Осмонга кимлар кетади?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Худо садоқатли хизматчилари орасидан саноқли кишиларни ўлгандан кейин самодаги ҳаётга тирилиши учун танлаяпти. (1 Бутрус 1:3, 4) Танланган кишилар самовий меросини олиш учун имонини мустаҳкам сақлашлари ва юриш-туришда пок бўлишлари лозим. (Эфесликларга 5:5; Филиппиликларга 3:12–14)
Осмонга кетадиганлар у ерда нима билан шуғулланишади?
Улар Исо билан биргаликда 1 000 йил давомида шоҳ ва руҳонийлар бўлиб хизмат қилади. (Ваҳий 5:9, 10; 20:6) Улар «янги осмон» — янги самовий ҳукуматни ташкил этади ва «янги ер» — ердаги янги жамият устидан бошқаради. Самодаги ушбу шоҳлар Худонинг илк ниятига кўра инсоният жисмонан, ақлан ва маънан мукаммал ҳолатга келишига кўмаклашади. (Ишаё 65:17; 2 Бутрус 3:13)
Қанча одам осмонда яшаш учун тирилади?
Муқаддас Китобда ёзилишича 144 000 киши самода яшаш учун тирилади. (Ваҳий 7:4) Ваҳий 14:1-3 да ҳаворий Юҳанно қуйидагиларни кўргани ёзилган: «Сион тоғида Қўзи турганини кўрдим. У билан бирга... 144 000 киши бор эди». Ушбу ваҳийдаги «Қўзи» Исони билдиради. (Юҳанно 1:29; 1 Бутрус 1:19) «Сион тоғи» эса Исонинг ҳамда у билан бирга самодан туриб бошқарадиган 144 000 кишининг юксак мавқеини англатади. (Забур 2:6; Ибронийларга 12:22)
Масиҳ билан Шоҳликда бошқариш учун «даъват этилганлар, танланганлар» «кичик пода» деб ҳам аталган. (Ваҳий 17:14; Луқо 12:32) Бундан кўриняптики, Исонинг ер юзида яшайдиган қўйлари билан солиштирилганда улар камчиликни ташкил этади. (Юҳанно 10:16)
Осмонга кетадиган кишилар борасида нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: Барча яхши одамлар осмонга кетади.
Тўғри фикр: Худо аксарият яхши одамлар ер юзида яшашини ваъда бермоқда. (Забур 37:11, 29, 34)
Исо пайғамбар: «Инсонлардан ҳеч бири осмонга кўтарилмаган»,— деб айтган. (Юҳанно 3:13) Бундан кўриняптики, ундан олдин ўлган Иброҳим, Мусо, Аюб ва Довуд каби яхши одамлар осмонга кетишмаган. (Ҳаворийлар 2:29, 34) Аксинча, бу кишилар ер юзида абадий яшаш учун тирилишга умид қилишган. (Аюб 14:13–15)
Самовий ҳаёт учун тирилиш «биринчи тирилиш» деб аталган. (Ваҳий 20:6) Демак, яна битта тирилиш бор. У ер юзида бўлади.
Муқаддас Китобда айтилишича, Худонинг Шоҳлиги бошқарган пайтда «ўлим... бошқа бўлмайди». (Ваҳий 21:3, 4) Осмонда ҳеч қачон ўлим бўлмаган экан, демак, бу ваъда ер юзига тегишли.
Нотўғри фикр: Ҳар бир инсон осмонда ёки ерда яшашни ўзи танлайди.
Тўғри фикр: Худонинг «самовий даъватига», яъни самовий ҳаётга қайси садоқатли масиҳийлар эришишини У ҳал қилади. (Филиппиликларга 3:14) Инсоннинг танлаб олиниши унинг шахсий истагига боғлиқ эмас. (Матто 20:20–23)
Нотўғри фикр: Осмонга кетишга нолойиқ бўлганлар ер юзида абадий яшайди.
Тўғри фикр: Ер юзида абадий яшайдиган кишиларни Худо «халқим», «танланганларим» ва «Яҳовадан барака топган насл» деб атаган. (Ишаё 65:21–23) Улар Яҳованинг инсониятга бўлган илк ниятини амалга ошириш шарафига эга бўлишади. Бу ниятга кўра одамлар ер юзидаги жаннатда, мукаммал шароитларда абадий яшайди. (Ибтидо 1:28; Забур 115:16; Ишаё 45:18)
Нотўғри фикр: Ваҳий китобида тилга олинган 144 000 рақами рамзий маънога эга.
Тўғри фикр: Ваҳий китобидаги баъзи рақамлар рамзий маънога эга бўлса-да, айримлари том маънода қўлланилган. Масалан, у ерда «Қўзининг 12 ҳаворийси исмлари» ҳақида ёзилган. (Ваҳий 21:14) 144 000 рақами ҳам том маънода қўлланилганининг далилларини кўриб чиқайлик.
Ваҳий 7:4 га кўра, «муҳр босилган кишиларнинг [ёки самовий ҳаёт учун танланганларнинг] сони 144 000 экан». Ушбу бобнинг кейинги оятларида иккинчи гуруҳ, яъни «ҳеч ким санай олмайдиган улкан оломон» ҳақида ўқиймиз. «Улкан оломонга» кирувчи кишиларга ҳам Худо нажот беради. (Ваҳий 7:9, 10) Агар 144 000 рақами рамзий маънода қўлланилганида, уни саноғига етиб бўлмайдиган иккинчи гуруҳ билан таққослашдан маъно қолмасдиa.
Қолаверса, 144 000 киши ҳақида «инсонлар орасидан биринчи ҳосил сифатида сотиб олинган» деб айтилган. (Ваҳий 14:4) «Биринчи ҳосил» ибораси танлаб олинганлар кичик гуруҳни ташкил этишига ишора қилмоқда. Бу таъриф Масиҳ билан биргаликда ер юзидаги сон-саноқсиз фуқаролар устидан бошқарадиган кишиларга жуда мос келади. (Ваҳий 5:10)
a Профессор Роберт Томас ҳам Ваҳий 7:4 да қаламга олинган 144 000 рақами ҳақида шундай деб ёзган: «Ушбу саноқли рақам [Ваҳий] 7:9 даги саноқсиз рақам билан таққосланган. Агар ушбу рақам рамзий маънода қўлланилган бўлса, китобдаги ҳеч бир рақамни том маънода тушуниб бўлмайди». («Revelation 1-7: An Exegetical Commentary» 474- саҳ.)