Янги жамоатга қай йўсин мослашса бўлади?
ҚАЧОНДИР янги жамоатга ўтганмисиз? Агар шундай бўлса, Жен-Чарлз айтган қуйидаги сўзларга қўшилсангиз керак: «Оиладагиларнинг маънавийлигини сақлаш билан бирга бошқа жамоатга мослашиш осон эмас». Бошқа ерга кўчганингизда, эҳтимол, янги иш, уй-жой ва фарзандларингиз учун мактаб топишингизга ёки ўзгача об-ҳаво, маданият ҳамда бошқа ваъзгўйлик ҳудудига мослашишингизга тўғри келар.
Николас ва Селин бошқа қийинчиликка дуч келди. Улар Франция филиалидан бошқа жамоатга ўтиш вазифасини қабул қилди. Улар қуйидагича бўлишди: «Аввалига роса хурсанд эдик. Аммо кейин дўстларимизни соғинганимиз учун қийин бўлди. Янги жамоатдаги биродару опа-сингиллар билан ҳали яқин муносабатларга эга эмасдик»a. Бу қийин бўлиши мумкин. Аммо қандай қилиб янги жамоатда қувончни йўқотмай самарали хизмат қила оласиз? Бошқалар қай йўсин ёрдам бера олади? Қандай қилиб ҳам жамоатдагилар, ҳам сиз ўзаро далда олишингиз мумкин?
МОСЛАШИШГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ТЎРТТА ПРИНЦИП
1. Яҳовага таянинг. (Заб. 37:5) Япониялик Казуми исмли опамиз эрининг иши ўзгаргани туфайли у 20 йил хизмат қилган жамоатидан кетишига тўғри келди. Хўш, у қай йўсин «[йўлини] Яҳовага ишониб топшир»ди? У шундай деди: «Мендаги ёлғизлик ҳисси ва ташвишлар ҳақида Яҳовага айтиб берардим. Ҳар сафар бундай қилганимда мен муҳтож бўлган кучга эга бўлардим».
Қандай қилиб Яҳовага кўпроқ таяна оламиз? Ўсимлик ўсиши учун сув ва ердаги фойдали моддаларга муҳтож бўлганидек, рамзий маънода имонимиз ўсиши учун озиқланиши керак. Боя тилга олинган Николас Худонинг иродасини бажариш учун кўп фидойиликлар қилган кишилар — Иброҳим, Исо ва Павлуснинг мисоллари борасида ўйлаш Яҳованинг ёрдамига бўлган ишончини мустаҳкамлаганини айтди. Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиш нафақат ҳаётдаги қийинчиликларингизни енгишга ёрдам беради, балки янги жамоатдаги инсонларга далда бериш учун керакли билимга эга бўласиз.
2. Солиштиришдан қочинг. (Воиз 7:10) Жоел Бениндан Қўшма Штатларга кўчганида, уникидан тубдан фарқ қиладиган маданиятга мослашишига тўғри келди. У шундай бўлишди: «Мен танишган ҳар бир инсонга ўзим ҳақимда барчасини айтиб беришим керак деб ўйлаганман». Жоел бундай нарсаларга ўрганмагани учун ўзини жамоатидагилардан олиб қочадиган бўлди. Имондошлар билан яқиндан танишгач, у фикрини ўзгартирди ва шундай деди: «Энди тушундим, қаерда бўлмайлик, инсонлар ўша-ўша экан. Уларнинг гапириш тарзи ва хатти-ҳаракати бир-биридан фарқ қилар экан, холос. Одамларни борича қабул қилинг». Шундай экан, янги жамоатни олдингиси билан солиштиришдан қочинг. Кашшоф опамиз Анна-Лиз шундай деди: «Мен бошқа жамоатга ортда қолган нарсаларни топиш эмас, балки ўзим учун янги нарсаларни кашф қилиш ниятида ўтдим».
Оқсоқоллар ҳам янги жамоатини эскиси билан солиштиришдан қочишлари керак. Янги жамоатингиздаги биродарлар бошқа усуллардан фойдаланаётгани доим ҳам улар нотўғри йўл тутаётганини англатмайди. Қандайдир таклиф айтишдан аввал маҳаллий шароитни кўпроқ билиб олиш доноликдан бўларди. (Воиз 3:1, 7б) Қолаверса, шахсий фикрни ўтказишдан кўра ижобий ўрнак билан биродарларга таълим бериш яхшироқдир. (2 Кор. 1:24)
3. Янги жамоатда банд бўлинг. (Филип. 1:27) Кўчиш кўп вақт ва куч олади. Лекин шунга қарамай, бошиданоқ жамоат учрашувларига имкон қадар юзма-юз қатнашиш жуда муҳим. Акс ҳолда, жамоатдагилар сизни кам кўрса ёки умуман кўрмаса, қай йўсин улар сизни қўллаб-қувватлай олади? Люсинда иккита қизи билан Жанубий Африканинг йирик шаҳрига кўчган. У шундай эслайди: «Дўстларим менга янги жамоатдагилар билан яқиндан танишишни, хизматда улар билан ҳамкорлик қилишни ва йиғилишларда иштирок этишни маслаҳат берди. Воизлик хизмати учрашувини ўтказиш учун уйимизни ҳам таклиф қилдик».
