Ҳакамлар
15 Орадан вақт ўтгач, буғдой ўрим-йиғими пайтида, Шимшўн ёш эчкини олиб, хотинининг олдига борди. У: «Хотинимнинг олдига, гўшангага кирай»,— деб айтди. Аммо қайнатаси киришга йўл қўймади. 2 Қайнатаси Шимшўнга: «Мен: “Қизимни ёқтирмай қолдинг”+,— деб ўйлаб, уни куёвнавкарларингдан бирига хотинликка бердим+. Қара, синглиси ундан ҳам чиройлироқ. Балки опасининг ўрнига синглисини оларсан?» — деди. 3 Бироқ Шимшўн унга: «Энди филистимликларга зиён етказсам ҳам, улар айбни мендан қидиришмайди»,— деб айтди.
4 Шимшўн бориб 300 та тулки тутиб келди. У машъалларни олди-да, тулкиларни жуфт-жуфт қилиб думларини бир-бирига боғлади ва боғланган думлари орасига биттадан машъал тиқиб қўйди. 5 Кейин у машъалларни ёқди-да, тулкиларни филистимликларнинг ғаллазорларига қўйиб юборди. Шу тариқа, у боғламлару ҳали ўриб олинмаган ғалланинг ҳаммасига, шу қаторда узумзор ва зайтунзорларга ўт қўйди.
6 Филистимликлар: «Бу кимнинг иши экан?» — дея суриштира бошлашди. Уларга: «Бу, тимнахлик кишининг куёви, Шимшўннинг иши. Ўша киши қизини куёвнавкарлардан бирига хотинликка бергани учун, куёви шундай қилибди»+,— деб айтишди. Шунда филистимликлар бориб, ўша кишини ҳам, унинг қизини ҳам ёндириб юборишди+. 7 Сўнг Шимшўн уларга: «Шундай қилганларинг учун, сенлардан ўч олмасам тинчимайман»+,— деди. 8 Шимшўн уларни бирма-бир қириб, ниҳоятда кўп одамни ўлдирди. Кейин Этом қоясидаги ғорга бориб, ўша ерда яшади.
9 Кейин филистимликлар келиб Яҳудода қароргоҳ қуришди ва Лехида+ кезиб юришди. 10 Яҳудо одамлари улардан: «Нега бизга қарши чиқдингизлар?» — деб сўрашди. Улар эса: «Шимшўнни қўлга тушириш учун келдик. У бизга қилган ёмонлигини ўзининг бошига солмоқчимиз»,— деб жавоб беришди. 11 Яҳудонинг 3 000 та одами Этом қоясидаги ғорга бориб, Шимшўндан: «Филистимликлар устимиздан бошқараётганини билмайсанми?+ Нега бизни бу аҳволга солдинг?» — деб сўрашди. У бўлса: «Улар менга нима қилган бўлса, мен ҳам шунга ярашасини қайтардим»,— деди. 12 Улар эса Шимшўнга: «Биз сени тутиб олиб, филистимликлар қўлига топшириш учун келдик»,— дейишди. Шунда у: «Сенга қўл кўтармаймиз, деб менга қасам ичинглар»,— деб айтди. 13 Улар Шимшўнга: «Йўқ, сени ўлдирмаймиз. Сени боғлаб уларнинг қўлига топширамиз, холос»,— деб жавоб беришди.
Улар Шимшўнни иккита янги арқон билан боғлаб, у ердан олиб кетишди. 14 Уни Лехига олиб келишганида, филистимликлар ғолибона ҳайқириқлар билан уни қарши олишди. Шунда унинг устига Яҳованинг руҳи тушди+ ва қўлларидаги арқонлар куйган зиғир ипдай бўлиб, қўлларидан тушиб кетди+. 15 У яқинда ўлган ҳанги эшакнинг жағ суягини кўриб қолди-да, уни қўлига олиб 1 000 кишини ўлдирди+. 16 Кейин Шимшўн:
«Эшакнинг жағ суяги билан душманларни ўлдириб, уюм-уюм қилиб ташладим!
Эшакнинг жағ суяги билан 1 000 кишини ўлдирдим»+,— деб айтди.
17 Гапини тугатгач, у жағ суягини улоқтириб юборди-да, ўша жойга Рамат-Лехий*+ деб ном берди. 18 Шимшўн жуда ҳам чанқаб кетди ва Яҳовага ёлвориб: «Сен хизматкорингга бу буюк ғалабани бердинг. Наҳотки энди ташналикдан адо бўлиб, суннатсизлар қўлига тушиб қолсам!?» — деди. 19 Шунда Худо Лехидаги бўшлиқни ёрди ва ундан сув оқиб чиқди+. Сувни ичгач, Шимшўн кучга тўлиб, жонланди. Шу сабабли, у ўша ерга Эн-Хаққор* деб ном берди. Бугунгача ўша булоқ Лехида жойлашган.
20 У филистимликлар даврида Исроилда 20 йил ҳакамлик қилди+.