Покдиллик йўлидан юрганлар қувонч топур
«Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради, у бойликка ғам-ташвиш қўшмайди» (ҲИКМАТЛАР 10:22).
1, 2. Нега келажак ҳақида ҳаддан ортиқ ўйлашдан эҳтиёт бўлиш керак?
«ҲАДДАН ортиқ келажак ҳақида ўйласак... воқеликни қандай бўлса шундайлигича кўришдан ўзимизни маҳрум этамиз»,— деб айтди бир америкалик файласуф. Бу эса, болалар бор бўлган болалик қувончини эътиборга олмасдан, тезроқ катта бўлишни истаётганлигига ўхшайди.
2 Ҳатто Худованд Яҳовага топинадиганлар ҳам бундай фикрлаш тарзидан ҳимояланмаганлар. Бу нимага олиб келиши мумкин? Тўғри, биз Худонинг ер юзини жаннат қилиш ваъдаси бажо бўлишини орзу қиляпмиз. Шунинг учун касаллик, қарилик, оғриқ ва азоблар барҳам топишини сабрсизлик билан кутяпмиз. Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо қайғулиси шундаки, келажакдаги жисмоний баракалар ҳақида ҳаддан ортиқ ўйласак, ҳозирги маънавий баракаларни эътибордан четда қолдиришимиз мумкин. ‘Рўёбга чиқмаган умид юракни эзганидек’, амалга ошмаётган ваъдалар ҳам руҳан тушишимизга сабаб бўлиши мумкин (Ҳикматлар 13:12). Муаммо ва қийинчиликлардан умидсизланиб, эҳтимол ўзимизни аяшни бошлармиз. Қийинчиликлар билан курашиш ўрнига, доимо нолишларга ўтишимиз мумкин. Ҳозир эга бўлган марҳаматлар яъни баракалар ҳақида миннатдорлик билан мулоҳаза қилсак, бундай вазиятлардан йироқда бўламиз.
3. Бу мақолада нима кўриб чиқилади?
3 Ҳикматлар 10:22 оятда: «Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради, у бойликка ғам-ташвиш қўшмайди»,— деб айтилади. Наҳотки Яҳова Шоҳидларининг ҳозирги маънавий муваффақияти қувонч келтирадиган барака бўлмаса? Келинг, маънавий муваффақиятимизнинг баъзи томонларини кўриб чиқиб, бу ҳар биримиз учун нимани англатишини ўйлаб кўрайлик. Покдилликда юрадиганларга Яҳова бераётган баракалар ҳақида мулоҳаза қилсак, самовий Отамизга қувонч билан хизматни давом эттириш қароримиз мустаҳкамланади (Ҳикматлар 20:7).
Бугун ҳаётимизга қувонч берадиган баракалар
4, 5. Муқаддас Китобнинг қайси таълимотларини сиз айниқса қадрлайсиз ва нега?
4 Муқаддас Китоб таълимотларини аниқ англаш. Одатда кўп динлар Муқаддас Китобга ишонамиз деб таъкидлашади. Бироқ, унинг таълимотларини ҳар хил тушунишади. Ҳатто битта дин аъзоларида ҳам Муқаддас Ёзувнинг таълимотлари тўғрисида аксарият ҳолларда ягона тушунча йўқ. Яҳова Таолонинг хизматчиларида эса вазият умуман бошқача. Миллат, маданият ва келиб чиқишимизга қарамай, биз Худони исми ила билиб, Унга топинамиз. У қандайдир сирли уч қиёфали худо эмас (Амрлар 6:4; Забур 82:19; Марк 12:29). Шунингдек, Худонинг коинотда ҳукмронлик қилиши тўғрисидаги муҳим масала яқинда ҳал қилинишини биламиз. Покдилликни сақлаб, ҳар биримиз бу масалани ҳал қилинишида иштирок этяпмиз. Ўлганлар ҳақида ҳақиқий таълимотни билиш эса, бизни ваҳимали қўрқувдан озод қилади. Чунки биламизки Худо одамларни дўзахда ёки бошқа бир жойда қийнамайди (Воиз 9:5, 10).
5 Биз эволюция натижасида пайдо бўлган тасодиф маҳсули эмас, балки Худонинг тасвири ва суратига кўра яратилганимизни билиш нақадар қувончли! (Ибтидо 1:26; Малахи 2:10). Ҳазрати Довуд: «Сенга шукрлар қиламан, мен ҳайбатли суратда яралганман, санъатинг ажойибдир Сенинг, буни жон деб тан оламан»,— деб куйлаган (Забур 138:14).
6, 7. Ҳаётингизда ёки танишларингиз ҳаётида бўлган ўзгаришлар қандай баракалар келтирди?
