Шоҳлар биринчи китоб
27 Довуд: «Бир кун келиб Шоулнинг қўлидан ҳалок бўламан. Яхшиси, филистимликлар юртига қочиб кета қолай+. Шунда Шоул бутун Исроил ҳудуди бўйлаб мени излашдан умидини узади+. Мен бўлсам унинг қўлидан қочиб қутуламан»,— деб ўйлади. 2 Шундай қилиб, Довуд 600 нафар одами билан бирга йўлга отланиб+, Гат шоҳи Мойух ўғли Охишнинг+ олдига қараб кетди. 3 Довуд ўз одамлари, уларнинг оилалари ҳамда иккита хотини: йизриллик Охинавам+ ва Наволнинг беваси бўлмиш кармиллик Обигайл+ билан бирга Гатда, Охишнинг олдида яшай бошлади. 4 Довуд Гатга қочиб кетгани ҳақидаги хабар Шоулнинг қулоғига етиб боргач, у Довудни изламай қўйди+.
5 Довуд Охишга: «Агар назарингизда илтифот топган бўлсам, илтимос, кичик шаҳарларингизнинг биридан менга жой беринг, ўша ерда яшайин. Хизматкорингиз сиз билан бирга шоҳ шаҳрида яшаб нима қилади?» — дея мурожаат қилди. 6 Ўша куни Охиш унга Зихлахни+ берди. Шу боис, Зихлах бугунга қадар Яҳудо шоҳларига тегишли.
7 Довуд филистимликлар шаҳарчасида яшаётганига бир йилу тўрт ой бўлди+. 8 Довуд одамлари билан бирга Теламдан Шургача+ ва Миср юртига қадар чўзилган ерларда яшовчи гашурликлар+, герзитийлар ҳамда омолекларга+ қарши ҳужумлар уюштирарди. 9 Довуд бу ерларга бостириб борганда, аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тирик қолдирмасди+. Уларнинг қўй-эчкилари, қорамоли, эшаклари, туялари ва кийим-кечакларини эса ўлжа қилиб олиб, Охишнинг ёнига қайтиб келарди. 10 Охиш ундан: «Бугун қаерга ҳужум уюштирдинг?» — деб сўраганда, Довуд унга: «Яҳудонинг жанубига*+» ёки «Ярахмалийлар+ юрти жанубига» ёки «Хайинийлар+ юрти жанубига»,— деб жавоб берарди. 11 Гатга олиб келинмаслиги учун, Довуд ҳеч бир эркак ёки аёлни тирик қолдирмас эди. Чунки Довуд: «Улар: “Довуд ундай қилди, бундай қилди”— дея бизни сотиб қўйишади»,— деб айтарди. (У филистимликлар шаҳарчасида яшаб юрган бутун вақт давомида шундай йўл тутарди.) 12 Охиш эса Довудга ишонар ва ўзича: «У ўз халқи Исроил учун жирканч бўлгани аниқ. Энди у бир умр менинг хизматкорим бўлиб қолади»,— деб ўйларди.