Ҳаворийларнинг фаолияти
22 «Биродарлар ва оталар, энди ўзимни ҳимоялаш учун сизларга айтадиган сўзларимга қулоқ солинглар»+. 2 Халойиқ унинг иброний тилида гапираётганини эшитиб жим бўлиб қолди. Шунда Павлус қуйидагиларни айтди: 3 «Мен, Киликия вилоятидаги Тарс шаҳрида+ таваллуд топган яҳудийман+. Шахсан Гамалиэлнинг+ ўзидан таълим олиб, ота-боболаримиз амал қилган Тавротга қатъий риоя қилишни ўрганганман+. Сизларга ўхшаб мен ҳам ғайрат билан Аллоҳга хизмат қилганман+. 4 Бу йўлдан юрганларнинг барини, эркакми аёлми демай кишанлаб қамоққа ташлаганман ва ҳатто уларнинг ҳаётига зомин бўлганман+. 5 Ана, олий руҳоний ҳамда оқсоқоллар йиғини бунга гувоҳдир. Улардан мен Дамашқдаги биродарларга ёзилган хатларни олиб, у ерда бўлганларни жазолаш учун кишанлаб, Қуддусга олиб келиш учун кетаётган эдим.
6 Лекин йўлда, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, тахминан туш пайтида қўққисдан осмондан нур ёғилиб атрофимни ярқиратиб юборди+. 7 Мен ерга йиқилдим ва бир овознинг: “Шоул, Шоул, нега мени таъқиб қиляпсан?” — деганини эшитдим. 8 Кейин мен жавобан: “Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?” — дедим. У менга: “Мен, сен таъқиб қилаётган носиралик Исоман”,— деди. 9 Ўша пайтда мен билан бўлган одамлар нурни кўришган, аммо менга гапираётган овозни эшитишмаган эди. 10 Шунда мен: “Ҳазрат, мен нима қилишим керак?” — деб сўрадим. Ҳазрат менга: “Ўрнингдан туриб, Дамашққа бор. Ўша ерда нима қилишинг кераклиги сенга айтилади”+,— деди. 11 Лекин ўша нур жуда порлоқ бўлгани учун мен ҳеч нарсани кўра олмай қолдим. Шу боис ёнимдагилар мени Дамашққа етаклаб келишди.
12 Кейин Таврот бўйича яшайдиган, худотарс ва яҳудийлар орасида яхши ном орттирган Ҳанания исмли бир киши 13 ёнимга келди-да: “Биродарим Шоул, кўзларингиз очилсин!” — деди. Шу ондаёқ кўзим очилиб уни кўрдим+. 14 У менга шундай деб айтди: “Ота-боболаримизнинг Худоси, Унинг иродасини билиб, одил кишини кўриб+ ва овозини шахсан эшитишингиз учун сизни танлади. 15 Сабаби, сиз кўриб эшитганларингиз ҳақида энди ҳамма одамларга эълон қилиб, унинг шоҳиди бўласиз+. 16 Шундай экан, нега иккиланяпсиз? Ўрнингиздан туринг-да, сувга чўминг ва Исонинг исмини айтиб чақиринг+, шунда Аллоҳ гуноҳларингизни кечиради”+.
17 Сўнгра мен Қуддусга қайтдим+ ва маъбадда ибодат қилаётганимда бир ваҳий кўрдим. 18 Ваҳийда Ҳазратим менга: “Тезда Қуддусдан чиқиб кет, чунки мен ҳақимдаги шаҳодатни бу ерда қабул қилишмайди”+,— деганини эшитдим. 19 Кейин унга шундай жавоб бердим: “Ҳазратим, улар сизга ишонганларни ибодатхоналарда уриб, қамоққа ташлаганимни яхши билишади+. 20 Шунингдек, шоҳидингиз Стефаннинг қони тўкилганида мен ўша ерда эдим. Буни маъқуллаб, қотилларнинг кийимларини қўриқлаб турардим”+. 21 Аммо у менга: “Бор, зеро мен сени узоқдаги халқларга жўнатаман”+,— деди».
22 Улар Павлуснинг ушбу сўзларидан кейин уни тингламай қўйишди. Улар: «Уни ўлдиринглар, унинг яшашга ҳаққи йўқ!» — дея қичқиришарди. 23 Улар бундай бақириб, устки кийимларини ечиб ташлаб, ҳавога тупроқ сочишгани учун+ 24 мингбоши Павлусни ҳарбий қисмга олиб кетиб, уни қамчилаб, сўроқ қилишни буюрди. Чунки у нима сабабдан Павлусга бундай бақиришганини билмоқчи эди. 25 Қамчилаш учун уни ётқизиб боғлашаётганда Павлус юзбошига: «Рим фуқаросини қамчилатишингиз қонунга мувофиқми? Бунинг устига мен ҳали ҳукм қилинмаганман»+,— деди. 26 Юзбоши буларни эшитгач, мингбошининг ёнига бориб: «Бу нима қилганингиз? Ахир у Рим фуқароси экан-ку»,— деди. 27 Кейин мингбоши Павлуснинг олдига бориб ундан: «Менга айт-чи, сен Рим фуқаросимисан?» — деб сўради. У эса: «Ҳа»,— деб жавоб берди. 28 Мингбоши унга: «Мен бу фуқароликни катта пулга сотиб олганман»,— деди. Павлус: «Мен эса туғилганимдан бери Рим фуқаросиман»+,— дея унга жавоб қайтарди.
29 Шунда Павлусни боғлаб, уни сўроққа тутмоқчи бўлган одамлар шартта ундан қўлларини тортишди. Мингбоши эса унинг римлик эканини билгач, уни боғлагани учун қўрқиб кетди+.
30 Эртаси куни яҳудийлар Павлусни нимада айблашганини билмоқчи бўлиб мингбоши уни озод қилди. Сўнгра у бош руҳонийлар ҳамда Олий Кенгаш аъзоларига йиғилишларини буюрди ва Павлусни олиб келгач, уларнинг қаршисига қўйди+.