29-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
121-ҚЎШИҚ Ўзни тиймоқ муҳимдир
Васвасага қарши туриш учун ҳамиша ҳушёр бўлинглар
Васвасага тушмаслик учун ҳушёр туриб, доим ибодат қилинглар. (МАТ. 26:41)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Гуноҳга қўл уришдан ва унга етакловчи қадамлардан қочиш учун нима қилиш кераклигини билиб оламиз.
1, 2. a) Исо шогирдларини нима деб огоҳлантирган? б) Нега шогирдлар Исони ташлаб кетишган? (Расмларга ҳам қаранг.)
«РУҲ тетик, тана эса заифдир». (Мат. 26:41б)a Бу сўзлар билан Исо биз номукаммал эканимизни ва хатолар қилишимизни тушунишини кўряпмиз. Бу сўзларда қуйидаги огоҳлантирув ҳам акс этган: ўзингизга ҳаддан ташқари ишонишдан эҳтиёт бўлинг. Исо буларни айтишдан бир неча соат олдин шогирдлар ундан ҳечам тонмаслигини ишонч билан айтишган. (Мат. 26:35) Уларнинг нияти тўғри бўлган. Лекин босим остида улар тезда заиф бўлиб қолиши мумкинлигини тушунишмаган. Шу сабабдан Исо уларни огоҳлантириб: «Васвасага тушмаслик учун ҳушёр туриб, доим ибодат қилинглар»,— деб айтган. (Мат. 26:41а)
2 Афсуски, шогирдлар ҳушёрликни йўқотишган. Исо ҳибсга олинганида, улар у билан қолишганми ёки қочиб кетиш васвасасига берилишганми? Ҳушёр туришмагани учун улар ҳеч қачон қилмаймиз деган ишни қилишган — Исони ташлаб кетишган. (Мат. 26:56)
3. a) Яҳовага содиқ бўлиб қолиш учун нега ўзимизга ҳаддан ташқари кўп ишонмаслигимиз лозим? б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Ўзимизга ҳаддан ташқари кўп ишонмаслигимиз керак. Тўғри, Яҳовани ранжитадиган ҳар қандай ишдан қочиш қароримиз қатъий. Лекин биз номукаммалмиз ва нотўғри йўл тутиш васвасасига осонликча берилишимиз мумкин. (Рим. 5:12; 7:21–23) Кутилмаганда гуноҳга етаклайдиган ва назаримизда қизиқдек туюлган вазиятга дуч келармиз. Биз Яҳовага ҳамда Унинг Ўғлига содиқ қолишни истаймиз. Бунинг учун Исонинг гуноҳга етакловчи васвасага қарши туриш борасидаги маслаҳатига амал қилишимиз лозим. Мазкур мақола бундай қилишимизга ёрдам беради. Келинг, аввалига қайси соҳаларда, айниқса, ҳушёр бўлишимиз кераклигини кўрайлик. Сўнг қай йўсин васвасаларга қарши туришимиз мумкинлигига диққат қаратайлик. Охирида эса қандай қилиб доим ҳушёр туришимиз мумкинлигини билиб олайлик.
ҲАМИША ҲУШЁР ТУРИНГ. ҚАЙСИ СОҲАЛАРДА?
4, 5. Нега ҳатто кичик гуноҳларга қарши туриш муҳим?
4 Ҳатто унча жиддий бўлмаган гуноҳлар Яҳова билан муносабатларимизга путур етказиши мумкин. Бунинг устига, улар оғирроқ гуноҳларга қўл уришимизга етаклаши ҳеч гап эмас.
