12- БОБ
«Мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар»
Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин... мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар. ЭФЕСЛИКЛАРГА 4:29
1–3. a) Яҳова бизга берган яхши ҳадялардан бири нима? Нутқдан нотўғри фойдаланиш нимани ўз ичига олади? б) Нутқ ҳадясидан қандай фойдаланишимиз керак?
ДЕЙЛИК, ота ўсмир ёшдаги ўғлига велосипед совға қилди. У ўғлига бундай ажойиб совға берганидан хурсанд. Аммо ўғли велосипедни эҳтиётсизлик билан ҳайдаб, кимнидир уриб юборса ва жароҳат етказса-чи? Ота ўзини қандай ҳис қилади?
2 «Яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси» Яҳовадан. (Ёқуб 1:17) Бу яхши ҳадялардан бири — гапириш қобилиятимиз. Ушбу қобилият фикрлару туйғуларимизни изҳор этишга имкон яратади. Сўзларимиз билан инсонларга мадад бериб, уларнинг кўнглини кўтара оламиз. Ёки аксинча, сўзларимиз билан бошқаларга зиён келтиришимиз ва озор беришимиз мумкин.
3 Нутқимиз катта кучга эга. Яҳова гапириш қобилияти каби туҳфадан тўғри фойдаланишни бизга ўргатмоқда. У шундай демоқда: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларга фойда келтириш учун, зарур бўлганда уларни мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар». (Эфесликларга 4:29) Келинг, қай йўсин бу совғадан Худони мамнун қиладиган ва бошқаларга далда берадиган тарзда фойдаланишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
НУТҚИНГИЗНИ НАЗОРАТ ҚИЛИНГ
4, 5. Муқаддас Китобга кўра сўзларимиз қандай кучга эга?
4 Сўзлар катта кучга эга экан, нимани ва қандай оҳангда гапираётганимизга диққатли бўлишимиз лозим. Ҳикматлар 15:4 да шундай дейилган: «Шифо берувчи тил — ҳаёт дарахти, ёлғончи тил эса қайғу келтиради». Жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ёқимли бўлганидек, меҳрли сўзларимиз инсонларга ором бахш этади. Аммо қўпол гапирадиган бўлсак, бу бошқаларга озор беради ва оқибатда ҳеч кимнинг биз билан гаплашгиси келмайди. (Ҳикматлар 18:21)
5 Ҳикматлар 12:18 да: «Ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди»,— деб ёзилган. Қаттиқ сўзлар ҳиссий жароҳат етказиб, муносабатлар бузилишига сабаб бўлади. Эҳтимол, кимдир сўзлари билан кўнглингизни қаттиқ ранжитган бўлиши мумкин. Юқоридаги ҳикматнинг давомида: «Дононинг тили шифо беради»,— дейилгани ҳам бор. Ҳа, ўйлаб айтилган сўзлар яраланган қалбга шифо бериб, тушунмовчилик дастидан зиён кўрган муносабатларни қайта тиклашга кўмаклашади. (Ҳикматлар 16:24 ни ўқинг.) Сўзларимиз бошқаларга таъсир қилишини ёдда тутсак, нима гапираётганимизга диққатли бўламиз.
6. Нима учун тилимизни жиловлаш осон кечмайди?
6 Шунингдек, барчамиз номукаммал эканмиз, тилимизни назорат қилишимиз даркор. «Инсоннинг қалби... ёмонликка мойил» ва одатда сўзларимиз қалбимизда нима борлигини ошкор этади. (Ибтидо 8:21; Луқо 6:45) Тилимизни жиловлаш осон кечмаслиги мумкин. (Ёқуб 3:2–4 ни ўқинг.) Аммо бошқаларга қай тарзда гапираётганимиз устида ишлашга ҳаракат қилишимиз зарур.
7, 8. Сўзларимиз Яҳова билан муносабатимизга қандай таъсир қилиши мумкин?
7 Нутқимизга диққатли бўлишимизнинг яна бир сабаби, барчамиз нимани гапираётганимиз ва уни қай оҳангда айтаётганимиз борасида Яҳовага ҳисобот берамиз. Ёқуб 1:26 да шундай дейилган: «Агар бирор ким Аллоҳга топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса, у ўзини ўзи алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир». Демак, нутқимизга бепарво бўлсак, Яҳова билан муносабатимизга зиён етказишимиз, ҳатто уни барбод қилишимиз мумкин. (Ёқуб 3:8–10)
8 Чиндан ҳам нимани гапираётганимиз ва уни қай оҳангда айтаётганимизга диққатли бўлиш учун асосли сабаблар бор. Гапириш қобилиятидан Яҳова истаганидек фойдаланишимиз учун, қандай нутқдан қочишимиз кераклигини билиб олишимиз зарур.
