13- БОБ
Барча байрам ва урф-одатлар Худога маъқулми?
Раббимизга нима маъқул эканига доимо ишонч ҳосил қилинглар. ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:10
1. Топинишимиз Яҳовага маъқул бўлиши учун нимага ишонч ҳосил қилишимиз керак ва нега?
ИСО шундай деган: «Ҳақиқий топинувчилар Отага руҳ ва ҳақиқат билан топинишади... Айнан шундай топинувчиларни Ота Ўзига излайди». (Юҳанно 4:23; 6:44) Ҳар биримиз «Раббимизга нима маъқул эканига доимо ишонч ҳосил» қилишимиз лозим. (Эфесликларга 5:10) Бу доим ҳам осон эмас. Чунки Шайтон Яҳовага номаъқул ишга қўл уришимиз учун бизни йўлдан оздиришга ҳаракат қиляпти. (Ваҳий 12:9)
2. Синай тоғи яқинида нима юз берганини тушунтиринг.
2 Шайтон бизни қай йўсин йўлдан оздиришга ҳаракат қиляпти? У бизга нима яхши ва нима ёмон экани ҳақида нотўғри тушунчани сингдиришни истайди. Исроил халқи Синай тоғи яқинида қароргоҳ қурганида нималар юз берганига эътибор қаратайлик. Мусо тоққа чиқиб кетганди, халқ эса уни қароргоҳга қайтиб тушишини кутаётган эди. Улар Мусони кутавериб чарчашди ва Ҳорундан улар учун худо ясаб беришини сўрашди. Ҳорун бузоқ шаклида олтин ҳайкал ясади. Кейин халқ байрам уюштирди. Одамлар бузоқ атрофида рақсга тушиб, унга сажда қилишди. Улар бузоққа сажда қилиб Яҳовага топиняпмиз деб ишонишди. Аммо улар бу байрамни «Яҳовага аталган байрам» деб айтишгани билан аслида ундай эмасди. Чунки Яҳованинг назарида бу бутпарастлик эди. Оқибатда уларнинг аксарияти ҳаётдан маҳрум бўлди. (Чиқиш 32:1–6, 10, 28) Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Алданиб қолмайлик. Биз «ҳаром нарсага тегмаслигимиз», яъни сохта дин билан боғлиқ ишларга аралашиб қолмаслигимиз керак. Нима яхши ва нима ёмон экани ҳақида Яҳовадан таълим олишимиз лозим. (Ишаё 52:11; Ҳизқиё 44:23; Галатияликларга 5:9)
3, 4. Нима учун кенг тарқалган баъзи байрамлар ва урф-одатларнинг келиб чиқишини билиш фойдали?
3 Исо ер юзида бўлганида, ҳаворийларга Яҳовага тўғри топинишни ва бу билан бошқаларга ўрнак кўрсатишни ўргатган. Унинг ўлимидан кейин ҳаворийлар Яҳованинг принципларини янги шогирдларга ўргатишда давом этишган. Ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг, сохта устозлар пайдо бўлиб, жамоатга нотўғри ғояларни, бутпарастларга хос бўлган урф-одатлару байрамларни олиб киришган. Сохта устозлар ҳатто бутпарастларга хос баъзи байрамларни масиҳийларнинг байрамидек кўрсатиш мақсадида уларга бошқача ном беришган. (2 Салоникаликларга 2:7, 10; 2 Юҳанно 6, 7) Бу байрамларнинг аксарияти бугунги кунда ҳам кенг тарқалган ва улар сохта таълимотларни олға суриб, ҳатто сеҳр-жодуни қўллаб-қувватлайдиa. (Ваҳий 18:2–4, 23)
4 Бугунги кунда дунё бўйлаб байрамлар инсонларнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Бироқ бу борада Яҳованинг нуқтаи назарини ўрганар экансиз, баъзи байрамларга нисбатан муносабатингизни ўзгартириш кераклигини кўрасиз. Бу қийин кечиши мумкин, аммо Яҳова сизга ёрдам беришига амин бўлинг. Келинг энди, кенг тарқалган баъзи байрамлар ва урф-одатларнинг келиб чиқишини билиб олайлик. Бу бизга Яҳованинг уларга нисбатан муносабатини тушунишга кўмаклашади.
РОЖДЕСТВОНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
5. Исо 25 декабрь ёки 7 январь куни туғилмаганини қаердан биламиз?
