Луқо баён этган хушхабар
16 Кейин Исо шогирдларига қуйидагиларни айтиб берди: «Битта бойнинг уй бошқарувчиси бор экан. Ўша бошқарувчи хўжайинининг мол-мулкини сарф қилгани тўғрисидаги хабар бойнинг қулоғига етиб борибди. 2 Шунда у бошқарувчини чақиртириб, унга: “Сен ҳақингда ҳар хил гап-сўзлар эшитдим, бу нима қилганинг? Ишларингнинг ҳисоботини топшир, чунки сен энди уйимни бошқармайсан”,— дебди. 3 Сўнг уй бошқарувчи ўзича: “Вой, энди нима қиламан? Хўжайиним бошқарувчиликни мендан олиб қўйяпти. Ер чопишга кучим етмаса, тиланчилик қилишга эса уяламан. 4 Ҳа, топдим! Бошқарувчиликдан бўшатилганимдан кейин, одамлар мени ўз уйларига қабул қилиши учун мана шундай қиламан”,— деб ўйлабди. 5 Хўжайинининг ҳамма қарздорларини чақиртириб, биринчисидан сўрабди: “Хўжайинимга қанча қарзинг бор?” 6 Ўша киши унга: “2 200 литр* зайтун мойи қарзим бор”,— дебди. Бошқарувчи унга: “Тилхатингни олиб, ўтир ва тезда 1 100 деб ёз”,— дебди. 7 Кейин бошқасидан: “Сенинг қанча қарзинг бор?” — деб сўрабди. У: “100 қоп буғдой*”,— дея жавоб берибди. Бошқарувчи унга: “Тилхатингни ол-да, 80 деб ёз”,— дебди. 8 Бу бошқарувчи адолатсиз бўлишига қарамай, донолик билан йўл тутгани учун, хўжайини уни мақтабди. Зеро ушбу замонанинг* ўғиллари ўз замондошлари билан, нур ўғилларидан+ кўра донороқ муомала қилишади.
9 Мен ҳам сизларга айтиб қўяй: бу дунёда топган бойлигингиз* билан дўст орттиринглар+. Ўшанда бойлигингиз тугаганда, дўстларингиз сизларни абадий маконларга қабул қилишади+. 10 Кичик нарсада ишончли бўлган, катта нарсада ҳам ишончли бўлади. Кичик нарсада ишончсиз бўлган, катта нарсада ҳам ишончсиз бўлади. 11 Шундай экан, бу дунёда топган бойликка нисбатан ишончли бўлмасангиз, унда ким сизларга ҳақиқий бойликни ишониб топширади? 12 Борди-ю, ўзга кишининг бойлигига нисбатан ишончли бўлмасангиз, унда сизларга атаб қўйилган меросни ким беради?+ 13 Ҳеч бир қул бирданига икки хўжайинга хизмат қила олмайди. У ё биридан нафратланиб иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қуллари бўла олмайсизлар»+.
14 Бу гапларни пулпараст фарзийлар ҳам эшитиб туришганди. Шунда улар Исонинг устидан кула бошлашди+. 15 Шунинг учун Исо уларга мурожаат қилиб, деди: «Сизлар одамлар олдида ўзларингизни одил кишилар деб эълон этасизлар+, лекин қалбларингиз биргина Худога аён+. Ахир инсонлар муҳим деб билган нарсалар Тангрининг назарида жирканчдир+.
16 Таврот ва пайғамбарлар китоблари Яҳё давригача бўлган. Яҳёнинг пайтидан бошлаб Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабар эълон қилиниб келмоқда. Турли хил инсонлар унга кириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишяпти+. 17 Еру осмон йўқ бўлиб кетиши мумкин, лекин Тавротдаги бирор ҳарфнинг нуқтаси ҳам амалга ошмай туриб ўчиб кетмайди+.
18 Хотинидан ажралиб, бошқасига уйланган ҳар бир эркак бевафолик қилган бўлади. Шунингдек, эридан ажралган аёлга* уйланган ҳар бир эркак ҳам бевафолик қилган бўлади+.
19 Бир бой киши бор экан. У қирмизи, зиғир матодан кийим кийиб, кунда кайф-сафо қилиб юраркан. 20 Ўша одамнинг дарвозаси тагига бадани йирингли яраларга тўлиб-тошган Лазар исмли қашшоқни келтириб қўйишар экан. 21 У бойнинг дастурхонидан тушган увоқларни ейишни жуда хоҳлаган экан. Унинг ёнига итлар келиб, йирингли яраларини яларкан. 22 Бир неча вақт ўтиб, ўша қашшоқ ҳаётдан кўз юмибди ва фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига* олиб кетишибди.
Кўп вақт ўтмай бой киши ҳам қазо қилибди. 23 Бой гўрда* азоб чекиб ётганида, бошини кўтариб, узоқдан Иброҳим пайғамбарни кўриб қолибди. Унинг ёнида эса ўша қашшоқ Лазар бор экан. 24 Шунда бой хитоб қилиб, дебди: “Эй Иброҳим ота, менга раҳм-шафқат айланг. Лазарни ёнимга жўнатинг, у бармоғининг учини сувга ботириб тилимга томизсин, чунки мен бу алангали ўтда азоб чекяпман”. 25 Лекин Иброҳим пайғамбар унга дебди: “Ўғлим эсингдами, ҳаёт бўлганингда сен фақат яхшилик кўрдинг, Лазар эса нуқул ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда фаровон ҳаёт кечиряпти, сен эса азоб чекяпсан. 26 Бундан ташқари, сизлар билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Шундай экан, сизлардан биз томонга ва бизлардан эса сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўтишолмайди”. 27 Кейин бой ундан сўрабди: “Ота, ундай бўлса Лазарни отамнинг уйига юборинг. 28 У ерда бешта ака-укам бор. Улар ҳам мен каби азоб чекадиган жойга тушиб қолмасликлари учун, уларга яхшилаб тушунтириб берсин”. 29 Аммо Иброҳим пайғамбар: “Уларда Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг китоблари бор. Уларга қулоқ солишсин”+,— дебди. 30 Бой киши эса: “Йўқ, Иброҳим ота, агар ўлганлардан кимдир тирилиб келса, ўшанда улар тавба қилишади”,— дебди. 31 Сўнг Иброҳим пайғамбар унга: “Агар улар Мусо ва бошқа пайғамбарларга қулоқ солмаган бўлишса+, унда ўлганлардан кимдир тирилиб келса ҳам ишонишмайди”,— деб айтибди».