Қутлуғ Кечлик Худонинг халқини бирлаштиради
Нақадар яхши ва ёқимлидир биродарларнинг бирликда аҳил яшаши! ЗАБ. 133:1
1, 2. Қайси маросим 2018 йили бизни ўзгача тарзда бирлаштиради ва нега? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
ДУНЁ бўйлаб миллионлаб одамлар йилда бир марта ўтадиган маросимни нишонлаш учун йиғилади. Бу сафар ушбу маросим 2018 йили 31 март куни ўтади. Қуёш ботгач, Худонинг халқи ва кўпгина қизиқувчилар Исо пайғамбарнинг биз учун қилган қурбонлигини хотирлаш учун йиғилишади. Ҳар йили Ҳазратимизнинг кечлик таоми, яъни Қутлуғ Кечлик маросими туфайли одамлар ажойиб тарзда бирлашади. Ер юзида бўладиган ҳеч бир воқеа бундай имкон яратмайди.
2 Ўша кун тугагунига қадар Яҳова ҳамда Исо дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ушбу муҳим маросимга келганини соатлаб кузатиб қувонишаётганини бир тасаввур қилинг. «Ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган, ҳеч ким санай олмайдиган улкан оломон» шундай дея ҳайқириши Муқаддас Китобда башорат қилинган: «Нажотимиз учун тахтда ўтирган Худойимиздан ҳамда Қўзидан қарздормиз». (Ваҳ. 7:9, 10) Қутлуғ Кечлик маросими орқали Яҳова ҳамда Исога шараф келтириш нақадар ажойиб!
3. Ушбу мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?
3 Мазкур мақолада қуйидаги саволларга жавоб топамиз: 1) Қай йўсин Қутлуғ Кечлик маросимига шахсан тайёргарлик кўришимиз ва бундан фойда олишимиз мумкин? 2) Қандай қилиб Қутлуғ Кечлик маросими Худонинг халқи бирлашишига таъсир қилади? 3) Қанақасига ҳар биримиз ушбу бирликка ҳисса қўша оламиз? 4) Қачондир охирги Қутлуғ Кечлик маросими бўладими? Агар бўлса, қачон?
ҚАЙ ЙЎСИН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШИМИЗ ВА ФОЙДА ОЛИШИМИЗ МУМКИН?
4. Нима сабабдан имкон борича Қутлуғ Кечликка бориш муҳим?
4 Қутлуғ Кечлик маросимига ташриф буюриш муҳим экани борасида фикр юритинг. Унутманг, жамоат учрашувлари топинишимизнинг бир қисми. Яҳова ҳамда Исо йилнинг энг муҳим учрашувига келиш учун қилган ҳаракатларимизни кўришади. Албатта, жисмонан имконимиз бўлса ёки вазиятимиз йўл қўйса Қутлуғ Кечлик маросимига ташриф буюришга интиламиз. Топинишимиздаги учрашувлар биз учун муҳим эканини ҳаракатларимиз билан кўрсатсак, Яҳова исмимизни «хотира китоби»да, яъни «ҳаёт китобида» ёзишига яна бир сабаб берган бўламиз. Зеро бу китобда абадий ҳаётга эришмоқчи бўлганларнинг исмлари битилган. (Мал. 3:16; Ваҳ. 20:15)
5. «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб... туринглар», деган сўзларни Қутлуғ Кечлик арафасида қандай қўллашимиз мумкин?
5 Қутлуғ Кечлик арафасида вақт ажратиб, ибодат ила Яҳова билан бўлган муносабатларимизни яхшилаб текшириб кўрсак бўлади. (2 Коринфликларга 13:5 ни ўқинг.) Буни қай йўсин қила оламиз? «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб... туринглар», деган сўзларни амалда қўллашимиз мумкин. Бунинг учун ўзингиздан шундай деб сўранг: «Яҳова Ўз иродасини амалга ошириш учун тайинлаган ягона ташкилотнинг аъзоси эканимга чиндан ҳам ишоняпманми? Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ва таълим бериш учун қўлимдан келганини қиляпманми? Ҳаракатларим охирги кунларда яшаётганимга ва Шайтоннинг бошқаруви ниҳоясига етаётганига ростдан ҳам ишонаётганимни кўрсатяптими? Ҳаётимни Яҳовага бағишлаганимда бўлганидек ҳозир ҳам Унга ва Исога бўлган ишончим кучлими?» (Мат. 24:14; 2 Тим. 3:1; Иброн. 3:14) Шу каби саволларнинг жавоблари устида мулоҳаза юритиш қандай инсон эканимизни англашга ёрдам беради.
6. а) Абадий ҳаётга эришишнинг ягона йўли қандай? б) Ҳар йили бир оқсоқол Қутлуғ Кечликка қай йўсин тайёргарлик кўрган ва қандай қилиб сиз ҳам шу каби йўл тутишингиз мумкин?