5 Ернинг турли чеккаларидаги одамлар 25 декабрь ёки 7 январь куни Рождество байрамини нишонлашади. Уларнинг кўпчилиги ушбу санани Исонинг туғилган куни деб ҳисоблайди. Муқаддас Китобда Исо қайси куни ва ҳатто қайси ойда туғилгани ҳақида ҳеч нима айтилмаган бўлса-да, унда ёзилган маълумотдан у йилнинг қайси фаслида туғилганини аниқласа бўлади. Луқонинг ёзишича, Исо Байтлаҳмда туғилган пайтда чўпонлар «сурувларини пойлаб, далада кун кечиришарди». (Луқо 2:8–11) Декабрь ойида Байтлаҳмда совуқ бўлгани, ёмғир ва қор ёққани учун чўпонлар кечаси суруви билан далада қола олмасди. Бундан нимани билиб оляпмиз? Демак, Исо декабрь ойида эмас, об-ҳаво илиқ бўлган пайтда туғилган. Муқаддас Китоб ҳам, тарихий воқеалар ҳам шуни тасдиқлаяптики, Исо замонавий календарь бўйича тахминан сентябрь–октябрь ойларида туғилган.
6, 7. а) Рождество байрами қаердан келиб чиққан? б) Совға беришга бизни нима ундаши керак?
6 Хўш, унда Рождество байрами қаердан келиб чиққан? У бутпарастларнинг байрамлари, жумладан, римликларнинг Сатурналия, яъни деҳқончилик худоси Сатурн шарафига уюштирилган байрамдан келиб чиққан. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Римликларнинг Сатурналия байрами декабрь ойининг ўрталарида нишонланган бўлиб, ҳозирги Рождество байрамига хос кўпгина одатлар ундан келиб чиққан. Масалан, дабдабали зиёфатлар уюштириш, совғалар улашиш ва шам ёқиш шулар жумласидан». («The Encyclopedia Americana») Қолаверса, форсларнинг қуёш худоси Митранинг туғилган куни ҳам 25 декабрда нишонланган.
7 Аммо бугунги кунда Рождествони нишонлайдиган кўпгина одамлар у бутпарастликдан келиб чиққани ҳақида ўйлашмайди. Улар Рождествони шунчаки оиласи билан вақт ўтказиш, мазали таомлардан завқ олиш ва совғалар улашиш имкони деб ҳисоблашади. Тўғри, биз оиламиз ҳамда дўстларимизни яхши кўрамиз, Яҳова ҳам хизматчилари бир-бирига нисбатан сахий бўлишини истайди. 2 Коринфликларга 9:7 да: «Аллоҳ қувонч билан берганни севади»,— дейилган. Яҳова фақатгина муайян кунларда бир-биримизга совға беришимизни истамайди. Шу сабабли Яҳованинг халқи йилнинг исталган пайтида, эвазига ҳеч нарса кутмасдан совғалар беришни ҳамда дўстларию оиласи билан йиғилишни яхши кўради. Улар бошқаларни севгани учун совғалар беришади. (Луқо 14:12–14)
8. Мунажжимлар Исога совғалар беришганида у янги туғилган чақалоқ бўлганми? Тушунтиринг.
8 Кўпчилик Рождествода совғалар улашиш одатини учта доно киши охурда ётган янги туғилган Исога совғалар келтиришгани билан боғлайди. Бир гуруҳ кишилар Исони кўришга келгани ва унга совғалар бергани рост. Муқаддас Китоб ёзилган пайтда обрўли инсонга совғалар бериш одатий ҳол бўлган. (3 Шоҳлар 10:1, 2, 10, 13) Муқаддас Китобда айтилишича, Исони кўргани келган уч киши мунажжимлар бўлган, улар сеҳр-жоду билан шуғулланган ва Яҳовага топинмаган. Қолаверса, улар Исони кўргани келишганида у охурда ётган янги туғилган чақалоқ бўлмаган. Улар кейинроқ, Исо уйда яшаётган пайтда келишган. Ушбу мунажжимлар шарқдан Исо яшаётган жойга келгунича бир неча ой кетган. Улар манзилга етиб келгунига қадар Исо катта бўлиб қолганди. (Матто 2:1, 2, 11)
ТУҒИЛГАН КУНЛАР ҲАҚИДА МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
9. Муқаддас Китобда кимларнинг туғилган куни ҳақида айтилган?
9 Фарзанднинг дунёга келиши ҳамиша қувончли ҳодиса. (Забур 127:3) Аммо бу туғилган кунларни нишонлашимиз кераклигини англатмайди. Қуйидагилар ҳақида бир ўйлаб кўринг: Муқаддас Китобда фақат иккита туғилган кун нишонлангани ҳақида ёзилган. Улардан бири мисрлик фиръавннинг, иккинчиси эса шоҳ Ҳирод Антипанинг туғилган куни бўлган. (Ибтидо 40:20–22; Марк 6:21–29 ни ўқинг.) Аммо бу иккала ҳукмдор ҳам Яҳовага хизмат қилмаган. Қолаверса, Муқаддас Китобда Яҳованинг хизматчилари туғилган кунини нишонлашгани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.
