4- БОБ
Нега ҳокимиятга ҳурмат кўрсатиш керак?
Ҳар турли инсонларни ҳурмат қилинглар, имондошларингизни севинглар, Аллоҳдан қўрқинглар, шоҳга ҳурмат кўрсатинглар. 1 БУТРУС 2:17
1, 2. а) Кимнинг йўл-йўриғига амал қилишимиз керак? б) Мазкур бобда қайси саволларни кўриб чиқамиз?
БОЛАЛИГИНГИЗДА ота-онангиз сизга ёқмайдиган бирорта ишни қилишни сўрагандир. Ота-онангизни яхши кўрганингиз учун уларга қулоқ солиш кераклигини билгансиз. Шундай бўлса-да, уларга итоат этиш доим ҳам осон кечмагандир.
2 Самовий Отамиз Яҳова бизни яхши кўришини биламиз. У бизга ғамхўрлик қилади ва ҳаётдан завқ олиб яшашимиз учун барча нарсани тақдим этяпти. Муваффақиятли бўлишимиз учун керакли йўл-йўриқни беряпти. Баъзида У бошқа инсонлар орқали бизга йўл кўрсатади. Биз Яҳованинг ҳокимиятига ҳурмат кўрсатишимиз керак. (Ҳикматлар 24:21) Аммо нега баъзида йўл-йўриққа амал қилиш қийин? Нега Яҳова биздан уларга бўйсунишимизни кутади? Унинг ҳокимиятини ҳурмат қилаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? (9- иловага қаранг.)
НИМА УЧУН ҲУРМАТ КЎРСАТИШ ҚИЙИН?
3, 4. Қандай қилиб одамлар номукаммал бўлиб қолишди? Нега бошқалардан йўл-йўриқни қабул қилиш қийин кечади?
3 Биз инсонларда исёнкорликка мойиллик бор. Бунга илк эркак ва аёл, яъни Одамато билан Момоҳавонинг гуноҳ қилгани сабабчи. Гарчи улар мукаммал қилиб яратилган бўлишса-да, Худонинг ҳокимиятига қарши исён кўтаришган. Ўшандан буён барча инсонлар номукаммал бўлиб туғилмоқда. Шунинг учун Яҳовага ҳамда одамларга қулоқ солишимиз қийин кечиши мумкин. Яна бир сабаб эса бизга йўл-йўриқ бераётган инсонларнинг ўзи ҳам номукаммал. (Ибтидо 2:15–17; 3:1–7; Забур 51:5; Римликларга 5:12)
4 Номукаммал бўлганимиз учун мағрурликка мойилмиз. Мағрурлик йўл-йўриқни қабул қилишимизга тўсқинлик қилади. Мисол учун, қадимда Яҳова халқи бўлмиш Исроилни етаклаш мақсадида Мусони танлаган эди. Яҳовага кўп йиллардан бери хизмат қилган Кўрах исмли киши мағрурликка берилиб, Мусога ҳурматсизлик кўрсатган. Мусо Худонинг халқига бошчилик қилган бўлса-да, мағрур инсон эмас эди. Аксинча, у ўша пайтда яшаган инсонларнинг энг камтарини деб таърифланган. Аммо Кўрах Мусонинг йўл-йўриғини қабул қилмаган. У ҳатто катта оломонни ўзига оғдириб, Мусога қарши исён кўтарган. Кўрах ва унинг тарафдорлари билан нима юз берган? Улар ҳаётидан маҳрум бўлган. (Саҳрода 12:3; 16:1–3, 31–35) Муқаддас Китобда мағрурлик хавфли эканини кўрсатувчи кўпгина мисоллар бор. (2 Солномалар 26:16–21; 10- иловага қаранг.)
5. Қандай қилиб айрим одамлар ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилишган?
