ИЛОВА
Байроқни шарафлаш, сайловда овоз бериш ва муқобил хизмат
Байроқни шарафлаш. Кўпинча давлат мадҳияси куйланганда, одамлар байроқни шарафлаб, унга тиз чўкиш ёки қўлини кўксига қўйиши билан нажотни Худодан эмас, балки сиёсий раҳбарлардан ва ҳукуматдан кутишаётганини кўрсатишади. Яҳованинг Шоҳидлари эса буларнинг барчасини диний маросим деб ҳисоблашади (Ишаё 43:11; 1 Коринфликларга 10:14; 1 Юҳанно 5:21). Бунга нисбатан қадимги Бобил шоҳи Навухадназар мисолини кўриб чиқайлик. Қудратли ҳукмдор ўзининг буюклигини ҳамда художўйлигини кўрсатиш учун барча фуқароларига мадҳияга ўхшаш мусиқа янграган замон олтин ҳайкалга сажда қилишни буюради. Бироқ, учта иброний йигит Шадрах, Мешах ва Абеднаху ҳаттоки ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳайкалга сажда қилишмайди (Дониёр 3- боб).
Тарихчи Карлтон Хейс айтишича, бизнинг асримизда «байроқ — миллатчилик динининг сажда қилинадиган нарсасига айланиб қолган». У шундай давом этмоқда: «Байроқни кўтаришганда эркаклар бош кийимларини ечишади, шоирлар байроқни шарафлаб қасидалар ёзишади, болалар эса давлат мадҳиясини куйлашади». Хейснинг гапларидан миллатчиликнинг «муқаддас кунлари» ёки байрамлари ҳам бўлиб, масалан Қўшма Штатларда 4- июлда Мустақиллик байрами нишонланади. Шунингдек, миллатчиликнинг «авлиё-ю қаҳрамонлари» ва муқаддас «қадамжолари» ҳам бор. Бразилияда ўтган оммавий маросимда баланд мартабали ҳарбий амалдор қуйидагини таъкидлади: «Она юртга сажда қилингандек... байроқни ҳам шарафлаб, унга сиғинилади».
Бир энциклопедияда ёзилишича, миллий мадҳиялар — «ватанпарварлик руҳини ифодалаб, кўпинча илоҳий раҳбарлик сўраш ва халқ ёки унинг раҳбарларини ҳимоялаш ҳақидаги илтижоларни ўз ичига олади» («The Encyclopedia Americana»). Мана нега Яҳованинг Шоҳидлари байроқни шарафлаш ва давлат мадҳиясини куйлашни диний маросим сифатида қабул қилиб, мулоҳазакорлик ила йўл тутишади. АҚШ мактабларида Яҳова Шоҳидларининг фарзандлари байроқни шарафлаш ҳамда ватанга садоқатли бўлиш ҳақида қасам ичишни рад этишларига нисбатан бир китобда қуйидагича айтилган: «Бу кундалик маросим диний тусга эга эканини Олий суднинг ўзи бир неча марта тан олди» («The American Character»).
Яҳованинг халқи ушбу маросимлар Муқаддас Китобга асосланмагани учун уларда қатнашишмаса-да, иштирок этадиганларнинг қарорини ҳурмат қилишади. Шунингдек, улар давлат рамзи бўлмиш байроқни ҳурмат қилиб, мавжуд ҳукуматни «ҳукмрон ҳокимият» ва «Худонинг хизматкори» сифатида тан олишади (Римликларга 13:1–4). Бинобарин, Яҳованинг Шоҳидлари «подшоҳлар ва ҳукмдорлар учун» дуолар ўқишга даъват этилишади. Бизнинг ниятимиз «Худо йўлида обрў-эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришдан» иборат (1 Тимўтийга 2:1, 2).
Сайловда овоз бериш. Масиҳчилар бошқаларнинг овоз бериш ҳуқуқини ҳурмат қилишади. Ҳа, улар ҳеч қачон сайловга қарши чиқишмайди, балки сайланган раҳбарларга бўйсунишади. Аммо шу билан биргаликда давлатнинг сиёсий ишларида бетарафликни сақлашади (Матто 22:21; 1 Бутрус 3:16). Овоз бериш мажбурий бўлган ёки сайлов участкасига бормайдиган кишилар жамиятнинг таъқибига учрайдиган мамлакатларда масиҳчилар қандай йўл тутишлари керак? Шадрах, Мешах ва Абеднаху Дурах текислигига боришгани каби, бундай вазиятдаги масиҳчилар ҳам агар виждони йўл қўйса, сайлов участкасига боришлари мумкин. Бироқ улар бетарафликни бузмасликка ҳаракат қилишади. Улар қуйида келтирилган олтита қоидага риоя этишлари лозим:
Исонинг издошлари «бу дунёники эмаслар» (Юҳанно 15:19).
Яҳованинг Шоҳидлари Масиҳ ва унинг Шоҳлиги вакилларидир (Юҳанно 18:36; 2 Коринфликларга 5:20).
Масиҳчилар жамоати имонда якдил, аъзоларини эса севги ришталари боғлаб туради (1 Коринфликларга 1:10; Колосаликларга 3:14).
Муайян раҳбарни сайлаган киши, унинг қилган ишларига шерик бўлади (1 Шоҳлар 8:5-, 10–18- гача ва 1 Тимўтийга 5:22- оятларидаги сўзларда қандай қоида мавжудлигига эътибор беринг).
Яҳова, Исроил халқининг ўзига одамлардан ҳукмдорни танлаш истагини, Уни рад этиш билан баробар кўрди (1 Шоҳлар 8:7).
Масиҳчилар турли сиёсий қарашларга эга инсонларга, Худонинг Шоҳлиги ҳақида тоза виждон билан гапиришлари керак (Матто 24:14; 28:19, 20; Ибронийларга 13:18).
Муқобил хизмат. Баъзи давлатларда ҳарбий хизматдан воз кечганлар, муайян вақт давомида муқобил хизматни ўташи мумкин. Бундай масалага дуч келганимизда ибодат қилиш, эҳтимол етук масиҳчилар билан маслаҳатлашиш, сўнг эса виждонимиз асосида қарор қабул қилишимиз лозим (Ҳикматлар 2:1–5; 11:14).
Худонинг Каломида бизга: «Ҳукмрон ҳокимиятга тўла итоаткорлик билан бўйсунсин, ҳар бир хайрли ишга тайёр бўлишсин... ювошлик... билан муомала қилсинлар»,— дейилган (Титусга 3:1, 2). Буни ёдда тутиб ўзимизга қуйидаги саволларни берайлик: «Муқобил хизматни қабул қилсам, бетарафлигимга путур етказишим ёки сохта динга аралашиб қолишим мумкинми?» (Михо 4:3, 5; 2 Коринфликларга 6:16, 17). «Бу хизмат менинг жамоатдаги вазифаларимни бажаришга халақит бериб, ҳатто тўхтатиб қўйиш эҳтимоли борми?» (Матто 28:19, 20; Эфесликларга 6:4; Ибронийларга 10:24, 25). «Бошқа томондан бундай хизматни ўташ, менга маънавий фаолиятимни кенгайтириш, эҳтимол тўла вақтли хизмат қилиш имконини берадими?» (Ибронийларга 6:11, 12).
Агар масиҳчи қамоқда ўтиришдан кўра, муқобил хизматни танласа, имондошлари уни ҳукм қилмасликлари керак (Римликларга 14:10). Борди-ю бундай хизматни ўташни истамаса ҳам, бошқалар унинг қарорини ҳурмат қилишлари даркор (1 Коринфликларга 10:29; 2 Коринфликларга 1:24).