50- БОБ
Таъқибларга қарамай ваъз қилишга тайёргарлик
МАТТО 10:16–11:1 МАРК 6:12, 13 ЛУҚО 9:6
ИСО ШОГИРДЛАРИГА ТАЪЛИМ БЕРИБ, ВАЪЗГЎЙЛИККА ЖЎНАТАДИ
Исо ҳаворийларини иккитадан ваъз қилишга жўнатишдан олдин, уларга амалий йўл-йўриқлар беради. У фақатгина маслаҳат бериш билан кифояланиб қолмайди. Исо ҳаворийларини уларга қарши чиқадиганлар тўғрисида огоҳлантиради. У шундай дейди: «Мен сизларни юборяпман, аммо сизлар худди бўрилар орасидаги қўйлардай бўласизлар... Эҳтиёт бўлинглар, чунки одамлар сизларни маҳаллий маҳкамаларга топшириб, ибодатхоналарида савалашади. Мен туфайли сизларни ҳокимлару подшоҳлар қошига олиб боришади». (Матто 10:16–18)
Ҳа, Исонинг шогирдлари кучли таъқибларга дучор бўлиши мумкин, лекин Исо уларни шундай деб ишонтиради: «Сизларни уларнинг қўлига топширишганида, нима дейман, қандай гапираман деб ташвишланманглар, чунки нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласизлар. Сабаби, ўз-ўзингиздан эмас, балки самовий Отангизнинг қудрати ёрдамида гапирасизлар». У яна шундай дейди: «Ака укасини, ука акасини ва ота ўз боласини ўлимга топширади. Фарзандлар ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиришади. Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Фақат охиригача чидаган қутулади». (Матто 10:19–22)
Ваъзгўйлик фаолияти жудаям муҳим ишдир. Шу сабабли, Исо озодликда қолиб, хизматни давом эттириш учун эҳтиёткор бўлиш лозимлигини таъкидлайди. «Сизларни бир шаҳарда таъқиб қилишса, бошқасига қочинглар,— дейди у.— Ишонаверинг, Исроилнинг шаҳару қишлоқларида ваъз қилиб чиқишга улгурмасингиздан Инсон Ўғли келиб қолади». (Матто 10:23)
Гарчи бу йўл-йўриқлар, огоҳлантиришлар ва далдали сўзларни Исо асосан 12 та ҳаворийсига айтган бўлса-да, бу сўзлар унинг ўлимию тирилишидан сўнг ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этадиганларга ҳам тааллуқлидир. Бу Исонинг: «Ҳамма сизлардан нафратланади»,— деган огоҳлантиришидан аён бўляпти. Ҳаворийлар эса фақат исроилликларга ваъз қилишга юборилганди. Бундан ташқари, ҳаворийларнинг Жалиладаги қисқа муддатли ваъзгўйлик фаолияти давомида уларни ҳокимлару подшоҳлар қошига етаклаб боришгани ёки улардан кимдир оила аъзоси томонидан ўлимга топширилгани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган.
Исо шогирдларига мурожаат қилаётиб келажакка ҳам ишора қилади. Шогирдлар барча шаҳарларда ваъз қилиб чиқишга улгурмасидан олдин «Инсон Ўғли келиб қолиши» нимани англатишини кўриб чиқайлик. Бу дегани, шогирдлар Шоҳлик тўғрисидаги хабарни ер юзи бўйлаб ваъз қилишга улгурмасидан, улуғвор Шоҳ Исо Масиҳ Аллоҳ томонидан тайинланган ҳакам сифатида келади.
Шогирдлар ваъзгўйлик фаолиятида таъқибларга дуч келганда, ҳайрон қолмасликлари керак. Сабаби, Исо шундай деган: «Шогирд устозидан, хизматкор эса хўжайинидан устун эмас». Исонинг гапларида жон бор. Агар Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз этгани учун одамлар Исодан нафратланиб таъқиб қилган бўлишса, демак, шогирдлар билан ҳам худди шундай бўлади. Бироқ Исо уларга шундай маслаҳат беради: «Сизларни ўлдиришга қурби етадиган, аммо келажакдаги ҳаётдан маҳрум эта олмайдиган одамлардан қўрқманглар. Аксинча, сизларни жаҳаннамда йўқ қилиб юборишга қодир бўлган Зотдан қўрқинглар». (Матто 10:24, 28)
Исонинг ўзи ҳали бу борада ўрнак кўрсатади. Ҳар нарсага қодир бўлган Зот, яъни Аллоҳ Яҳовага содиқ қолиш учун, Исо қўрқмай ўлимга юз тутади. Ҳа, Қодир Тангрининг одамни келажакдаги ҳаётдан маҳрум этишга ёки абадий яшаш учун тирилтиришга қурби етади. Бу сўзлар ҳаворийларнинг имонига имон қўшгани аниқ!
Кейин Исо, Тангри шогирдларига меҳр ила ғамхўрлик қилишини кўрсатадиган бир мисол келтиради. «Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? — деб савол беради у.— Бироқ улардан биттаси ерга тушса ҳам, самовий Отангизнинг назаридан четда қолмайди. [...] Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз». (Матто 10:29, 31)
Исонинг шогирдлари ваъз қиладиган Шоҳлик тўғрисидаги хабар туфайли оилаларда бўлинишлар юз беради. Оила аъзоларининг айримлари уни қабул қилса, бошқалари қабул қилмайди. «Мени дунёга тинчлик келтиргани келган деб ўйламанглар»,— дейди Исо. Шундай экан, оиланинг бир аъзоси Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни қабул қилиши учун ундан жасорат талаб этилади. «Мендан кўра отасини ёки онасини кўпроқ севган киши менинг шогирдим бўлишга муносиб эмас,— деб тушунтиради Исо,— Мендан кўра ўғлини ёки қизини кўпроқ севган ҳам менинг шогирдим бўлишга лойиқ эмас». (Матто 10:34, 37)
Лекин шогирдларни яхши қабул қиладиганлар ҳам бўлади. Исо шундай дейди: «Кимки бу кичиклардан бирига менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берса, ишонаверинг, у мукофотсиз қолмайди». (Матто 10:42)
Ҳаворийлар Исонинг йўл-йўриқлари, огоҳлантирувчи ҳамда далдали сўзларини эшитгач, «ўша ҳудуддаги қишлоқлар бўйлаб ҳар ерда хушхабарни ваъз этишар ва касалларни соғайтиришарди». (Луқо 9:6)