Матто баён этган хушхабар
9 Ўшандан кейин Исо қайиққа ўтириб, бошқа томонга сузиб ўтди ва ўз шаҳрига келди+. 2 Бир пайт унинг олдига тўшакда ётган шол одамни олиб келишди. Исо у одамларнинг имонини кўриб, шол кишига: «Дадил бўлинг, болам! Гуноҳларингиз кечирилди»+,— деб айтди. 3 Шунда айрим уламолар ўзларича: «Бу одам Худога қарши гапиряпти»,— дейишди. 4 Уларнинг ўй-фикрини билган Исо шундай деди: «Нега кўнглингиздан ёмон фикрларни ўтказяпсизлар?+ 5 Ахир қайси бири осонроқ: “Гуноҳларингиз кечирилди”,— деб айтишми ёки “Ўрнингиздан туриб юринг”,— дейишми?+ 6 Бироқ билиб қўйингларки, Инсон Ўғли ер юзида гуноҳларни кечириш ваколатига эга...». Сўнг Исо шол одамга: «Ўрнингиздан туриб, тўшагингизни олинг-да, уйингизга кетаверинг»,— деди+. 7 Шунда у киши ўрнидан туриб, уйига йўл олди. 8 Буни кўрганларни ваҳима босди ва улар инсонга бундай ваколатни ато этган Аллоҳни шарафлашди.
9 Исо йўлида давом этиб, солиқ идорасида ўтирган Матто исмли кишини кўрди-да, унга: «Менинг издошим бўлинг»,— деди. У эса ўрнидан туриб, Исонинг кетидан эргашди+. 10 Кейин Исо ва шогирдлари Маттонинг уйида дастурхон атрофида ёнбошлашган бир пайтда, кўпгина солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб уларга қўшилишди+. 11 Буни кўрган фарзийлар Исонинг шогирдларига: «Нега устозингиз солиқчилар ва гуноҳкорлар билан овқатланиб ўтирибди?»+ — деб сўрашди. 12 Бу гапни эшитиб, Исо шундай деди: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож+. 13 Шунинг учун бориб: “Мен қурбонлик эмас, раҳм-шафқат истайман”+,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олинглар. Ахир мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман».
14 Шунда Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, ундан: «Биз ва фарзийлар рўза тутамиз-у, лекин нега сизнинг шогирдларингиз рўза тутишмайди?» — дея сўрашди+. 15 Уларга жавобан Исо шундай деди: «Куёв+ жўралари билан бўлган пайтда жўралари қайғуришадими? Аммо куёв улардан айриладиган кунлар келади+. Ўшандагина улар рўза тутишади. 16 Ҳеч ким эскирган устки кийимга янги матодан ямоқ тикмайди. Чунки янги мато сувга кирганида, эскирган кийим баттар йиртилади+. 17 Ҳеч кимса янги шаробни эски мешларга қуймайди. Сабаби мешлар йиртилиб, шароб тўкилиб кетади ва мешлар яроқсиз бўлиб қолади. Аксинча, янги шаробни янги мешларга қуйишади. Ана шунда иккаласи ҳам асраб қолинади».
18 Бу гапларни айтиб турган пайтда, бир амалдор унинг ёнига келиб таъзим қилди-да, шундай деди: «Қизим ҳозир ўлиб қолган бўлса керак. Аммо сиз бориб унинг устига қўлингизни қўйсангиз, у тирилиб кетади»+.
19 Шунда Исо ўрнидан туриб ўша одамнинг орқасидан борди; шогирдлари ҳам унга эргашишди. 20 Йўлда, 12 йилдан буён қон кетишидан+ азоб чекаётган бир аёл Исонинг орқасидан келиб, устки кийимининг этагига қўл теккизди+. 21 Ўша аёл ичида: «Устки кийимига қўлимни теккизсам, тузалиб кетаман»,— дея ўйларди. 22 Исо ўгирилиб атрофга назар солди ва аёлни кўриб унга деди: «Дадил бўлинг, синглим*; ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»+. Шу ондаёқ аёл дардидан халос бўлди+.
23 Амалдорнинг уйига келганда, Исо мотам куйини чалаётган найчиларни ва уввос тортиб йиғлаётган оломонни кўриб+, 24 уларга деди: «Бу ердан чиқинглар, қизча ўлган эмас, ухлаб ётибди»+. Шунда улар Исони мазах қилиб устидан кула бошлашди. 25 Оломон ташқарига чиққач, Исо қизалоқнинг олдига кириб, қўлидан ушлаши биланоқ+ у ўрнидан турди+. 26 Табиийки, бу ҳақдаги гап-сўзлар бутун ўлка бўйлаб тарқалиб кетди.
27 Исо йўлида давом этиб кетаётганида, кўзи ожиз икки киши+ орқасидан эргашиб: «Эй Довуднинг Ўғли*, бизга раҳм-шафқат қилинг»,— деб бақирарди. 28 Исо уйга кирганда, кўзи ожиз кишилар унинг ёнига келишди. Исо улардан: «Буни қила олишимга ишонасизларми?»+ — дея сўради. Улар жавобан: «Ишонамиз, Ҳазрат»,— дейишди. 29 Шунда Исо уларнинг кўзларига қўл теккизиб+: «Ишонганингизга яраша бўлсин»,— дейиши билан 30 уларнинг кўзи кўра бошлади. Исо эса уларга қатъий буюриб: «Тағин бу ҳақда ҳеч ким билмасин»,— деб қўйди+. 31 Улар бўлса ташқарига чиққач, у ҳақда бутун ўлка бўйлаб очиқчасига гапира бошлашди.
32 У кишилар чиқиб кетаётганда, Исонинг ёнига жинга чалинган соқов одамни олиб келишди+. 33 Жин қувиб чиқарилганидан кейин соқов киши тилга кирди+. Оломон бундан ҳайратда қолиб: «Бунақаси Исроилда ҳали бўлмаган»,— деди+. 34 Фарзийлар эса шундай дейишди: «У жинлар ҳукмдорининг ёрдами билан жинларни қувиб чиқаряпти»+.
35 Исо барча шаҳарлару қишлоқлар бўйлаб юриб, у ерлардаги ибодатхоналарда таълим берар ва Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни эълон қиларди. Шунингдек, у одамларнинг ҳар турли касалликларию дармонсизликларини даволарди+. 36 Исо оломонни кўриб уларга ачинди+, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар+. 37 Шунда Исо шогирдларига: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз+. 38 Ана шу сабабдан ҳосилни йиғиш учун ишчилар юборсин деб, ҳосил Эгасига илтижо қилинглар»,— деди+.