5- БОБ
Дунёга тегишли бўлманг
[Сизлар] дунёга тегишли эмассиз. ЮҲАННО 15:19
1. Исо ўлими арафасидаги кечада нима ҳақида хавотир олган?
БУ ИСОНИНГ ўлими арафасидаги кеча эди. Исо шогирдларини тарк этишини билиб, уларнинг келажаги ҳақида хавотир олаётган эди. У шогирдларига: «[Сизлар] дунёга тегишли эмассиз»,— деб айтган. (Юҳанно 15:19) Кейинроқ Исо шогирдлари ҳақида Отасига: «Мен дунёга тегишли бўлмаганим сингари, улар ҳам дунёга тегишли эмас»,— деб ибодат қилган. (Юҳанно 17:15, 16) Унинг бу сўзлари нимани англатган?
2. Исо қўллаган «дунё» сўзи нимани англатади?
2 Бу оятдаги «дунё» сўзи Шайтон ҳукми остидаги худобехабар инсонларни назарда тутади. (Юҳанно 14:30; Эфесликларга 2:2; Ёқуб 4:4; 1 Юҳанно 5:19) Қандай қилиб «дунёга тегишли» бўлмаслигимиз мумкин? Мазкур бобда бунинг бир нечта йўлини кўриб чиқамиз: Худонинг Шоҳлигига садоқатли бўлиб, бетарафликни сақлаймиз, яъни сиёсатга аралашмаймиз. Дунёнинг руҳига қарши турамиз. Кийиниш ва ташқи кўринишимизда камтаринликни, пулга нисбатан эса мувозанатли нуқтаи назарни акс эттирамиз. Шунингдек, Худо берган қурол-аслаҳалар билан қуролланамиз. (16- иловага қаранг.)
ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИГА САДОҚАТЛИ БЎЛИНГ
3. Исо сиёсатга қандай нуқтаи назарда бўлган?
3 Исо ер юзида бўлганида одамлар кўп қийинчиликларга дуч келаётганини ва уларнинг ҳаёти осон кечмаётганини кўрган. У одамларга ачингани учун уларга ёрдам бергиси келган. У сиёсий раҳбар бўлишга интилганми? Йўқ. У инсонлар Худонинг Шоҳлигига, яъни ҳукуматига муҳтож эканини тушунган. Шунинг учун, Исо ваъзгўйликда асосан Шоҳлик ҳақида гапирган. У келажакда бу Шоҳликнинг Шоҳи бўлиши керак эди. (Дониёр 7:13, 14; Луқо 4:43; 17:20, 21) Исо сиёсатга аралашмаган ва доим бетарафликни сақлаган. У римлик ҳоким Понтий Пилат қаршисида турганида шундай деган: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас». (Юҳанно 18:36) Унинг шогирдлари ҳам бетарафликни сақлашган. Тарихий бир китобда илк масиҳийлар «сиёсий мавқега эга бўлишга интилишмагани» ҳақида ёзилган. («On the Road to Civilization») Бугунги кунда ҳам масиҳийлар худди шундай нуқтаи назарни қўллаб-қувватлайди. Биз Худонинг Шоҳлигига садоқатлимиз ва бетарафликни сақлаб, бу дунёнинг сиёсий ишларига аралашмаймиз. (Матто 24:14)
4. Қандай қилиб масиҳийлар Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлайди?
4 Элчилар чет элда ўз мамлакатининг вакили сифатида хизмат қилади ва ўша мамлакатнинг сиёсатига аралашмайди. Масиҳ билан осмонда бошқаришга умидвор бўлган мойланган масиҳийлар ҳам худди шундай вазиятда. Ҳаворий Павлус мойланганларга: «Биз Масиҳнинг ўрнига элчилик қиляпмиз»,— деб ёзган эди. (2 Коринфликларга 5:20) Мойланганлар Худо ҳукуматининг вакилларидир. Улар бу дунёнинг сиёсатига ва давлат ишларига аралашмайди. (Филиппиликларга 3:20) Аксинча, улар миллионлаб инсонларга Худонинг ҳукумати ҳақида билиб олишга ёрдам беришади. «Бошқа қўйлар», яъни Худо ваъда қилган янги дунёда абадий яшашга умидвор бўлганлар бу ишда мойланганларни қўллаб-қувватлайди. Улар ҳам бетарафликни сақлайди. (Юҳанно 10:16; Матто 25:31–40) Кўриниб турганидек, масиҳийлар бу дунёнинг сиёсий ишларига аралашмайди. (Ишаё 2:2–4 ни ўқинг.)
