Ҳизқиё
5 Эй инсон ўғли, ўткир қилични олгин-да, уни сартарошнинг устараси сифатида ишлат. Сочинг билан соқолингни қириб, сочларни тарозида торт ва уч қисмга ажрат. 2 Қамал кунлари тугагач+, сочнинг бир қисмини шаҳар ичида ёқ. Бошқа қисмини шаҳар атрофида қилич билан майдалаб чиқ+. Учинчи қисмини эса шамолда учириб юбор ва Мен уларнинг ортидан қувиш учун қилич яланғочлайман+.
3 Бир тутам сочни олиб, кийиминг этагига тугиб қўй. 4 Яна озроғини оловга ташлаб ёндир. Бу олов бутун Исроил хонадонига тарқалади+.
5 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Бу — Қуддус. Мен уни халқлар орасига жойлаштирдим, уни юртлар ўраб турибди. 6 Аммо у атрофидаги халқлар ва юртлардан ҳам ёвузроқ ишлар қилиб, ҳукмлариму низомларимга қарши чиқди+. У ҳукмларимни рад этиб, низомларим бўйича йўл тутмади”.
7 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Атрофингдаги халқлардан ҳам кўпроқ муаммо туғдирдинг. Низомларим бўйича йўл тутиб, Менинг ҳукмларимни бажариш ўрнига атрофингдаги халқларнинг ҳукмларини бажардинг+. 8 Шу боис, Олий Ҳукмдор Яҳова мана бундай демоқда: “Эй Қуддус шаҳри, Мен сенинг душманингман+. Сенга қарши чиқарган ҳукмларимни халқларнинг кўз ўнгида амалга ошираман+. 9 Барча жирканч ишларинг туфайли, Мен аввал ҳеч қилмаган ва кейин ҳам қилмайдиган ишларни сенда амалга ошираман+.
10 Ота-оналар болаларининг+, болалар эса ота-онасининг этини ейди. Сенга қарши ҳукмимни амалга ошириб, омон қолганларни ҳар тарафга* тарқатиб юбораман”+.
11 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, Менинг муқаддас масканимни жирканч бутларинг ва разил ишларинг билан булғаганинг учун+, Мен ҳам сени рад этаман. Сенга ачинмайман, раҳм ҳам қилмайман+. 12 Шаҳардаги халқнинг бир қисми ўлатдан ҳалок бўлади ёки очарчиликдан қирилиб кетади. Бошқа қисми шаҳар атрофида қиличдан ўлади+. Қолганларини эса ҳар тарафга тарқатиб юбораман ва Мен уларнинг ортидан қувиш учун қилич яланғочлайман+. 13 Сўнг ғазабим босилиб, жаҳлимдан тушаман ва таскин топаман+. Уларга қаҳримни сочишдан тўхтаганимда, Мен — Яҳова мутлақ садоқатни талаб қилганим учун+ буларни айтганимни билиб олишади.
14 Сени вайрон қиламан ва атрофдаги халқларга, ёнингдан ўтган ҳаммага масхара бўласан+. 15 Қаҳр-ғазаб ила сизларга қарши ҳукмимни ижро этиб, қаттиқ жазолаганимда атрофдаги халқлар олдида иснодга қоласизлар ва сизлардан ҳазар қилишади+, улар бошингизга тушган кўргиликлардан сабоқ олиб, даҳшатда қолишади. Буларни Мен — Яҳова айтдим.
16 Сизларни йўқ қилиш учун очарчиликнинг ҳалокатли ўқларини ёғдираман. Мен ёғдирган ўқлар сизларни хароб қилади+. Нон захирангизни йўқ қилиб очарчиликни янада кучайтираман+. 17 Сизларни очликка дучор қилиб, устингизга ваҳший ҳайвонларни юбораман+ ва улар сизларни фарзандларингиздан жудо қилади. Ўлату хунрезликдан бошингиз чиқмайди, Мен сизларга қарши қилич келтираман+. Буларни Мен — Яҳова айтдим”».