30-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
36-ҚЎШИҚ Қалбингизни асранг
Исроил шоҳларидан муҳим сабоқлар
Одил киши билан ёвуз киши, Худога хизмат қилаётган киши билан Унга хизмат қилмаётган киши ўртасидаги фарқни яна кўрасизлар. (МАЛ. 3:18)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Яҳова Исроил шоҳларига қандай нуқтаи назарда бўлганини кўриб чиқиш орқали У бугунги кунда биздан нимани кутаётганини билиб оламиз.
1, 2. Муқаддас Китобда Исроилдаги баъзи шоҳлар тўғрисида нима дейилган?
МУҚАДДАС КИТОБДА Исроилда бошқарган 40 дан зиёд шоҳнинг исми тилга олинганa. Бу баёнотларда уларнинг айримлари қилган ишлар батафсил ва холисона ёритилган. Масалан, ҳатто яхши шоҳлар қандайдир ёмон ишларга қўл урган. Шоҳ Довуд бунга мисол бўла олади. Яҳова у ҳақда: «[Хизматкорим Довуд] амрларимга риоя этиб, фақат Менга маъқул бўлган ишларни қилган ва бутун қалби билан йўлларимдан юрган эди»,— деб айтган. (3 Шоҳ. 14:8) Аммо у турмуш қурган аёл билан жинсий ахлоқсизлик қилган ва унинг эри урушда ўлдирилишини уюштирган. (2 Шоҳ. 11:4, 14, 15)
2 Бошқа тарафдан кўпгина садоқатсиз шоҳлар айрим яхши ишлар қилган. Масалан, Рахабом. У Яҳованинг назарида «ёмон ишларга қўл урди». (2 Сол. 12:14) Лекин Яҳова Рахабомга Исроилнинг ўнта қабиласига қарши чиқмай, улар бошқа шоҳни танлашига йўл қўйишни айтганида, у бу амрга бўйсунган. Бундан ташқари, Рахабом Худонинг халқини душманлардан ҳимоя қилиш ниятида шоҳлигидаги кўп шаҳарларни мустаҳкамлаган. (3 Шоҳ. 12:21–24; 2 Сол. 11:5–12)
3. Қандай муҳим савол туғиляпти ва бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
3 Муҳим савол юзага келяпти. Агар Исроил шоҳлари ҳам яхши, ҳам ёмон ишлар қилган бўлса, Яҳова нима асосида шоҳ садоқатли ё садоқатсиз эканини аниқлаган? Бу саволга жавоб топиш Яҳова биздан нима кутаётганини тушунишимизга ёрдам беради. Яҳова Исроил шоҳларини баҳолаганида инобатга олган қуйидаги учта омилни: уларнинг қалб ҳолати, тавба қилгани ва ҳақ топиниш тарафини эгаллаганини муҳокама қиламиз.
ЯҲОВАНИ БУТУН ҚАЛБИНГИЗ БИЛАН СЕВИНГ
4. Садоқатли ва садоқатсиз шоҳлар орасида қандай битта фарқ бўлган?
4 Яҳовани мамнун қилган шоҳлар Унга бутун қалби билан топинганb. Масалан, яхши шоҳ Ёҳушафат «Яҳовани бор қалби билан излаган». (2 Сол. 22:9) Йўшиё ҳақида эса илоҳий илҳом остида: «Ундан олдин ҳам, кейин ҳам, у каби бутун қалби, бутун жони ва бутун қуввати билан Яҳовага [қайтган шоҳ бўлмади]»,— деб айтилган. (4 Шоҳ. 23:25) Ёши ўтгач ёмон ишларга қўл урган Сулаймон ҳақида-чи, нима дейилган? «[У] бутун қалби билан Тангриси Яҳовага боғланмади» дейилган. (3 Шоҳ. 11:4) Садоқатсиз бошқа шоҳ Абуём ҳақида эса Муқаддас Китобда: «У бутун қалби билан Худоси Яҳовага хизмат қилмади»,— деб ёзилган. (3 Шоҳ. 15:3)
5. Яҳовага бутун қалб билан хизмат қилиш нимани англатишини тушунтиринг.
