,
Ёқуб хонадонига гуноҳлари тўғрисида эълон қил.
2 Улар кун сайин Мени излайди,
Йўлларимни билишдан завқ олади.
Улар ўзини гўё адолат ила йўл тутган халқдай,
Худосининг одиллигидан узоқлашмагандай тутади+.
Улар Аллоҳга яқинлашишни хоҳлайди+,
Мендан адолатли ҳукм чиқаришни сўраб:
3 “Рўза тутганимизни нега кўрмайсан?+
Жонимизни қийнаганимизга нега эътибор бермайсан?”+ — дейди.
Чунки сизлар рўза тутган кунда ўз фойдангизни изладингиз,
Ишчиларингизга жабр-зулм ўтказдингиз+.
4 Сизлар тутган рўза жанжалу уриш билан тугайди,
Ёвузлик ила мушт кўтарасиз.
Бугунгидай рўза тутсангиз, овозингиз осмонда эшитилади деб ўйламанг.
5 Наҳотки Мен истаган рўза шундай бўлса?!
Ўша куни инсон ўз жонини қийнаши,
Бошини худди қамишдай эгиши,
Жулга ўраниб, кулга ётиши керакми?!
Сен мана шуни рўза, Яҳовага ёқадиган кун деб ҳисоблайсанми?
6 Мен истаган рўза қуйидагичадир:
Ёвузлик кишанларини олиб ташла,
Бўйинтуруқ арқонларини еч+,
Мазлумларни озод эт+,
Ҳар бир бўйинтуруқни синдир.
7 Нонингни очлар билан бўлиш+,
Камбағалу бошпанасизларни уйингга олиб кел.
Яланғоч одамни кўрсанг, уни кийинтир+,
Яқинингдан юз ўгирма.
8 Шунда нуринг тонг каби порлайди+,
Сен тезда шифо топасан.
Адолатинг олдингда боради,
Яҳованинг улуғворлиги орт томонингдан қўриқлайди+.
9 Ўшанда сен чақирасан, Яҳова жавоб беради.
Ёрдам сўраб ёлворасан, У эса: “Мен бу ердаман!” — дейди.
Агар бўйинтуруқни олиб ташласанг,
Бармоғингни кўрсатиб, ғаразли сўзлар айтмай қўйсанг+,
10 Кўнглинг тусаганини оч одамга берсанг+,
Жабрдийдаларни тўйдирсанг,
Нуринг ҳатто қоронғиликда ҳам порлайди,
Зулматинг кундуздай ёруғ бўлади+.
11 Яҳова доим сени етаклайди,
Қақраган ерда ҳам сени тўйдиради+,
Суякларингни бақувват қилади.
Шунда сен суғорилган боғдай+,
Сувлари қуримас чашмадай бўласан.
12 Улар сен учун қадимги вайроналарни тиклайди+,
Насллар оша харобага айланган пойдеворларни қайта соласан+.
Сен бузилган деворлар тикловчиси+,
Уй солинган кўчаларнинг қайта қурувчиси деб аталасан.
13 Муқаддас куним — Шаббат кунида фойдангни кўзлашдан ўзингни тийсанг+,
Шаббат кунини завқли, Яҳованинг муқаддас куни, улуғвор кун+ деб билсанг,
Ўз фойдангни излаб, беҳуда сўзлар айтишнинг ўрнига ўша кунни шарафласанг,
14 Мендан, Яҳовадан, катта қувонч топасан.
Сени ернинг юксак жойларига олиб чиқаман+.
Бобонг Ёқубнинг меросидан баҳра оласан+,
Зеро, буни Яҳова айтмоқда».