Ҳизқиё
34 Яҳова яна менга сўзини аён қилди: 2 «Эй инсон ўғли, Исроил чўпонларига қарши башорат қил. Башорат қилиб уларга шундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ўзларини боқиб юрган Исроил чўпонларининг ҳолига вой!+ Чўпонлар сурувни боқиши керак эмасми?!+ 3 Сизлар ҳайвонларнинг энг семизини сўясизлар, ёғини ейсизлар, жунидан кийим киясизлар-у+, сурувни боқмайсизлар+. 4 Сизлар заифларини мустаҳкамламадингиз, касалларини даволаб, яраларини боғламадингиз, адашганларини қайтариб келмадингиз, йўқолганларини изламадингиз+. Аксинча, бераҳмлик ва золимлик қилиб уларни бошқардингиз+. 5 Чўпони бўлмагани учун улар тарқалиб кетишди+. Улар тарқалиб, даштдаги ёввойи ҳайвонларга ем бўлишди. 6 Қўйларим барча тоғлару баланд тепаликларда адашиб юришди, бутун ер юзи бўйлаб тарқалиб кетишди. Ҳеч ким уларни қидирмади, топишга ҳаракат қилмади.
7 Шунинг учун, эй чўпонлар, Яҳованинг сўзини тингланг: 8 “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова — чўпони бўлмагани учун қўйларим даштдаги ёввойи ҳайвонларга ўлжа ва ем бўлишди. Чўпонларим қўйларимни излашмади. Улар қўйларимни эмас ўзларини боқишди”. 9 Шунинг учун, эй чўпонлар, Яҳованинг сўзини тингланг! 10 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен чўпонларга қарши чиқяпман, қўйларим учун уларни жавобгарликка тортаман ва қўйларимни боқишга ортиқ изн бермайман+. Энди чўпонлар ўзларини боқишмайди. Қўйларимни уларнинг оғзидан қутқараман, бундан буён улар чўпонларга ем бўлишмайди”.
11 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мана, Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман ва уларга ғамхўрлик қиламан+. 12 Чўпон тарқалиб кетган қўйларини излаб топгани ва уларни боққани сингари, Мен ҳам қўйларимга ғамхўрлик қиламан+. Булутлар ва тим қоронғилик кунида+ улар тарқалиб кетган ҳамма жойлардан уларни қутқараман. 13 Мен уларни халқлар орасидан олиб чиқаман, юртлардан йиғиб оламан. Уларни ўз юртларига келтириб+, Исроил тоғларида, анҳорлар бўйида ва юртдаги одамлар яшайдиган барча жойларда боқаман. 14 Уларни яхши яйловларда боқаман, ўтлаб юрадиган жойлари Исроилнинг баланд тоғлари бўлади+. Улар ям-яшил ўтлоқларда ётишади+ ва Исроил тоғларидаги серўт яйловларда озиқланишади”.
15 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен Ўзим қўйларимни боқаман+ ва Ўзим уларга ором бераман+. 16 Мен йўқолганини излаб топаман+, адашиб қолганини қайтариб олиб келаман, яраланганининг ярасини боғлайман ва заифини мустаҳкамлайман. Семиз ва кучлисини эса йўқ қиламан. Уларни ҳукм қилиб, тегишли жазосини бераман”.
17 Сизларга келсак, эй қўйларим, Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен қўй билан қўй, қўчқорлар билан такалар ўртасида адолат ўрнатаман+. 18 Энг яхши яйловларда ўтлаб юрганингиз камлик қиляптими? Қолган яйловларни туёқларингиз билан пайҳон қилишингиз шартми? Тиниқ сувни ичгандан кейин нега сувни туёқларингиз билан лойқалатяпсизлар? 19 Энди қўйларим сизлар пайҳон қилган яйловларда ўтлаб, лойқалатган сувингизни ичишлари керакми?”
20 Шунинг учун Олий Ҳукмдор Яҳова уларга демоқда: “Мана, Мен Ўзим семиз ва озғин қўй ўртасида адолат ўрнатаман. 21 Чунки касал қўйларни биқинингиз ва елкангиз билан итариб, шохларингиз билан сузиб, ҳар ёққа тарқатиб юбордингиз. 22 Мен қўйларимни ҳимоя қиламан ва бундан буён улар ҳеч кимга ўлжа бўлишмайди+. Мен бир қўй билан бошқа қўй ўртасида адолат ўрнатаман. 23 Уларнинг устидан бир чўпонни+, хизматкорим Довудни+ қўяман ва у қўйларимни боқади. Унинг ўзи уларни боқиб, уларнинг чўпони бўлади+. 24 Мен — Яҳова уларнинг Тангриси бўламан+, хизматкорим Довуд эса уларнинг йўлбошчиси бўлади+. Буни Мен — Яҳова айтдим.
25 Мен улар билан тинчлик аҳдини қиламан+ ва юртни йиртқич ҳайвонлардан озод этаман+. Шунда улар саҳрода хавфсиз ҳаёт кечириб, ўрмонларда ухлашади+. 26 Уларни ва тепалигим атрофидаги ерларни барака манбаига айлантираман+. Ёмғирларни ўз вақтида ёғдираман. Баракалар ёмғир каби ёғилади+. 27 Даладаги дарахтлар ўз мевасини, ер эса ҳосилини беради+ ва улар юртда хавфсизликда яшашади. Уларнинг бўйинтуруғини синдириб+, уларни қул қилиб олганлардан халос этганимда, Мен Яҳова эканимни билиб олишади. 28 Ортиқ улар халқларга ўлжа, ёввойи ҳайвонларга ем бўлишмайди. Хавфсизликда яшашади, ҳеч ким уларни қўрқитмайди+.
29 Уларга шуҳрат келтирувчи экинзор бераман ва улар ҳеч қачон очарчиликдан ўлишмайди+. Халқлар уларни бошқа хўрламайди+. 30 Шунда Мен — уларнинг Тангриси Яҳова — улар билан эканимни билиб олишади. Улар, яъни Исроил хонадони Менинг халқим+ эканини англашади”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”.
31 “Сизлар эса, эй қўйларим+ — Мен ғамхўрлик қилаётган қўйлар — оддий одамсиз. Мен эса сизларнинг Худойингизман”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».