6 Қутлуғ Кечлик муҳим эканини кўрсатувчи Муқаддас Китобга асосланган маълумотларни ўқиб, бу борада мулоҳаза юритинг. (Юҳанно 3:16; 17:3 ни ўқинг.) Абадий ҳаётга эришишнинг ягона йўли Яҳовани «таниб-билиш» ва Унинг ягона Ўғли Исога «ишонишдан» иборат. Ушбу маросимга тайёргарлик кўриш учун Яҳовага ва Исога яқинлашишингизга ёрдам берадиган мақолаларни тадқиқ қилишингиз мумкин. Масалан, узоқ вақтдан бери оқсоқол бўлган биродар қандай йўл тутганига эътибор беринг. Йиллар давомида у «Қўриқчи минораси»да чоп этилган Қутлуғ Кечлик, Яҳова ҳамда Исонинг бизга кўрсатган севгиси чуқур муҳокама қилинган мақолаларни йиққан. Қутлуғ Кечлик бўлишидан бир неча ҳафта олдин у ўша мақолаларни қайта ўқиб, ушбу маросимнинг муҳимлиги ҳақида фикр юритган. Баъзида бу биродар мақолалар тўпламига бир ё иккита янгиларини қўшган. У ўша мақолаларни қайта ўқиб, Қутлуғ Кечлик арафасида ўқиладиган Муқаддас Китобдаги оятлар устида мулоҳаза юритган ва ҳар йили янги нарсаларни ўрганган. Энг асосийси, бу оқсоқол Яҳовага ҳамда Исога бўлган севгиси янада мустаҳкамланганини ҳис этган. Бундай тадқиқ ўтказиш Яҳовага ҳамда Исога бўлган севгингизу миннатдорлигингизни оширишга ва шу йўсин Қутлуғ Кечлик маросимидан кўпроқ фойда олишга ёрдамлашади.
ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК БИРЛИГИМИЗГА ТАЪСИР ҚИЛАДИ
7. а) Илк бор Ҳазратимизнинг кечлик таоми ўтганида Исо нима ҳақида ибодат қилган? б) Яҳова Исонинг ибодатига жавоб берганини нимадан билсак бўлади?
7 Ҳазратимизнинг кечлик таоми илк маротаба ўтганида Исо барча издошлари бирликда бўлиши ва у ҳамда Отаси қадрлайдиган бундай бирликдан қувонч топиши ҳақида ибодат қилган. (Юҳанно 17:20, 21 ни ўқинг.) Яҳова унинг ибодатига жавоб берди ва ҳозир миллионлаб одамлар У Ўз Ўғлини юборганига ишонади. Қутлуғ Кечлик Яҳованинг Шоҳидлари якдил эканини кўрсатувчи рад этиб бўлмайдиган исботдир. Худонинг халқи ўтказадиган бошқа ҳеч қайси учрашув бунга ўхшамайди. Миллати, танасининг ранги ҳар хил бўлган одамлар бутун ер юзи бўйлаб топиниш жойларида биргаликда йиғилади. Баъзи ҳудудларда турли ирқ вакиллари бундай диний маросимда йиғилиши бошқалар учун ноодатий ёки ноўрин кўринади. Лекин бундай бирлик Яҳова ҳамда Исонинг назарида жуда ажойибдир!
8. Бирлашиш борасида Яҳова Ҳизқиёга қандай хабар берган?
8 Яҳованинг халқи эканмиз, бундай бирликдан қувонч топаётганимиздан ҳайрон эмасмиз. Чунки буни Яҳова башорат қилган. У Ҳизқиё пайғамбарга иккита таёқ, яъни «Яҳудо» ва «Юсуф»нинг таёғи бирлашиши борасида хабар берган. (Ҳизқиё 37:15–17 ни ўқинг.) «Қўриқчи минораси» журналининг 2016 йил июль сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» туркумида бу қуйидагича тушунтирилганди: «Яҳова Ҳизқиё пайғамбар орқали Исроил халқи ваъда қилинган юртга қайтиб келиши ва бир халқ сифатида қайтадан бирлашишини башорат қилганди. Шунингдек, бу башоратда охирзамонда Худога топинадиган одамлар бир халқ сифатида бирлашиши назарда тутилган».
9. Қандай қилиб ҳар йили Қутлуғ Кечлик маросимида Ҳизқиёнинг башорати амалга ошганини кўрамиз?