5. Масиҳийлар урушга бормаслигининг сабабларидан бири қанақа?
5 Масиҳийлар имондошларини ўз оиласи деб билади. Улар турли мамлакатда яшашига ва келиб чиқиши турлича бўлишига қарамай, ҳамжиҳатликни сақлашади. (1 Коринфликларга 1:10) Агар урушга борсак оила аъзоларимизга, яъни имондошларимизга қарши чиққан бўламиз. Исо эса уларни севишимиз кераклигини айтган. (Юҳанно 13:34, 35; 1 Юҳанно 3:10–12) Боз устига, Исо шогирдларига ҳатто душманларини севишга ундаган. (Матто 5:44; 26:52)
6. Яҳованинг хизматчилари ҳукуматга нисбатан қандай муносабатда?
6 Масиҳийлар сифатида бетарафликни сақласак-да, мамлакатнинг яхши фуқаролари бўлишга жон куйдирамиз. Масалан, қонунларга бўйсуниб ҳамда солиқларни тўлаб, ҳукуматга ҳурматни намоён этамиз. Лекин «Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга бераётганимизга» доимо амин бўлишимиз лозим. (Марк 12:17; Римликларга 13:1–7; 1 Коринфликларга 6:19, 20) «Аллоҳнинг ҳақи» Унга бўлган севгимиз, итоаткорлигимиз ҳамда топинишимизни ўз ичига олади. Худога итоат этмасликдан кўра, ҳаётимизни беришни афзал кўрамиз. (Луқо 4:8; 10:27; Ҳаворийлар 5:29; Римликларга 14:8 ни ўқинг.)
«ДУНЁНИНГ РУҲИГА» ҚАРШИ ТУРИНГ
7, 8. «Дунёнинг руҳи» нимани англатади ва у қандай қилиб инсонларга ўз таъсирини ўтказади?
7 Шайтоннинг дунёсига тегишли бўлмаслик «дунёнинг руҳи» бизни бошқаришига йўл қўймасликни билдиради. Бу руҳ Шайтонга хос фикрлаш тарзи ва юриш-туришга ишора қилади. У Яҳовага хизмат қилмаётганларга таъсир ўтказиб келяпти. Аммо масиҳийлар бундай таъсирга қарши туришади. Ҳаворий Павлус айтганидай, «биз... бу дунёнинг руҳини эмас, Худодан келган руҳни олдик». (1 Коринфликларга 2:12; Эфесликларга 2:2, 3; 17- иловага қаранг.)
8 Дунёнинг руҳига берилиб одамлар худбин, мағрур ва исёнкор бўлиб кетишган. Бунинг дастидан улар Худога итоат этмай қўйишди. Шайтон одамлар оқибатини ўйламай кўнглига келган ишни қилишини истайди. У одамларни ўз хоҳиши бўйича яшаш ҳаётдаги энг муҳим нарса деб ўйлашга ундайди. (1 Юҳанно 2:16; 1 Тимўтийга 6:9, 10) Шайтон, айниқса, Яҳованинг хизматчиларини йўлдан оздиришга ва уларга ўз фикрини сингдиришга ҳаракат қилади. (Юҳанно 8:44; Ҳаворийлар 13:10; 1 Юҳанно 3:8)
9. Дунёнинг руҳи бизга қай йўсин таъсир қилиши мумкин?