6 Зарарли одат ва ҳаваслардан озодлик. Оммавий ахборот воситалари чекиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ва бетартиб жинсий алоқада бўлишнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантиришади. Одатда бу огоҳлантиришларга эътибор беришмайди. Аммо инсон, Худо бундай ишларни қоралашини ва бу ишлар билан шуғулланаётганлар Уни ранжитиши ҳақида билгач, нима юз беради? Бундай одамда ўз нуқсонларидан озод бўлиш истаги пайдо бўлади! (Ишаё 63:10; 1 Коринфликларга 6:9, 10; 2 Коринфликларга 7:1; Эфесликларга 4:30). У буни авваламбор, Худованд Яҳовага маъқул бўлиш учун қилади, шунингдек ўз соғлигини яхшилаб, кўнглида хотиржамликка эга бўлади.
7 Кўпчилик учун зарарли одатларни ташлаш жуда қийин. Шунга қарамай ҳар йили ўн минглаб кишилар бунинг уддасидан чиқмоқда. Ўзларини Яҳовага бағишлаб ва сувга чўмиб, бундай кишилар оммавий тарзда, Худога маъқул бўлмаган одатларни ташлаганликларини намоён қилишади. Бундай ҳаракатлар билан улар ҳаммага қувонч келтиришади! Чунки шунда гуноҳ ва зарарли хулқ қуллигига тушмаслик қароримиз янада мустаҳкамланади.
8. Муқаддас Китобга асосланган қайси маслаҳатлар оилавий ҳаётнинг бахтли бўлишига ёрдам беради?
8 Бахтли оилавий ҳаёт. Кўпгина мамлакатларда оилавий ҳаёт оғир дамларни кечирмоқда. Кўп никоҳлар ажралиш билан тугамоқда, ва бу фарзандларнинг ҳиссиётини жароҳатлайди. Баъзи Европа мамлакатларида жами оилаларнинг 20 фоизини отаси ёки онаси бўлмаган оилалар ташкил этади. Оилавий ҳаётда покдиллик йўлидан юришда Яҳова бизга қандай ёрдам беряпти? Марҳамат, Эфесликларга 5:22-6:4 оятгача ўқиб, Худонинг Каломи эрларга, хотинларга ва болаларга бераётган ажойиб насиҳатига эътибор беринг. Ушбу ва Муқаддас Ёзувнинг бошқа маслаҳатларини амалда қўллаш, никоҳ ришталарини мустаҳкамлайди, болаларни тўғри тарбия қилишга ва оилавий ҳаётнинг бахтли бўлишига ёрдам беради. Бу баракалар қувонч келтирмайдими?!
9, 10. Бизнинг келажакка бўлган нуқтаи назаримиз дунёникидан фарқи нимада?
9 Дунёдаги муаммолар яқинда ҳал қилинишига ишонч. Фан техника ютуқлари ва баъзи раҳбарларнинг самимий ҳаракатларига қарамай, замонамизнинг жиддий муаммолари ечилмай қоляпти. Жаҳон иқтисодиёт анжуманининг асосчиси Клаус Шваб яқинда айтганидек: «Дунёга таҳдид солаётган муаммолар сони янада ортиб бормоқда, уларнинг ечилишига эса жуда оз вақт қоляпти». У айтганидек, «терроризм, экологик ва иқтисодий муаммолари умумжаҳон бўлиб кетди». Шваб хулоса чиқарди: «Ҳозир ҳар қачонгига нисбатан дунё муаммолар билан тўқнашмоқда, ва уларни бартараф этиш учун аҳиллик ва қатъий чоралар зарур». Биз XXI асрда яшаяпмиз, аммо инсоният келажаги ҳамон аянчли кўринади.
10 Яҳова инсоният муаммоларини ечиш учун Масиҳий Шоҳлик яратгани нақадар қувончли! Худо Шоҳлик орқали жангларни тўхтатади ва «тинч-осойишталик» беради (Забур 45:10; 71:7). Тайинланган Шоҳ Исо Масиҳ «додлаб юрган фақирни, ҳомийси йўқ қашшоқни қутқарур», «ҳийлагар ва зўравондан уларни озод қилур» (Забур 71:12-14). Шоҳлик ҳукмронлик қилганда озиқ-овқатда етишмовчилик бўлмас (Забур 71:16). Яҳова кўзимиздан ҳар бир ёшни артиб олур. «Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳий 21:4). Шоҳлик осмонда ўрнатилиб бўлди, ва яқинда ердаги муаммоларни ечиш учун керакли чоралар кўради (Дониёр 2:44; Ваҳий 11:15).
11, 12. а) Кўнгилхушлик ҳақиқий бахт кетирадими? Тушунтириб беринг. б) Нима ҳақиқий бахт келтиради?
