Солномалар иккинчи китоб
12 Рахабом шоҳлигини мустаҳкамлаб+, куч-қудратга эришгач, у ҳам, бутун Исроил ҳам Яҳованинг Қонунига амал қилмай қўйди+. 2 Улар Яҳовага бевафолик қилгани учун, шоҳ Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йили, Миср шоҳи Шишах+ Қуддусга бостириб келди. 3 Унинг 1 200 та араваси, 60 000 нафар отлиғи бор эди. У билан Мисрдан ливияликлар, зуккийимлар ва ҳабашистонликлардан ташкил топган беҳисоб қўшин келди+. 4 Шишах Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларини босиб олиб, охири Қуддусга етиб борди.
5 Шишахдан қўрқиб Қуддусда йиғилган Яҳудо беклари ҳамда Рахабомнинг олдига Шамаё+ пайғамбар келди-да, уларга деди: «Яҳова шундай демоқда: “Сизлар Мени тарк этганингиз боис, Мен ҳам сизларни тарк этиб+, Шишахнинг қўлига топшираман”». 6 Исроил беклари билан шоҳ буни эшитгач, Тангрининг олдида бўйин эгиб+: «Яҳова адолатлидир»,— деб айтишди. 7 Яҳова улар бўйин эгишганини кўргач, Шамаёга Яҳованинг қуйидаги сўзи нозил бўлди: «Улар бўйин эгишгани учун Мен уларни йўқ қилмайман+. Тез орада уларни қутқараман. Шишах орқали Қуддусга ғазабимни сочмайман. 8 Аммо улар Шишахга хизматкор бўлишади. Ана ўшанда, Менга хизмат қилиш билан ердаги бошқа шоҳларга хизмат қилиш орасидаги фарқни билиб олишади».
9 Шундай қилиб, Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб кирди. У Яҳованинг уйидаги+ ҳамда шоҳ саройидаги бор нарсани, жумладан Сулаймон ясатган олтин қалқонларни ҳам олиб кетди+. 10 Шоҳ Рахабом уларнинг ўрнига мис қалқонлар ясади ва уларни шоҳ саройининг кираверишини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқларига топширди. 11 Шоҳ ҳар сафар Яҳованинг уйига борганида, соқчилар келиб бу қалқонларни кўтариб боришарди. Кейин эса уларни соқчилар хонасига қайтариб қўйишарди. 12 Рахабом бўйин эггани учун Яҳованинг ғазаби босилди+ ва уларни батамом қириб ташламади+. Боз устига, Яҳудо халқи орасида яхши ишлар қиладиган одамлар бор эди+.
13 Шоҳ Рахабом Қуддусда ўз мавқеини кучайтириб, бошқаришни давом эттирди. У шоҳ бўлганида 41 ёшда эди. Яҳова Ўз исмини ўрнатиш учун Исроилнинг барча қабилалари орасидан танлаган Қуддус шаҳрида, у 17 йил ҳукмронлик қилди. Унинг онаси оммонлик+ бўлиб, исми Намах эди. 14 Лекин Рахабом ёмон ишларга қўл урди, чунки қалбида Яҳовани излашга қатъий қарор қилмаган эди+.
15 Рахабомнинг ҳаёти Шамаё+ пайғамбарнинг ёзувларида ҳамда ваҳийлар айтиб берувчи Иддо+ ёзган насабномада бошдан охиригача баён этилган. Рахабом билан Ёрубом ўртасида доимо урушлар бўлиб турди+. 16 Рахабом ҳаётдан кўз юмиб, ота-боболарига қўшилди ва Довуд шаҳрида+ дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Абиё+ шоҳ бўлди.