9 Яҳова 1919 йилнинг бошида рамзий маънода «Яҳудо»нинг таёғини билдирувчи мойланганларни қайта ташкиллаштириб бирлаштирди. Кейинчалик «Юсуф»нинг таёғини билдирувчи, ер юзида абадий яшашга умид қиладиган кўпгина инсонлар мойланганларга қўшилди ва улар «бир сурув» бўлди. (Юҳан. 10:16; Закр. 8:23) Яҳова ўша иккита таёқни бирлаштириб, уларни қўлидаги битта таёққа айлантиришни ваъда қилганди. (Ҳиз. 37:19) Ҳозир ушбу икки гуруҳ битта Шоҳга — Худонинг башоратида «хизматкорим Довуд» деб аталган улуғвор Исо Масиҳга бирликда хизмат қилмоқда. (Ҳиз. 37:24, 25) Ҳар йили мойланганларнинг қолган қисми ва «бошқа қўйлар» Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказиш учун йиғилганида Ҳизқиё китобида тасвирланган ажойиб бирликнинг гувоҳи бўламиз. Хўш, қай йўсин ҳар биримиз мана шундай бирликни сақлашимиз ва унга ҳисса қўшишимиз мумкин?
БИРЛИККА ҲИССА ҚЎШИШ УЧУН ҲАР БИРИМИЗ НИМА ҚИЛСАК БЎЛАДИ?
10. Худонинг халқи орасида бирлик бўлишига қандай ҳисса қўша оламиз?
10 Худонинг халқи орасида бирлик бўлишига ҳисса қўшишнинг йўлларидан бири — камтарликни ривожлантириш. Исо ер юзида бўлганида шогирдларига камтар бўлиш кераклигини насиҳат қилганди. (Мат. 23:12) Ўзимизни паст олиб юрсак дунёнинг мағрурлик руҳига берилмаймиз. Қолаверса, камтарлик бошчиликни зиммасига олганларга итоаткор бўлишга ёрдам беради. Жамоатда бирлик бўлиши учун бундай итоаткорлик руҳини намоён этиш муҳимдир. Бундан ташқари, камтарлик Худони хушнуд этади, зеро У «мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноятини намоён этади». (1 Бутр. 5:5)
11. Қутлуғ Кечлик рамзларининг маъноси устида мулоҳаза юритиш бирлигимизга ҳисса қўшишга қандай ёрдам беради?
11 Бирликка ҳисса қўшишнинг иккинчи йўли — Қутлуғ Кечлик рамзларининг маъноси устида мулоҳаза юритиш. Қутлуғ Кечликдан бир кун аввал — айниқса шу маросим ўтадиган куни — хамиртурушсиз нон ва қизил шароб қандай маънога эга экани борасида чуқур фикр юритинг. (1 Кор. 11:23–25) Нон Исонинг қурбонлик сифатида берилган гуноҳсиз танасини, шароб эса унинг қонини билдиради. Лекин биз рамзлар нимани билдиришини онгли тарзда тушуниш билан кифояланмаслигимиз лозим. Унутмангки, Исонинг тўлов қурбонлиги иккита энг муҳим севгини — Яҳова биз учун Ўғлини бериб намоён этган севгини ва Исо тайёрлик ила ўзини биз учун қурбон қилиб кўрсатган севгини ўз ичига олади. Уларнинг севгиси устида мулоҳаза юритиш бизни уларни севишга ундаши даркор. Биз ва имондошларимиз Яҳовага намоён этган севги бирлигимизни боғлайдиган ва мустаҳкам қиладиган арқон кабидир.
12. Қай йўсин Исо шоҳ ҳақидаги масалда Яҳова биздан бошқаларни кечиришимизни кутишини кўрсатган?
12 Бирлигимизга ҳисса қўшишнинг учинчи йўли — бошқаларни чин дилдан кечириш. Бизни хафа қилганларни кечириб, гуноҳларимиз кечирилишига йўл очган Исонинг тўлов қурбонлиги учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Матто 18:23–34 да келтирилган Исонинг масали ҳақида ўйлаб кўринг. Ўзингиздан сўранг: «Исонинг айтганларига риоя қилишга интиляпманми? Имондошларимга сабр намоён этиб, уларни тушуняпманми? Шахсан менга қарши гуноҳ қилганларни кечиришга тайёрманми?» Тўғри, гуноҳлар ҳар хил бўлади ва номукаммал инсон учун баъзи хафагарчиликларни кечириш қийин. Бироқ Исо келтирган масалдан Яҳова биздан нимани кутаётганини билсак бўлади. (Матто 18:35 ни ўқинг.) Исо шуни яққол кўрсатганки, имондошимизни кечиришга асосимиз бўлса-ю, биз уни кечирмасак, Яҳова ҳам бизни кечирмайди. Биз бу ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз зарур. Исо ўргатганидай, бошқаларни кечирсак бебаҳо бирлигимизни ҳимоялаб, уни сақлаб қолишга ҳисса қўшган бўламиз.