5 Эҳтимол, «ҳокимият одамни бузади» деган иборани эшитгандирсиз. Тарих мобайнида кўп одамлар ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилишган. (Воиз 8:9 ни ўқинг.) Мисол учун, Яҳова Шоулни Исроилнинг шоҳи этиб тайинлаганида, у яхши ва камтарин инсон эди. Бироқ у қалбида мағрурлик ва ҳасад илдиз отишига йўл қўйди. Натижада, у беайб бўлган Довудни таъқиб қилди. (1 Шоҳлар 9:20, 21; 10:20–22; 18:7–11) Кейинчалик тахтга Довуд ўтирган ва у Исроилда ҳукм сурган энг яхши шоҳлардан бири бўлган. Лекин вақт ўтиб, ҳатто Довуд ҳам ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилган. У Уриё исмли кишининг хотини Ботшева билан зино қилган ва гуноҳини яшириш мақсадида Уриёни ўлдириш учун жангга юборган. (2 Шоҳлар 11:1–17)
НЕГА ЯҲОВАНИНГ ҲОКИМИЯТИНИ ҲУРМАТ ҚИЛАМИЗ?
6, 7. а) Яҳовага бўлган севгимиз нима қилишга ундайди? б) Қийин пайтда ҳам итоаткор бўлишимизга нима ёрдам беради?
6 Яҳовани яхши кўрганимиз учун Унинг йўл-йўриқларига бўйсунамиз. Яҳовани ҳар нарсадан ва ҳар кимдан кўпроқ яхши кўрганимиз туфайли Уни хурсанд қилишни истаймиз. (Ҳикматлар 27:11; Марк 12:29, 30 ни ўқинг.) Илк жуфтлик Адан боғида яшаганидан буён, Шайтон одамларда Яҳованинг ҳокимиятига нисбатан шубҳа уйғотишга уриниб келяпти. Шайтон бизга «Нима қилиш кераклигини айтишга Яҳованинг ҳаққи йўқ» деган фикрни сингдирмоқчи бўлади. Аммо бу ёлғон эканини биламиз. Биз мана бу сўзларга қўшиламиз: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг». (Ваҳий 4:11)
7 Кичиклигингизда ота-онангиз уларга қулоқ солишингиз кераклигини ўргатишган. Бироқ баъзида уларга бўйсунишингиз қийин кечгандир. Шунга ўхшаб Яҳованинг хизматчиларига ҳам баъзан итоаткорликни намоён этиш осон бўлмаслиги мумкин. Лекин Яҳовани севиб ҳурмат қилганимиз боис, Унга қўлимиздан келганча итоат этишга интиламиз. Бу борада бизга Исо ўрнак кўрсатган. У оғир ва ноқулай пайтда ҳам Яҳовага итоат этган. Шунинг учун Исо Отасига: «Мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандек бўлсин»,— дея олган. (Луқо 22:42; 11- иловага қаранг.)
8. Яҳова бизга қандай усуллар билан йўл-йўриқ беради? («Маслаҳатга қулоқ солинг» номли рамкага қаранг.)
8 Бугунги кунда Яҳова бизга турли усуллар билан йўл-йўриқ беради. Масалан, У бизга Муқаддас Китобни, жамоат оқсоқолларини берган. Яҳова бизга йўл кўрсатиш учун танлаган кишиларни ҳурмат қилсак, Унинг ҳокимиятига ҳурмат кўрсатган бўламиз. Агар уларнинг ёрдамини рад этсак, бу билан Яҳовани рад этган бўламиз. Исроилликлар Мусодан юз ўгиришганида, Яҳова бунга жиддий қараган ва халқ Уни рад этди деб ҳисоблаган. (Саҳрода 14:26, 27; 12- иловага қаранг.)
9. Қандай қилиб севги фазилати бизни йўл-йўриққа амал қилишга ундайди?
