«Биламан... тирилади»
Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Аммо мен уни уйғотгани кетяпман. ЮҲАН. 11:11
1. Марта акаси билан нима юз беришига амин эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
ИСОНИНГ яқин дўсти ва шогирди бўлган Марта қайғуга ботган. Унинг акаси Лазар вафот этди. Унга нимадир тасалли бера оладими? Ҳа. Исо унга: «Акангиз тирилади»,— деб ваъда беради. Албаттаки, бу сўзлар уни бутунлай юпата олмайди, лекин Марта Исонинг ваъдасига ишониб шундай дейди: «Биламан, охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилади». (Юҳан. 11:20–24) У келажакда тирилиш бўлишига амин эди. Шунда Исо мўъжиза яратади. Ўша куни у Лазарни ҳаётга қайтаради.
2. Нега Марта сингари тирилишга ишончингиз комил бўлишини истайсиз?
2 Исо ёки Аллоҳ айни пайтда биз учун бундай мўъжиза яратишини кутишга ҳеч қандай асосимиз йўқ. Марта сингари сиз ҳам келажакда яқинларингиз тирилишига ишончингиз комилми? Эҳтимол, турмуш ўртоғингиз, онангиз, отангиз ёки бобо-бувингиз ҳаётдан кўз юмгандир. Балки фарзанд доғидан эзилаётгандирсиз. Яқинларингизни қучоқлашни, улар билан суҳбатлашишни ва хурсандчиликни баҳам кўришни соғиниб қолгандирсиз. Яхшиямки, Марта сингари сизда ҳам: «Биламан, яқинларим тирилади»,— дейиш учун асос бор. Аммо ҳар бир масиҳий нега тирилиш бўлишига ишонаётгани устида мулоҳаза юритса яхши бўларди.
3, 4. Исо бошқаларни тирилтиргани Мартанинг умидини қай тариқа мустаҳкамлади?
3 Марта Қуддусга яқин яшагани боис, Исо Жалиланинг Наин шаҳридан бўлган бир беванинг ўғлини тирилтирганини кўрмаган бўлиши мумкин, лекин бу ҳақда эшитгандир. Шунингдек, Исо Яирнинг қизини ҳам тирилтирганидан хабар топгандир. Таъзияхонага келганлар «қизчанинг ўлганини билишарди». Исо жонсиз ётган қизчани қўлидан ушлаб: «Қизалоқ, ўрнингдан тур!» — деб айтди ва қизча шу ондаёқ тирилиб, ўрнидан турди. (Луқо 7:11–17; 8:41, 42, 49–55) Марта билан синглиси Марям Исо касалларга шифо бера олишини билишарди. Шунинг учун, Исо ўша ерда бўлганида Лазар ўлмаслиги мумкинлигига улар ишонарди. Аммо Исонинг қадрдон дўсти Лазар вафот этди. Хўш, Мартада қандай умид бор? Эътибор берган бўлсангиз, Марта акаси Лазар келажакда, «охирги кунда» тирилиши ҳақида гапирди. Нега у бунга амин эди? Келажакда тирилиш бўлишига ва яқинларингиз ҳаётга қайтишига сиз нега амин бўлишингиз мумкин?
4 Тирилиш бўлишига ишониш учун сизда асосли сабаблар бор. Ҳозир улардан баъзиларини кўриб чиқамиз. Худонинг Каломидан аввал хаёлингизга келмаган тирилишга оид баъзи фикрларни топишингиз мумкин. Улар яқинларингиз тирилишига сизни янада ишонтиради.
УМИД БАХШ ЭТУВЧИ ВОҚЕАЛАР
5. Лазарнинг тирилишига Мартани нима ишонтирган?
5 Эътибор берган бўлсангиз, Марта: «Акам тирилишига умид қиламан»,— демаган. У: «Биламан... тирилади»,— деб айтган. Марта тирилиш бўлишини қаердан билган? У, Исо хизматини бошлашидан анча аввал юз берган тирилишлар ҳақида билгани эҳтимолдан йироқ эмас. Болалигида уйда ва ибодатхонада бу ҳақда эшитган бўлиши мумкин. Шу ўринда Муқаддас Ёзувларда қаламга олинган учта тирилиш воқеаси хаёлимизга келади.
6. Илёс пайғамбар қандай ҳайратомуз мўъжиза яратди ва бу воқеанинг Мартага қандай дахли бор?