5 Барчамиз гуноҳ қилиш васвасасига дуч келамиз. Ҳар биримизнинг заиф томонларимиз турлича. Шу боис муайян нарсалар бизни нотўғри йўл тутиш васвасасига кўпроқ тушириши мумкин. Масалан, кимдир жинсий ахлоқсизликка қўл уриш васвасаси билан курашаётгандир. Бошқаси мастурбация ёки порнография томоша қилиш каби нопок одатлар билан курашаётган бўлиши мумкин. Яна бошқаси эса одамлардан қўрқиш, ўзбилармонлик, жаҳлга берилиш ёки бошқа иллат билан кураш олиб бораётгандир. Ёқуб айтганидай, «ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади». (Ёқб. 1:14)
6. Нимада ростгўй бўлишимиз керак?
6 Қайси соҳада сиз осонликча васвасага берилишингиз мумкинлигини биласизми? Заифликларимизни тан олмаслик ёки ҳеч қачон гуноҳ қилмайман, деб ўйлаш жудаям хавфли. (1 Юҳан. 1:8) Унутмангки, Павлус айтганидай, ҳатто «маънан етук бўлган»лар ҳам ҳушёр бўлишмаса, васвасага берилиши мумкин. (Галат. 6:1) Ўзимиз билан ростгўй бўлишимиз ва заифликларимизни тан олишимиз лозим. (2 Кор. 13:5)
7. Нимага алоҳида диққат қаратишимиз даркор? Мисол келтиринг.
7 Қайси соҳаларда осонликча васвасага берилишимизни аниқлагач, нима қилишимиз керак? Васвасаларга қарши тура олишимиз учун зўр бериб ҳаракат қилишимиз лозим. Масалан, қадимда шаҳар деворларининг энг заиф қисми дарвозалар бўлган. Шунинг учун уларни қаттиқ қўриқлашган. Шу сингари, қайси соҳаларда айниқса заиф эканимизни билсак, уларга алоҳида диққат қаратишимиз лозим. (1 Кор. 9:27)
ҚАЙ ЙЎСИН ВАСВАСАГА ВА ГУНОҲГА ҚАРШИ ТУРА ОЛАМИЗ?
8, 9. Ҳикматлар 7-бобда тилга олинган йигит жиддий гуноҳга қўл урмаслик учун нима қила оларди? (Ҳикматлар 7:8, 9, 13, 14, 21)
8 Қай йўсин ўзимизни нотўғри иш қилишдан ҳимоялай оламиз? Ҳикматлар 7-бобда тилга олинган йигитнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик. У хулқ-атвори бузуқ аёл билан жинсий ахлоқсизлик қилган. 22-оятдан шуни кўряпмизки, ўша йигит унга «дарҳол» эргашган. Бироқ бундан олдин келтирилган оятлардан у аста-секин гуноҳга етаклаган бир нечта қадам қўйганини кўрсак бўлади.
9 Хўш, нима уни гуноҳга етаклаган? Аввалига, йигит оқшом пайти бузуқ аёл «турадиган кўчанинг бурилишидан ўт»ган. Кейин эса унинг уйи томон йўл олган. (Ҳикматлар 7:8, 9 ни ўқинг.) Сўнг у аёлни кўриб ҳам йўлидан қайтмаган. Аксинча, аёл уни ўпишига ва тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи экани ҳақидаги гапларни айтишига йўл қўйган. Балки аёл ўзини яхши кўрсатиш учун бу гапларни айтгандир. (Ҳикматлар 7:13, 14, 21 ни ўқинг.) Ўша йигит бундай аҳмоқликларни қилмаганида, нотўғри йўл тутиш васвасасидан қочган бўларди ва гуноҳга қўл урмасди.
10. Қандай қилиб бирон киши ўша йигит каби хатога йўл қўйиши мумкин?