9 «Раҳбарликни ўз зиммасига олганларни» ҳурмат қилсак, биродару опа-сингилларимизни ҳам севишимизни кўрсатамиз. Мана бу мисол ҳақда бир ўйлаб кўринг. Табиий офат юз берганда, қутқарувчилар гуруҳи имкон борича кўпроқ одамларни қутқариш учун елкама-елка ҳамкорлик қилишади. Гуруҳ самарали фаолият юритиши учун кимдир уни ташкиллаштириши ва гуруҳнинг ҳар бир аъзоси берилган йўл-йўриққа амал қилиши лозим. Аммо гуруҳнинг бир аъзоси йўл-йўриққа бепарволик қилиб, ўзи истаганича йўл тутса нима бўлади? Гарчи унинг ниятлари яхши бўлса-да, йўл-йўриққа бўйсунмагани гуруҳнинг бошқа аъзоларига муаммо туғдиради, бу ҳатто уларга жиддий зарар етказиши мумкин. Шунга ўхшаб, Яҳованинг ҳамда У муайян ҳокимиятни берган кишиларнинг кўрсатмаларига амал қилмасак, бошқалар бундан азият чекиши ҳеч гап эмас. Лекин Яҳовага итоат этиб, имондошларимизни яхши кўришимизни ва Яҳова ўрнатган тартибни ҳурмат қилаётганимизни намоён этамиз. (1 Коринфликларга 12:14, 25, 26)
10, 11. Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?
10 Яҳова биздан нимаики қилишни сўрамасин, бу бизнинг фойдамиз учундир. Оилада ва жамоатда ҳокимиятга эга бўлганларга ҳамда давлат ходимларига ҳурмат кўрсатсак, бундан барча фойда олади. (Қонунлар 5:16; Римликларга 13:4; Эфесликларга 6:2, 3; Ибронийларга 13:17)
11 Яҳова нега бошқаларга ҳурмат кўрсатишимизни истаётганини тушунсак, бундай йўл тутишимиз осонроқ бўлади. Келинг, ҳаётимизнинг учта соҳасида қандай қилиб ҳурмат намоён этишимиз мумкинлигини батафсил кўриб чиқайлик.
ОИЛАДА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ
12. Қандай қилиб эр Яҳованинг ҳокимиятини ҳурмат қилаётганини кўрсатади?
12 Яҳова оилани барпо этган ва унинг ҳар бир аъзосига ўз вазифасини топширган. Оиланинг ҳар бир аъзоси Яҳова ундан нимани кутаётганини тушунса, бу оилани жипслаштириб, унинг фаровонлигига ҳисса қўшади. (1 Коринфликларга 14:33) Яҳова эрни оиланинг боши этиб тайинлаган. Демак, Яҳова ундан хотини ва болаларига ғамхўрлик қилишини ва уларни меҳр ила бошқаришини кутади. Эр Яҳованинг олдида улар учун жавобгар. Исо жамоатга ғамхўрлик қилганидай, масиҳий эр ҳам ўз оиласига меҳр ва севги ила муносабатда бўлади. Шундай йўл тутиб, у Яҳовани ҳурмат қилаётганини кўрсатади. (Эфесликларга 5:23; 13- иловага қаранг.)
13. Қандай қилиб хотин эрининг бошчилигини ҳурмат қилаётганини кўрсатади?
13 Масиҳий хотинга ҳам оилада муҳим ва шарафли вазифа топширилган. Эри яхши оила боши бўлишга жон куйдирганида, хотин уни қўллаб-қувватлайди. У ҳам эри билан биргаликда фарзандларини тарбиялашга жавобгар. У ўз ўрнаги билан болаларига ҳурмат кўрсатишни ўргатади. (Ҳикматлар 1:8) У эрига ҳурмат кўрсатиб, унинг қарорларини қўллаб-қувватлайди. Ҳатто нима биландир рози бўлмаса ҳам, ўз ҳис-туйғуларини мулойимлик ва ҳурмат ила тушунтиради. Агар масиҳий аёлнинг эри Яҳованинг Шоҳиди бўлмаса, у ўзгача қийинчиликларга дуч келади. Шунга қарамай, у эрини севиб ҳурмат қилса, бир кун келиб эри Яҳовани таниб-билишни ва Унга топинишни исташи мумкин. (1 Бутрус 3:1 ни ўқинг.)