6 Илк тирилиш Худо Илёс пайғамбарга мўъжизалар яратиш қудратини берганида содир бўлган. Финикияда соҳил бўйида жойлашган Зорафат шаҳрида бир камбағал бева яшарди. У пайғамбарга меҳмондўстлик кўрсатди. Худо мўъжизавий тарзда уни ун ва мой билан таъминлаб турди, шу тариқа бу аёл ва унинг ўғли тирик қолишди. (3 Шоҳ. 17:8–16) Бир мунча вақт ўтгач аёлнинг ўғли бетоб бўлиб қолди ва қазо қилди. Илёс пайғамбар унга ёрдам берди. Илёс болага қўл теккизиб: «Эй, Эгам Худо! Илтижо қиламан, бу болага қайтадан жон ато эт!» — деб ибодат қилди. Мўъжиза юз берди! Аллоҳ Илёснинг ибодатини эшитди ва бола ҳаётга қайтди. Бу, Муқаддас Китобда ёзилган тирилиш ҳақидаги илк воқеадир. (3 Шоҳлар 17:17–24 ни ўқинг.) Марта ушбу ҳайратомуз воқеадан хабардор бўлгани аниқ.
7, 8. а) Қайғуга ботган аёлга тасалли бериш учун Элишай нима қилганини айтиб беринг. б) Элишайнинг мўъжизаси Яҳова борасида нимани исботлаяпти?
7 Муқаддас Ёзувларда қаламга олинган тирилиш ҳақидаги иккинчи воқеа эса Илёснинг ўрнига пайғамбар этиб тайинланган Элишай томонидан содир этилган. Шунам шаҳрида исроиллик бир аёл яшарди. У Элишайни яхши меҳмон қилади. Ушбу савоб иши учун Аллоҳ бефарзанд бўлган бу аёл билан унинг кекса эрига ўғил ато этади. Бир неча йил ўтгач бола ўлиб қолади. Қайғудан эзилаётган онани кўз олдингизга келтиринг. Бу аёл эридан рухсат олади-да, 30 км йўл босиб Элишай пайғамбарнинг олдига, Кармил тоғига келади. Пайғамбар ўзидан олдин хизматкори Гахазини Шунамга жўнатади. Гахази болани тирилтира олмайди. Қайғуга ботган она Элишай пайғамбар билан бирга уйига қайтади. (4 Шоҳ. 4:8–31)
8 Элишай Шунамга келади ва бола ётган хонага кириб, ибодат қилади. Мўъжиза юз бериб, жонсиз ётган бола тирилади. Буни кўрган онанинг қувончи ичига сиғмайди! (4 Шоҳлар 4:32–37 ни ўқинг.) Шу пайт бу аёл илгари бефарзанд бўлган Ханнанинг ибодатини эслаган бўлиши мумкин. У Шомуилни муқаддас чодирга олиб келганда шундай деган: «Ўликлар диёрига У [Худо] туширар ва яна қайта олиб ҳам чиқар». (1 Шоҳ. 2:6) Тангри шунамлик болани том маънода ҳаётга қайтариб, ўлганларни тирилтириш қобилияти борлигини исботлади.
9. Муқаддас Китобда қаламга олинган тирилиш ҳақидаги учинчи воқеани айтиб беринг.
9 Аммо бу Элишай билан боғлиқ ҳайратомуз воқеаларнинг охиргиси эмас. У 50 йилдан ошиқ пайғамбар бўлиб хизмат қилгач, «тузалмас хасталикка йўлиқиб» охири вафот этади. Бир мунча вақт ўтади. Элишайнинг мурдасидан фақат суяклари қолади. Ўша пайтда юртга босқинчилар бостириб келади. Исроилликлар битта кишини дафн этаётган бўлишади. Душманлардан қочаётиб улар жасадни Элишайнинг хилхонасига ташлаб кетишади. Оятда шундай дейилган: «Жасад Элишайнинг суякларига текканда тирилиб кетди ва оёққа турди». (4 Шоҳ. 13:14, 20, 21) Тирилиш ҳақидаги ушбу воқеалар Марта учун нимани англатиши тўғрисида бир ўйлаб кўринг. Аллоҳ ўлимдан қудратлироқ! Бу воқеалар сиз учун нимани билдириши ҳақида мулоҳаза қилинг. Улар Худо улкан ва чексиз қудратга эга эканига сизни ишонтириши аниқ.
БИРИНЧИ АСРДАГИ ВОҚЕАЛАР
10. Тавита билан нима бўлди ва Бутрус нима қилди?
