12- БОБ
«Жонга оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар»
Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин... жонга оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар. ЭФЕСЛИКЛАРГА 4:29
1–3. а) Яҳова бизга қандай ҳадя тортиқ этган ва қачон уни нотўғри қўллаган бўламиз? б) Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлсак, гапириш қобилиятимиздан қай тарзда фойдаланишимиз лозим?
СЕВИКЛИ кишингизга берган совғангизни у атайин оёқ ости қилса, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Унга машина совға қилдингиз дейлик. Лекин у бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига солиб, машинани уриб-суриб ҳайдаб юрганини билиб қолсангиз, бундан ранжиган бўлмасмидингиз?
2 «Ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадяни» тортиқ этувчи Тангри Яҳова бизга фикрларимизни тушунарли қилиб ифодалаш қобилиятини берган (Ёқуб 1:17). Ушбу ҳадя одамзодни ҳайвонлардан ажратиб, бу туфайли нафақат фикрларимизни, балки ҳис-туйғуларимизни бошқаларга изҳор эта оламиз. Бироқ совға қилинган автомобиль сингари, нутқдан ҳам нотўғри фойдаланиш мумкин. Ўйламасдан айтилган гап, бошқаларга озор етказса, Яҳовани бу нақадар ранжитган бўларди!
3 Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлсак, гапириш қобилиятимиздан Яратувчининг мақсадига мувофиқ фойдаланишимиз лозим. Аллоҳ эзгу сўзлар Унга маъқул келиши ҳақида шак-шубҳа қолдирмаган. Унинг Каломида: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар»,— дейилган (Эфесликларга 4:29). Келинг, нега нутқимизни назорат қилишимиз, қанақа сўзлардан қочишимиз ва қандай қилиб «жонга оро кирадиган яхши сўзлар гапиришимиз» кераклигини муҳокама қилайлик.
НЕГА НУТҚИМИЗНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК?
4, 5. Муқаддас Китобдаги айрим оятлар сўзнинг кучини қандай тасвирлаган?
4 Нутқимизни назорат қилишнинг биринчи сабаби, сўзлар кучга эгалигидадир. Тавротда: «Ширин сўз — ҳаёт дарахти, бузуқ тил — жоннинг ҳалокати»,— деб айтилган (Ҳикматлар 15:4). Ширин сўз тетиклик бахш этади. Бузуқ тил эса, бошқаларнинг кўнглини оғритади. Бинобарин, айтаётган гапларимиз яралаш ёки шифолаш қудратига эга (Ҳикматлар 18:21).
5 Бошқа бир ҳикматда ҳам, тилнинг кучи ёрқин тасвирланган: «Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди» (Ҳикматлар 12:18). Қачондир бирор кимсанинг сўзлари қалбингизга қиличдай санчилганми? Ҳа, ўйламасдан шошилиб айтилган сўзлар руҳий изтироб келтириб, муносабатлар бузилишига сабаб бўлади. Ушбу ҳикматнинг давомида: «Дононинг гаплари эса шифо беради»,— дейилган. Илоҳий доноликка эга кишининг ўйлаб айтган сўзлари яраланган қалбга шифо бериб, муносабатларни тиклайди. Эзгу сўзларнинг шифоловчи кучини ҳис этган вақтни эслай оласизми? (Ҳикматлар 16:24). Сўзлар кучга эга эканини тан олиб, нутқимизни яралаш эмас, балки шифолаш учун қўллашни истаймиз.
Ширин сўз тетиклик бахш этади
6. Нега тилни жиловлаш жуда қийин?
6 Қанчалик уринмайлик, тилимизни бутунлайин жиловлай олмаймиз. Чунки гуноҳ ва номукаммаллик дастидан тилдан нотўғри фойдаланишга мойилмиз. Бу, нутқимизни назорат қилишнинг иккинчи сабабидир. Сўзлар қалбимизнинг маҳсули, «зероки одамзод кўнглидаги фикр-хаёл ёшлигиданоқ бузуқдир» (Ибтидо 8:21; Луқо 6:45). Шу сабабли, тилни жиловлаш жуда қийин (Ёқуб 3:2–4). Гарчи тилимизни мукаммал даражада назорат қила олмасак-да, лекин бунинг устидан ишлашимиз мумкин. Оқимга қарши сузаётган кишига ўхшаб, биз ҳам тилдан нотўғри фойдаланиш мойиллигимизга қарши курашишимиз лозим.