Янги жамоатингиздаги биродару опа-сингиллар билан маънавий ишларда «елкама-елка» хизмат қилсангиз, ҳам ўзингизни, ҳам бошқаларни мустаҳкамлайсиз. Юқорида тилга олинган Анна-Лизга оқсоқоллар ҳамма билан ваъз қилишни маслаҳат берганди. Хўш, бу қандай натижа келтирди? У қуйидагича деди: «Шуни тезда англадимки, ўзимни жамоатнинг бир қисмидай ҳис қилишнинг энг ажойиб йўли хизмат экан». Бундан ташқари, Йиғилиш залини тозалаш ва таъмирлаш ишларида қатнашиш ўзингизни бу янги жамоатга тегишли деб билаётганингизни кўрсатади. Жамоатингиз билан маънавий ишларда қанча кўп қатнашсангиз, ўзингизни шунча тез бу янги маънавий оилангизнинг аъзосидай ҳис қиласиз.
4. Янги дўстлар орттиринг. (2 Кор. 6:11–13) Дўстлашишнинг энг яхши йўлларидан бири бошқаларга шахсий қизиқиш кўрсатишдир. Шундай экан, учрашувлардан олдин ва кейин вақт ажратиб, улар билан суҳбат қуринг ва яқиндан танишинг. Уларнинг исмини эсда сақлашга ҳаракат қилинг. Одамларнинг исмини эслаб қолсангиз, дўстона муносабат кўрсатсангиз ва суҳбатга очиқ бўлсангиз, улар сиз билан яқиндан танишишни ва, эҳтимол, дўстлашишни исташар.
Ҳаммага ёқаман деб ўзингизни бошқа одамдай кўрсатманг. Аксинча, янги дўстларингиз қандай инсон эканингизни билиши учун ўзингизни табиий тутинг. Қуйидаги сўзларни айтган Люсиндадан сабоқ олинг: «Бошқаларни уйимизга чақиришда ташаббус кўрсатганимиз учун яқин дўстларимиз бор».
«БИР-БИРИНГИЗНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГЛАР»
Нотаниш одамларга тўла Йиғилиш залига кириш баъзилар учун осон бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, янги келганлар ўзларини эркинроқ ҳис қила олиши учун нима қилсангиз бўлади? Ҳаворий Павлус бизни қуйидагига ундаган: «Масиҳ сизларни қабул қилганидек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар». (Рим. 15:7) Оқсоқоллар янги келганлар ўзларини бемалол ҳис қилишларига ёрдам берганда, Масиҳга тақлид қилган бўлишади. («Кўчиш силлиқ ўтишига нима ёрдам беради?» номли рамкага қаранг.) Шу билан бирга, жамоатдаги барча, жумладан, болалар ҳам янги келганлар ўзини бемалол ҳис қилишларига ёрдам бера олишади.
Бошқаларни қарши олиш нафақат меҳмондўстлик кўрсатишни, балки амалий ёрдам таклиф қилишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Мисол учун, битта опамиз қимматли вақтини ажратиб, жамоатига ўтган опамизга шаҳарни ва жамоат транспортидан қандай фойдаланишни кўрсатди. Бу унга қаттиқ таъсир қилди ва янги жамоатига мослашишга кўмаклашди.
МАЪНАН ЎСИШ ИМКОНИЯТИ
Чигиртка катта бўлар экан, қанотлари учишга яроқли бўлишдан аввал бир неча марта тери ташлайди. Шунга ўхшаб, бошқа жамоатга ўтганингизда, Яҳованинг хизматида қанот ёзишингизга халақит қилаётган ҳар қандай хавотирдан қутулинг. Николас ва Селин шундай деди: «Бошқа жамоатга ўтиш тажриба орттиришнинг ажойиб йўлидир. Янги одамларга ва жойларга мослашиш учун турли фазилатларни ривожлантиришимиз керак бўлди». Мақоланинг бошида келтирилган Жен-Чарлз эса оиласи қандай фойда олгани ҳақида шундай деди: «Янги жамоатга ўтганимиз туфайли фарзандларимиз маънан ўсиб, Яҳовага яқинлашяпти. Атиги бир неча ой ўтгач, қизимиз ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувда топшириқ билан чиқди. Ўғлимиз эса сувга чўммаган ваъзгўй бўлди».
Вазиятингиз эҳтиёж катта бўлган жойга кўчишга йўл қўймаётган бўлса-чи? Унда юқорида келтирилган айрим таклифларни ўз жамоатингизда қўллаб кўринг. Яҳовага таяниб, хизматда бошқалар билан ҳамкорлик қилиш, янги инсонлар билан дўстлашиш, бор бўлган дўстларингиз билан эса муносабатларингизни мустаҳкамлаш орқали жамоат ишларида тўлиқ иштирок этинг. Балки янгиларга ёки муҳтож бўлганларга қандайдир амалий ёрдам берарсиз. Исонинг ҳақиқий издошини севги фазилати ажратиб турар экан, бундай йўл тутиб маънан ўсасиз. (Юҳан. 13:35) Шунга амин бўлингки, «бундай қурбонликлар Тангрига маъқулдир». (Иброн. 13:16)
Қийинчиликларга қарамай, кўп масиҳийлар янги жамоатда қувонч ила самарали хизмат қилиб келяпти. Бу сизнинг ҳам қўлингиздан келади! Анна-Лиз: «Бошқа жамоатларга ўтиш янги дўстларни орттиришимга кўмаклашди»,— деб айтди. Казуми эса шунга аминки, бошқа жамоатга ўтганингизда, Яҳованинг ёрдамини ўзгача тарзда ҳис этасиз. Жоел ҳақида-чи, нима деса бўлади? У қуйидагича деди: «Дўстларим ўзимни бегонасирамасликка ёрдам берди. Ҳозир ўзимни жамоатнинг бир қисмидай ҳис қиламан ва бу ердан кетиш мен учун оғир бўларди».
a «Қўриқчи минораси» журналининг 1994 йил 15 май (рус) сонидаги «Худога хизмат қилаётганда, ёлғизликни енгиш» номли мақолага қаранг.