5 Хўш, Яҳовага бутун қалб билан хизмат қилиш нимани англатади? Бутун қалби билан топинадиган инсон шунчаки мажбур бўлгани учунгина бундай қилмайди. Аксинча, у Худони қаттиқ севгани ва эҳтиром ҳиссини туйгани учун Унга хизмат қилади. Қолаверса, у бутун ҳаёти давомида бундай севги ва эҳтиром ҳиссини намоён этади.
6. Қандай қилиб қалбимиз бутун бўлишига ҳисса қўша оламиз? (Ҳикматлар 4:23; Матто 5:29, 30)
6 Қай йўсин қалбини бутун сақлай олган шоҳларнинг ўрнагига эргаша оламиз? Ёмон таъсирдан қочишимиз лозим. Масалан, зарарли ўйин-кулги, Яҳовани севмайдиган одамлар билан дўстлашиш ва молпарастлик қалбимизни бўлиши мумкин. Нимадир Яҳовага бўлган севгимизни сусайтиришни бошлаганини тушунсак, ундан қутулиш учун зудлик билан ҳаракат қилайлик. (Ҳикматлар 4:23; Матто 5:29, 30 ни ўқинг.)
7. Нега ёмон таъсирдан йироқлашишимиз керак?
7 Қалбимиз бўлинишига йўл қўймаслигимиз керак. Эҳтиёт бўлмасак, маънавий ишларда кўпроқ қатнашсак зарарли таъсирни рад этишимизга ҳожат йўқ, деб ўзимизни алдашимиз мумкин. Масалан, изғирин совуқда кўчада эканингизни тасаввур қилинг. Уйга келгач, иситгични ёқасиз. Агар эшикни очиқ қолдирсангиз, ундан қанчалик фойда оласиз? Совуқ ҳаво дастидан уйингиз тезда совиб қолади. Демак, Яҳова билан муносабатларимизни иситадиган маънавий озуқани қабул қилишдан кўпроғини қилишимиз керак. Бу дунёнинг совуқ «ҳаво»си — Худога зид фикрлаш тарзи қалбимизга кириб, уни бўлмаслиги учун зарарли таъсирларга эшикни ёпишимиз даркор. (Эфес. 2:2)
УЛАР ГУНОҲЛАРИДАН ТАВБА ҚИЛГАН
8, 9. Шоҳ Довуд ва шоҳ Ҳизқиё танбеҳ олишганда, ўзини қандай тутишган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
8 Юқорида айтилганидай, шоҳ Довуд жиддий хатолар қилган. Аммо Натан пайғамбар Яҳова унинг гуноҳи дастидан нималарни ҳис қилаётганини айтганида, Довуд камтарлик ила тавба қилган. (2 Шоҳ. 12:13) Забурнинг 51-саносида ёзган сўзларидан у чин дилдан тавба қилганини кўряпмиз. Довуд Натанни лақиллатиш ёки жазодан қочиш учун ўзини шунчаки афсусланаётгандай кўрсатмаган. (Заб. 51:3, 4, 17, сўзбоши)
9 Шоҳ Ҳизқиё ҳам Яҳовага қарши гуноҳ қилган. Муқаддас Китобда: «Ҳизқиё мағрурланиб кетиб, унга қилинган яхшиликнинг қадрига етмади. Шу боис, ўзини, Яҳудо ва Қуддусни Тангрининг қаҳр-ғазабига дучор қилди»,— деб айтилган. (2 Сол. 32:25) Хўш, Ҳизқиё нега мағрурланиб кетди? Балки у бойлиги, оссурияликлар устидан қозонган ғалабаси ёки касалликдан мўъжизавий тарзда шифо топгани учун ўзини бошқалардан яхшироқ, деб билгандир. Эҳтимол, мағрурланиб кетгани учун у бобилликларга барча бойликларини кўрсатган ва оқибатда Ишаё пайғамбар унга танбеҳ берган. (4 Шоҳ. 20:12–18) Лекин Довуд каби Ҳизқиё ҳам камтарлик ила тавба қилган. (2 Сол. 32:26) Натижада Яҳова бу шоҳни «тўғри ишлар қил»ган деб билган. (4 Шоҳ. 18:3)
10. Шоҳ Эмозиёни тузатишганда, у буни қандай қабул қилган?