7, 8. Қайси сабабга кўра, Яҳованинг олдида ҳисобот берамиз?
7 Нутқни назорат қилишнинг учинчи сабаби: айтган сўзимиз учун Яҳова олдида ҳисобот берамиз. Тилдан қай тарзда фойдаланаётганимиз нафақат инсонлар, балки Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ҳам таъсир қилади. Инжилда бундай дейилган: «Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир» (Ёқуб 1:26)a. Ўтган бобдан кўрганимиздай, нутқимиз топинишимиз билан чамбарчас боғлиқ. Борди-ю тилимизни тиймасак, у ўлдирадиган заҳар сочиб туради. Шунда Худо йўлида қилган барча ишларимиз Унинг назарида бефойда бўлади. Наҳотки бу бизни нутқимизга жиддий қарашга ундамаса? (Ёқуб 3:8–10).
8 Кўриниб турганидай, нутқни назорат қилиш учун жиддий асосларимиз бор. Жонга оро киритадиган нутқни муҳокама қилишдан аввал, қандай сўзлар масиҳчилар учун ноўрин эканини кўриб чиқайлик.
ОЗОР ЕТКАЗУВЧИ НУТҚ
9, 10. а) Қандай нутқ ҳозирги замонда оммалашиб кетган? б) Нима учун беадаб нутқдан воз кечишимиз лозим? (Шунингдек изоҳга қаранг.)
9 Беадаб нутқ. Қарғаш, куфрли сўзлар ҳамда беадаб нутқнинг бошқа турлари ҳозирги замонда оммалашиб кетган. Кўплар айтаётган сўзларини бўрттириш ёки сўз бойлиги камлиги учун бундай сўзларни қўллашади. Латифачилару ҳажвчилар одамларни кулдириш учун қўпол ва беҳаё сўзларни ишлатишади. Лекин бундай ҳазилларнинг таги зил. Тахминан 2 000 йил муқаддам, Исонинг издоши Павлус Колоса шаҳридаги жамоат аъзоларига «ножўя сўз» оғизларидан чиқмаслигини насиҳат қилган эди (Колосаликларга 3:8). У Эфес шаҳридаги жамоат аъзоларига ҳам «майнабозчилик» «ҳатто тилга олинмасин», деб ёзган эди (Эфесликларга 5:3, 4).
10 Беадаб нутқ Яҳовани ранжитади. Бу шунингдек Худони севувчиларни хафа қилади. Шунга кўра, Яҳовага бўлган севги бизни беадаб нутқдан воз кечишга ундайди. Павлус «башарий табиатнинг ишлари» қаторига «ҳаром-харишликни», яъни бузуқ нутқни киритган (Галатияликларга 5:19–21). Бу жиддий масала. Агар киши бир неча бор маслаҳат берилганига қарамасдан, тавба қилмай ўта ахлоқсиз, ярамас ва бузуқ нутқдан фойдаланишни давом эттирса, жамоатдан четлатиладиb.
11, 12. а) Ғийбат ўзи нима ва у қандай зарар келтириш мумкин? б) Нега Яҳованинг хизматчилари туҳматдан қочишади?
11 Ғийбат ва туҳмат. Ғийбат — бу, киши ва унинг шахсий ҳаёти тўғрисида бўлмағур гап-сўз тарқатишдир. Лекин ҳар қандай гап-сўзлар ёмонми? Йўқ, агар кимдир сувга чўмгани ёки далдага муҳтож экани тўғрисида бўлишсак, бунинг ёмон жойи йўқ. Биринчи асрдаги масиҳчилар бир-бирининг ҳол-аҳволи қалайлигига қизиқиб, имондошларига тегишли ўринли маълумот билан бўлишишган (Эфесликларга 6:21, 22; Колосаликларга 4:8, 9). Бироқ шахсий масалаларга тегишли маълумот ёйилса ёки мазмуни ўзгартирилса, зарар келтириши табиий. Бундай ғийбат туҳматга олиб келиб, бунинг оқибати эса доимо аянчлидир. Туҳмат — бу, «бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво» («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»). Масалан, яҳудий дин арбоблари Исонинг обрўсини тўкиш ниятида туҳмат уюштиришган (Матто 9:32–34; 12:22–24). Туҳмат эса кўпинча жанжалга сабаб бўлади (Ҳикматлар 26:20).
