6- БОБ
Жамоат хизматкорларининг бебаҳо хизмати
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС Филиппидаги жамоатга қуйидагиларни ёзган: «Исо Масиҳнинг қуллари Павлус ва Тимўтийдан, Филиппидаги Исо Масиҳ билан бирликда бўлган барча муқаддас кишиларга ҳамда жамоат нозирлари ва хизматкорларига». (Филип. 1:1) Мактубида у жамоат хизматкорлари ҳақида айтиб ўтган экан, ҳойнаҳой бу эркаклар жамоат оқсоқолларига ёрдам беришда муҳим ўрин эгаллашган. Бугун ҳам уларнинг хизмати бебаҳодир. Хизматкорлар турли вазифаларни бажариб нозирларга ёрдам бериш ва жамоатда тартиб бўлишига ҳисса қўшишади.
2 Жамоатингизда кимлар хизматкор эканини биласизми? Сизнинг ва бутун жамоатнинг манфаати учун улар қандай вазифалар бажаришидан хабардормисиз? Яҳова уларнинг меҳнатини қадрлаши шубҳасиз. Павлус улар ҳақда шундай ёзган: «Зеро хизматларини яхши бажарадиганлар ўзлари учун яхши обрў орттириб, Исо Масиҳга бўлган имон ҳақида бемалол гапира олишади». (1 Тим. 3:13)
ЖАМОАТ ХИЗМАТКОРЛАРИ УЧУН МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ТАЛАБЛАР
3 Жамоат хизматкорларидан масиҳийга хос ҳаёт кечириш, жавобгарликни ҳис этадиган инсон бўлиш ва топширилган вазифани яхши бажариш кутилади. Буни Павлуснинг Тимўтийга йўллаган мактубидан аниқ кўрамиз. Уларга қўйилган талаблар ҳақида у қуйидагиларни ёзган: «Жамоат хизматкорлари ҳам жиддий, иккиюзламачи эмас, шаробга ружу қўймайдиган, ҳаром йўл билан фойда кўришга интилмайдиган, имоннинг муқаддас сирини тоза виждон билан сақлайдиган бўлиши даркор. Хуллас, бундай кишиларнинг яроқлилиги синалсин. Агар улар беайб бўлишса, унда хизмат қилишсин. Жамоат хизматкорлари бир хотинли, болаларини ва уйдагиларини яхши бошқара оладиган бўлишсин». (1 Тим. 3:8–10, 12) Жамоат хизматкорлари улар учун ўрнатилган юқори меъёрларга риоя қилишгани туфайли, ҳеч ким масъулиятлар номуносиб бўлганларга берилган, деб эътироз билдира олмайди.
4 Ҳам ёш, ҳам кекса жамоат хизматкорлари ҳар ой ваъзгўйликда фаол иштирок этишади. Исога тақлид қилган ҳолда улар хизматда ғайрат кўрсатишади. Бундай ғайрат билан улар Яҳованинг инсониятни қутқариш истагини акс эттиришади. (Ишаё 9:7)
5 Жамоат хизматкорлари кийинишда, ташқи кўринишда, нутқда, муносабатда ва хулқда ўрнаклидирлар. Ақли расо бўлишгани учун уларни бошқалар ҳурмат қилади. Бундан ташқари, улар Яҳова билан муносабатларига ва жамоатдаги вазифаларига жиддий қарашади. (Титус. 2:2, 6–8)
6 Бундай кишиларнинг «яроқлилиги синалган». Хизматкор этиб тайинланишдан аввал улар ҳақиқатдан ҳам Худога содиқ эканларини исботлашган. Улар Шоҳлик манфаатларини ҳаётларида биринчи ўринга қўйишганини намоён этишган ва энди бошқа вазифаларга интилишмоқда. Дарҳақиқат, улар жамоат аъзолари учун тақлид қилишга арзигулик ўрнак кўрсатишмоқда. (1 Тим. 3:10)
БАЖАРАДИГАН ИШЛАРИ
7 Жамоат хизматкорлари имондошларининг манфаатини кўзлаб турли ишларни бажаришади. Шу тариқа нозирлар таълим бериш ва чўпонлик қилиш вазифаларига кўпроқ вақт ажратиши мумкин. Хизматкорларга вазифаларни топшираётиб оқсоқоллар кенгаши ҳар бирининг қобилиятларини ва жамоат эҳтиёжларини эътиборга олади.
Жамоат хизматкорлари турли ишларни бажаришади. Шу тариқа нозирлар таълим бериш ва чўпонлик қилиш вазифаларига кўпроқ вақт ажратиши мумкин
8 Келинг, уларнинг вазифасига нималар киришини билиб олайлик. Улардан бири адабиётга жавобгар бўлиб, шахсий фойдаланиш ҳамда ваъзгўйлик учун адабиётларни ундан олиш мумкин. Айримлари жамоат маблағлари ва тайинланган ҳудудларга оид қайдларга жавобгар бўлади. Яна бошқаларига микрофон билан хизмат қилиш, товуш кучайтириш аппаратурасини ишлатиш, ёрдамчи бўлиш ва оқсоқолларга турли йўллар билан кўмаклашиш вазифалари топширилади. Йиғилиш залига хизмат кўрсатиш ва тозаликни сақлаш учун кўп меҳнат қилиш керак. Кўпинча жамоат хизматкорлари бундай ишларга катта ҳисса қўшишади.
