Яҳова чиндан ҳам «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир»
Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Тангриси ва Отасига ҳамдлар бўлсин. У раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир. 2 КОР. 1:3
1. Инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар нимага муҳтож бўлиб туради?
БИЗ, туғилганимиздан бошлаб тасаллига муҳтож бўламиз. Чақалоқлар овоз чиқариб далдага муҳтож эканларини билдиришади. Ўша пайтда уларнинг қорни очган ёки кимдир уларни кўтаришини истаган бўлиши мумкин. Ҳатто қариган чоғимизда ҳам тасаллига тез-тез муҳтож бўламиз. Айниқса қийин вазиятларга дуч келганимизда бундай ҳолат юз беради.
2. Яҳовага умид боғлаганларга У тасалли беришига нима учун амин бўлишимиз мумкин?
2 Оила аъзоларимиз ҳам қайсидир миқдорда бизга тасалли беришади. Баъзида шундай қийинчиликка дуч келишимиз мумкинки, инсон ёрдам беролмайдигандек туюлади. Ҳа, қандай муаммоларга гирифтор бўлмайлик, фақатгина Аллоҳ бизга тасалли бера олади. Унинг Каломи бизни қуйидагиларда ишонтирмоқда: «Худовандга мурожаат қиладиган... ҳар бир инсонга У яқиндир... Уларнинг фарёдини эшитар» (Заб. 144:18, 19). Дарҳақиқат, «Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солар» (Заб. 33:16). Аллоҳ бизни қўллаб-қувватлаши ва тасалли бериши учун, Унга умид боғлашимиз лозим. Бу ҳақда, сано басталаган Довуд шундай деган: «Мазлум учун Худованд паноҳдир, қайғули замонларида паногоҳдир. Номингни билганлар Сенга умид боғлар, Ўзингга илтижо қилувчиларни тарк этмайсан, эй Худованд!» (Заб. 9:10, 11).
3. Яҳова Ўз халқини жуда севишини Исо қандай қилиб тасвирлаган эди?
3 Яҳова, Унга топинаётганларни жуда қадрлайди. Буни, Ҳазрати Исо қуйидаги сўзлар орқали тасдиқлаган: «Бешта чумчуқ икки тангага сотилмайдими? Бироқ, Аллоҳ улардан биттасини ҳам унутмаган. Сизларнинг эса сочингизнинг ҳар бир толаси саналган. Қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз» (Луқо 12:6, 7). Яҳова Ўз халқини абадий севишини ва шунинг учун ҳам мурувватини аямаслигини, Еремиё пайғамбар орқали айтган эди (Ерм. 31:3).
4. Нега Яҳованинг ваъдаларига ишонсак бўлади?
4 Тангри Яҳовага ва У берган ваъдаларини амалга оширишига ишониш, оғир дамларда далда беради. Шу туфайли, мана бу сўзларни айтган Ёшуа каби биз ҳам Худога умид боғлаймиз: «Худованд сиз ҳақингизда айтган ҳамма эзгу сўзларидан бирортаси пучга чиқмади; сиз учун ҳаммаси амалга ошди, бирортаси бажарилмай қолмади» (Ёшуа 23:14). Шундай экан, ҳатто вақти-вақти билан қийинчиликлар дастидан тушкунликка тушиб қолсак ҳам, Яҳова Ўзининг садоқатли хизматчиларини ҳечам ташлаб кетмаслигига ишонсак бўлади (1 Коринфликларга 10:13 ни ўқинг).
5. Қандай қилиб бошқаларга тасалли бера оламиз?
5 Ҳаворий Павлус Яҳовани «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир», деб атаган. Тасалли бериш, кимнидир қийин вазиятда ёки қайғули дамларида юпатиш демакдир. Бунинг натижасида кишининг қайғу-изтироби йўқ бўлиб, ўзини енгил ҳис этади. Шак-шубҳасиз, Яҳова бунга қодир (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг). Самовий Отамиз ҳеч нарсада чегараланмаган, шунинг учун Уни яхши кўрадиганларга тасалли бера олади. «Шу тариқа биз ҳам, Худодан олган тасалли билан турли қайғуларга дучор бўлган» имондошларимизга «тасалли бера оламиз». Дарҳақиқат, Яҳова ҳатто умидсиз пайтимизда ҳам бизга тасалли бера олади!