12 Бошқаларни ёмонлаш ёки орасига совуқчилик тушириш учун нутқни суиистеъмол қилганларни Яҳова жазосиз қолдирмайди. У «ака-укалар орасига нифоқ солувчилардан» нафратланади (Ҳикматлар 6:16–19). «Нифоқ» деб таржима қилинган юнонча диа́болос сўзи, Иблис номининг маъносидир. Ҳа, Худога туҳмат қилаётган айнан Иблисдир (Ваҳий 12:9, 10). Демак, бизни Иблисга ўхшатиб қўядиган нутқдан қочишимиз керак эмасми?! Ахир «нифоқ» ва «ихтилофчилик» каби башарий табиатнинг ишларини келтириб чиқарадиган туҳматга имонлилар жамоатида ўрин йўқ (Галатияликларга 5:19–21). Бирор киши ҳақида янгиликни айтишдан аввал, ўзингиздан: «Бу гап ростми? Айтсам, яхши иш қилган бўламанми? Ушбу маълумотни ёйиш оқилона бўладими?» — деб сўранг (1 Салоникаликларга 4:11; 1 Бутрус 4:15).
13, 14. а) Ҳақоратли сўзлар қанақа қудратга эга? б) Хўрлаш нима ва нега хўрловчи киши ўзини хавф остига солади?
13 Ҳақоратли сўзлар. Юқорида айтилганидай, сўзлар зиён келтириш қудратига эга. Номукаммаллигимиз туфайли баъзида гапни айтиб қўйиб, сўнг пушаймон бўламиз. Аммо, Муқаддас Китобда имонлилар оиласи ва жамоатда мутлақо ўринсиз бўлган нутқ турлари келтирилган. Инжилда бундай даъват мавжуд: «Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар» (Эфесликларга 4:31). «Ғийбатчилик» сўзи бошқа таржималарда «ёмон сўзлар», «зарарли нутқ» ва «ҳақорат» деб ўгирилган. Бировнинг обрўсини ерга уриш, беаёв танқид қилишни ўз ичига олувчи ҳақоратли сўзлар, кишининг нафсониятига тегиб, ўзини қадрсиз ҳис қилишига олиб келади. Болалар беозор ва ишонувчан бўлишгани учун, ҳақоратли сўзлар айниқса уларнинг қалбига шикаст етказади (Колосаликларга 3:21).
14 Камситувчи ва ҳақоратли сўзлар билан ўзгаларни пастга уриш хўрлаш ҳисобланиб, бундай қилмиш Муқаддас Китобда кучли сўзлар билан қораланади. Мазкур нутқни қўлловчи киши ўзини хавф остига солиб, ўзгариши учун кўрсатилган ёрдамларни рад этса, жамоатдан четлатилади. Агар у тўғри йўлга қайтмаса, Осмон Шоҳлиги баракаларидан маҳрум бўлиши тайин (1 Коринфликларга 5:11–13; 6:9, 10). Хуллас, зарарли, ёлғон ва ножўя нутқни қўлласак, ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлай олмаймиз. Зеро бундай нутқ озор етказади.
«ЖОНГА ОРО КИРАДИГАН ЯХШИ СЎЗЛАР»
15. Қандай нутқ «жонга оро киритади»?
15 Қандай қилиб нутқимизни Яратувчининг ниятига мувофиқ тарзда қўллашимиз мумкин? Аллоҳнинг Каломи «жонга оро кирадиган яхши сўзлар гапиришга» даъват этаётганини эсланг (Эфесликларга 4:29). Бошқаларнинг жонига оро киритадиган, далда берадиган ва қўллаб-қувватлайдиган нутқ Яҳовани мамнун этади. Бундай сўзларни гапириш эса мулоҳазакорликни талаб қилади. Муқаддас Китобда бу борада тайёр намуна ёки бундай сўзларнинг рўйхати берилмаган (Титусга 2:8). «Жонга оро кирадиган яхши сўзлар гапириш» учун, оддий, аммо муҳим бўлган учта омилни, яъни сўзлар ижобий, чин ва мулойим бўлишини ёдда тутишимиз лозим. Келинг энди бундай нутқнинг айрим турларини кўриб чиқайлик. (140- саҳифадаги «Сўзларим жонга оро киритяптими?» номли рамкага қаранг.)