10 Довуд ва Ҳизқиёдан фарқли равишда Эмозиё тўғри ишлар қилган, лекин у «сидқидилдан хизмат қилма»ган. (2 Сол. 25:2) Хўш, у қандай хатога йўл қўйган? Яҳова унга эдомликларни мағлуб қилишга ёрдам берганидан кейин Эмозиё уларнинг худоларига сажда қилганc. Сўнг эса Яҳова пайғамбари орқали Эмозиёга гапирганида, у умуман қулоқ солмаган ва уни жўнатиб юборган. (2 Сол. 25:14–16)
11. Яҳова бизни кечириши учун нима қилишимиз керак? (2 Коринфликларга 7:9, 11) (Расмларга ҳам қаранг.)
11 Бу мисоллардан қандай сабоқ оляпмиз? Гуноҳларимиздан тавба қилишимиз ва уларни қайтармаслик учун жон куйдиришимиз керак. Бизга унча муҳим эмасдай туюлган масалаларда оқсоқоллардан маслаҳат олсак-чи? «Яҳова ёки оқсоқоллар бизга қарши чиқяпти» деб ўйламаслигимиз лозим. Ҳатто Исроилнинг яхши шоҳлари ҳам маслаҳат ва танбеҳ олган. (Иброн. 12:6) Бизни тўғрилашганида, 1) камтарлик намоён этишимиз, 2) керакли ўзгаришлар қилишимиз ва 3) Яҳовага бутун қалбимиз билан хизмат қилишга интилишимиз керак. Гуноҳларимиздан тавба қилсак, Яҳова бизни кечиради. (2 Коринфликларга 7:9, 11 ни ўқинг.)
УЛАР ҲАҚ ТОПИНИШ ТАРАФИНИ ЭГАЛЛАГАН
12. Садоқатли шоҳлар айниқса нимаси билан ажралиб туришган?
12 Яҳова садоқатли деб ҳисоблаган шоҳлар ҳақ топиниш тарафини эгаллаган. Улар фуқароларини ҳам худди шундай йўл тутишга ундаган. Албатта, кўриб чиққанимиздай, бу шоҳларнинг камчиликлари бўлган, аммо улар Яҳовага мутлақ садоқат намоён этган ва юртни бутпарастликдан тозалаш учун жон-жаҳди билан курашганd.
13. Нега Яҳова шоҳ Ахабни садоқатсиз деб топган?
13 Яҳова садоқатсиз деб топган шоҳлар ҳақида нима деса бўлади? Албаттаки, улар қилган ҳамма ишлар ҳам ёмон бўлмаган. Масалан, ёвуз шоҳ Ахаб Навўт у туфайли ўлдирилганини эшитганида, қайсидир маънода камтарлик кўрсатган ва ғам чеккан. (3 Шоҳ. 21:27–29) Бундан ташқари, у шаҳарлар қурган ва Исроилнинг душманлари устидан ғалаба қозонган. (3 Шоҳ. 20:21, 29; 22:39) Лекин Ахаб хотинининг таъсири остида сохта топинишни олға сурган. Бу иши учун у ҳеч қачон тавба қилмаган. (3 Шоҳ. 21:25, 26)
14. a) Нега Яҳова шоҳ Рахабомни садоқатсиз деб топган? б) Садоқатсиз шоҳларнинг аксарияти қандай нотўғри иш қилган?
