5- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар»
Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар. ЭФЕС. 5:15, 16
8- ҚЎШИҚ Яҳова — Бошпанамдир
БУ МАҚОЛАДАa
1. Қай йўсин Яҳова билан вақт ўтказа оламиз?
БИЗ ўзимиз яхши кўрадиган одамлар билан бирга вақт ўтказишни ёқтирамиз. Масалан, турмуш ўртоқлар биргаликда вақт ўтказишдан завқ олади. Ёшлар ҳам яқин дўстлари даврасида бўлишдан қувончга тўлади. Қолаверса, барчамиз имондошлар билан бирга вақт ўтказишни ёқтирамиз. Лекин энг асосийси, Худойимиз билан вақт ўтказишни яхши кўрамиз. Масалан, Яҳовага ибодат қилиш, Каломини ўқиш ва Унинг ниятию гўзал фазилатлари устида мулоҳаза юритиш орқали У билан вақт ўтказа оламиз. Ҳа, Яҳова билан ўтказган вақт биз учун қадрлидир. (Заб. 139:17)
2. Қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин?
2 Яҳова билан вақт ўтказиш бизга ёқса-да, бундай қилиш осон бўлмас. Сабаби, ҳаётнинг югур-югурлари дастидан маънавий нарсаларга вақт ажратиш қийин бўлиши мумкин. Масалан, дунёвий ишимиз, оиладаги масъулиятларимиз ёки қилишимиз керак бўлган бошқа кўп юмушларимиз бор. Бу эса ибодат, тадқиқ ёки мулоҳаза қилишга кетадиган вақтимизни ўғирлаши мумкин.
3. Вақтимизни яна нима ўғирлаши мумкин?
3 Яна бир нарсага вақтимиз кетиб қолиши мумкин. Эҳтиёт бўлмасак, аслида нотўғри деб ҳисобланмайдиган ишлар ҳам Яҳовага янада яқинлашишимизга ажратадиган вақтимизни ўғирлаши ҳеч гап эмас. Мисол учун, дам олиш соҳасига эътибор берайлик. Ҳаммамиз онда-сонда дам олиб туришимиз ўта муҳим. Лекин ҳатто безарар ўйин-кулги турлари туфайли маънавий ишларга жуда кам вақтимиз қолиши мумкин. Улар ҳаётимизда ўз ўрнида бўлиши керак. (Ҳик. 25:27; 1 Тим. 4:8)
4. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
4 Бу мақолада нега ҳаётимизда нима устувор эканини аниқлашимиз кераклигини кўриб чиқамиз. Қолаверса, Яҳова билан ўтказадиган вақтимиздан қай йўсин унумли фойдаланишимизга ҳамда бу бизга қандай фойда келтиришига эътибор қаратамиз.
ДОНО ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИБ, НИМА МУҲИМРОҚ ЭКАНИНИ АНИҚЛАБ ОЛИНГ
5. Эфесликларга 5:15–17- оятлар устида мулоҳаза юритиш ёшларга қандай ёрдам беради?
5 Энг тўғри ҳаёт йўлини танланг. Ёшлар кўпинча ҳаётини нимага бағишлаш тўғрисида ўйлайди. Бир томондан, мактабдаги ўқитувчилар ва имондош бўлмаган оила аъзолари уларни олий маълумотли бўлишга ундайди. Сабаби, бу орқали улар яхши ҳаёт кечиришини айтади. Лекин бу ёшларнинг кўп вақтини олади. Бошқа томондан, жамоатдаги ота-оналар ва дўстлар уларни ҳаётини Яҳовага хизмат қилишга бағишлашга ундайди. Хўш, Яҳовани севадиган ёшларга доно қарор чиқаришга нима ёрдам беради? Эфесликларга 5:15–17- оятларни (ўқинг) ўқиш ва улар устида мулоҳаза юритиш ёшларга фойда келтиради. Бу оятларни ўқигач, ёшлар ўзидан: «Яҳованинг иродаси ўзи қандай? Чиқарадиган қарорим Уни мамнун қиладими? Танлаётган йўлим ҳар фурсатдан унумли фойдаланишга ёрдам берадими?» — деб сўраса бўлади. Шуни ёдда тутингки, «биз ёмон кунларда яшаяпмиз» ва Шайтон бошқараётган дунё яқинда ўз ниҳоясига етади. Шундай экан, Яҳовани мамнун қиладиган ҳаёт тарзини танласак доноликдан бўлади.
6. Марям нимани танлади ва нега бу доно қарор эди?
