Эстер
6 Ўша кечаси шоҳнинг уйқуси қочди. Шунинг учун у тарихий қайдлар китобини+ келтиришларини ва ўқиб беришларини буюрди. 2 У ерда иккита сарой мулозими — Бихтан билан Тараш исмли дарвозабонлар шоҳ Ахашверашни ўлдириш учун уюштирган фитнани Мордахай фош этгани ҳақида ёзилган эди+. 3 Шоҳ: «Бу иши учун Мордахайга ҳурмат кўрсатилдими? У қандай тақдирланди?» — деб сўради. Бунга шоҳнинг ҳузуридаги хизматкорлар: «У учун ҳеч нарса қилинмади»,— деб жавоб беришди.
4 Кейинроқ шоҳ: «Ҳовлида ким бор?» — деди. Бу пайт Хомон ўзи тайёрлаб қўйган устунга Мордахайни осишни шоҳдан сўраш+ мақсадида саройнинг ташқи ҳовлисига+ келиб турган эди. 5 Хизматкорлар шоҳга: «Ҳовлида Хомон+ бор»,— дейишди. Шоҳ: «Ичкарига кирсин»,— деди.
6 Хомон ичкарига кирганда шоҳ ундан: «Шоҳ ҳурмат кўрсатишни истаган киши қандай тақдирланиши лозим?» — деб сўради. Хомон: «Шоҳ мендан бошқа кимга ҳам ҳурмат кўрсатишни истарди»+,— дея кўнглидан ўтказди. 7 Шу боис, у қуйидагича жавоб берди: «Шоҳ ҳазратлари ҳурмат кўрсатишни истаган киши учун, 8 ўзлари киядиган шоҳона либосни+ ва шоҳимиз минадиган отга шоҳона бош кийимини кийдириб олиб келишсин. 9 Сўнг шоҳнинг обрўли бекларидан бирига либос билан от топширилсин ва хизматкорлар шоҳ ҳурмат кўрсатмоқчи бўлган кишини кийинтириб, отга миндиришсин-да, шаҳар майдонида айлантиришсин. Улар ўша кишининг олдида юриб: “Шоҳ ҳурмат кўрсатишни истаган киши мана шундай тақдирланади!” — деб жар солишсин»+. 10 Шоҳ шу заҳоти Хомонга буюрди: «Тез бўл! Либос билан отни олгин-да, ҳозиргина айтганларингни шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирган яҳудий Мордахай учун бажар. Айтганларингнинг бирортаси ҳам қолиб кетмасин».
11 Хомон либос билан отни олди ва Мордахайни+ кийинтириб, отга миндирди-да: «Шоҳ ҳурмат кўрсатишни истаган киши мана шундай тақдирланади!» — деб жар солганча, шаҳар майдони бўйлаб уни айлантирди. 12 Сўнг Мордахай шоҳ саройининг дарвозаси олдига қайтди, Хомон эса бошини ёпганча, хафаҳол қиёфада шоша-пиша уйига жўнади. 13 Хомон хотини Зарешга+ ва барча дўстларига бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Маслаҳатчилари билан хотини унга: «Яҳудий Мордахай ҳозир сиздан юқорироқ мартабага эга бўлган бўлса, энди уни енга олмайсиз, мағлубиятга учрашингиз аниқ»,— дейишди.
14 Улар гаплашиб турганида, шоҳ мулозимлари келиб, Хомонни Эстер тайёрлаган зиёфатга тезда олиб кетишди+.