ОЗОР ЕТКАЗУВЧИ НУТҚ
9, 10. a) Бугунги кунда қандай нутқ одатий ҳол бўлиб қолган? б) Нега беадаб гапларни қўллашдан қочишимиз керак?
9 Беадаб ёки нопок сўзларни қўллаш бугунги кунда одатий ҳол бўлиб қолган. Кўпчиликнинг ўйлашича, бузуқ ва қўпол сўзларни қўллаш фикрни тўлиқ етказишга ёрдам беради. Кўпинча қизиқчилар одамларни кулдириш учун бемаза ҳазиллар қилишади ва беадаб гапларни гапиришади. Лекин ҳаворий Павлус шундай деб айтган: «Ғазаб, жаҳл, ярамаслик, ҳақоратли сўзларни ўзингиздан соқит қилинглар. Беадаб гаплар оғзингиздан чиқмасин». (Колосаликларга 3:8) Шунингдек, у ҳақиқий масиҳийлар орасида «беадаб ҳазиллар» ҳатто «тилга олинмаслиги» кераклигини айтиб ўтган. (Эфесликларга 5:3, 4)
10 Беадаб гаплар Яҳовага ва Уни яхши кўрадиган инсонларга ёқмайди. Бу ифлос гаплардир. Муқаддас Китобда «ифлослик» «тана ишлари» қаторида санаб ўтилган. (Галатияликларга 5:19–21) «Ифлосликка» турли гуноҳлар кириши мумкин ва битта нопок одат бошқасини келтириб чиқаради. Агар бирор киши ўта нопок, беадаб гапларни гапиришга одатланса ва ундан воз кечишни истамаса, у жамоатдан четлатилади. (2 Коринфликларга 12:21; Эфесликларга 4:19; 23- иловага қаранг.)
11, 12. a) Қандай қилиб суҳбатимиз ғийбатга айланиб кетиши мумкин? б) Нега бировга туҳмат қилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак?
11 Бундан ташқари ғийбатдан ҳам узоқ юришимиз керак. Бошқалар ҳақида қизиқишимиз, дўстларимиз ва оиламиз ҳақидаги янгиликлар билан бўлишишимиз табиий. Ҳатто биринчи асрда ҳам илк масиҳийлар биродару опа-сингилларининг ҳол-аҳволи билан қизиқишган ва уларга қандай кўмаклашишлари мумкинлигини билишни исташган. (Эфесликларга 6:21, 22; Колосаликларга 4:8, 9) Бироқ бошқалар тўғрисидаги суҳбат ғийбатга айланиб кетиши жуда осон. Агар ғийбат тарқатсак, ёлғон ёки сир сақланиши керак бўлган маълумотни айтиб қўйишимиз мумкин. Ҳушёр бўлмасак, бундай салбий гап-сўзлар ёлғон айбловга ёки туҳматга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Фарзийлар Исони қилмаган ишида айблаб, унга туҳмат қилишган. (Матто 9:32–34; 12:22–24) Туҳмат инсоннинг обрўйига путур етказади, баҳс ва қайғуга сабаб бўлади, дўстликни барбод қилади. (Ҳикматлар 26:20)
12 Яҳова сўзларимиз билан дўстларни душманларга айлантиришимизни эмас, бошқаларга ёрдам ва далда беришимизни истайди. Яҳова «ака-ука орасига нифоқ соладиган кишидан» нафратланади. (Ҳикматлар 6:16–19) Худога туҳмат қилиб, Шайтон Иблис илк туҳматчига айланган. (Ваҳий 12:9, 10) Бугунги кунда одамлар бир-бирига ёлғон гапириши оддий ҳол. Аммо масиҳийлар жамоатида бундай бўлмаслиги керак. (Галатияликларга 5:19–21) Шундай экан, нима деяётганимизга диққатли бўлишимиз ва гапларимизни ҳамиша ўйлаб гапиришимиз зарур. Бирор ким ҳақида эшитган гапимизни бошқа одамга айтишдан олдин, ўзимизга шу саволларни бериб кўришимиз керак: «Айтмоқчи бўлган гапим ростми? Яхши гапми? Бирон фойдаси борми? Ўша одам бу гапларимни эшитишини истармидим? Мен ҳақимда шундай гапиришса, ўзимни қандай ҳис қилардим?» (1 Салоникаликларга 4:11 ни ўқинг.)