10 Бу баёнот Яҳовага топинадиган ҳар қандай инсон билан нима рўй бериши мумкинлигини очиб беряпти. Одам жиддий гуноҳга қўл уриши, кейинроқ эса ҳаммаси «тезда» юз берди, деб ўйлаши мумкин. Ёки у бу қандай юз берганини билмай қолдим, деб айтар. Бироқ у аслида нималар бўлгани ҳақида ўйлаб кўрса, гуноҳга сабаб бўлган қадамлар қўйганини тушуниб етар. Эҳтимол, у Яҳовани севмайдиган кишилар билан дўстлашгандир ёки масиҳийларга тўғри келмайдиган веб-саҳифага киргандир ёки ўйин-кулги турини танлагандир ё бўлмасам қандайдир жойга боргандир. Балки у ибодат қилишни, Муқаддас Китобни ўқишни тўхтатгандир ёки учрашувларга бормай, хизматга чиқмай қўйгандир. Ҳикматларда тилга олинган йигитга ўхшаб у гуноҳга етаклайдиган кўпгина қарорлар чиқарган.
11. Гуноҳга қўл урмаслик учун нимадан қочишимиз керак?
11 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Биз нафақат гуноҳдан, балки унга етакловчи қадамлардан ҳам қочишимиз керак. Сулаймон йигит ва бузуқ аёл ҳақидаги воқеани келтиргач, бунга алоҳида урғу берган. У аёлни назарда тутиб: «Адашиб, унинг сўқмоқларига кириб қолманг»,— деб айтган. (Ҳик. 7:25) Сулаймон яна шундай деган: «Бундай аёлдан узоқроқ юр, уйининг остонасига яқин йўлама». (Ҳик. 5:3, 8) Ҳа, гуноҳга етакловчи вазиятлардан узоқроқ юриб, ўзимизни гуноҳ қилишдан ҳимоялай оламизb. Бу, умуман олганда, масиҳийлар учун тақиқланмаган, аммо васвасага солиши ва гуноҳга етаклаши мумкин бўлган вазиятлару ишлардан қочишни ҳам англатади. (Мат. 5:29, 30)
12. Аюб нима қилишга қатъий қарор қилган ва бу унга васвасага қарши туришга қандай кўмаклашган? (Аюб 31:1)
12 Гуноҳ қилишга сабаб бўладиган вазиятлардан қочиш учун ҳушёр бўлиш қароримиз қатъий бўлиши лозим. Аюб айнан шундай йўл тутган. У бошқа аёлга эҳтирос билан қарамаслик учун кўзлари билан «аҳд қилган». (Аюб 31:1 ни ўқинг.) Бу аҳдига мувофиқ йўл тутиш унга зино қилмасликка ёрдам берган. Биз ҳам васвасага сабаб бўладиган ҳар қандай нарсадан қочишга қатъий қарор қилишимиз лозим.
13. Нега фикрлаш тарзимизни ҳимоя қилишимиз керак? (Расмларга ҳам қаранг.)
13 Биз фикрлаш тарзимизни ҳимоя қилишимиз керак. (Чиқ. 20:17) Баъзилар «Ёмон хаёллар пайдо бўлса, уларни тасаввур қилишнинг ёмон жойи йўқ, ахир аслида буни қилмаяпман-ку», деб ўйлайди. Лекин бу хато фикр. Киши нотўғри истаги ҳақида қанча кўп ўйласа, уни қилиш истаги шунча кўп кучаяди. Бундай қилса, нотўғри иш қилмаслик қарорида туриш оғирроқ кечади. Албатта, баъзида ёмон хаёллар келиб туради. Бундай вазиятларда, энг муҳими, шу каби фикрларни рад этиб, уларнинг ўрнига яхши нарсалар ҳақида ўйлашдир. Шундай қилсак, ўзимизни оғир гуноҳга қўл уришдан ҳимоялаймиз. Чунки ёмон хаёллар кучли истакка айланишига йўл қўймаймиз. (Филип. 4:8; Колос. 3:2; Ёқб. 1:13–15)
14. Васвасага қарши туришга яна нима ёрдам бериши мумкин?