11 Нима ҳақиқий бахт келтиришини билиш. Нима ҳақиқий бахт келтиради? Бир психологнинг фикрича, бахт учта нарсадан таркиб топган: кўнгилхушлик, бандлик (иш, оила) ва мазмун (шахсий истакларни қондиришдан кўра, бошқаларнинг манфаатини кўзлаш). У бу учта таркибий қисмларни муҳимлиги бўйича тақсимлаб, кўнгилхушликни охирги ўринга қўйди, ва қуйидагини айтди: «Буни таъкидлаш керак, зеро кўпгина одамларнинг ҳаётларида кўнгилхушлик биринчи ўринда туради». Бу масалада Муқаддас Китобнинг нуқтаи назари қандай?
12 «Мен, Воиз, ўзимга: “Қани, роҳатланиб, маза қилай-чи”,— дедим, лекин бу ҳам беҳуда экан. “Кулги телбалик экан, роҳат қандай фойда келтиради?” — дедим». Бу сўзлар қадимги Исроил шоҳи Сулаймонга тегишли (Воиз 2:1, 2). Муқаддас Китобга асосан кўнгилхушлик берадиган қувонч вақтинчалик. Бандликчи? Бизларга жуда муҳим ва мазмунга тўла бўлган — Худо салтанати ҳақида ваъз қилиш ва шогирд орттириш вазифаси ишониб топширилган (Матто 24:14; 28:19, 20). Бошқалар билан Муқаддас Китобдан нажот топиш хабари билан бўлишиб, ўзимизни ҳам, тингловчиларимизни ҳам қутқариш ишида иштирок этамиз (1 Тимўтийга 4:16). «Худонинг хизматдошлари» каби «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катталигига» амин бўляпмиз (1 Коринфликларга 3:9; Ҳаворийлар 20:35). Бу иш билан банд бўлганимиз туфайли ҳаётимиз янада мазмунли бўлади. Шунингдек, Яратувчимизга Шайтоннинг танқидларига жавоб бериш имконини берамиз (Ҳикматлар 27:11). Чиндан ҳам Яҳова кўрсатганидек, Унга бўлган садоқат ҳақиқий ва боқий бахтни келтиради (1 Тимўтийга 4:8).
13. а) Нима учун Воизлик Мактабини қувонч келтирадиган барака десак бўлади? б) Воизлик Мактаби сизга қандай фойда келтиряпти?
13 Муҳим ва самарали таълим дастури. Герхард исмли киши Яҳова Шоҳидларининг жамоатида оқсоқол бўлиб хизмат қилади. У ёшлигини эслаб қуйидагини айтиб беряпти: «Болалигимда сўзлашиш қобилиятим билан катта қийинчилик бор эди. Ҳаяжонланганимда гапимни эсдан чиқариб, дудуқланардим. Ўзимни ёмон ҳис қилиб, жуда хавотирланардим. Ота-онам мени шифокорга жўнатишди, аммо бу ёрдам бермади. Менинг муаммойим жисмоний эмас, психологик эди. Бироқ, жамоатимиздаги Воизлик Мактаби — Яҳованинг ажойиб тадбири менга ёрдам берди. Топшириқлар дадилроқ бўлишга кўмаклашди. Ўрганганларимни амалда қўллашга ҳаракат қилардим. Бу ёрдам берди! Энди эркин сўзлашадиган, камчилигимдан озод ва хизматда дадилроқ бўлдим. Ҳозир ҳатто оммавий нутқлар сўзлаяпман. Ушбу Мактаб орқали мен учун янги ҳаётга йўл очгани учун, Худованд Яҳовага чин юракдан миннатдорман». Наҳотки Яҳова ишониб топширган вазифани бажариш учун бизга бераётган таълими, қувонч учун сабаб бўлмаса?
14, 15. Қайғули пайтда биз қандай ёрдам олишимиз мумкин? Мисол келтиринг.
14 Яҳова билан яқин муносабатимиз ва бирлашган халқаро биродарлигимиз ёрдами. Германияда яшайдиган Катрин, жануби-шарқий Осиёда зилзила ва унинг оқибатида рўй берган цунами бўлгани ҳақида эшитганда, жуда ҳам хавотирда эди. Фалокат юз берганда унинг қизи Таиландда бўлган. 32 соат мобайнида қизи ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ эди, қурбонлар сони эса соат сайин ошиб борар эди. Қизи соғ-омонлиги ҳақида телефон орқали хабар беришгач Катрин енгил тортди.
15 Қайғули пайтда Катринга нима ёрдам берди? «Бу вақт ичида мен Яҳовага тинмай ибодат қилдим. Бу менга куч ва кўнгилда хотиржамлик берганини янада кўпроқ англаб боряпман. Боз устига, олдимда менга далда берувчи суюкли имондош биродарлар ва опа-сингиллар бор эди»,— деб ёзди (Филиппиликларга 4:6, 7). Ўша қийин пайтда ибодатсиз ва тасалли берувчи имондошларсиз Катринга нақадар қийин бўларди! Яҳова Таоло, Исо алайҳиссалом ва имондош биродарларимиз билан яқин муносабатлар шунчалик бебаҳо баракаки, уларни шунчаки оддий муносабат деб бўлмайди.
