Юҳаннонинг иккинчи мактуби
1 Мен оқсоқол, Аллоҳ танлаб олган хоним* ва унинг болаларига ёзяпман. Уларни менгина эмас, балки ҳақиқатни билиб олганларнинг бари севади. 2 Сизларни севишимизнинг сабаби, қалбимизда абадий қоладиган ҳақиқат бор. 3 Отамиз Худо ҳамда Унинг Ўғли Исо Масиҳдан иноят, раҳм-шафқат, тинчлик билан ҳақиқат ҳамда муҳаббат биз билан бўлади.
4 Болаларингиздан баъзилари Отадан олган ўша амрга биноан ҳақиқатда юраётганини билиб роса қувондим+. 5 Хоним, бир-биримизни севиш амрига риоя қилишингизни илтимос қилиб ёзяпман. Бу амр янги эмас, чунки бошидан биз унга эга эдик+. 6 Муҳаббат Унинг амрларига биноан умр кечириш демакдир+. Сизлар бошидан эшитган амр ана шудир. Севгини намоён этишда давом этинглар. 7 Дунёда кўп алдоқчилар пайдо бўлган+. Улар Исо Масиҳнинг инсон тариқасида келганини тан олмаяптилар+. Бундайлар ёлғончи ва дажжолдир+.
8 Қилган меҳнатингиз зое кетмаслиги ва мукофотни тўлиқ олишингиз учун ўзингизга эҳтиёт бўлинглар+. 9 Ҳаддидан ошган, Масиҳ таълимотидан узоқлашган ҳар қандай одам Худо билан бирликда эмас+. Бу таълимотга амал қилган киши эса Ота ва Ўғил билан бирликдадир+. 10 Агар бирор киши сизларга бундай таълимотни келтирмаса, уни уйингизга киритманглар+ ва унга салом ҳам берманглар. 11 Боиси, унга салом берган унинг ёмон ишларига шерик бўлади.
12 Гарчи сизларга ёзадиган кўп гапларим бор бўлса-да, лекин сиёҳ билан қоғозга ёзишни истамадим. Зеро қувончга тўлишингиз учун олдингизга бориб юзма-юз гаплашиш ниятидаман.
13 Аллоҳ танлаб олган опангизнинг болалари сизларга салом йўллашяпти.