14 Яна бир садоқатсиз шоҳ Рахабомнинг мисолини олайлик. Юқорида айтиб ўтилганидай, у бошқаруви давомида анчагина яхши ишлар қилган. Аммо шоҳлиги мустаҳкамлангач, у Яҳованинг қонунига бўйсунмай сохта худоларга сажда қила бошлаган. (2 Сол. 12:1) Кейин эса у икки ўт орасида қолган, яъни баъзида Яҳовага топинган, баъзида эса сохта худоларга сажда қилган. (3 Шоҳ. 14:21–24) Рахабом ва Ахаб ҳақ Худодан узоқлашган ягона шоҳлар эмас. Аслида садоқатсиз шоҳларнинг аксарияти сохта худоларга сажда қилган ва бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга ундаган. Шуниси аниқки, шоҳни яхши ёки ёмон деб аниқлашда у ҳақ топиниш тарафини эгаллагани Яҳова учун асосий омил бўлган.
15. Нега ҳақ топиниш томонида бўлишимиз Яҳова учун муҳим?
15 Нега топиниш масаласи Яҳова учун шунчалик муҳим бўлган? Сабабларидан бири, шоҳлар ҳақ топинишда Худонинг халқини етаклаш учун масъул эди. Бундан ташқари, сохта топиниш жиддий гуноҳларга ва адолатсизликка сабаб бўлган. (Ҳўш. 4:1, 2) Шунингдек, шоҳлар ва уларнинг фуқаролари Яҳовага бағишланган эди. Шу боис сохта топинишга аралашиш хиёнат билан солиштирилган. (Ерм. 3:8, 9) Киши хиёнат қилганида, турмуш ўртоғининг қалби тилка-пора бўлади. Шунга ўхшаб Яҳовага бағишланган хизматчи сохта топинишга аралашса, Унинг қалбини тилка-пора қилади. (Қонун. 4:23, 24)e
16. Яҳованинг назарида инсон айниқса нима туфайли одил ёки ёвуз бўлиши мумкин?
16 Хўш, қандай сабоқ оляпмиз? Шубҳасизки, сохта топинишдан қочиш қароримиз қатъий бўлиши керак. Аммо шу билан бирга, ҳақ топиниш тарафини эгаллашимиз ва унда фаол бўлишимиз лозим. Малаки пайғамбар нима туфайли киши Яҳованинг назарида яхши ёки ёмон бўлишини очиқчасига айтган. У шундай деб ёзган: «Худога хизмат қилаётган киши билан Унга хизмат қилмаётган киши ўртасидаги фарқни яна кўрасизлар». (Мал. 3:18) Шундай экан, ҳеч нарса, ҳатто номукаммаллигимизу хатоларимиз Яҳовага хизмат қилишни тўхтатишимизга сабаб бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. Дарҳақиқат, Худога хизмат қилишни тўхтатишнинг ўзи жиддий гуноҳдир.
17. Нега турмуш ўртоқ танлаётганда эҳтиёткор бўлишимиз лозим?
17 Борди-ю, турмуш қуриш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз-чи? Малаки пайғамбарнинг Худога хизмат қилиш борасидаги сўзлари турмуш ўртоқни танлашингизга таъсир қиладими? Кишида қандайдир чиройли хислатлар бордир, лекин у ҳақ Худога хизмат қилмаса, уни Яҳованинг назарида одил инсон деб бўладими? (2 Кор. 6:14) Турмуш ўртоқ сифатида у сизга маънавий тарафдан ижобий таъсир қиладими? Ўйлаб кўринг: шоҳ Сулаймоннинг бутпараст хотинларида қандайдир фазилатлар бўлгандир. Аммо улар Яҳовага топинмаган ва бора-бора Сулаймоннинг қалбини ҳам сохта топинишга оғдирган. (3 Шоҳ. 11:1, 4)
18. Ота-оналар болаларига нималарни ўргатиши керак?