Қийинчиликларга мослашинг
6. Одамга нималар қайғу келтириши мумкин?
6 Ҳаётнинг кўпгина соҳасида тасаллига муҳтожмиз. Оғир қийинчиликлардан бири, яқин кишидан, айниқса фарзанд ёки турмуш ўртоқдан жудо бўлишдир. Миллатчилик ёки нотўғри нуқтаи назарнинг қурбони бўлганда ҳам тасаллига муҳтож бўламиз. Ёмон соғлик, ёшнинг ўтиб бориши, камбағаллик, турмуш муаммолари, дунёда содир бўлаётган бошқа муаммолар ҳам далдага муҳтож бўлишимизга сабаб бўлмоқда.
7. а) Қайғули дамларда қандай тасаллига муҳтож бўламиз? б) Бузилган ёки эзилган кўнгилни Яҳова қандай қилиб даволаши мумкин?
7 Қайғуга ботиб қолганимизда, кўнглимизга, онгимизга ҳамда ҳиссий, жисмоний ва маънавий ҳолатимизга тасалли бера оладиган далдага муҳтож бўламиз. Масалан, кўнгилни олайлик. Аллоҳнинг Каломида айтилишича, кўнглимиз бузилиши ёки эзилиши мумкин (Заб. 50:19). Шак-шубҳасиз, Яҳова қайсидир вазиятларда «эзилган кўнгилларни даволаб, яраларига малҳам суртади» (Заб. 146:3). Агар тўла ишонч билан ибодат қилиб, Яҳованинг амрларига бўйсунсак, ҳатто имконсиз вазиятларда ҳам У бизга тасалли бера олади (1 Юҳанно 3:19–22; 5:14, 15 ни ўқинг).
8. Миямиз чарчаб қолганида Яҳова бизга қандай ёрдам бера олади?
8 Турли синовлар дастидан миямиз чарчаб қолиши мумкин. Шу туфайли, онгимиз ҳам ҳар замонда тасаллига муҳтож бўлади. Ўз кучимиз билан имон синовини енгишимиз амримаҳол. Сано бастакори қуйидагича куйлаган: «Ичимда қайғуларим тошиб борганида, таскинларингдан кўнглим қувончга тўлди» (Заб. 93:19). Павлус эса шундай деган: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади» (Филип. 4:6, 7). Муқаддас Ёзувларни ўқиш ва унинг устидан мулоҳаза юритиш, мия чарчашининг олдини олишга ҳисса қўшади (2 Тим. 3:15–17).
9. Ҳиссий қийинчиликларни қандай енгишимиз мумкин?
9 Баъзида тушкунликка тушиб, ёмон туйғуларнинг таъсирига берилиш хавфига дуч келишимиз мумкин. Эҳтимол, Худонинг Каломига асосланган қайсидир вазифага ёки шарафли хизматни бажаришга ўзимизни нолойиқ деб ўйлаб қолармиз. Бу вазиятда Яҳова бизга тасалли ва ёрдам бера олади. Ёшуанинг мисолини оладиган бўлсак, у Исроил халқини кучли душманлар қўлидан олиб чиқиш вазифасини қабул қилган эди. Ўшанда Мусо халққа жасоратли ва қатъиятли бўлиши кераклигини, ҳеч нарсадан қўрқмаслигини, сабаби Яҳованинг Ўзи қўллаб-қувватлишини айтиб далда берганди (Амр. 31:6). Яҳованинг ёрдами билан, Ёшуа Исроил халқини ваъда қилинган юртга олиб кирган ва ғанимларининг устидан ғалаба қозонган. Сал аввалроқ Мусо ҳам Қизил денгизда Худонинг қудратидан мадад олган эди (Чиқ. 14:13, 14, 29–31).