10. Илк масиҳийлар туғилган кунни нишонлаш ҳақида қандай фикрда бўлишган?
10 Бир энциклопедияда таъкидланишича, «илк масиҳийлар туғилган кун нишонлашни бутпарастларга хос одат деб билишган». («The World Book Encyclopedia») Ушбу одатлар сохта таълимотларга асосланган эди. Масалан, қадимги юнонлар инсон туғилганида унинг ёнида бир руҳ бўлишига ва бу руҳ уни умри бўйи асрашига ишонишган. Уларнинг фикрича, одам қайсидир худонинг туғилган кунида туғилади ва уни асрайдиган руҳ бу худо билан алоқада бўлади. Туғилган кун бутпарастларга хос бундай таълимотлардан ташқари, астрология ва мунажжимлик билан ҳам боғлиқ.
11. Сахийликни намоён этиш борасида Яҳова биздан нимани кутади?
11 Кўп одамлар туғилган кунини ўзгача сана деб билишади ва бу куни уларга эътибор ҳамда севги кўрсатилишини кутишади. Лекин оила аъзоларимиз ва дўстларимизга фақат муайян кун эмас, йил бўйи севгимизни намоён этишимиз мумкин. Яҳова доим меҳрибон ва сахий бўлишимизни истайди. (Ҳаворийлар 20:35 ни ўқинг.) У бизга бебаҳо ҳаётни инъом этгани учун фақат туғилган кунимизда эмас, ҳар куни Унга миннатдорчилик билдирамиз. (Забур 8:3, 4; 36:9)
12. Қайси маънода ўлим куни туғилган кундан яхшироқ?
12 Воиз 7:1 да: «Яхши ном қимматбаҳо мойдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир»,— дейилган. Қайси маънода ўлим куни туғилган кундан яхшироқ бўлиши мумкин? Энди туғилганимизда ҳали на яхши, на ёмон иш қилиб улгурган бўламиз. Бироқ ҳаётимизни Яҳовага хизмат қилиш билан ўтказсак ва бошқаларга яхшилик қилсак, «яхши ном», яъни обрў орттирамиз. Шунда ҳатто оламдан ўтсак ҳам Яҳова бизни ёдида тутади. (Аюб 14:14, 15) Яҳованинг хизматчилари ўзининг ҳам, Исонинг ҳам туғилган кунини нишонлашмайди. Қолаверса, Исо фақатгина унинг ўлган кунини хотирлашимизни амр этган. (Луқо 22:17–20; Ибронийларга 1:3, 4)
НАВРЎЗ БАЙРАМИ ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН?
13, 14. Наврўз байрами қаердан келиб чиққан?
13 Баҳорда нишонланадиган Наврўз байрами бир қарашда безарардай туюлиши мумкин. Бу байрам ҳаётнинг янгиланиши ҳамда баҳорги ҳосил билан боғлиқ. Аммо у қаердан келиб чиққан? Бир энциклопедияда айтилишича, Наврўз «янги йил байрами ҳисобланиб, зардуштийлик ва форсийлик билан боғлиқ. Ушбу байрам кўплаб мамлакатларда, жумладан, Эрон, Ироқ, Ҳиндистон ва Афғонистонда нишонланади. Одатда бу байрам 21 мартда бошланади ва юқорида айтиб ўтилган кўплаб мамлакатларда янги йилнинг биринчи куни ҳисобланади». («Encyclopedia Britannica») Бошқа бир манбада шундай дейилган: «Зардуштийлик дини тарих қаърида қолди. Бироқ бу динга хос кўпгина одатлар, байрамлар, расм-русумлар ҳозирги пайтгача сақланиб қолган. Албатта, улар ичида энг каттаси Наврўз байрамидир». («Одатнома. Биринчи китоб»)
14 Одамлар сохта динга оид урф-одатларни ҳосилдорликка ҳисса қўшадиган табиат жараёнлари билан аралаштириб юборишса, бу Яҳовага маъқул келадими? Асло! (2 Коринфликларга 6:17, 18) Ҳа, Яҳова ҳеч қачон биздан мавсумлар алмашишини нишонлашни сўрамаган.
ЎЛГАНЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ МАРОСИМЛАР
15. Нега масиҳийлар ўлганлар билан боғлиқ айрим маросимларда қатнашмайди?
15 Ўлганлар билан боғлиқ маросимлар орасида масиҳийларга тўғри келмайдиганлари ҳам бор. Инсон оламдан ўтса одатга кўра ўша уйдаги суратлар ва кўзгулар устини ёпиб қўйишади, марҳумнинг бошини шарққа қаратиб ётқизишади. Марҳумга атаб етти, йигирма, қирқ ва йил маросимлари ўтказилади. Одамлар бу маросимларни инсоннинг ўлмас руҳи мавжудлиги ва у тирикларга таъсир қила олишига ишонишгани учун ўтказишади. Аслида эса «ўлганлар ҳеч нарсани билмайди». Шундай экан, ўлганлардан қўрқиш, уларнинг руҳига ҳурмат кўрсатиш ёки ёрдам бериш билан боғлиқ маросимларда иштирок этиш Худонинг меҳр-муҳаббатида қолишни истайдиган кишиларга тўғри келмайди. (Воиз 9:5, 10)
ХУДОГА МАЪҚУЛ НИКОҲ ТЎЙЛАРИ
16, 17. Никоҳ тўйини режалаштираётиб нимани инобатга олиш лозим?
16 Никоҳ тўйи ниҳоятда қувончли воқеа. Дунё бўйлаб тўйлар турлича ўтказилади. Кўпинча одамлар тўй билан боғлиқ урф-одатлар қаердан келиб чиққани билан қизиқишмайди. Шунинг учун улар бу маросимларнинг айримлари бутпарастларнинг эътиқодлари билан боғлиқ эканини билишмайди. Аммо турмуш қурмоқчи бўлган масиҳий жуфтлик тўйи Яҳовага маъқул тарзда ўтказилишини истайди. Агар улар тўй билан боғлиқ маросимларнинг келиб чиқиши ҳақида маълумотга эга бўлишса, тўғри қарорлар чиқара олишади. (Марк 10:6–9)
17 Одамлар тўй билан боғлиқ айрим маросимлар янги жуфтликка «омад» келтиради деб ишонишади. (Ишаё 65:11) Масалан, баъзи жойларда келин-куёвнинг устидан гуруч, пул, ширинлик ва шу каби нарсаларни сочишади. Бу одатлар жуфтликка фарзандли бўлишга кўмаклашади, уларга бахт ва узоқ умр келтиради ҳамда ёмонликдан асрайди деб ишонишади. Бироқ масиҳийлар сохта дин билан боғлиқ шу каби урф-одатлардан қочишади. (2 Коринфликларга 6:14–18 ни ўқинг.)
18. Муқаддас Китобда тўй билан боғлиқ яна қандай принциплар бор?
18 Масиҳий жуфтлик уларнинг тўйи қувончли ва муносиб тарзда ўтишини ҳамда келганларнинг барига завқ келтиришини истайди. Бундай тўйга келган меҳмонлар ҳам қўпол ва ахлоқсиз, келин-куёвни ҳамда бошқаларни ҳижолатга қўядиган тилакларни айтишмайди. (Ҳикматлар 26:18, 19; Луқо 6:31; 10:27) Масиҳийлар тўй қилаётганда «ўз мол-мулки билан мақтанишдан» қочишади. (1 Юҳанно 2:16) Агар тўй қилишни режалаштираётган бўлсангиз, ундан фақат яхши хотиралар қолишига ҳаракат қилинг. (28- иловага қаранг.)
ҚАДАҲ КЎТАРИШНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
19, 20. Қадаҳ кўтариш одати қаердан келиб чиққан?
19 Тўйларда ва бошқа ўтиришларда қадаҳ кўтариш одатий ҳол. Бир киши қадаҳ кўтариб яхши ниятларини айтаётганида бошқалар ҳам қадаҳларини кўтариб туришади. Масиҳийлар қадаҳ кўтаришга қандай муносабатда бўлишлари керак?
20 Бир китобда айтилишича, қадаҳ кўтариш, эҳтимол, бутпарастларнинг «худоларига атаб муқаддас суюқликни назр қилиш» одатидан келиб чиққан. Улар «“Умрингиз узоқ бўлсин!” ёки “Соғлигингиз учун!” деган тилаклари ёки ибодати ижобат бўлишини исташгани» учун бу ишни қилишган. («International Handbook on Alcohol and Culture») Қадимда одамлар худоларидан барака тилаш мақсадида қадаҳларини кўтаришган. Аммо Яҳова одамларга бу тарзда барака бермайди. (Юҳанно 14:6; 16:23)
«ЯҲОВАНИ СЕВАДИГАНЛАР, ЁМОНЛИКДАН НАФРАТЛАНИНГ»
21. Масиҳийлар яна қандай байрамларда қатнашишдан қочишади?
