Шоҳлар биринчи китоб
1 Эфрайим тоғли ҳудудида, Раматайим-Зофимда*+ Элқана+ исмли эфрайимлик*+ киши яшарди. Отасининг исми Ерохам, бобосиники эса Элиху эди. Элиху Зуф ўғли бўлмиш Тўхунинг ўғли эди. 2 Элқананинг иккита хотини бўлиб, бирининг исми Ханна, иккинчисиники Панинна эди. Паниннанинг фарзандлари бор эди, аммо Ханна бефарзанд эди. 3 Элқана ҳар йили Қўшинлар Сарвари Яҳовага топиниш* ва қурбонлик келтириш учун Шилўга+ борарди. Элахнинг Хўфнах ва Финхаз+ исмли ўғиллари у ерда Яҳовага руҳоний бўлиб хизмат қилишарди+.
4 Бир куни Элқана қурбонлик келтириб, Паниннага ва ҳамма ўғил-қизларига қурбонлик гўштидан бўлиб берди+. 5 Ханнага эса қурбонликнинг яхши жойидан берди, чунки у Ханнани жудаям яхши кўрарди. Лекин Яҳова унга фарзанд бермаган эди*. 6 Яҳова Ханнага бола бермагани учун кундоши уни мазах қилиб, тинмай дилини оғритарди. 7 Бу ҳол йилдан-йилга давом этиб келарди. Ханна Яҳованинг уйига+ борганида, кундоши уни шунчалик мазах қилдики, у йиғлаб, туз ҳам тотмади. 8 Аммо эри Элқана унга: «Ханна, нега йиғлаяпсан? Нега ҳеч нима емаяпсан? Нега бунчалик хомушсан? Ахир мен сен учун ўнта ўғилдан кўра афзалроқ эмасманми?» — деди.
9 Улар Шилўда еб-ичиб бўлишгач, Ханна ўрнидан турди. Бу пайт руҳоний Элах Яҳова маъбадининг*+ кираверишида, курсида ўтирган эди. 10 Ханна қаттиқ қайғурганидан Яҳовага ибодат қилиб+, ўзини йиғидан тия олмади. 11 У: «Эй, Қўшинлар Сарвари Яҳова, агар чўрингнинг қайғусига эътибор қаратиб, мени ёдга олсанг ва унутмасдан менга ўғил берсанг+, эй Яҳова, мен уни Сенга бераман. У бир умр Сенга хизмат қилади, бошига устара тегмайди»+,— дея қасам ичди.
12 Ханна Яҳовага узоқ вақт ибодат қилиб турди. Элах эса унга қараб турарди. 13 Ханна ичида гапираётгани учун овози чиқмасди, фақатгина лаблари қимирлаб турарди. Элах уни маст деб ўйлади. 14 Элах унга: «Қачонгача маст бўлиб юрасан? Кайфинг тарқагандан сўнг кел»,— деди. 15 Ханна унга жавобан: «Тақсирим, мен маст эмасман. Аксинча, кўнгли ғамга тўлган* бир аёлман. Шароб ёки бошқа ичкилик ичмадим. Мен Яҳованинг ҳузурида юрагимда борини тўкиб соляпман+. 16 Чўрингизни ярамас аёл деб ўйламанг, қаттиқ жафо чекканимдан узоқ ибодат қиляпман»,— деб айтди. 17 Элах унга: «Эсон-омон бор. Исроилнинг Тангриси тилагингни бажо келтирсин»+,— деди. 18 Унга жавобан Ханна: «Назарингизда илтифот топайин»,— деди. Сўнг у ердан кетиб овқат еди, энди унинг чеҳраси очиқ эди.
19 Улар эрталаб саҳар туриб, Яҳованинг ҳузурида сажда қилишди. Кейин Рамага+, ўз уйларига қайтиб кетишди. Элқана хотини Ханна билан бирга бўлди ва Яҳова Ханнани эслади+. 20 Бир йил ўтар-ўтмас*, Ханна ҳомиладор бўлди ва ўғил кўрди. У: «Мен уни Яҳовадан сўраб олганман»,— дея унга Шомуил* деб исм берди+.
21 Вақт ўтиб, Элқана хонадон аҳли билан Яҳовага ҳар йили келтирадиган қурбонликни+ ва қасам назрини тақдим этиш учун йўлга чиқди. 22 Аммо Ханна улар билан бормади+. У эрига: «Болани сутдан чиқарганимдан сўнг, уни Яҳованинг ҳузурига олиб бораман. Кейин у бир умрга ўша ерда қолади»+,— деб айтди. 23 Элқана унга: «Сенга қандай маъқул бўлса, шундай қил. Уни кўкракдан ажратгунча уйда қола қол. Яҳова айтганингни бажо келтирсин»,— деди. Шу йўсин Ханна уйда қолди ва ўғлини сутдан чиқаргунча, унга ғамхўрлик қилди.
24 Болани кўкракдан ажратгандан кейин, Ханна уч яшар буқа, бир эфа* ун ва бир кўза шаробни олиб+, ўғли билан бирга Яҳованинг Шилўдаги+ уйига келди. Ўғли ёнида эди. 25 Улар буқани сўйишди, сўнг болани Элахга олиб боришди. 26 Ханна шундай деди: «Тақсирим, кечирасиз. Мен сизнинг ёнингизда, шу ерда туриб Яҳовага ибодат қилган ўша аёлман+. 27 Ўшанда мана шу болани сўраб ибодат қилган эдим. Яҳова тилагимни бажо келтирди+. 28 Энди ўғлимни Яҳовага бераман*. У бир умр Яҳовага тегишли бўлади».
Элқана ўша ерда Яҳовага таъзим қилди.