13, 14. a) Ҳақоратли сўзлар одамларга қандай таъсир қилади? б) Нега масиҳийлар ўзгаларни пастга уришдан қочиши керак?
13 Баъзида ҳаммамиз ҳам кейинчалик афсусланадиган гапларни гапириб қўйишимиз мумкин. Аммо бошқаларни танқид қилиш ёки ёмон ва қўпол гапларни гапириш одат тусига кириб қолишини истамаймиз. Ҳаётимизда ҳақоратли сўзларга ўрин йўқ. Павлус шундай айтган: «Ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни... ўзингиздан соқит қилинглар». (Эфесликларга 4:31) Муқаддас Китобнинг бошқа таржималарида «ҳақоратли сўзлар» ибораси «ёвуз сўзлар», «зарарли нутқ» ва «таҳқирловчи сўзлар» дея ўгирилган. Ҳақоратли сўзлар инсоннинг нафсониятига тегади ва у ўзини кераксиз ҳис қилишига сабабчи бўлади. Болалар айниқса таъсирчан бўлишади, шу боис уларнинг дилини оғритиб қўймаслик учун ниҳоятда эҳтиёткор бўлишимиз зарур. (Колосаликларга 3:21)
14 Камситувчи ва ҳақоратли сўзлар билан ўзгаларни пастга уриш Муқаддас Китобда жиддий қораланади. Инсон турмуш ўртоғи ёки фарзандларига шундай муомала қилиши ниҳоятда аянчли ҳол! Агар у бошқаларни пастга уришни тўхтатмаса, бундан буён жамоат аъзоси бўла олмайди. (1 Коринфликларга 5:11–13; 6:9, 10) Билиб олганимиздай, беадаб, ёлғон ёки ёмон гапларни гапирсак, Яҳова ҳамда бошқалар билан муносабатимизга зиён келтирамиз.
МУСТАҲКАМЛАЙДИГАН СЎЗЛАР
15. Қандай сўзлар муносабатларни мустаҳкамлайди?
15 Қандай қилиб гапириш қобилиятидан Яҳова истаганидек фойдалана оламиз? Гарчи Муқаддас Китобда нимани гапириш-гапирмаслик ҳақида аниқ айтилмаган бўлса-да, у ерда: «Мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар»,— деб ёзилган. (Эфесликларга 4:29) Мустаҳкамлайдиган сўзлар — пок, меҳрли ва рост бўлади. Яҳова бошқаларга далда ва ёрдам берадиган сўзларни қўллашимизни истайди. Бу осон бўлмаслиги мумкин. Қўпол ва ўйламай гапириш қийин эмас, аммо ижобий нарсаларни гапириш учун ҳаракат талаб этилади. (Титусга 2:8) Келинг, қай йўсин гапларимиз билан бошқаларни мустаҳкамлай олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
16, 17. a) Нега бошқаларни мақташимиз керак? б) Кимларни мақташимиз лозим?
16 Яҳова ҳам, Исо ҳам сахийлик ила бошқаларни мақташади. Биз уларга тақлид қилишни истаймиз. (Матто 3:17; 25:19–23; Юҳанно 1:47) Инсонга чинакам далда берадиган мақтов сўзларини айтиш учун мулоҳазакор бўлиб, унга самимий қизиқиш кўрсатиш талаб этилади. Ҳикматлар 15:23 да: «Ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши!» — дейилган. Агар кимдир қилган меҳнатимиз учун самимий мақтаса ёки миннатдорчилик билдирса кўнглимиз роса кўтарилади. (Матто 7:12 ни ўқинг; 27- иловага қаранг.)
17 Инсонларнинг яхши томонини кўришга одатлансангиз, уларни чин кўнгилдан мақташга қийналмайсиз. Мисол учун, жамоатда қайсидир имондошингиз топшириққа яхши тайёргарлик кўрганини ёки йиғилишда шарҳ беришга интилганини пайқарсиз. Ё бўлмаса, ёш синглимиз ёки укамиз мактабда ҳақиқат учун туриб бергандир, кекса имондошимиз эса хизматда мунтазам иштирок этаётгандир. Сизнинг мақтовли сўзларингиз улар учун айни муддао бўлиши мумкин. Эр хотинига уни севишини ва қадрлашини айтиб туриши ҳам муҳим аҳамиятга эга. (Ҳикматлар 31:10, 28) Ўсимлик учун ёруғлик ва сув зарур бўлганидек, инсонлар мақтовга муҳтож. Бу айниқса болаларга тегишли. Уларни яхши фазилатлари ва эзгу ишлари учун мақташ фурсатини изланг. Мақтов уларнинг жасоратини ҳамда ўзига бўлган ишончини оширади. Бу туфайли уларнинг тўғри иш қилиш истаги янада ортади.