9 Айрим жамоатларда ушбу вазифаларнинг ҳар бирини биттадан хизматкорга топшириш мумкин. Бошқа жамоатларда ушбу вазифаларнинг бир нечтасини битта хизматкор бажаради. Баъзан эса битта вазифа бир нечта хизматкорга топширилиши мумкин. Агар жамоатда хизматкорлар етарли бўлмаса, оқсоқоллар кенгаши муайян ишни ўрнакли сувга чўмган биродарларга топширишга қарор қилади. Шу тариқа ушбу биродарлар жамоат хизматкори этиб тайинланишга лаёқатли бўлишганида асқатадиган тажрибага эга бўлишади. Борди-ю, биродарлар бўлмаса, айрим вазифаларни ўрнакли опа ёки сингилга топширса бўлади. Табиийки, опа-сингиллар жамоат хизматкори этиб тайинланмайди. Ўрнакли деганда хулқ-атвори ва топиниши тақлид қилишга арзигулик экани назарда тутилади. Ушбу биродар, опа ёки сингил йиғилишларга қатнашда, ваъзгўйликда иштирок этишда, оилавий ҳаётда, ўйин-кулгиларни танлашда, кийим, ташқи кўриниш ва бошқа соҳаларда яхши ўрнак кўрсатади.
10 Оқсоқоллар оз бўлган жамоатларда таълимотлар билан боғлиқ сувга чўмиш учун саволларни муҳокама қилишда қобилиятли хизматкорларнинг ёрдамидан фойдаланиш мумкин. Ушбу саволлар «1- қисм. Таълимотлар» деб номланган иловада келтирилган. «2- қисм. Ҳаёт тарзи» деб номланиб, унда шахсий нозик масалалар ҳақида гап боргани учун уни оқсоқоллар муҳокама қилади.
11 Оқсоқоллар кенгаши муайян сабабга кўра вақти-вақти билан битта жамоат хизматкорининг баъзи вазифаларини бошқасига топширишни фойдали деб билиши мумкин. Шундай бўлса-да, биродарлар ўз вазифаларини узоқ вақт давомида бажаришса кўп тажриба ва малакага эга бўлишади.
12 Маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, муваффақияти ҳаммага ошкор бўлган жамоат хизматкорларига бошқа масъулиятлар топширилиши мумкин. (1 Тим. 4:15) Агар оқсоқоллар етарли бўлмаса, хизматкорни гуруҳ нозирининг ёрдамчиси ёки айрим вазиятларда гуруҳ хизматкори этиб тайинлашади. Шунда у оқсоқоллар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Жамоат хизматкорларига «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг баъзи қисмларини, Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишни ва оммавий нутқлар сўзлашни топшириш мумкин.Ўзгача эҳтиёж бор жойларда талабларга мос келадиган хизматкорларга бошқа шарафли вазифаларни ҳам топширса бўлади. (1 Бутр. 4:10) Жамоат хизматкорлари оқсоқолларга бажонидил ёрдам беришлари керак.
13 Жамоат хизматкорларининг иши оқсоқолларникидан фарқ қилса-да, Худога муқаддас хизматни адо этишда камроқ аҳамиятга эга эмас. Жамоат фаолияти силлиқ кечиши учун улар муҳим ишни бажаришади. Вақти келиб ўз вазифаларини яхши бажараётган жамоат хизматкорлари чўпонлар ва устозлар учун талабларга жавоб беришгани боис уларни оқсоқолликка тавсия этишади.
14 Агар сиз ўсмир ёки яқинда сувга чўмган биродар бўлсангиз, жамоат хизматкори бўлишга интиляпсизми? (1 Тим. 3:1) Ҳар йили кўплаб инсонлар ҳақиқат йўлини танлаяпти, шу сабабли жамоатдаги масъулиятларни зиммасига олиш учун талабларга мос келадиган маънан етук эркакларга эҳтиёж ортиб боряпти. Бу хизматга интилиш учун ўзингизда бошқаларга ёрдам бериш истагини ривожлантиринг. Буни қилишнинг йўлларидан бири Исонинг аъло ўрнаги устида мулоҳаза юритишдир. (Мат. 20:28; Юҳан. 4:6, 7; 13:4, 5) Бошқаларга беришдан бахтиёрлик ҳис қилган сайин ёрдам бериш истаги ҳам ошиб бораверади. (Ҳавор. 20:35) Шунинг учун бошқаларга ёрдамингизни таклиф қилинг, Йиғилиш залига техник хизмат кўрсатиш ишига кўмаклашинг ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувида бирор киши ўқувчиларга бериладиган топшириқни бажара олмаса, унинг ўрнига чиқишга тайёр бўлинг. Талабларга мос келиш учун мунтазам шахсий тадқиқ ўтказиб илоҳий фазилатларни ривожлантириш даркор. (Заб. 1:1, 2; Галат. 5:22, 23) Бундан ташқари, хизматкор бўлишга интилаётган биродар жамоатда унга топширилган вазифаларни бажарса, ишончли ва содиқ эканини кўрсатади. (1 Кор. 4:2)
15 Хизматкорлар жамоат манфаати учун муқаддас руҳ орқали тайинланишади. Жамоатдагиларнинг барчаси хизматкорлар ўз вазифасини бажараётганда улар билан ҳамкорлик қилса, оғир меҳнатлари учун миннатдор эканликларини намоён этишади. Шу тариқа жамоат Яҳованинг уйида тартиб бўлиши учун У тақдим этган барча нарсалардан миннатдор эканини кўрсатади. (Галат. 6:10)