10. Жисмоний соғлигимиз заифлашиб қолса, қандай ёрдам кўришимиз мумкин?
10 Қайғули воқеалар, жисмоний соғлигимизга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Албатта, тўғри овқатланиш, мароқли дам олиш ва покликни сақлаш бизга яхши таъсир қилади. Маънавий соғлигимиз Муқаддас Китобга асосланган келажак туфайли яхши сақланади. Бу эса, жисмоний соғлигимизга ҳам яхши таъсир кўрсатади. Шу тариқа, муайян қийинчиликларни бошдан кечирганимизда, Павлуснинг мана бу сўзларини биз ҳам айтгандек бўламиз: «Биз ҳар томонлама сиқувга олинган бўлсак-да, лекин эзилмаймиз. Нима қилишимизни билмасак-да, чорасиз эмасмиз. Таъқиб қилиняпмиз, лекин ташлаб қўйилмаганмиз. Қайғудан эзиляпмиз, бироқ ҳалок бўлмаяпмиз» (2 Кор. 4:8, 9).
11. Маънавий касалликка қарши қандай курашса бўлади?
11 Айрим синовлар дастидан маънавий соғлигимиз зарар кўриши мумкин. Бу вазиятда ҳам Яҳова ёрдамга шай бўлиб турибди. Унинг Каломи бизга шундай далда бермоқда: «Барча йиқилаётганларга Худованд мадад берар, ҳар бир қадди букилганни У ростлар» (Заб. 144:14). Маънан касал бўлиб қолганимизда, ёрдамни жамоат оқсоқолларидан излаймиз (Ёқб. 5:14, 15). Муқаддас Китобдаги абадий ҳаёт тўғрисидаги умидни ҳамиша мияда сақласак, имонимиз синалган вақтда мустаҳкам бўламиз (Юҳан. 17:3).
Аллоҳ тасалли берган мисоллар
12. Яҳованинг Иброҳимга нисбатан кўрсатган далдали муносабатини тасвирланг.
12 Илоҳий илҳом остида сано бастакори шундай деганди: «Бандангга берган сўзингни эслагин, ундан мени умидвор қилгансан-ку! Мусибатим кунида тасаллим шу бўлур: Сенинг каломинг жонимга жон киритур» (Заб. 118:49, 50). Бугунги кунда, Аллоҳ тасалли берган мисоллар ёзилган Яҳованинг Каломига эгамиз. Мисол учун, Яҳова Садўм ва Ғамўра шаҳарларини яксон қилмоқчи бўлганида, Иброҳим тушкунликка тушишига тўла сабаби бўлган эди. Ушбу художўй инсон Аллоҳга: «Сен гуноҳкорни ҳам, бегуноҳни ҳам бирдай қириб ташлайверасанми?» — деб савол берди. Яҳова эса, 50 та бегуноҳ киши топилса, Садўм шаҳрини яксон қилмаслигини айтиб Иброҳимни тинчлантирди. Шунда пайғамбар сонни камайтириб яна беш марта мурожаат қилди. 45 киши бегуноҳ топилса-чи? 40 ? 30 ? 20 ? 10 ? Ҳар сафар Яҳова сабр-тоқат ва мулойимлик ила Садўмни йўқ қилмасликда Иброҳимни ишонтирди. Гарчи бу ҳудудда 10 та бегуноҳ киши топилмаган бўлса-да, Яҳова Лутни ва унинг қизларини омон сақлаб қолди (Ибт. 18:22–32; 19:15, 16, 26).
13. Ханна Яҳовага таянаётганини қандай намоён этган?