10 Муқаддас Китобдаги Юнонча ёзувлар қисмида Худонинг садоқатли хизматчилари томонидан содир этилган тирилиш воқеалари ҳақида ўқишимиз мумкин. Олдинги хатбошиларидан Исо Наин шаҳри яқинида ва Яирнинг уйида содир этган тирилтиришлар ҳақида билиб олдик. Ҳаворий Бутрус Масиҳнинг издоши бўлган Дорка (Тавита) исмли аёлни тирилтирган эди. Бутрус у ерга келганда жасад дафн этилишга тайёрлаб қўйилган эди. Бутрус жасадга яқинлашди ва ибодат қилди. Сўнг: «Тавита, тур!» — деди. У тирилди ва Бутрус тирилган Тавитани имондошларига кўрсатди. Бу реал воқеа бўлгани учун «кўплар Ҳазратимизга ишонди». Ушбу янги шогирдлар Исо ҳақидаги хушхабарни ҳамда Яҳова ўлганларни тирилтириш қудратига эга эканини бошқаларга айтиб бера олишарди. (Ҳавор. 9:36–42)
11. Йигит билан юз берган воқеада шифокор Луқо қандай ташхис қўйди ва бу воқеа бошқаларга қандай таъсир қилди?
11 Бошқалар яна битта тирилиш воқеасининг гувоҳи бўлади. Бир сафар ҳаворий Павлус Троасдаги (замонавий Туркиянинг шимоли-ғарби) уйларнинг биридаги болохонада йиғилиш ўтказади. Павлус ярим тунгача нутқ сўзлайди. Евтих исмли бир йигит эса деразага ўтириб Павлусни тинглаётган бўлади. У қаттиқ ухлаб қолиб, учинчи қаватдан йиқилиб тушади. Ҳойнаҳой, Луқо биринчилардан бўлиб пастга тушади ва шифокор сифатида ташхис қўяди: у шунчаки жароҳатланмаган ва ҳушини йўқотмаганди. Йигит ўлган эди! Павлус пастга тушиб жасадни қучоқлайди, сўнг ҳайратда қолдирадиган сўзларни айтади: «У тирик». Бу воқеа уни кузатиб турганларга қаттиқ таъсир қилган бўлса керак. Улар бола ўлганини билишган ва у тирилганини кўргандан сўнг «роса хурсанд бўлишди». (Ҳавор. 20:7–12)
МУСТАҲКАМ УМИД
12, 13. Муҳокама қилинган тирилиш воқеаларига асосланиб қандай саволларни кўриб чиқишимиз керак?
12 Юқорида эслатиб ўтилган воқеалар Марта сингари сизга ҳам ишонч бахш этади. Шунда амин бўлишимиз мумкинки, бизга ҳаёт ато этган Худойимиз ўлган инсонни тирилтириш қудратига эга. Қизиқарли томони шундаки, Яҳова бу мўъжизаларни Илёс, Исо ёки Бутрус каби садоқатли хизматчилари яшаган пайтда қилган. Тарих давомида яшаб ўлиб кетган бошқа одамлар ҳақида нима деса бўлади? Бизнинг пайтга келиб Худо одамларни тирилтирмаётган бўлса, унда садоқатли эркагу аёллар Аллоҳ уларнинг яқинларини келажакда тирилтиришини кутишлари мумкинми? Улар ҳам: «Биламан, охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда [акам] тирилади»,— деб айтган Марта сингари ишончга эга бўлишадими? Марта тирилиш бўлишига нега ишонган ва нима учун сиз бунга ишоняпсиз?
13 Муқаддас Китобда Яҳованинг садоқатли хизматчилари келажакда тирилиш бўлишини билишгани ҳақида бир нечта воқеа қаламга олинган. Келинг, уларни кўриб чиқайлик.
14. Иброҳим билан юз берган воқеадан тирилиш ҳақида нимани билиб оляпмиз?
14 Иброҳим меросхўри бўлишини узоқ кутган. Аллоҳ унга Исҳоқ билан нима қилиш кераклигини айтгани борасида бир ўйлаб кўринг. Яҳова унга: «Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб,.. қурбонлик қилиб куйдирасан»,— деб айтган. (Ибт. 22:2) Ушбу буйруқни эшитган Иброҳимнинг юрагида нималар кечганини кўз олдингизга келтиринг. Яҳованинг ваъдасига кўра, Иброҳимнинг зурриёти орқали ер юзидаги жамики халқлар барака топиши керак эди. (Ибт. 13:14–16; 18:18; Рим. 4:17, 18) Шунингдек, Яҳова зурриёт «Исҳоқ орқали келиб чиқади», деб айтган эди. (Ибт. 21:12) Лекин Иброҳим Исҳоқни қурбонлик қилиб куйдирса бу қандай амалга ошади? Павлус муқаддас руҳ таъсирида тушунтиришича, Худо Исҳоқни тирилтиришга қодир эканига Иброҳим ишонган. (Ибронийларга 11:17–19 ни ўқинг.) Муқаддас Китобда Иброҳим бу амрга бўйсуниб бир неча соат, бир неча кун ёки бир неча ҳафтадан кейин Исҳоқ ҳаётга қайтишига ишонган, деб айтилмаган. Ўғли қачон тирилишини Иброҳим билмаган. Аммо Яҳова Исҳоқни тирилтиришига у ишонган.