9 Дунёнинг руҳи ҳаво сингари бизни ўраб туради. Агар дунёнинг руҳига қарши туришга ҳаракат қилмасак, у бизга таъсир қилади. (Ҳикматлар 4:23 ни ўқинг.) Бу бир қарашда безарар бўлиб кўринган нарсалардан бошланади. Масалан, Яҳованинг хизматчилари бўлмаган инсонларнинг фикрлаш тарзи ва нуқтаи назари бизга ўз таъсирини ўтказиши мумкин. (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33) Ёки бизга порнография, муртадлик ёки рақобат руҳи кучли акс этган спорт турлари таъсир қилиши ҳеч гап эмас. (18- иловага қаранг.)
10. Қандай қилиб дунёнинг руҳига қарши тура оламиз?
10 Дунёнинг руҳи бизни бошқармаслиги учун нима қилсак бўлади? Яҳовага яқинлашиб, Унинг донолиги бизни бошқаришига йўл қўйиб беришимиз керак. Тинмай ибодат қилиб муқаддас руҳ сўрашимиз ҳамда Унга хизмат қилиш билан банд бўлишимиз муҳим. Яҳова коинотдаги энг қудратли Шахсдир. У дунёнинг руҳига қарши туришимизга ёрдам бериши аниқ. (1 Юҳанно 4:4)
ХУДОНИ ШАРАФЛОВЧИ КИЙИНИШ ТАРЗИ
11. Дунёнинг руҳи инсонларнинг кийиниш тарзига қандай таъсир кўрсатмоқда?
11 Шунингдек, кийиниш тарзимиз ва ташқи кўринишимиз билан бу дунёга тегишли эмаслигимизни кўрсатамиз. Аксарият инсонлар ўз кийиниш тарзи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилиш, одамларнинг хаёлида ахлоқсиз фикрларни уйғотиш, жамиятга қарши исёнкорликни намоён этиш ҳамда пули билан мақтанишни хоҳлайди. Бошқалар эса кийиниш тарзига умуман бепарво. Улар пала-партиш ёки кир кийимларни кийиб юришади. Бизнинг кийиниш тарзимиз ва ташқи кўринишимизга булар таъсир қилишига асло йўл қўймаслигимиз керак.
12, 13. Қайси принциплар кийиниш борасида тўғри қарор чиқаришимизга ёрдам беради?
12 Яҳованинг Шоҳидлари сифатида биз доимо тоза-озода, дид билан ҳамда вазиятга мос равишда кийинишни истаймиз. «Ор-номус ва фаҳм-фаросат билан» кийиниб, «худотарс» эканимизни кўрсата оламиз. (1 Тимўтийга 2:9, 10; Яҳудо 21)
13 Кийиниш тарзимиз одамлар Яҳова ҳамда Унинг халқи ҳақида нима деб ўйлашига таъсир қилади. Шу боис, биз «ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилишни» истаймиз. (1 Коринфликларга 10:31) Камтаринлик бошқаларнинг ҳис-туйғулари ҳамда нуқтаи назарини ҳурмат қилишни ўз ичига олади. Шундай экан, нима кийиш ва ташқи кўринишимиз борасида қарор чиқараётиб, танловимиз бошқаларга таъсир қилишини унутмаслигимиз керак. (1 Коринфликларга 4:9; 2 Коринфликларга 6:3, 4; 7:1)
14. Маънавий ишлар билан машғул бўлганда қандай кийинишни танлаётиб, нимани инобатга олишимиз керак?
14 Йиғилишда ёки ваъзгўйликда қай тарзда кийинамиз? Ҳаддан ташқари бошқаларнинг диққатини ўзимизга жалб қилмаяпмизми? Кийимларимиз билан бошқаларни ноқулай аҳволга солмаяпмизми? «Кийиниш тарзим менинг ишим, бунинг бошқаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ» деб ўйлаймизми? (Филиппиликларга 4:5; 1 Бутрус 5:6) Албатта чиройли кўринишга интилаётганимиз табиий, лекин биринчи навбатда илоҳий фазилатлар бизни безаб туриши лозим. Яҳова бизга қараганда авваламбор мана шу фазилатларни кўради. Улар бизнинг ички дунёмизни, яъни «қалбимиз тубида яширилган» нарсаларни намоён этади. Бу эса «Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо ҳисобланади». (1 Бутрус 3:3, 4)
15. Нима учун Яҳова кийиниш ва ташқи кўринишимиз борасида қонунлар рўйхатини бермаган?