14. Қандай қилиб фарзандлар ота-онасининг ҳокимиятини ҳурмат қилаётганини кўрсатишади?
14 Яҳова болаларни ниҳоятда қадрлайди. Улар ҳимоя ва йўл-йўриққа айниқса муҳтож. Болалар ота-онасига қулоқ солса, уларни хурсанд қилишади. Энг муҳими эса, итоаткорликни намоён этиб, улар Яҳовани ҳурмат қилаётганини кўрсатишади ва Унинг қалбини қувонтиришади. (Ҳикматлар 10:1) Кўпгина оилаларда фарзандларни ёлғиз она ёки ота катта қилади. Бу ҳам ота ёки онага, ҳам болаларга қийинчилик туғдиради. Лекин болалар итоаткор бўлиб, онаси ёки отасини қўллаб-қувватласа, уларнинг оилавий ҳаёти янада яхшиланади. Нима бўлганда ҳам мукаммал оиланинг ўзи йўқ. Бироқ оиланинг ҳар бир аъзоси Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилса, оила бахтли бўла олади. Қолаверса, бу оиланинг Асосчиси бўлмиш Яҳовага шараф келтиради. (Эфесликларга 3:14, 15)
ЖАМОАТДА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ
15. Яҳова жамоатда кимларга масъулият топширган ва қандай қилиб уларга ҳурмат кўрсата оламиз?
15 Яҳова масиҳийлар жамоати орқали бизга йўл-йўриқ беради. У Исога жамоат устидан бутун ҳокимиятни топширган. (Колосаликларга 1:18) Исо эса ўз навбатида «ишончли ва ақлли хизматкорга» Худонинг ер юзидаги халқига ғамхўрлик қилиш масъулиятини топширган. (Матто 24:45–47) Бугунги кунда «ишончли ва ақлли хизматкор» Етакчи кенгашдир. Имонимизни мустаҳкам сақлай олишимиз учун Етакчи кенгаш ўз вақтида керакли барча нарсани тақдим этяпти. Оқсоқоллар, жамоат хизматкорлари ва туман нозирлари дунё бўйлаб жамоатларни қўллаб-қувватлашяпти ва Етакчи кенгашдан кўрсатмалар олишяпти. Ушбу барча биродарларга бизга ғамхўрлик қилиш масъулияти топширилган. Улар ўз масъулиятини қандай бажараётгани борасида Яҳованинг олдида ҳисобот беришади. Демак, бу кишиларни ҳурмат қилиш орқали Яҳовага ҳурмат кўрсатамиз. (1 Салоникаликларга 5:12; Ибронийларга 13:17 ни ўқинг; 14- иловага қаранг.)
16. Нега оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари муқаддас руҳ томонидан тайинланади деб айта оламиз?
16 Оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари жамоатга садоқатли қолишга ҳамда бирликни сақлашга кўмаклашишади. Тўғри, улар ҳам биз каби номукаммал. Шундай экан, улар қандай танланади? Бу биродарлар Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиши керак. (1 Тимўтийга 3:1–7, 12; Титусга 1:5–9) Яҳова Ўз руҳи орқали Муқаддас Китоб ёзувчиларини ушбу талабларни тушунтириб беришга ундаган. Бирор кимни оқсоқол ёки жамоат хизматкори этиб тайинлашни муҳокама қилаётганда оқсоқоллар Яҳовага муқаддас руҳ беришини сўраб ибодат қилишади. Шуниси аниқки, барча жамоатлар Яҳова ҳамда Исонинг бошқаруви остида. (Ҳаворийлар 20:28) Бизни қўллаб-қувватлаб ғамхўрлик қилиш учун тайинланган кишилар Худонинг ҳадясидир. (Эфесликларга 4:8)
17. Опа-сингиллар қайси вазиятларда бошини ёпиши керак ва нима учун?