21 Бирорта байрамда қатнашиш-қатнашмаслик борасида қарор чиқараётиб, у қандай нуқтаи назар ва хулқ-атворни олға суриши ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, айрим байрамлар пайтида одамлар беҳаё рақсларга тушишади, ичкиликбозлик ва ахлоқсизликка берилишади. Қолаверса, бундай байрамларнинг айримлари бесоқолбозу лесбиянларга хос ҳаёт тарзини олиб боришга ва миллатчиликка рағбатлантиради. Агар шу каби байрамларда қатнашсак, Яҳова нафратланадиган нарсалардан нафратланаётган бўламизми?! (Забур 1:1, 2; 97:10; 119:37)
22. Муайян байрамда қатнашиш-қатнашмасликни ҳал қилишга масиҳийга нима ёрдам беради?
22 Масиҳийлар Худога иснод келтирадиган ҳар қандай байрамда иштирок этишдан воз кечишади. Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар». (1 Коринфликларга 10:31; 29- иловага қаранг.) Тўғри, барча байрамлар ҳам ахлоқсизлик, сохта дин ёки миллатчилик билан боғлиқ эмас. Агар муайян байрам Муқаддас Китоб принципларига зид бўлмаса, унда қатнашиш-қатнашмаслик борасида шахсий қарор чиқарамиз. Қароримиз бошқаларга қандай таъсир қилишини ҳам инобатга олишимиз лозим.
ЯҲОВАНИ СЎЗ ВА АМАЛДА ШАРАФЛАНГ
23, 24. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларимизга муайян байрам ҳақидаги қароримизни қандай тушунтирсак бўлади?
23 Сиз ҳам Яҳовага иснод келтирадиган байрамларда иштирок этмаётгандирсиз. Лекин Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларингиз сиз энди уларни яхши кўрмайсиз ва улар билан вақт ўтказишни истамаяпсиз деб ўйлашлари мумкин. Улар оила фақатгина байрамлар пайтида бирга йиғилади деган фикрда бўлишлари мумкин. Бу вазиятда нима қилсангиз бўлади? Уларни севгингизга ишонтиришнинг ва қадрлашингизни кўрсатишнинг турли йўллари мавжуд. (Ҳикматлар 11:25; Воиз 3:12, 13) Уларни бошқа пайт биргаликда вақт ўтказишга таклиф қилишингиз мумкин.
24 Агар қариндошларингиз нега муайян байрамни ортиқ нишонламаётганингизни билмоқчи бўлишса, адабиётларимиздаги ва jw.org сайтимиздаги маълумотлар ёрдамида уларга бунинг сабабини тушунтириб беришингиз мумкин. Уларда баҳсда ютмоқчидай ёки уларга ўз фикрингизни ўтказмоқчидай таассурот қолдиришдан эҳтиёт бўлинг. Оила аъзоларингизга кўпгина омилларни кўриб чиққач, шахсий қарор чиқарганингизни тушунишга кўмаклашинг. Хотиржамликни сақланг ҳамда «сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин». (Колосаликларга 4:6)
25, 26. Ота-оналар болаларига Яҳованинг меъёрларини севишга қандай ёрдам бера олишади?
25 Ҳар биримиз нега муайян байрамларда қатнашмаётганимизни аниқ тушунишимиз муҳим. (Ибронийларга 5:14) Мақсадимиз Яҳовага маъқул бўлиш. Агар ота-она бўлсак, фарзандларимизга Муқаддас Китоб принципларини тушунишга ва севишга ёрдам беришимиз лозим. Болаларингизга Яҳова мавжуд Шахс эканини ва улар билан дўстлашмоқчи эканини тушунишга кўмаклашинг. Шунда улар ҳам Худога маъқул бўлишга интилишади. (Ишаё 48:17, 18; 1 Бутрус 3:15)
26 Яҳова Унга пок ва маъқул тарзда топиниш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилаётганимизни кўришдан жуда бахтиёр. (Юҳанно 4:23) Аммо кўпчилик ушбу адолатсиз дунёда ҳалол яшашнинг иложи йўқ, деб ҳисоблайди. Чиндан ҳам шундайми? Келинг, буни кейинги бобда кўриб чиқамиз.
a Байрамлар ҳақида қўшимча маълумот олишни истасангиз, «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»га ҳамда jw.org сайтига қаранг.