Муқаддас бўлиш нимани англатади?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас бўлиш нопокликдан ажралиб туришни билдиради. «Муқаддас» деб таржима қилинган ибронийча сўз «ажратилган» деган маънони билдиради. Демак, муқаддас нарса одатда фойдаланиладиган нарсадан ажратиб қўйилади ёки тоза ва пок бўлгани учун алоҳида тутилади.
Муқаддас бўлишда ҳеч ким Худога тенг кела олмайди. Муқаддас Китобда: «Яҳоваa каби муқаддас ҳеч ким йўқ»,— деб ёзилган. (1 Шоҳлар 2:2) Шу боис, нима муқаддас эканини аниқлаш борасида фақат У меъёрлар ўрнатишга ҳақли.
«Муқаддас» сўзи Худо билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳар қандай нарса, айниқса, топинишда фойдаланиш учун алоҳида ажратиб қўйилган нарса ҳақида гап кетганда ишлатилади. Мисол учун, Муқаддас Китобда қуйидагилар ҳақида айтилган.
Муқаддас жойлар. Мусо ёнаётган бутанинг яқинида турганида Худо унга: «Сен турган жой муқаддасдир»,— деб айтган. (Чиқиш 3:2-5)
Муқаддас тадбирлар. Исроилликлар «муқаддас йиғин» деб номланган мунтазам ўтказилган диний маросимларда Яҳовага топинган. (Левилар 23:37)
Муқаддас буюмлар. Қуддусда қадимги маъбадда Худога топиниш мақсадида фойдаланилган буюмлар «муқаддас анжомлар» деб номланган. (3 Шоҳлар 8:4) Бундай муқаддас нарсаларни жуда қадрлашган, аммо уларга сиғинишмаганb.
Номукаммал инсон муқаддас бўла оладими?
Ҳа. Худо масиҳийларга қуйидагича буюрган: «Муқаддас бўлинглар, чунки мен муқаддасман». (1 Бутрус 1:16) Албатта, гуноҳкор одам Худонинг муқаддас бўлиш борасидаги талабларига мукаммал даражада мос кела олмайди. Лекин Худонинг адолатли қонунларига итоат қилаётган одамлар муқаддас бўлиши ва «Худога маъқул келиши» мумкин. (Римликларга 12:1) Муқаддас бўлишга жон куйдираётган одам буни сўзларию ишлари билан кўрсатади. У Худонинг Каломидаги муқаддас бўлинг, жинсий ахлоқсизликдан қочинг ҳамда «бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинг» деган сўзларга амал қилади. (1 Салоникаликларга 4:3; 1 Бутрус 1:15)
Инсон Худонинг назарида муқаддас бўлмай қолиши мумкинми?
Ҳа. Агар инсон Худонинг меъёрларига амал қилмаса, Худо уни муқаддас деб ҳисобламайди. Масалан, Каломдаги Ибронийларга йўлланган мактуб «муқаддас биродарлар»га аталган бўлса-да, уларни «барҳаёт Худодан узоқлашиб, қалби ёвуз ва имонсиз бўлиб қолишдан» огоҳлантирадиган сўзлар ёзилган. (Ибронийларга 3:1, 12)
Муқаддас бўлиш борасида нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр. Тарки дунё қилиб муқаддас бўлиш мумкин.
Тўғри фикр. Муқаддас Китобда айтилганидай, «баданга озор бериш» ёки тарки дунё қилиш Худо учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. (Колосаликларга 2:23) Аксинча, Тангри яхши нарсалардан завқ олиб яшашимизни истайди. «Ҳар ким еб-ичиб, ўз меҳнатининг роҳатини кўриши керак экан. Бу — Худонинг инъомидир». (Воиз 3:13)
Нотўғри фикр. Оила қурмаслик кишини янада муқаддас қилади.
Тўғри фикр. Масиҳий оила қурмасликни танлаши мумкин бўлса-да, бу уни Худонинг назарида ўз-ўзидан муқаддас қилмайди. Оила қурмаган киши чалғимай хизмат қила олади. (1 Коринфликларга 7:32–34) Аммо Аллоҳнинг Каломидан шуни билиб оляпмизки, турмуш қурганлар ҳам муқаддас бўлиши мумкин. Қолаверса, Исонинг камида битта ҳаворийси — Бутрус — оилали бўлган. (Матто 8:14; 1 Коринфликларга 9:5)
a Яҳова Худонинг исми. Муқаддас Китобда бу исм «муқаддас» эканини кўрсатадиган юзлаб оятлар бор.
b Муқаддас Китобда диний буюмларга сиғиниш тақиқланади. (1 Коринфликларга 10:14)