15. Бобокалонлардан бири Аюбнинг қандай умиди бор эди?
15 Бобокалонлардан бири Аюб ҳам келажакда тирилиш бўлишига ишонган. Дарахт кесиб ташланса, у яна кўкариб янги дарахт ўсиб чиқишини у биларди. Аммо одам билан бундай юз бермайди. (Аюб 14:7–12; 19:25–27) Агар одам ўлса, у ўзини ҳаётга қайтара олмайди. (2 Шоҳ. 12:23; Заб. 88:49) Албаттаки бу, Худо инсонни тирилтира олмайди, дегани эмас. Чунки Аюб вақти келганда Яҳова уни эслашига ишонган. (Аюб 14:13–15 ни ўқинг.) Келажакда бу қачон юз беришини Аюб билмаган. Лекин инсонга ҳаёт ато этган Парвардигор уни эслаб қола олишига ва уни ёдга олиб тирилтиришига амин эди.
16. Фаришта Дониёр пайғамбарга қандай далда берганди?
16 Ибронийча ёзувлардан Аллоҳга содиқ бўлган Дониёр пайғамбар ҳақида ўқиганмиз. У ўнлаб йиллар давомида садоқатли хизмат қилган ва Яҳова уни қўллаб-қувватлаган. Бир сафар фаришта уни «Худонинг суюкли бандаси» деб атаб, унга «тинчлан!» ва «дадил бўл!» деган сўзларни айтган. (Дон. 9:22, 23; 10:11, 18, 19)
17, 18. Дониёрга келажакка тегишли қандай ваъда берилган эди?
17 Дониёр қарийб 100 ёшда эди ва умри охирлаб қолганди. У келажакда уни нима кутаётгани тўғрисида ўйлаган бўлиши мумкин. У яна яшай оладими? Албатта! Дониёр китобининг охирида Тангри қуйидаги сўзлар билан уни ишонтирган: «Сен эса охиригача садоқатли бўлиб қол. Сен тиним топасан». (Дон. 12:13, ЯДТ) Қариб қолган Дониёр ўликлар ҳамма нарсадан тиним топишини биларди. Чунки тез орада ўзи ҳам тушадиган қабрда «фаҳм-идрок, илм-маърифат ёки донолик йўқ» эди. (Воиз 9:10) Аммо у учун ҳаммаси шу билан якун топмайди. Яҳова унга келажакка тегишли ажойиб умид берган эди.
18 Фаришта сўзини давом эттириб Дониёрга шундай дейди: «Кунларнинг охирида ўз улушингни олиш учун ўрнингдан турасан». Унга санаси ҳам, қанча кутиш кераклиги ҳам айтилмади. Дониёр ҳаётдан кўз юмди ва тиним топди. «Улушингни олиш учун ўрнингдан турасан», деган ваъдани эшитганда, Дониёр келажакда тирилишини тушунган. Бу, унинг ўлганидан кўп вақт ўтиб, яъни «кунларнинг охирида» юз беради.
19, 20. а) Муҳокама қилинган воқеалар Марта Исога айтган сўзлар билан қандай боғлиқ? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
19 Садоқатли акаси Лазар «охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилишига» ишониш учун Мартада асосли сабаблар бор эди. Дониёр пайғамбарга берилган ваъда, шунингдек, Мартанинг Исога берган жавобида акс этган аминлик ҳозирги кунда яшаётган масиҳийларнинг ишончини мустаҳкамлайди. Ҳа, тирилиш бўлади!
20 Биз ўтмишда юз берган тирилиш воқеаларини кўриб чиқдик. Улар вафот этганлар яна яшаши мумкинлигини исботлаяпти. Худога содиқ бўлиб хизмат қилган эркагу аёллар тирилиш келажакда бўлишига ишонишган. Бироқ ваъда берилганидан кўп вақт ўтгач тирилиш бўлишига бирорта исбот борми? Агар исбот бор бўлса, унда бу бизга Марта сингари тирилиш вақтини кутиш учун қўшимча асос бўла олади. Хўш, бу қачон юз беради? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.