13. Тинчлик ўрнатувчи эканимиз бирлигимизни сақлашга қандай ҳисса қўшади?
13 Бошқаларни кечириб, тинчлик ўрнатувчи эканимизни кўрсатамиз. Ҳаворий Павлуснинг «тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга жон куйдиринглар», деган маслаҳатини эсланг. (Эфес. 4:3) Бошқалар билан қандай муносабатда эканингиз борасида ушбу Қутлуғ Кечлик мавсумида ва айниқса мана шу маросим ўтадиган кечада яхшилаб ўйлаб кўринг. Ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Мен гина сақлаб юрмайдиган инсон эканим яққол кўриняптими? Мени тинчликни ва бирликни сақлашга интиладиган одам деб билишадими?» Йилнинг бу пайтида мазкур жиддий саволларга жавоб топиш лозим.
14. «Севги билан бир-бирингизга бардошли бўлинг»,— деган сўзларга амал қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
14 Бирликни сақлашга ҳисса қўшишнинг тўртинчи йўли — севгини намоён этишда севги Худоси Яҳовага тақлид қилиш. (1 Юҳан. 4:8) Имондошларимиз ҳақида ҳеч қачон: «Уларни имондошларим бўлгани учун яхши кўришим керак, аслида эса уларни ёқтирмайман»,— деб айтишни хоҳламаймиз. Бундай ўйлаш Павлуснинг: «Севги билан бир-бирингизга бардошли бўлинг»,— деган сўзларига зиддир. (Эфес. 4:2) У шунчаки: «Бир-бирингизга бардошли бўлинг»,— деб айтмаган, балки «севги билан», дея қўшиб қўйган. Бунинг фарқи бор. Жамоатларимизда Яҳова Ўзига жалб қилган турли инсонларни учратамиз. (Юҳан. 6:44) Яҳова уларни ўзига яқинлаштирган экан, демак уларни севади. Унда имондошимизни севгимизга нолойиқ деб ҳукм қилишга ҳаққимиз борми? Яҳова бизга севгини намоён қилишни амр этган экан, бундай қилишни орқага сурмаслигимиз даркор. (1 Юҳан. 4:20, 21)
ОХИРГИ ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК ҚАЧОН БЎЛАДИ?
15. Охирги Қутлуғ Кечлик бўлишини қаердан биламиз?
15 Куни келиб Қутлуғ Кечлик маросимини охирги маротаба нишонлаймиз. Буни қаердан биламиз? Павлус илоҳий илҳом остида Коринфдаги мойланган масиҳийларга йўллаган биринчи мактубида ҳар йили Исонинг ўлимини хотирлаб «Ҳазратимиз келгунига қадар унинг ўлимини эълон этган бўламиз», деб ёзган. (1 Кор. 11:26) Ушбу оятдаги «келиш» сўзи ва Исо замонанинг охири ҳақида башорат қилганида ўзининг «келиши» тўғрисида айтгани битта воқеага ишора қилади. Яқинда бўладиган буюк мусибат ҳақида у шундай айтганди: «Осмонда Инсон Ўғлининг аломати пайдо бўлади ва ер юзидаги барча қабилалар фиғон чекиб, кўксларига уришади. Шунда улар Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади. У [Исо] карнайнинг баланд овози билан фаришталарини юборади ва улар осмоннинг бир четидан иккинчи четига қадар, дунёнинг тўрт томонидан Аллоҳ танлаган кишиларни йиғишади». (Мат. 24:29–31) «Танлаган кишиларни йиғиш» ер юзида қолган барча мойланганлар самовий мукофотини олган пайтни билдиради. Ушбу воқеа буюк мусибатнинг илк босқичи ўтганидан сўнг, лекин Армагеддон жангидан аввал рўй беради. Шунда 144 000 мойланганларнинг барчаси Исо билан биргаликда ер юзидаги шоҳларни мағлуб қилишади. (Ваҳ. 17:12–14) Исо «келиб» мойланганларни осмонга йиғиб олишидан аввал ўтган Қутлуғ Кечлик охиргиси бўлади.
16. Нега бу йилги Қутлуғ Кечликка ташриф буюришга қатъий қарор қилдингиз?
16 Ушбу 2018 йил 31 март куни бўлиб ўтадиган Қутлуғ Кечликка ташриф буюришга қатъий қарор қилайлик. Қолаверса, имондошларимиз орасида бирликни сақлай олишимиз учун Яҳовадан ёрдам сўрайлик. (Забур 133:1 ни ўқинг.) Шуни ёдда тутингки, куни келиб сўнгги Қутлуғ Кечлик маросимини нишонлаймиз. Ҳозир эса бу маросимга ташриф буюриш учун қўлимиздан келганини қилайлик ва Қутлуғ Кечликда бўладиган ёқимли бирликни қадрлайлик.