17 Баъзида жамоатдаги вазифаларни бажариш учун оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари бўлмаслиги мумкин. Бундай пайтларда сувга чўмган бошқа биродарлар бу вазифаларни бажара олади. Борди-ю, биродарлар бўлмаса уларнинг вазифасини опа-сингилларимиздан бири бажарса бўлади. Бироқ бундай пайтларда у бошини рўмол ёки бошқа бош кийим билан ёпиши керак. (1 Коринфликларга 11:3–10) Шундай йўл тутиб, у Яҳова оилада ва жамоатда ўрнатган бошчиликни ҳурмат қилаётганини кўрсатади. (15- иловага қаранг.)
ДАВЛАТ ХОДИМЛАРИГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ
18, 19. а) Римликларга 13:1–7 дан нимани билиб оляпмиз? б) Ҳукуматларга нисбатан ҳурматимизни қандай кўрсатамиз?
18 Бугунги кунда Яҳова ҳукуматлар муайян ҳокимиятга эга бўлишига йўл қўйяпти ва биз уларни ҳурмат қилишимиз керак. Улар бемалол фаолият юритиши ва одамларга керакли хизматларни кўрсатиши учун мамлакатда ва жамиятда тартиб ўрнатади. Масиҳийлар Римликларга 13:1–7 да (ўқинг) айтилган йўл-йўриққа қулоқ солишади. Биз «ҳукмрон ҳокимиятларга» ҳурмат кўрсатиб, истиқомат қилаётган мамлакатимиз қонунларига итоат этамиз. Ушбу қонунлар оиламиз, ишимиз ва мол-мулкимизга таъсир қилади. Масалан, солиқларни тўлаймиз ва ҳукумат талаб қилган ҳужжатларни тўғри тўлдирамиз. Аммо ҳукумат биздан Худонинг қонунларига зид нарсани талаб қилса, қандай йўл тутамиз? Ҳаворий Бутрус шундай деган: «Биз одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак». (Ҳаворийлар 5:28, 29)
19 Судья ёки милиция каби давлат ходимлари билан гаплашганимизда доимо ҳурмат ила муносабатда бўлишимиз керак. Ёш масиҳийлар ўқитувчиларига ва мактабдаги бошқа ишчиларга ҳурмат кўрсатишади. Иш жойимизда эса, бошқа ишчилар бундай қилмаса-да, иш берувчига ҳурмат ила муомала қиламиз. Шундай йўл тутиб, қийин дамларда ҳам амалдорларга ҳурмат ила муносабатда бўлган ҳаворий Павлусга тақлид қиламиз. (Ҳаворийлар 26:2, 25) Ҳатто бошқалар бизга яхши муносабатда бўлмаса ҳам, биз уларга ҳурмат кўрсатамиз. (Римликларга 12:17, 18 ни ўқинг; 1 Бутрус 3:15)
20, 21. Бошқаларни ҳурмат қилсак, бу қандай натижа келтириши мумкин?
20 Бутун дунё бўйлаб одамлар борган сари бир-бирини ҳурмат қилмай қўйяпти. Лекин Яҳованинг халқи улардан фарқ қилади. Биз ҳар бир инсонга ҳурмат кўрсатишни мақсад қилиб олганмиз. Барчамиз ҳаворий Бутруснинг: «Ҳар турли инсонларни ҳурмат қилинглар»,— деган маслаҳатига амал қиламиз. (1 Бутрус 2:17) Бошқаларга ҳурмат ила муомала қилсак, улар буни пайқайди. Исо шундай деган: «Сизларнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида порлаб турсин, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни шарафлашсин». (Матто 5:16)
21 Оилада, жамоатда ва ҳаётимизнинг турли соҳаларида ҳурмат кўрсатсак, бу яхши ўрнагимиз туфайли бошқалар Яҳова ҳақида кўпроқ билиб олишни исташи мумкин. Қолаверса, бошқаларни ҳурмат қилиб, Яҳованинг Ўзига ҳурмат кўрсатамиз. Бу Яҳовани қувонтиради ва Уни яхши кўришимизни исботлайди.