16. Қайта тирилиш умидининг бебаҳолигини кўрсатаётган воқеани сўзлаб беринг.
16 Ўлганларни қайта кўриш умиди. (Юҳанно 5:28, 29). Маттиас исмли ёш йигит Яҳованинг Шоҳиди сифатида тарбия қилинган. Аммо бу баракаларни қадрламай ўсмир бўлган пайтида имонлилар жамоатидан узоқлашди. Ҳозир у шундай деб бўлишяпти: «Умуман олганда отам билан юракдан суҳбатлашмаганмиз. Кўпинча баҳслашардик. Аммо отам менга доимо яхшилик тилаган. У мени жуда севарди, ўшанда буни тушунмаганман. 1996 йилда тўшаги ёнида қўлидан ушлаб, мен аччиқ йиғлаб юбордим ва қилган ишимдан афсусланганимни, уни қанчалик севишимни айтиб бердим. Аммо у мени эшитмасди. Узоқ чўзилмаган касаллигидан сўнг, у вафот этди. Агар қайта тирилганида кўришга имкониятим бўлса, қўлдан бой берилган ҳамма нарсани қайтарамиз. Ўғли оқсоқол ва рафиқаси билан кашшоф бўлиб хизмат қилаётганини эшитишдан отам хурсанд бўлади». Қайта тирилиш умидига эга бўлиш қандай барака!
«У бойликка ғам-ташвиш қўшмайди»
17. Яҳованинг баракалари тўғрисида мулоҳаза қилиш бизга қандай таъсир қилади?
17 Исо Масиҳ самодаги Отаси ҳақида: «Қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради»,— деб айтган эди (Матто 5:45). Агар Яҳова Таоло фосиқлар ва ёвузларга баракасини берса, унда покдиллик йўлидан юрганларга нақадар кўп баракасини аямайди! «Иноят ва иззат бахш этади Худованд, тўғри юрганлардан дариғ тутмас неъматин»,— деб айтилади Забур 83:12 оятида. Яҳова Уни севувчиларга ғамхўрлик қилаётгани тўғрисида мулоҳаза қилсак, юракларимиз миннатдорлик ва қувончга тўлади!
18. а) Нега Яҳованинг баракалари ғам-ташвиш келтирмайди деб айтишимиз мумкин? б) Нега кўпгина Худонинг садоқатли хизматчилари азоб-уқубатга дуч келишади?
18 «Эгамизнинг марҳамати» туфайли Яҳованинг халқи маънавий муваффақиятларга эга. Муқаддас Китоб айтаётганидек ушбу баракалар «бойликка ғам-ташвиш қўшмайди» (Ҳикматлар 10:22). Унда нега кўпгина садоқатли Худо хизматчилари бошига азоб-уқубат келтирадиган синовлар тушади? Бу қийинчилик ва қайғуларнинг учта асосий сабаби бор: 1) бизнинг гуноҳли истакларимиз (Ибтидо 6:5; 8:21; Ёқуб 1:14, 15); 2) Шайтон ва унинг ёвуз жинлари (Эфесликларга 6:11, 12); 3) ёвуз дунё (Юҳанно 15:19). Гарчи Яҳова бу қийинчиликларга йўл қўйсада, аммо У сабабчиси эмас. Дарҳақиқат, «ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан, самовий нурлар Отасидан тушади» (Ёқуб 1:17). Яҳованинг баракаси ғам-ташвиш келтирмайди.
19. Покдиллик йўлидан юраётганларни нима кутмоқда?
19 Маънавий муваффақиятни Худо билан яқин муносабатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Яҳовага яқинлашаётиб «келажакда ҳақиқий ва мангу ҳаётга эришмоқ учун», ўзимизга «соғлом таянч бўладиган маънавий хазина» тўплаймиз (1 Тимўтийга 6:12, 17-19). Худонинг янги дунёсида бизнинг маънавий бойлигимизга жисмоний баракалар қўшилади. Яҳовага итоат қилаётганларни, қувончга тўла бўлган ҳақиқий ҳаёт кутмоқда (Амрлар 28:2). Келинг, янада қатъият билан покдиллик йўлидан юрайлик!
Нимани билиб олдингиз?
• Нега келажак ҳақида ҳаддан ортиқ ўйлаш оқилона эмас?
• Ҳозир қувонч келтираётган қандай баракалар бор?
• Нега Худонинг садоқатли хизматчилари азоб-уқубат чекишади?
w06-UZ 5/15b
26 ИЮН—2 ИЮЛ Қўшиқлар: 19, 220