16, 17. а) Нега бошқаларни мақташимиз даркор? б) Жамоатда ва оилада ўзгаларни мақташнинг қандай имкониятлари бор?
16 Самимий мақтов. Тангри Яҳова ҳамда Ҳазрати Исо мақтовли сўзлар гапириш нақадар муҳим эканини ўзлари кўрсатишган (Матто 3:17; 25:19–23; Юҳанно 1:47). Худонинг хизматчилари сифатида биз ҳам бошқаларни чин юракдан мақтасак наҳотки яхши бўлмаса?! Тавротда: «Ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши»,— дейилган (Ҳикматлар 15:23). Ўзингиздан бундай деб сўранг: «Мени чин дилдан мақташганда, ўзимни қандай ҳис қиламан? Бундан кўнглим кўтарилиб, далда оламанми?» Ҳақиқатан ҳам, мақтовли сўзлар, кимдир сизга эътибор қаратаётгани ва ғамхўрлик қилаётгани ҳақида билдириб, қилган уринишларингиз арзигулик эканига ишонтиради. Бундай умидбахш сўзлар ишончингизни ошириб, келажакда янада сидқидилдан ишлашга ундайди. Мақтов эшитишни ёқтирар экансиз, бу ўз навбатида сизни ҳам бошқаларга мақтов сўзларни айтишга рағбатлантирмайдими? (Матто 7:12).
17 Бошқаларнинг яхши томонларини пайқашга ўрганиб, ўз мақтовингизни канда қилманг. Масалан, йиғилишда яхши тайёрланган нутқни эшитганда, маънавий мақсадлар сари интилаётган ёш ваъзгўйни ёки кекса ва соғлиги ёмон бўлишига қарамай, йиғилишларга қатнаётган имондошингизни кўрганда мақташ имкониятини қўлдан бой берманг. Самимий сўзлар инсоннинг қалбига малҳамдай бўлиб, маънан далда беради. Оилада эру хотин бир-бирини мақтаб, миннатдорчилигини билдириши даркор (Ҳикматлар 31:10, 28). Айниқса болалар қадрли эканликларини ҳис қилишганда, гуллаб-яшнаб кетишади. Ўсимлик учун қуёш ва сув зарур бўлгани каби, бола мақтов ва қадрлашга муҳтож. Азиз ота-оналар, фарзандларингизнинг мақтовга сазовор фазилатлари ва уринишлари учун мақташ имкониятларини изланг. Бундай мақтовли сўзлар болаларингизга далда ва ишонч бахш этиб, ҳатто мушкул вазиятда ҳам тўғри йўл тутишга ундайди.
18, 19. Нега имондошларимизга тасалли беришни дариғ тутмаслигимиз лозим ва буни қандай қилиш мумкин?
18 Тасалли. Яҳова «эзилган кўнгилларни даволаб, яраларига малҳам суртади» (Забур 146:3; Ишаё 57:15). Унинг Каломи бизларни «бир-бирингизга далда бериб», «жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар», деб даъват этмоқда (1 Салоникаликларга 5:11, 14). Қайғудан руҳан эзилаётган имондошларимизга тасалли бериш йўлидаги ҳаракатларимизни Худо кўриб, қадрлашига амин бўлишимиз мумкин.
19 Қандай қилиб ғамгин ёки руҳи тушган имондошларингизга ёрдам бера оласиз? Унинг муаммосини ҳал қилишим керак деб ўйламанг. Кўп ҳолларда, оддий сўзларгина катта ёрдам беради. Руҳи тушган кишини ташлаб қўймаслигингизга ишонтиринг. У билан биргаликда ибодат қилинг; бу киши бошқалар ва Худо учун қанчалик севикли эканига ишонч ҳосил қилсин дея Яҳовадан ёрдам сўраб, илтижо қилинг (Ёқуб 5:14, 15). Унга жамоатнинг керакли ва қадрли аъзоси эканини айтинг (1 Коринфликларга 12:12–26). Яҳова чиндан ҳам унга алоҳида ғамхўрлик қилаётганини кўрсатувчи оят ўқиб беринг (Забур 33:19; Матто 10:29–31). Ғамга ботган кишига чин қалбдан «ширин сўз» айтишга етарлича вақт ажратиш, у ўзини суюкли ва қадрли эканини ҳис этишига ёрдам бериши шубҳасиздир (Ҳикматлар 12:25).