6 Нима муҳимроқ эканини аниқланг. Гоҳида вақтдан унумли фойдаланиш учун аслида нотўғри бўлмаган иккита нарсадан бирини танлашимизга тўғри келар. Буни Исо Марям билан Мартаникига борганида юз берган воқеадан кўришимиз мумкин. Марта Исо уларникига меҳмонга келганидан хурсанд бўлиб мазали таом тайёрлади. Марям эса Исонинг олдида ўтириб, уни тинглади. Мартанинг ҳаракатлари нотўғри эмас эди. Аммо Исо Марям «энг яхшисини танлаганини» айтди. (Луқо 10:38–42) Вақт ўтиб, Марям қандай таом еганини унутгандир, лекин аминмизки, Исодан эшитган барчасини ҳеч қачон унутмаган. Марям Исо билан бирга вақт ўтказиш имконини қадрлагани каби биз ҳам Яҳова билан ўтказадиган вақтни жуда қадрлаймиз. Бу вақтдан қандай қилиб унумли фойдалана оламиз?
ЯҲОВА БИЛАН ВАҚТ ЎТКАЗИШ УЧУН ҲАР БИР ФУРСАТДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИНГ
7. Ибодат, тадқиқ ва мулоҳазага вақт ажратишимиз нега арзийди?
7 Ибодат, тадқиқ ва мулоҳаза топинишимизнинг муҳим қисми эканини ёдда тутинг. Ибодат қилганимизда, бизни қаттиқ севадиган самовий Отамизга гапирган бўламиз. (Заб. 5:7) Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимизда, донолик Манбаи бўлмиш «Худо ҳақида билимга» эга бўламиз. (Ҳик. 2:1–5) Мулоҳаза юритганимизда, Яҳованинг ажойиб шахсиятини билиб оламиз ва У ҳамма инсонлар ҳамда биз учун нималар қилмоқчи эканини ёдда сақлаймиз. Бу вақтимиздан унумли фойдаланишнинг йўлларидан биридир. Лекин бунда бизга нима ёрдам беради?
8. Исо 40 кун саҳрода бўлганидан қандай сабоқ оляпмиз?
8 Иложи бўлса, тинч жой топинг. Исонинг мисолига диққат қаратинг. Исо ер юзидаги хизматини бошлашдан аввал 40 кун саҳрода бўлган. (Луқо 4:1, 2) Ўша тинч жойда у Яҳовага ибодат қилган ва Отасининг унга нисбатан нияти ҳақида мулоҳаза юритган. Бу туфайли у олдинда уни кутаётган синовларга тайёрлана олган. Исонинг ўрнагидан қандай сабоқ оляпсиз? Борди-ю, катта оилада яшасангиз, тинч жой топиш доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятларда, эҳтимол ташқарига чиқарсиз. Жулия исмли имондошимиз Яҳовага гапирмоқчи бўлганида айнан шундай қилади. У турмуш ўртоғи билан Францияда кичкинагина уйда яшайди ва ҳеч ким халақит қилмайдиган тинч жой топиш осон эмас. Жулия шундай деди: «Мен ҳар куни хиёбонда сайр қиламан, у ерда ёлғиз қолишим, фикрларимни бир жойга жамлашим ва бемалол Яҳовага ибодат қилишим мумкин».
9. Исо банд бўлишига қарамай, Яҳова билан муносабатларини қадрлаганини қандай кўрсатган?
9 Исо жуда банд эди. Ер юзида хизмат қилганида кўп одамлар унинг ортидан эргашиб юрарди ва уларнинг ҳаммаси у билан вақт ўтказишни хоҳларди. Бир сафар уни кўриш учун «бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилди». Шундай бўлса ҳам, Исо Яҳовага ибодат қилиш учун вақт ажратарди. Қуёш ботишидан аввал у «хилват жойни» топиб, Отаси билан вақт ўтказарди. (Марк 1:32–35)
10, 11. Исо Гетсемания боғида бўлганида, шогирдларига қандай маслаҳат берди ва кейин нима бўлди? (Матто 26:40, 41)
10 Ўлимидан олдинги кечада хизматининг охирида Исо мулоҳаза ва ибодат қилиш учун тинч жойни қидирган. У бундай жойни Гетсемания боғидан топган. (Мат. 26:36) Исо ўша ерда шогирдларига ибодат тўғрисида муҳим маслаҳат берган.
11 Кейин нима бўлганига эътибор беринг. Улар Гетсемания боғига келганида кеч тушганди. Эҳтимол, ярим тундан ўтганди. Исо шогирдларини «ҳушёр туришга» ундаб, ўзи «ибодат қилишга» кетди. (Мат. 26:37–39) У ибодат қилаётганида шогирдлари ухлаб қолди. Исо қайтганида шогирдлари ухлаётганини кўрди ва уларни «ҳушёр туриб, доим ибодат қилишга» ундади. (Матто 26:40, 41 ни ўқинг.) У шогирдлари анча стресс олганини ва чарчаганини тушунган. Бундан ташқари, Исонинг уларга раҳми келган ва «тана... заиф» эканини билган. У яна икки марта ибодат қилишга кетган ва ҳар сафар қайтганида шогирдлари ухлаб ётганди. (Мат. 26:42–45)
12. Гоҳида қаттиқ ташвишлангандан ёки руҳимиз тушганидан ибодат қила олмаётган бўлсак нима қилишимиз лозим?