18 Азиз ота-оналар, Муқаддас Китобдаги баёнотлар ёрдамида фарзандларингизга Яҳовага хизмат қилиш истагини пайванд қилинг. Уларга Яҳова асосан шоҳ ҳақ топинишни олға сурганига қараб, уни яхши ёки ёмон деб ҳисоблаганини тушунишларига кўмаклашинг. Ўрнагингиз билан маънавий ишлар, масалан, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, йиғилишларга бориш ва хизматда қатнашиш ҳамма ишлардан муҳим эканини уларга кўрсатинг. (Мат. 6:33) Акс ҳолда, болаларингиз Яҳованинг Шоҳиди бўлиш бу шунчаки «оилавий динга» эътиқод қилиш деган хулосага келади. Оқибатда улар ҳақ топинишни иккинчи ўринга қўйиши ёки ҳатто ундан бутунлайин юз ўгириши мумкин.
19. Яҳовага хизмат қилмай қўйган ҳар кимда қандай умид бор? («Яҳовага қайтишингиз мумкин!» номли рамкага ҳам қаранг.)
19 Киши Яҳовага хизмат қилишни тўхтатса, у умидни йўқотадими? Асло! Чунки у тавба қилиши ва ҳақ топинишга қайтиши мумкин. Бунинг учун у мағрурлигини четга суриши ва жамоат оқсоқолларидан ёрдамни қабул қилиши керак. (Ёқб. 5:14) Яна Яҳованинг дўсти бўлиш ҳар қандай ҳаракатга арзийди!
20. Садоқатли шоҳларга тақлид қилсак, Яҳова бизга қандай нуқтаи назарда бўлади?
20 Хўш, Исроил шоҳларидан қандай сабоқлар олдик? Агар бутун қалбимиз билан Яҳовани севсак, садоқатли шоҳларга тақлид қилган бўламиз. Келинг, хатоларимиздан сабоқ олайлик, тавба қилайлик ва керакли ўзгаришларни киритайлик. Бундан ташқари, ҳақ топиниш ва фақатгина ҳақ Таоло тарафида бўлиш муҳимлигини унутмайлик. Яҳовага содиқ бўлиб қолсангиз, у сизни тўғри ишлар қиладиган инсон деб билади.
45-ҚЎШИҚ Қалбим ўйлари
a Бу мақоладаги «Исроил шоҳлари» ибораси Яҳованинг халқини бошқарган барча шоҳларни англатади. Улар Яҳудонинг иккита қабиласи, Исроилнинг ўнта қабиласи ёки 12 та қабиланинг ҳаммаси устидан бошқаришган.
b ИБОРА МАЪНОСИ. Муқаддас Китобда кўпинча «қалб» сўзи одамнинг тўлиқ ички ҳолатини, жумладан, хоҳиш-истакларини, фикрларини, феъл-атворини, нуқтаи назарини, қобилиятларини, ниятларини ва мақсадларини ўз ичига олади.
c Ҳойнаҳой, бу забт этилган халқларнинг худоларига сажда қилган бутпараст шоҳлар орасидаги одат бўлган.
d Шоҳ Осо оғир гуноҳлар қилган. (2 Сол. 16:7, 10) Лекин Каломда айтилишича, у Яҳованинг назарида яхши ишлар қилган. Гарчи у бошида уни тузатишганини рад этган бўлса ҳам, кейинчалик тавба қилганга ўхшайди. Хатоларига қараганда унинг яхши томонлари кўпроқ эди. Шуниси қизиқки, Осо фақат Яҳовага топинган ва шоҳлигида бутпарастликни йўқ қилишга интилган. (3 Шоҳ. 15:11–13; 2 Сол. 14:2–5)
e Кўряпмизки, Яҳовага топиниш жуда муҳим бўлган, чунки Мусонинг Қонунидаги иккита амр бўйича Яҳовага топинишдан ташқари, бирор кимга ёки нарсага сажда қилиш ман этилган. (Чиқ. 20:1–6)
f РАСМЛАРГА ШАРҲ. Ёш оқсоқол биродарнинг спиртли ичимликларни ичиш борасидаги одатлари масаласида ташвишланаётганини айтяпти. Ўша биродар маслаҳатни қабул қилиб, керакли ўзгаришлар қилди ва Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этди.