14 Васвасага берилмаслик учун яна нима қила оламиз? Худонинг қонунларига бўйсуниш бизга доим фойда келтиришига ишончимиз комил бўлиши лозим. Баъзида фикрларимизу истакларимиз Яҳова маъқул деб билган нарсаларга зид бўлиши мумкин. Лекин Унга маъқул келадиган ишларни қилишга жон куйдирсак, ички хотиржамликка эга бўламиз ва бу барча ҳаракатларимизга арзийди.
15. Нега тўғри йўл тутиш истаги васвасага қарши туришга ёрдам беради?
15 Биз тўғри истакларни ривожлантиришимиз керак. «Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни сев»ишни ўргансак, тўғри йўл тутиш ва гуноҳга етакловчи вазиятлардан қочиш қароримизни мустаҳкамлаймиз. (Амос 5:15) Бундан ташқари, тўғри истаклар хаёлимизга келмаган ёки олдини ололмаган вазиятларга дуч келганимизда, тўғри йўл тутиш қароримизда қатъий қолиш учун бизга куч беради.
16. Қандай қилиб маънавий ишлар ҳушёр бўлишимизга ёрдам бериши мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)
16 Қай йўсин тўғри истакларни ривожлантира оламиз? Имкон қадар маънавий ишлар билан банд бўлишимиз лозим. Жамоат учрашувларида бўлганимизда ёки хизматда юрганимизда, нотўғри йўл тутиш васвасасига осонликча берилмаймиз. (Мат. 28:19, 20; Иброн. 10:24, 25) Аксинча, Яҳовани мамнун қилиш истагимиз кучли бўлади. Худонинг Каломини ўқиш, тадқиқ қилиш ва устида мулоҳаза юритиш яхшиликни севиш ва ёмонликдан нафратланиш истагимизни кучайтиради. (Ёшуа 1:8; Заб. 1:2, 3; 119:97, 101) Исо шогирдларига: «Васвасага тушмаслик учун... доим ибодат қилинглар»,— деб айтганини ёдда сақланг. (Мат. 26:41) Ибодатда самовий Отамиз билан вақт ўтказар эканмиз, Унинг ёрдамини ҳис қиламиз ва Уни мамнун қилиш қароримиз қатъий бўлади. (Ёқб. 4:8)
ҲУШЁРЛИКНИ ЙЎҚОТМАНГ
17. Бутруснинг қайси заифлиги унинг муаммоси бўлиб қолган?
17 Эҳтимол, қайсидир камчиликларимиздан бутунлайин қутула олармиз. Аммо баъзи мойилликларимиз билан узоқ вақт давомида курашишимизга тўғри келади. Ҳаворий Бутруснинг мисолига эътибор беринг. У одамлардан қўрққани учун Исодан уч марта тонган. (Мат. 26:69–75) Кейинроқ эса Олий Кенгаш олдида жасорат ила шоҳидлик берганида, у қўрқувини енггандай бўлган. (Ҳавор. 5:27–29) Аммо йиллар ўтгач, «суннат қилинганлардан қўрқиб», Бутрус ўзга халқдан бўлган масиҳийлар билан қайсидир вақт мобайнида бирга овқат емай қўйган. (Галат. 2:11, 12) Ҳа, Бутрус яна қўрқувга берилганди. Балки, у ҳеч қачон бу заифлигидан бутунлайин қутула олмаган.
18. Баъзи нотўғри мойилликлар билан нима бўлиши мумкин?
18 Биз ҳам шундай вазиятга дуч келишимиз мумкин. Қанақасига? Биз енгдим деб ўйлаган мойиллик яна ўша ишни қилиш васвасасига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, битта биродар шундай деди: «Ўн йил давомида порнография томоша қилмадим ва ундан қутулганимга ишончим комил эди. Лекин заифлигим яшириниб, қулай пайтни кутаётган ёввойи ҳайвонга ўхшарди». Яхшиямки, у бу васвасага берилмади. Биродаримиз ушбу заифлиги билан курашиш учун ҳар куни, эҳтимол, бу ёвуз дунёнинг охиригача ҳаракат қилиши кераклигини тушунди. У хотинининг ва жамоатидаги оқсоқолларнинг ёрдами билан порнографияга қарши туриш учун жиддий чоралар кўрди.