12 Тўғри пайт танланг. Гоҳида қаттиқ ташвишланганимиз ёки жуда чарчаганимиз учун ибодат қилмасмиз. Агар сиз ҳам бунга дуч келаётган бўлсангиз, ёлғиз эмассиз. Хўш, нима қила оласиз? Одатда Яҳовага куннинг охирида ибодат қилган баъзилар вақтини ўзгартиради. Масалан, улар камроқ чарчаганда, кечки пайтгача чўзмай ибодат қилади. Яна бошқалар муайян ҳолатда, мисол учун, ўтириб ёки тиз чўкиб ибодат қилганда диққатини жамлай олади. Борди-ю, ташвиш ёки тушкунлик дастидан ибодат қила олмаётган бўлсангиз-чи? Нималарни ҳис қилаётганингизни Яҳовага айтиб беринг. Раҳм-шафқатли Отамиз сизни тушунади. (Заб. 139:4)
13. Электрон қурилмалар бизни маънавий нарсалардан қай йўсин чалғитиши мумкин?
13 Тадқиқ қилаётганингизда ҳеч нарса сизга халақит бермасин. Яҳова билан бўлган муносабатимизни фақатгина ибодат орқали мустаҳкамлай олмаймиз. Худонинг Каломини ўқиш ва йиғилишларни қолдирмаслик ҳам Унга яқинлашишимизга ёрдам беради. Тадқиқ ва жамоат учрашувларидан кўпроқ фойда олиш учун нима қила оласиз? Ўзингиздан шундай сўрасангиз бўлади: «Жамоат учрашувлари ёки тадқиқ пайтида диққатимни жамлашимга нима тўсқинлик қиляпти? Бу телефон қўнғироқлари, электрон хатлар, СМСлар ё бошқа электрон қурилмаларми?» Бугунги кунда миллиардлаб инсонлар электрон қурилмалардан фойдаланади. Баъзи тадқиқотчиларнинг айтишича, диққатимизни жамлашга ҳаракат қилганимизда, мобил телефонимиз ёнимизда бўлса, бу бизни чалғитади. Психология бўйича бир профессор шундай бўлишди: «Электрон қурилмалар диққатингизни керакли нарсаларга қаратишингизга халақит беради. Улар сизни хаёлпараст қилиб қўяди». Анжуманлардан олдин кўпинча электрон қурилмаларимизни бошқаларга халақит бермайдиган ҳолатга ўтказиш сўралади. Ёлғиз қолганимизда, электрон қурилмаларимиз бизни маънавий нарсалардан чалғитмаслиги учун бундай йўл тута оламизми?
14. Яҳова диққатингизни жамлашга қай йўсин ёрдам бера олади? (Филиппиликларга 4:6, 7)
14 Яҳовадан диққатингизни жамлашга ёрдам беришини сўранг. Тадқиқ пайтида ёки йиғилишда хаёлингиз бошқа жойда эканини пайқасангиз, Яҳовадан сизга ёрдам беришини сўранг. Нимадир сизни безовта қилаётган бўлса, хавотирларингизни четга суриб қўйиш осон бўлмас. Лекин бундай қилиш муҳимдир. Яҳовадан нафақат қалбингизга тинчлик беришини, балки «онгингизни» ҳимоя қилишини сўранг. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.)
ЯҲОВА БИЛАН ЎТКАЗАДИГАН ВАҚТ БИЗГА ФОЙДА КЕЛТИРАДИ
15. Яҳова билан вақт ўтказиш қандай фойда келтириши мумкин?
15 Яҳовага мурожаат қилиш, қулоқ солиш ва У ҳақида мулоҳаза юритиш учун вақт ажратсангиз кўп фойда оласиз. Қанақасига? Биринчидан, яхшироқ қарорлар чиқара оласиз. Муқаддас Китобда айтилганидай, «доно билан юрган доно бўлади». (Ҳик. 13:20) Шундай экан, донолик Манбаи Яҳова билан вақт ўтказсангиз янада донороқ бўласиз. Шунингдек, Уни қай йўсин мамнун қилишингиз ва Уни ранжитадиган ишлардан қандай қочишингиз мумкинлигини яхшироқ тушунасиз.
16. Яҳова билан вақт ўтказиш таълим беришда яхшиланишимизга қай йўсин ёрдам беради?