15 Яҳова бизга нима кийиш-киймаслик борасида қонунлар рўйхатини эмас, балки Муқаддас Китобдаги принципларни берган. Улар тўғри танлов қилишимизга кўмаклашади. (Ибронийларга 5:14) Яҳова кичик ёки катта қарорларимиз Унга ва бошқаларга бўлган севгига асосланишини истайди. (Марк 12:30, 31 ни ўқинг.) Бутун дунё бўйлаб Яҳованинг халқи ўз маданияти ва шахсий дидидан келиб чиққан ҳолда турлича кийинади. Бундай ранг-баранглик чиройли бўлиб, тетиклик бахш этади.
ПУЛГА НИСБАТАН МУВОЗАНАТЛИ НУҚТАИ НАЗАР
16. Дунёнинг пулга нисбатан нуқтаи назари қайси жиҳатдан Исонинг таълимотларига зид? Ўзимиздан нима деб сўрасак яхши бўларди?
16 Шайтон одамларни пул ва моддий нарсалар бахт келтиради деб, ишонтирмоқчи. Лекин Яҳованинг хизматчилари бу ёлғон эканини билишади. Биз Исо айтган қуйидаги сўзларга ишонамиз: «Одамнинг мол-мулки кўп бўлган тақдирда ҳам, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмас». (Луқо 12:15) Пул бизни чинакамига бахтли қила олмайди. Пулга ҳақиқий дўст, ички хотиржамлик ва абадий ҳаётни сотиб олиб бўлмайди. Тўғри, биз муайян даражада моддий нарсаларга эҳтиёж сезамиз ва ҳаётдан завқ олиб яшашни истаймиз. Аммо Исонинг таълимотига кўра, Худо билан яқин муносабатда бўлсак ҳамда топинишимиз ҳаётимизда устувор бўлсагина чинакамига бахтли бўла оламиз. (Матто 5:3; 6:22) Ўзингиздан: «Пулга нисбатан дунёнинг нуқтаи назари менга таъсир қилмаяптими? Мудом пул ҳақида ўйлайманми ёки гапираманми?» — деб сўранг. (Луқо 6:45; 21:34–36; 2 Юҳанно 6)
17. Бу дунёнинг пулга нисбатан нуқтаи назарини рад этсангиз, қандай қилиб ҳаётингиз яхшиланади?
17 Агар диққатимизни Яҳовага хизмат қилишга қаратиб, бу дунёнинг пулга нисбатан нуқтаи назарини рад этсак, ҳаётимиз мазмунга тўлади. (Матто 11:29, 30) Биз қаноатли бўлиб, онг ва қалбимизда хотиржамликни ҳис қиламиз. (Матто 6:31, 32; Римликларга 15:13) Моддий нарсалар ҳақида камроқ ташвишланамиз. (1 Тимўтийга 6:9, 10 ни ўқинг.) Беришнинг бахтиёрлигини ҳис қиламиз. (Ҳаворийлар 20:35) Боз устига, ҳаёт тарзимиз яқинларимиз билан кўпроқ вақт ўтказишга имконият беради. Тинч ухлаймиз. (Воиз 5:12)
«БАРЧА ҚУРОЛ-АСЛАҲАЛАР БИЛАН ҚУРОЛЛАНИНГ»
18. Шайтоннинг мақсади нима?
18 Шайтон Яҳова билан муносабатларимизни бузишга ҳаракат қилаётган экан, биз бу муносабатларни асраб-авайлашимиз лозим. Биз «ёвуз руҳларга» қарши курашяпмиз. (Эфесликларга 6:12) Шайтон ва унинг жинлари бахтли бўлишимизни ҳамда абадий яшашимизни исташмайди. (1 Бутрус 5:8) Бу қудратли душманлар бизга қарши жанг қилмоқда, лекин Яҳованинг мадади билан бу жангда ғалаба қозона оламиз!
