97- ДАРС
Корнилийга муқаддас руҳ тушади
Кесарияда Корнилий исмли римлик юзбоши яшарди. У яҳудий бўлмаса-да, яҳудийлар уни ҳурмат қилишарди. Корнилий камбағал ва муҳтожларга сахийлик ила ёрдам берарди. У Яҳовага ишонарди ва тинмай Унга ибодат қиларди. Бир куни Корнилийга фаришта кўриниб: «Худо ибодатларингни эшитди. Яффага одам жўнат, чунки Бутрус ўша ерда. Ундан олдингга келишини сўра»,— деди. Корнилий ўша заҳоти учта одамни тахминан 50 километр жанубда жойлашган Яффа шаҳрига юборди.
Бу пайт Бутрус Яффада эди. У ваҳийда яҳудийларга ейиш тақиқланган ҳайвонларни кўрди ва бир овоз уларни ейишни буюрди. Бутрус рад этиб: «Мен умримда ҳаром ҳайвонларни емаганман»,— деди. Ўша овоз эса: «Бу ҳайвонларни ҳаром дема. Уларни Худо поклади»,— деб айтди. Кейин муқаддас руҳ Бутрусга: «Дарвоза олдида учта одам турибди. Улар билан бор»,— деди. Бутрус дарвоза олдига борди-да, улардан нега келишганини сўради. Улар жавобан шундай дейишди: «Бизни римлик юзбоши Корнилий юборди. У сизни Кесарияга, уйига чақиряпти». Бутрус ўша одамларни меҳмон бўлиб, тунаб қолишга таклиф қилди. Эртаси куни у ўша кишилар билан Кесарияга жўнаб кетди. Бир нечта яффалик биродарлар ҳам уларга қўшилди.
Корнилий Бутрусни кўриши билан тиз чўкиб унга таъзим қилди. Аммо Бутрус шундай деди: «Туринг, ахир мен ҳам сизга ўхшаган одамман-ку. Гарчи яҳудийлар бошқа халқ вакилларининг уйига кирмаса-да, Худо сизнинг уйингизга келишимни буюрди. Илтимос, мени нега чақирганингизни айтинг».
Бунга жавобан Корнилий: «Тўрт кун олдин Худога ибодат қилаётгандим. Тўсатдан олдимда фаришта пайдо бўлиб, сизни чақириб келишни буюрди. Илтимос, бизга Яҳованинг сўзларини ўргатинг»,— деди. Бутрус эса: «Энди тушундим, Худо юзхотирчилик қилмас экан. Унга топинишни истаган ҳар қандай кишини қабул қиларкан»,— деб айтди. Бутрус уларга Исо ҳақида кўп нарсаларни ўргатди. Кейин Корнилий ва у билан бўлган барчанинг устига муқаддас руҳ тушди. Уларнинг ҳаммаси сувга чўмди.
«[Худодан] қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳаворийлар 10:35)