13 Элқананинг хотини Ханна фарзанд кўришни жуда истаган эди. Лекин у бепушт бўлган ва бундан сиқилиб юрарди. У дардини ибодатда Яҳовага тўкиб солганида, олий руҳоний Элах унга шундай деди: «Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин». Бу сўзлар Ханнага тасалли бериб, «энди чеҳраси ғамгин эмас эди» (1 Шоҳ. 1:8, 17, 18). Ханна Яҳовага тўла-тўкис ишониб, вазиятни Унинг қўлларига топширган эди. Гарчи натижада нима бўлишини билмаса-да, Ханна кўнглида хотиржамлик ҳис қилганди. Вақт ўтиб, Яҳова унинг ибодатига жавоб берди. У ҳомиладор бўлди ва ўғил туғди. Исмини эса Шомуил деб қўйди (1 Шоҳ. 1:20).
14. Довуд нима учун тасаллига муҳтож бўлган ва кимга мурожаат қилган?
14 Худодан тасалли олган яна бир мисол, қадимги Исроилнинг шоҳи Довуддир. Яҳова одамларнинг дилидагини кўра олгани туфайли, Довудни келажакда Исроилнинг шоҳи қилиб танлаётганида, у самимий ва ҳақ топинишда садоқатли эканини билар эди (1 Шоҳ. 16:7; 2 Шоҳ. 5:10). Кейинчалик, Довуд Ботшева билан зино қилади. Гуноҳини яшириш учун эса, унинг эрини ўлдиришга қарор қилади. Қанчалик жиддий гуноҳ қилиб қўйганини тушунганида эса, Довуд Яҳовага шундай ибодат қилган: «Чексиз раҳм-шафқатинг туфайли қонунсиз ишимдан кечиб юборгин! Айбимни тамоман ювиб ташла, гуноҳимдан мени тозалагин! Қилмишимни қонунсизлик деб тан оламан, қилган гуноҳим кўз ўнгимдадир мудом» (Заб. 50:3–5). Довуд чин дилдан тавба қилган эди. Шунинг учун Яҳова уни кечирган. Бундан ташқари, Довуд қилган гуноҳининг оқибатларини ҳам бошдан кечирган (2 Шоҳ. 12:9–12). Яҳова, Ўзининг камтар хизматчиларига меҳр-иноятини кўрсатиши шубҳасиздир.
15. Яҳова, Исо ўлишидан олдин унга қандай ёрдам кўрсатган?
15 Ҳазрати Исо ер юзида бўлганида, кўп қийинчиликларни бошдан кечирган. Ҳа, унинг имони синалишига Худо йўл қўйиб берган. Исонинг ўзи ҳам мукаммал инсон сифатида ҳамиша Яҳовага таянар ва Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида, садоқатини сақлаб қолган. Исога хиёнат қилишларидан ва ўлдиришларидан аввал, у Яҳовага ибодат қилиб шундай сўзларни айтган эди: «Мен хоҳлаганимдек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин». Ўшанда Исонинг олдида фаришта пайдо бўлиб, уни қўллаб-қувватлади (Луқо 22:42, 43). Ҳа, айнан керакли пайтда Худо Ҳазрати Исога тасалли ва куч бериб, уни қўллаб турди.
16. Имонда мустаҳкам турганимиз туфайли ўлимга дуч келадиган бўлсак, Аллоҳ нима қилиши мумкин?
16 Имонда мустаҳкам турганимиз учун ҳатто ўлимга дуч келсак ҳам, Яҳова Унга садоқатли қолишимиз учун ёрдам бера олади ва буни истайди ҳам. Қолаверса, тирилишга бўлган умидимиз ҳам бизга тасалли бермоқда. Олдинда бизни ажойиб келажак кутмоқда, яъни «энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади» (1 Кор. 15:26). Вафот этган адолатли ва адолатсиз кишилар Яҳованинг хотирасида ва У, бу инсонларни тирилтиришни истайди (Юҳан. 5:28, 29; Ҳавор. 24:15). Қувғинлар пайтида, тирилтириш ҳақидаги Яҳованинг ваъдасига ишониш, бизга тасалли ва умид бахш этади.
17. Яқинимиз ҳаётдан кўз юмганда, Яҳова бизга қандай тасалли бериши мумкин?