18, 19. Нега бошқаларга далда ва тасалли бериш учун жон куйдиришимиз керак? Буни қандай қилсак бўлади?
18 Бошқаларга далда ва тасалли бериш орқали Яҳовага тақлид қиламиз. У «бечора» ва «эзилган» инсон учун қайғуради. (Ишаё 57:15) Яҳова бир-биримизга далда, руҳи тушганларга эса тасалли беришимизни истайди. (1 Салоникаликларга 5:11, 14) Бундай йўл тутганимизни У кўради ва ҳаракатларимизни қадрлайди.
19 Жамоатда кимдир хафа ёки тушкун эканини кўриб қолишингиз мумкин. Унга ёрдам бериш учун нима қилсангиз бўлади? Эҳтимол, унинг муаммосини ҳал қила олмассиз, лекин у учун қайғураётганингизни кўрсата оласиз. Масалан, у билан бирга вақт ўтказишни келишиб олишингиз, унга Муқаддас Китобдан тасалли берадиган оятни ўқиб беришингиз, ҳатто биргаликда ибодат қилишни таклиф этишингиз мумкин. (Забур 34:18; Матто 10:29–31) Бундай инсонларни жамоатдаги биродару опа-сингиллар уни яхши кўришига ишонтиринг. (1 Коринфликларга 12:12–26; Ёқуб 5:14, 15) Сўзларингиз самимий ва асосли экани кўриниб турсин. (Ҳикматлар 12:25 ни ўқинг.)
20, 21. Одамлар маслаҳатни осон қабул қилиши учун қайси омиллар муҳим ўринга эга?
20 Яхши маслаҳат бериб ҳам бошқаларни мустаҳкамлай оламиз. Номукаммал эканмиз, вақти-вақти билан барчамиз маслаҳатга муҳтож бўламиз. Ҳикматлар 19:20 да шундай ёзилган: «Келажакда доно бўлишинг учун, маслаҳатга қулоқ солиб, тарбияни қабул қил». Бошқаларга маслаҳат бериш фақатгина оқсоқолларнинг бурчи эмас. Ота-она фарзандларига йўл-йўриқ кўрсатиб туриши керак. (Эфесликларга 6:4) Опа-сингиллар ҳам бир-бирига яхши маслаҳатлар бериши мумкин. (Титусга 2:3–5) Биродару опа-сингилларимизни яхши кўрамиз ва шу сабабли уларга оғир ботмайдиган тарзда маслаҳат беришни истаймиз. Бунда бизга нима кўмаклашади?
21 Эҳтимол, кимдир сизга қабул қилиш осон бўладиган тарзда маслаҳат берганини эсларсиз. Нега унинг маслаҳати шунчалик таъсирли бўлган? Балки ўша инсон сиз учун чин дилдан қайғурганини ҳис қилгандирсиз. Ё бўлмаса, у сизга меҳр ва севги ила гапиргандир. (Колосаликларга 4:6) Ҳойнаҳой ўша маслаҳат Муқаддас Китобга асослангандир. (2 Тимўтийга 3:16) Тўғридан-тўғри Муқаддас Китобдан ўқиб берасизми ёки йўқми, маслаҳат унга асосланган бўлсин. Ҳеч ким ўз нуқтаи назарини бошқаларга сингдирмаслиги ёки айтаётган фикрларини тасдиқлаш учун оятларни нотўғри талқин қилмаслиги керак. Сизга қай тарзда маслаҳат беришганини ёдда тутиш бошқаларга маслаҳат бераётганингизда қўл келиши мумкин.
22. Гапириш қобилиятидан қандай фойдаланмоқчисиз?
22 Гапириш қобилияти Худонинг берган совғасидир. Унга бўлган севгимиз бу совғадан тўғри фойдаланишга ундайди. Сўзларимиз озор бериши ёки мустаҳкамлаши мумкинлигини ёдда тутинг. Шундай экан, келинг, бошқаларни мустаҳкамлаб, далда берадиган сўзларни қўллаш учун кучимиз борича ҳаракат қилайлик.