Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб
10 Орангизда юрганда кўзга ташланмайдиган+, йироқда бўлганда эса жасурдай туюлган+ мен Павлус, Масиҳнинг мулойимлиги ва меҳри билан+ сизларга ёлвораман. 2 Сизлардан илтимос қиламан, шундай йўл тутингларки, олдингизга борганимда, бизни бошқа инсонлар сингари яшаб юрибди, деб ўйлайдиганларга қўлланадиган қаттиқ чораларни сизларга нисбатан қўллашимга тўғри келмасин. 3 Гарчи биз ҳамма қатори яшасак-да, жисмоний жанг қилмаяпмиз. 4 Биз одамларнинг қуроллари билан эмас+, балки мустаҳкам қалъаларни қулатишга қодир бўлган, Худо берган қуроллар билан+ жанг қиляпмиз. 5 Биз Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши кўтарилаётган турли тўсиқ ва ғояларни қулатяпмиз+. Ҳар қандай фикрни асирга олиб, уни Масиҳга бўйсундиряпмиз. 6 Шунингдек, сизлар буткул итоаткор бўлганингиз заҳоти, бўйсунмайдиган ҳар қайси инсонни жазолашга биз шай турибмиз+.
7 Сизлар ҳар нарсани ташқи кўринишига қараб баҳолайсизлар. Агар биров ўзининг Масиҳга тегишли эканига амин бўлса, биз ҳам у каби Масиҳга тегишли эканимизни унутмасин. 8 Ҳазратимиз сизларни вайрон қилиш учун эмас, бунёд этиш учун бизга куч берган+. Борди-ю, мен шу куч билан ортиқ даражада мақтансам ҳам, уятга қолмайман. 9 Мактубларим билан сизларни қўрқитаётгандай бўлиб кўринишни истамайман. 10 Ахир айримлар: «Мактублари жиддий ва кучли ёзилгани билан орамизда бўлганида заиф, гаплари эса эътиборга лойиқ эмас»,— дейишяпти-ку. 11 Бундай дейдиганлар шуни билсинки, орангизда бўлмаганимизда мактубимиздаги сўзлар қандай бўлса, ҳузурингизда ҳам шундай йўл тутамиз+. 12 Биз ўзимизни бундай кишилар қаторига қўшмаймиз ҳам, ўз-ўзларини тавсия этаётганлар билан ўзимизни таққосламаймиз ҳам+. Бу каби инсонлар тушунчага эга бўлишмагани боис, ўзларини ўз ўлчовлари билан ўлчаб, ўзларини ўзлари билан таққослашади+.
13 Биз эса ўзимиз учун белгиланган чегарадан чиқмай, Аллоҳ ўлчаб берган ҳудуд ичида мақтанамиз. Ушбу ҳудуд сизларни ҳам ўз ичига олади+. 14 Гўё сизларгача етиб бормагандай чегарамиздан чиқиб кетишга уринаётганимиз йўқ. Ахир Масиҳ тўғрисидаги хушхабарни сизларга биринчи бўлиб биз етказганмиз-ку+. 15 Биз белгиланган чегарадан чиқиб, бошқаларнинг меҳнати билан мақтанаётганимиз йўқ. Умид қиламизки, имонингиз ортгани сайин, ҳудудимизда қилаётган ишимизнинг қадри ҳам назарингизда ошиб боради. Натижада хизмат доирамиз янада кенгайиб, 16 хушхабарни сизлардан йироқда жойлашган юртларда ҳам эълон қиламиз. Шу йўсин, бошқалар аллақачон ишлаб тайёр қилиб қўйган ҳудуд билан мақтанмаймиз. 17 «Аммо ким мақтанса, Яҳова* билан мақтансин»+. 18 Ўз-ўзини тавсия қилган эмас+, балки Яҳова* тавсия этган киши мақбулдир+.