ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Тинка-мадорим қуримаслиги учун нима қилсам бўлади?
Тинка-мадорингиз қуриган пайтлар бўлганми? Агар шундай бўлса, бу мақола сиз учун!
Нега бу юз беради?
Жуда банд бўлиш. 21 ёшли Жулия шундай деди: «Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида яхшироқ меҳнат қилишда, ўз устимиздан ишлашда, юксак мақсадлар сари интилишда ва аълороқ натижаларга эришишда тўхтамаслигимиз кераклиги таъкидланади. Бундай босим остида бўлиш осон эмас».
Электрон қурилмалар. Смартфон, планшет ва бошқа қурилмалар туфайли ҳафтада деярли етти кун, кунида 24 соат алоқада бўлиш мумкин. Бу стресс туғдириши, вақт ўтиб эса тинка-мадоримиз қуришига олиб келиши ҳеч гап эмас.
Уйқу етишмаслиги. «Ўқиш, иш ва дам олишга вақт кетказиб кўп ёшлар эрта туриб, кеч ётади. Бу уларни қопқонга туширгандай бўлади»,— деб айтди 24 ёшли Миранда. Бу одатда одамнинг силласи қуришига етаклайди.
Нимага бу жиддий масала?
Муқаддас Китобга кўра, меҳнатсевар бўлишимиз лозим. (Ҳикматлар 6:6–8; Римликларга 12:11) Лекин бу, ҳаётимизнинг бошқа соҳаларига, жумладан, соғлигимизга путур етгунча ишлашимиз кераклигини англатмайди.
«Бир сафар кун бўйи ҳар хил ишларни қилиб ҳеч нарса емаганимни пайқаб қолдим. Ҳар бир ишга рози бўлиб, соғлигимни қурбон қилиш яхши эмаслигини тушундим». (Эшли)
Шунинг учун, Муқаддас Китобда: «Тирик ит ўлган шердан яхшироқ»,— деб ёзилган. (Воиз 9:4) Ҳаддан ортиқ серҳаракат бўлиб худди шердай кучлиман деб ўйлашингиз мумкин, аммо бу вақтинча. Чунки тинка-мадорингиз қуриса, соғлигингизга зарар етиши мумкин.
Қандай йўл тутишингиз мумкин?
Таклифни рад этишга ўрганинг. Муқаддас Китобда: «Камтарларга эса донолик хосдир»,— дейилган. (Ҳикматлар 11:2) Камтар киши ўз ҳаддини билиб, ҳаддан ташқари кўп ишни ўзига олмайди.
«Кўпинча таклифни рад эта олмайдиган, сўралган ҳар бир ишни қилишга ҳаракат қиладиган кишининг тинка-мадори қурийди. Бу камтаринлик етишмаслигининг белгисидир. Эртами-кеч, бундай кишининг силласи қурийди». (Жордан)
Етарлича дам олинг. Муқаддас Китобда: «Бир ҳовуч ором, икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан яхшироқдир»,— деган маслаҳат бор. (Воиз 4:6) Бекорга уйқуни «мия учун озуқа» деб аташмайди. Аммо кўп ўсмирлар улар муҳтож бўлган вақт давомида, яъни ҳар куни 8–10 соат ухламайди.
«Жадвалим ниҳоятда тўлиб кетганда, камроқ ухлашимга тўғри келади. Лекин гоҳида кўпроқ ухлаш, кейинги куни самаралироқ ишлашим ва ўзимни бахтлироқ ҳис этишим учун етарли эканини пайқаганман». (Бруклин)
Тартибли бўлинг. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5) Вақтингиз ва ишларингизни тўғри режалаштиришни ўргансангиз, бутун умр фойда кўрасиз.
«Режа тузиб кераксиз стрессдан ҳоли бўласиз. Жадвалингиз қўл остингизда бўлса, керакли ўзгаришларни киритиш осонроқ бўлади. Бу туфайли эса тинка-мадорингиз қуримайди». (Ванесса)