16 Иккинчидан, яхшироқ таълим бера оласиз. Бирор киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган бўлсангиз, унга Яҳова билан дўстлашишга ёрдам бериш асосий мақсадларингиздан биридир. Яҳовага ибодат қилиб, У ҳақда кўпроқ билиб олсангиз, Унга нисбатан севгингиз янада ошади. Шунда тадқиқ ўтувчига ҳам Худони севишга кўпроқ ёрдам бера оласиз. Бу борада Исо ажойиб ўрнак кўрсатган. У самовий Отаси тўғрисида шогирдларига илиқ сўзларни айтган. Бу эса уларга Яҳовани севишга ёрдам берган. (Юҳан. 17:25, 26)
17. Қай йўсин ибодат ва шахсий тадқиқ ёрдамида имонингизни мустаҳкамлай оласиз?
17 Учинчидан, имонингиз мустаҳкамланади. Яҳовадан йўл-йўриқ, тасалли ёки ёрдам сўраб ибодат қилганингизда, қандай натижага эришишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳар сафар Худо бу каби ибодатларингизга жавоб берганида, Унга бўлган имонингиз кучаяди. (1 Юҳан. 5:15) Нима ёрдамида имонингизни мустаҳкамлай оласиз? Албаттаки шахсий тадқиқ бунда қўл келади. Ахир «каломни эшитгач имон пайдо бўлади». (Рим. 10:17) Лекин мустаҳкам имонга эга бўлиш учун шунчаки билим олишнинг ўзи етарли эмас. Хўш, яна нима қилишимиз керак?
18. Нима учун мулоҳаза юритиш кераклигини тушунтиринг.
18 Билиб олганларимиз устида мулоҳаза юритишимиз керак. Забурнинг 77- саносини ёзган сано бастакори билан нима юз берганига диққат қаратинг. У ўзи ва исроилликлар Яҳовага маъқул келмаётганини ҳис этгани учун тушкунликка тушди. Бу ҳақида қайғу чекканидан у ҳатто кечаси ухлай олмади. (2–8- оятлар) Хўш, у нима қилди? У Яҳовага: «Барча амалларинг ҳақида ўйлайман, ишларинг борасида фикр юритаман»,— деди. (12- оят) Албатта сано бастакори Яҳова Ўз халқи учун қадимда нималар қилганини биларди. Лекин: «Аллоҳ марҳамат кўрсатишни унутдими? Ёки ғазаби раҳм-шафқатини тўсиб қўйдими?» — деб ташвишланганди. (9- оят) Сано бастакори Яҳованинг ишлари ва ўтмишда халқига раҳм-шафқат кўрсатгани ҳақида фикр юритганди. (11- оят) Натижада нима бўлди? Сано бастакори Яҳова Ўз халқини ташлаб қўймаслигига амин бўлди. (15- оят) Шу сингари, Яҳова халқи ва шахсан сиз учун нималар қилгани ҳақида фикр юритсангиз, имонингизга имон қўшилади.
19. Яҳова билан вақт ўтказишдан яна қандай фойда олишимиз мумкин?
19 Тўртинчидан, энг муҳими, Яҳовага бўлган севгингиз кучаяди. Севги бошқа ҳар қандай фазилатга қараганда, Яҳовага итоат этишга, Уни мамнун қилиш учун фидойиликлар қилишга ва ҳар қандай қийинчиликларда сабр-бардошли бўлишга ёрдам беради. (Мат. 22:37–39; 1 Кор. 13:4, 7; 1 Юҳан. 5:3) Яҳова билан яқин дўстликка ҳеч нарса тенг кела олмайди. (Заб. 63:1–8)
20. Яҳова билан вақт ўтказиш учун нима қилмоқчисиз?
20 Унутманг, ибодат, мулоҳаза юритиш топинишимизнинг бир қисмидир. Яҳова билан бирга вақт ўтказиш учун Исо сингари тинч жой изланг. Сизни чалғитадиган муҳим бўлмаган ишлардан қочинг. Маънавий ишлар билан шуғулланганингизда, Яҳовадан хаёлингизни бир жойга жамлашга ёрдам беришини сўранг. Агар ҳозир вақтингиздан унумли фойдалансангиз, Яҳова янги дунёда сизни абадий ҳаёт билан мукофотлайди. (Марк 4:24)
28- ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?
a Тангри Яҳова энг яқин Дўстимиз. У билан муносабатларимизни жуда қадрлаймиз. Худони кўпроқ таниб-билишни истаймиз. Одатда бирон кишини яхшироқ билиб олиш учун вақт ажратишимиз керак бўлади. Яҳова билан ҳам яқинроқ дўстлашмоқчи бўлсак, шундай қилишимиз лозим. Ҳозирги кунда барчамиз жуда бандмиз. Шу боис, самовий Отамизга янада яқинроқ бўлиш учун қай йўсин вақт ажрата оламиз? Нега бундай қилиш бизга фойда келтиради?