19. Енга олмаган заифликка қай йўсин қарши тура оламиз?
19 Нотўғри йўл тутишимизга сабаб бўлаётган заифлигимизни енгиш учун нима қилсак бўлади? Исонинг васвасага тушмаслик учун «ҳушёр тури»ш маслаҳатига амал қилсак бўлади. Ҳатто ўзингизни кучли ҳис қилган пайтларда ҳам васвасага солувчи вазиятлардан қочишда давом этинг. (1 Кор. 10:12) Муваффақиятга эришишга ёрдам берган чораларни қўллашдан тўхтаманг. Ҳушёрликни йўқотмай, васвасага тушмаслик учун доим «жон куйдиринг». (2 Бутр. 3:14)
ҲУШЁР БЎЛИШНИНГ МУКОФОТИ
20, 21. a) Васвасага қарши туришда давом этсак қандай мукофотга эга бўламиз? б) Васвасага қарши туришга интилсак, Яҳова биз учун нима қилади? (2 Коринфликларга 4:7)
20 Ҳушёр бўлиб, васвасага қарши туриш учун қиладиган ҳаракатларимиз арзигулик! Гуноҳ қилсак, бу «вақтинчалик ҳузур-ҳаловат» келтириши мумкин. Лекин Яҳова истаганидек ҳаёт кечирсак, анча бахтлироқ бўламиз. (Иброн. 11:25; Заб. 19:8) Сабаби Яҳованинг иродасини бажариш учун яратилганмиз. (Ибт. 1:27) Шундай экан, Худога маъқул тарзда ҳаёт кечирсак, тоза виждон туфайли ўзимизни яхши ҳис қиламиз ва куни келиб абадий яшашимиз мумкин. (1 Тим. 6:12; 2 Тим. 1:3; Яҳд. 20, 21)
21 Тўғри, «тана заифдир». Аммо бу чорасиз эканимизни англатмайди. Яҳова биз муҳтож бўлган кучни беришга тайёр. (2 Коринфликларга 4:7 ни ўқинг.) Эътибор беринг, Худо берадиган куч инсонларникидан устундир. Лекин васвасага қарши туриш учун аввал ўзимиз қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз лозим. Ўз томонимиздан ҳаракат қилсак, куч сўраб Яҳовага ибодат қилганимизда, У жавоб беришига амин бўлишимиз мумкин. (1 Кор. 10:13) Ҳа, Яҳованинг кўмаги билан доим ҳушёр туриб, васвасага қарши кураша оламиз.
47-ҚЎШИҚ Ҳар куни Яҳовага дуо қил
a ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Матто 26:41 даги «руҳ» сўзи остида бизни муайян тарзда ҳис қилишга ёки йўл тутишга ундайдиган ичимиздаги куч назарда тутилади. «Тана» эса бу бизнинг номукаммал гуноҳкорлигимизни англатади. Шу боис гоҳида ҳатто тўғри йўл тутишни истасак ҳам, эҳтиёт бўлмасак, номукаммал туйғуларимизга берилишимиз ва нотўғри иш қилишимиз мумкин.
b Жиддий гуноҳга қўл урган инсон фойдали маълумотни «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 57-дарсидаги 1–3-параграфларида ва «Қўриқчи минораси» журналининг 2020 йил ноябрь сонида келтирилган «Кўзларинг... тўғрига боқсин» номли мақоланинг 27–29-саҳифаларидаги 12–17-хатбошиларидан топиши мумкин.
c РАСМГА ШАРҲ. Биродар эрталаб кунлик оятни, тушликда эса Муқаддас Китобни ўқиётгани ва ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувга боргани кўрсатилган.