20, 21. Қандай омиллар маслаҳатни амалий қилади?
20 Амалий маслаҳат. Номукаммал эканмиз, вақт-вақти билан барчамиз маслаҳатга муҳтож бўламиз. Муқаддас Китоб бизни: «Насиҳатга қулоқ сол, панд-ўгитни қабул қил, шунда умринг бўйи оқил бўласан»,— деб чорламоқда (Ҳикматлар 19:20). Бошқаларга маслаҳат бериш, фақатгина оқсоқолларнинг бурчи эмас. Масалан, ота-оналар фарзандларига насиҳат қилишади (Эфесликларга 6:4). Маънан етук онахону опаларимиз ёш хотинларга таълим-тарбия беришади (Титусга 2:3–5). Ўзгаларга бўлган севги, маслаҳатни кишининг кўнглига озор етказмайдиган тарзда айтишга ундайди. Бунда бизга нима ёрдам беради? Келинг, амалий маслаҳатнинг учта омилини, яъни маслаҳатчининг нияти, нимага асослангани ва қай тарзда айтиш кераклигини кўриб чиқайлик.
21 Маслаҳат амалий бўлиши, у қай ниятда берилганига боғлиқ. Ўзингиздан: «Қачон маслаҳатга риоя қилишим осон бўлади?» — деб сўранг. Насиҳат қилаётган киши норози руҳда ва яширин ниятда эмас, балки ёрдам бериш мақсадида эканини сезсангиз, маслаҳатини қабул қилиш осон кечади. Шундай экан, бошқаларга насиҳат қилаётиб, ниятингиз тўғри бўлиши ўта муҳим. Шунингдек уни Худонинг Каломига асосланг (2 Тимўтийга 3:16). Тўғридан-тўғри Муқаддас Китобдан ўқиб берасизми ёки йўқми, маслаҳат унга асосланган бўлсин. Оқсоқоллар ўз нуқтаи назарини бошқаларга сингдирмасликлари ҳамда оятларни шахсий фикрларини қўллашга мослаштирмасликлари даркор. Бундан ташқари маслаҳат тўғри тарзда берилса, янада амалий бўлади. Меҳр ила берилган маслаҳатга риоя қилиш осон бўлиб, қабул қилган кишининг обрўсини тўкмайди (Колосаликларга 4:6).
22. Нутқингизни қандай қўллашга қарор қилдингиз?
22 Шубҳасизки, нутқ Яратувчининг қимматбаҳо ҳадясидир. Яҳовага бўлган севгимиз, ушбу ҳадяни суиистеъмол қилмасликка ундайди. Гапираётган сўзларимиз жонга оро киритиш ёки озор етказиш қудратига эга эканини унутманг. Шунинг учун келинг, нутқимизни Парвардигорнинг мақсадига биноан — «жонга оро киритиш» учун қўллайлик. Шундагина тингловчиларимизга таскин ва ором бахш этиб, ўзимизни эса Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлай оламиз.
a Юнон тилидан «бефойда», деб таржима қилинган сўзни шунингдек, «бемаъни» деб ҳам ўгириш мумкин (1 Бутрус 1:18).
b Оятда «ҳаром-харишлик» деб қўлланилган ибора кенг маънога эга бўлиб, кўплаб гуноҳларни ўз ичига олади. Гарчи ҳар қандай ҳаром-харишликка нисбатан чоралар кўрилмаса-да, ўтакетган ҳаром-харишликка қўл уриб, тавба қилмаган инсон жамоатдан четлатилади (2 Коринфликларга 12:21; Эфесликларга 4:19; рус тилидаги «Қўриқчи минораси» журналининг 2006- йил 15- июль сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» мақоласига қаранг).