17 Ўлим уйқусида ётган севимли кишиларимиз ҳаётга қайтади, ўшанда барча муаммоларнинг сабаблари бартараф қилинганидан сўнг, ажойиб янги дунёда маза қилиб яшаймиз. Буни билиш нақадар қувончли бўлмаса?! Шунингдек, ушбу ёвуз дунё йўқ қилинганидан сўнг, омон қолиб, ер юзида яшаш учун тирилган «улкан оломон»га таълим берадиганлар қаторида бўлиш, нақадар катта шараф! (Ваҳ. 7:9, 10).
Аллоҳнинг абадий қўллари остида
18, 19. Қувғинлар пайтида Худонинг хизматчилари қандай тасалли топишлари мумкин?
18 Мусо пайғамбар Исроил халқига, таъсир қиладиган оҳангда, улар қадимдан Аллоҳнинг паноҳида бўлганларини ва Унинг абадий қўллари остида эканларини айтган эди (Амр. 33:27). Кейинчалик, Шомуил пайғамбар ҳам исроилликларга қарата шундай деган: «Эгамиздан юз ўгирмасдан Унга эргашинглар. Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар... Эгамиз... Ўзи танлаган халқдан юз ўгирмайди. Акс ҳолда Ўзининг улуғ исмини бадном қилган бўлади» (1 Шоҳ. 12:20–22). Яҳовага садоқат ила хизмат қилар эканмиз, У бизни ҳечам ташлаб қўймайди. Ҳа, Тангримиз керак бўлганда ҳамиша бизга тасалли беришни истайди.
19 Ушбу охирзамоннинг оғир дамларида, Худойимиз ҳеч иккиланмай Ўз халқига тасалли ва ёрдам беради. Асрлар оша бутун дунё бўйлаб минглаб имондошларимиз Яҳовага хизмат қилишаётгани туфайли, таъқибларга дуч келишмоқда ва қамоқхоналарга тушишмоқда. Улар бошдан кечирган бу воқеалар шуни исботлаяптики, Яҳова керакли пайтда садоқатли хизматчиларига тасалли бера олади. Мисол учун, собиқ Совет Иттифоқида битта биродаримизни Яҳованинг Шоҳиди бўлгани туфайли 23 йилга қамаб юборишган. Ҳатто шундай вазиятда ҳам унга маънавий озуқа етказиб бериларди. Бу эса, биродаримизга куч ва тасалли бахш этарди. Унинг ўзи шундай фикр билдирди: «Мана шу йиллар давомида, Яҳовага таянишни ўргандим ва бу менга куч берарди» (1 Бутрус 5:6, 7 ни ўқинг).
20. Нима учун Яҳова бизни ташлаб қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин?
20 Нима бўлишидан қатъи назар, биз ҳам сано бастакорининг мана бу сўзларига қўшиламиз: «Худованд Ўз халқини тарк этмас» (Заб. 93:14). Гарчи ўзимиз тасаллига муҳтож бўлсак-да, бошқаларга тасалли беришдек катта шарафга эгамиз. Кейинги мақолада, ушбу нотинч дунёнинг қайғули дамларида бир-биримизга қай йўсин тасалли беришимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Марҳамат, жавоб беринг
• Нима туфайли қийинчиликларга дуч келамиз?
• Яҳова Ўз хизматчиларига қандай қилиб тасалли беради?
• Ўлимга дучор бўладиган бўлсак, нимадан тасалли топамиз?
[25- саҳифадаги рамка ва расмлар]
ҚУЙИДАГИЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАРНИ ҚАНДАЙ ЕНГСА БЎЛАДИ:
▪ кўнглимизга (Заб. 146:3; 1 Юҳан. 3:19–22; 5:14, 15)
▪ онгимизга (Заб. 93:19; Филип. 4:6, 7)
▪ ҳиссиётимизга (Чиқ. 14:13, 14; Амр. 31:6)
▪ жисмоний ҳолатимизга (2 Кор. 4:8, 9)
▪ маънавий ҳолатимизга (Заб. 144:14; Ёқб. 5:14, 15)