Шоҳлар учинчи китоб
3 Сулаймон Миср фиръавнининг қизига уйланиб+, унга куёв бўлди. У хотинини Довуд шаҳрига+ олиб келди. Сулаймон ўзининг саройи+, Яҳованинг уйи+ ва Қуддус деворларини қуриб битказгунга қадар+, хотини ўша ерда яшади. 2 Аммо халқ ҳамон тепаликларда* қурбонлик келтирарди+. Чунки Яҳованинг исмига аталган уй ҳали қурилмаган эди+. 3 Сулаймон Яҳовани севар ва отаси Довуднинг фармонларига риоя қиларди. Шу билан бир вақтда тепаликларда қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди+.
4 Шоҳ қурбонлик келтириш учун Гивонга борди, чунки асосий тепалик ўша ерда эди+. Сулаймон у ердаги қурбонгоҳда 1 000 та молни бутунлайин куйдириб қурбон қилди+. 5 Гивонда Яҳова кечаси Сулаймонга зоҳир бўлиб: «Тила тилагингни»+,— деб айтди. 6 Сулаймон жавоб бериб деди: «Хизматкоринг, отам Довуд Сенга садоқатли, одил ва софдил бўлгани учун, Сен унга чексиз меҳр-садоқатингни намоён этган эдинг. Сен отамга ўзидан кейин тахтида ўтирадиган ўғил ато этиб, унга ҳали ҳам чексиз меҳр-садоқатингни кўрсатиб келяпсан+. 7 Эй, Тангрим Яҳова, мен хизматкорингни отам Довуднинг ўрнига шоҳ этиб тайинладинг. Лекин мен ҳали ёш ва тажрибасизман+. 8 Хизматкоринг Сен танлаган, санаб ҳисобига етиб бўлмайдиган халқ устидан бошқаряпти+. 9 Шу боис, халқингга ҳакамлик қилиб, яхшини ёмондан ажрата олишим учун+ менга итоаткор қалб ато эт+. Акс ҳолда, бу беҳисоб* халққа ким ҳам ҳакамлик қила оларди?!»
10 Сулаймоннинг илтимоси Яҳовага маъқул келди+. 11 Аллоҳ унга деди: «Ўзингга узоқ умр, бойлик ва душманларингга ўлим тиламай, тўғри ҳукм чиқариш учун ақл-идрок сўраганинг боис+, 12 илтимосингни бажо келтириб+, сенга донолик ва ақл-идрок ато этаман+. Сен каби инсон илгари бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди+. 13 Бунга қўшиб, сен сўрамаган бойлик ва шон-шуҳратни+ ҳам бераман+. Умринг бўйи сенга тенг келадиган шоҳ бўлмайди+. 14 Агар отанг Довуд каби Менинг йўлларимдан юриб, қонун-қоидаларим ва амрларимга амал қилсанг+, ҳаётингни ҳам узайтираман»+.
15 Сулаймон уйғониб, унга ваҳий тушганини англади. У Қуддусга йўл олиб, Яҳованинг аҳд сандиғи олдига келди. Ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтириб+, барча хизматчилари учун зиёфат уюштирди.
16 Вақт ўтиб, шоҳнинг ҳузурига иккита фоҳиша аёл келди. 17 Улардан бири гап бошлаб деди: «Ҳазрати олийлари, мана бу аёл билан бир уйда яшаймиз. Кўзим ёриганда, у ҳам уйда эди. 18 Уч кун ўтгач, у ҳам фарзандли бўлди. Уйда иккимиздан ташқари ҳеч ким йўқ эди. 19 Кечаси бу аёл боласини ногаҳон босиб олган экан, у ўлиб қолибди. 20 Мен чўрингиз ухлаб ётганимда, у ярим кечаси туриб, бағримдаги боламни олибди-да, ўрнига ўлик боласини ётқизиб қўйибди. 21 Боламни эмизай деб саҳар турсам, у ўлиб ётган экан. Лекин яхшилаб қарасам, у менинг болам эмас экан». 22 Аммо иккинчи аёл: «Йўқ, тирик бола меники, ўлик бола сеники!» — деб айтди. Биринчи аёл эса: «Йўқ, ўлик бола сеники, тириги меники!» — деди. Шундай қилиб, улар шоҳнинг олдида ўзаро баҳслашиб кетишди.
23 Охири шоҳ: «Бу аёл: “Тирик бола меники, ўлик бола сеники!” — деса, буниси: “Йўқ, ўлик бола сеники, тириги меники!” — деб айтяпти»,— деди. 24 Сўнг шоҳ: «Менга қилич келтиринглар!» — деб буюрди. Қилич олиб келишгач, 25 шоҳ: «Болани иккига бўлиб, ярмини биттасига, ярмини эса иккинчисига беринглар»,— деди. 26 Буни эшитибоқ, тирик боланинг онаси юраги эзилиб: «Жаноби олийлари, ўтинаман, болани ўлдирманг! Уни бу аёлга бера қолинг!» — дея ёлворди. Иккинчи аёл эса: «Бола менга ҳам, сенга ҳам тегмасин! Уни иккига бўлаверинглар!» — деди. 27 Шоҳ бўлса: «Болани ўлдирмай, биринчи аёлга беринглар! Боланинг онаси шу»,— дея жавоб берди.
28 Сулаймон масалани қандай ҳал қилганини бутун Исроил эшитди. Одил ҳукм қилиш учун Худо унга донолик берганини кўриб+, улар шоҳни қаттиқ ҳурмат қиладиган бўлишди+.