19. Эфесликларга 6:14–18 да масиҳийларнинг «қурол-аслаҳаларига» қандай тавсиф берилган?
19 Қадимда аскарлар жанг майдонида ўзини ҳимоя қилиш учун қуролланган. Шу сингари биз ҳам Яҳова берган «қурол-аслаҳалар билан қуролланишимиз» лозим. (Эфесликларга 6:13) Улар бизни ҳимоя қилади. Ушбу қурол-аслаҳалар ҳақида Эфесликларга 6:14–18 да қуйидагини ўқиймиз: «Белингизга ҳақиқат камарини боғлаб, кўксингизга одиллик совутини кийинглар. Тинчлик хушхабарини ваъз қилишга тайёрликни оёқларингизга пойабзал каби кийинглар. Булардан ташқари, катта имон қалқонини олинглар. У билан Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира оласизлар. Шунингдек, нажот дубулғасини ва муқаддас руҳнинг қиличини, яъни Худонинг каломини олинглар. Ҳар қандай ибодату илтижолар билан, ҳар фурсатда муқаддас руҳ ила ибодат қилиб туринглар».
20. «Қурол-аслаҳалар» бизни ҳимоялаши учун нима қилишимиз керак?
20 Агар аскар бу қурол-аслаҳалардан бирини унутса, танасининг муайян қисми ҳимоясиз қолади ва душман айнан ўша ерга зарба беради. «Қурол-аслаҳаларимиз» бизни ҳимоя қилиши учун улардан ҳеч бирини унутмаслигимиз керак. Биз уларни доимо кўтариб юришимиз ва яхши ҳолатда сақлашимиз муҳим. Бу жангимиз Шайтоннинг дунёси вайрон бўлиб, унинг ўзи ва жинлари бутун ер юзидан йўқ қилинмагунига қадар давом этади. (Ваҳий 12:17; 20:1–3) Шундай экан, ёмон истак ва заифликларимиз билан курашишда таслим бўлмаслигимиз керак! (1 Коринфликларга 9:27)
21. Қандай қилиб Шайтонга қарши жангда ғалаба қозона оламиз?
21 Ўз кучимиз билан Шайтонга бас кела олмаймиз. Аммо Яҳованинг мадади билан бунинг имкони бор! Садоқатли қолишимиз учун Яҳовага ибодат қилишимиз, Унинг Каломини ўрганишимиз ҳамда имондошларимиз билан мулоқот қилишимиз лозим. (Ибронийларга 10:24, 25) Буларнинг бари Худога содиқ қолиб, имонимизни ҳимоя қилиш учун тайёр туришга ёрдам беради.
ИМОНИНГИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ТАЙЁР ТУРИНГ
22, 23. a) Қай йўсин доимо имонимизни ҳимоя қилишга тайёр тура оламиз? б) Кейинги бобда нимани кўриб чиқамиз?
22 Биз доимо имонимизни ҳимоя қилишга тайёр туришимиз лозим. (Юҳанно 15:19) Баъзи масалаларда Яҳова Шоҳидларининг нуқтаи назари аксарият инсонларникидан кескин фарқ қилади. Ўзингиздан сўранг: «Нега айнан шундай нуқтаи назарда эканимни тушуняпманми? Муқаддас Китобда ёзилганлар ҳамда ақлли ва ишончли хизматкор айтаётган гаплари тўғри эканига аминманми? Яҳованинг Шоҳиди эканимдан фахрланаманми? (Забур 34:2; Матто 10:32, 33) Ўз эътиқодимни бошқаларга тушунтира оламанми?» (Матто 24:45; Юҳанно 17:17; 1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.)
23 Кўп вазиятларда дунёга тегишли бўлмаслик учун биздан нима кутилаётгани аниқ кўринади. Аммо баъзи вазиятларда буни ажратиш қийин. Шайтон турли йўллар билан бизни тузоққа туширмоқчи бўлади. Бу тузоқлардан бири ўйин-кулгидир. Қандай қилиб ўйин-кулгини донолик ила танлай олишимиз мумкин? Буни кейинги бобда билиб оламиз?