Ҳаворийларнинг фаолияти
6 Исонинг шогирдлари кўпайиб бораётган ўша кунларда, юнон тилида гапирувчи яҳудийлар орасида иброний тилида гапирувчи яҳудийларга нисбатан норозилик юз берди. Сабаби, кундалик ризқ-рўзни тақсимлашда уларнинг беваларини четлаб ўтишаётганди+. 2 Шу боис, 12 ҳаворий барча шогирдларни чақириб, уларга дейишди: «Аллоҳнинг каломидан таълим беришни бир четга суриб қўйиб, дастурхонларга егулик тортиқ қилишимиз Худога маъқул эмас+. 3 Хуллас, биродарлар, орангизда яхши ном орттирган+, муқаддас руҳ ва доноликка эга+ етти кишини танланглар. Уларни ушбу муҳим вазифани бажаришга тайинлайлик+. 4 Ўзимизни эса ибодатга ва Тангрининг каломидан таълим беришга бағишлаймиз». 5 Бу қарор шогирдларнинг барига маъқул тушди. Шундай қилиб, улар кучли имон ва муқаддас руҳга эга бўлган Стефанни, шунингдек, Филип+, Прохор, Никанор, Тимон, Пармен ва яҳудий динига кирган антиохиялик Николаосни танлаб, 6 ҳаворийларнинг ҳузурига келтиришди. Ҳаворийлар эса ибодат қилиб, уларнинг устига қўл қўйишди+.
7 Натижада Аллоҳнинг каломи кенг ёйила бошлади+ ва Қуддусда Исо шогирдларининг сони ғоят ошиб бораверди+. Анчагина руҳонийлар ҳам имонга кирди+.
8 Тангрининг марҳамати ва қудратига тўлган Стефан эса халқ орасида аломату ғаройиботлар содир этаётганди. 9 Шунда «Озодлар ибодатхонаси» деб аталган гуруҳдан, шунингдек Киринея, Искандария, Киликия ва Осиё вилоятида яшовчилардан айримлари Стефан билан тортишиб кетишди. 10 Аммо унинг донолигига ва гапираётганда уни бошқариб турган муқаддас руҳга қарши чиқа олишмади+. 11 Охири улар яширинча баъзи одамлар билан тил бириктириб, уларни: «Стефан Худони ва Мусо пайғамбаримизни ҳақорат қилди»,— деб айтишга қайраб қўйишди. 12 Шу йўсин улар халқни, оқсоқоллар ва уламоларни қўзғатишди. Улар эса бостириб келиб, Стефанни ушлашди-да, Олий Кенгашга судраб кетишди. 13 Ёлланган сохта гувоҳлар бўлса шундай дейишди: «Бу киши муқаддас жойимизга ҳамда Тавротга қарши гапиришдан тинмасди. 14 Масалан, носиралик Исо шу ерни бузиши ва Мусо пайғамбаримиздан қолган урф-одатларни ўзгартириши тўғрисида гапирганини ўз қулоғимиз билан эшитдик».
15 Олий Кенгашда ўтирганларнинг ҳаммаси Стефанга тикилиб қарашарди. Уларнинг назарида унинг юзи худди фариштанинг юзига ўхшаб қолган эди.