2- БОБ
Худонинг олдида тоза виждон
Виждонингизни тоза сақланглар. 1 БУТРУС 3:16
1, 2. Нега нотаниш жойда бўлганингизда йўлбошчига муҳтож бўласиз? Яҳова бизга йўл кўрсатиш учун нима берган?
ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, бепоён саҳро бўйлаб кетяпсиз. Кучли шамол эсиб, қумларни ҳар тарафга учираётгани сари манзара ўзгариб боряпти. Адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Қайси йўлдан боришни қандай ҳал қиласиз? Сизга йўл кўрсатадиган йўлбошчига ёки нарсага муҳтожсиз. Балки қуёш, юлдузларга қараб ёки компас, харита, GPS (Йўлдош навигация тизими) ёрдамида йўлни топишга уринарсиз. Ё бўлмаса, саҳрони яхши биладиган кишидан йўл кўрсатишини сўрарсиз. Тўғри йўлни топишингиз муҳим, чунки бу ҳаёт-мамот масаласи.
2 Ҳаммамиз турли қийинчиликларга дуч келамиз ва баъзида нима қилишни билмай қолишимиз мумкин. Яҳова бизга тўғри йўл кўрсатиш учун ҳар биримизга виждон берган. (Ёқуб 1:17) Келинг, виждон ўзи нималигини ва у қандай вазифани бажаришини кўриб чиқайлик. Сўнгра виждонимизни қандай қилиб тарбиялашимиз мумкинлигини, нега бошқаларнинг виждонини инобатга олишимиз кераклигини ва тоза виждонга эга бўлишнинг қандай фойдаси борлигини билиб оламиз.
ВИЖДОН ЎЗИ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ВАЗИФАНИ БАЖАРАДИ?
3. Виждон ўзи нима?
3 Виждон — Яҳованинг бизга берган бебаҳо совғаси. Бу ички туйғу нима тўғри ва нима нотўғри эканини ажрата билишга ёрдам беради. Муқаддас Китобда «виждон» деб ўгирилган юнонча сўз «ўзини англаш» деган маънога эга. Агар виждонимиз уйғоқ бўлса, у аслида қандай инсон эканимизни текширишга кўмаклашади. У ички ҳис-туйғулару ўй-фикрларимизни таҳлил қилишга ёрдам беради. Виждон бизни яхши ишларни қилишга, ёмон ишлардан юз ўгиришга ундайди. Доно қарор чиқарганимизда кўнглимизни кўтаради, ножўя иш қилганимизда эса қийнайди. (5- иловага қаранг.)
4, 5. a) Одамато ва Момоҳаво виждонига қулоқ солишмагани учун нима юз берди? б) Муқаддас Китобдан виждон қандай вазифани бажаришини кўрсатувчи мисоллар келтиринг.
4 Виждонимизга қулоқ солиш-солмасликни ўзимиз танлаймиз. Одамато билан Момоҳаво виждонига қулоқ солмасликни танлаб, оқибатда гуноҳ қилишди. Кейин эса ўзларини айбдор ҳис қилишди, аммо жуда кеч бўлган эди. Улар Худога итоатсизлик қилишганди. (Ибтидо 3:7, 8) Улар мукаммал виждонга эга бўлиб, Худога бўйсунмаслик нотўғри эканини билишса ҳам виждонига қулоқ солишмади.
5 Улардан фарқли равишда, кўпгина номукаммал инсонлар ўз виждонига қулоқ солган. Бунда Аюб яхши ўрнак бўла олади. У тўғри қарорлар чиқаргани учун шундай дея олган: «Ҳаётимнинг ҳеч бир куни учун виждоним мени қийнамайди». (Аюб 27:6) Довуд эса баъзида виждонига қулоқ солмай, Яҳовага итоатсизлик қилган. Кейин унинг «виждони қийнай бошлаган». (1 Шоҳлар 24:5) Ҳа, Довуднинг виждони унга ёмон иш қилганини айтиб турган. Виждонига қулоқ солиб, у хатосини такрорламасликка ўрганган.
6. Нима учун виждонимиз Худонинг совғаси деб айта оламиз?
6 Одатда Яҳовани таниб-билмаган инсонлар ҳам нима яхши, нима ёмон эканини тушунишади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Улар ўз фикрларида ўзларини гоҳ қоралайдилар, гоҳ оқлайдилар». (Римликларга 2:14, 15) Мисол учун, кўплар қотиллик ёки ўғирлик қилиш ёмон эканини билади. Улар ўзлари билмаган ҳолда виждонига, яъни Яҳова уларнинг қалбига солган яхшини ёмондан ажратиш туйғусига қулоқ тутишади. Қолаверса, улар Худо ўрнатган принципларга, бошқача айтганда, тўғри қарорлар чиқаришимизга ёрдам берадиган асосий ҳақиқатларга биноан йўл тутишади.
7. Нега виждонимиз доим ҳам тўғри йўл кўрсатмаслиги мумкин?
7 Лекин виждонимиз доим ҳам тўғри йўл кўрсатмаслиги мумкин. Масалан, унга номукаммал фикрлар ва туйғуларимиз ўз таъсирини ўтказгани туфайли у бизни нотўғри йўлга бошлайди. Тўғри йўл кўрсатадиган виждон ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. (Ибтидо 39:1, 2, 7–12) Уни тарбиялаш керак. Бунда бизга ёрдам бериш учун, Яҳова муқаддас руҳини ва Каломидаги принципларни тақдим этяпти. (Римликларга 9:1) Келинг, қандай қилиб виждонимизни тарбиялашимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ВИЖДОННИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАСАК БЎЛАДИ?
8. a) Туйғуларимиз виждонимизга қандай таъсир қилади? б) Қарор чиқаришдан олдин ўзимизга қандай савол беришимиз керак?
8 Баъзиларнинг фикрича, виждонига қулоқ солиш ҳис-туйғуларига биноан йўл тутишни англатади. Улар «юрагингга қулоқ сол, у нима деса шуни қил», деган шиор билан яшайди. Аммо туйғуларимиз номукаммал ва улар бизни адаштириши мумкин. Улар шунчалик кучлики, ҳатто виждонимизга ўз таъсирини ўтказа олади. Муқаддас Китобда қуйидагича айтилган: «Қалб ўта алдамчи ва бетайиндир. Ким уни англай олар?» (Еремиё 17:9) Демак, биз нотўғри ишни тўғри деб ўйлай бошлашимиз мумкин. Павлуснинг мисолини олайлик, у масиҳий бўлишидан аввал Худонинг халқини қаттиқ таъқиб қилган ва тўғри йўл тутаётганига ишонган. Унинг назарида виждони тоза эди. Аммо у кейинчалик: «Мени ҳукм қилувчи Яҳовадир»,— деб айтган. (1 Коринфликларга 4:4; Ҳаворийлар 23:1; 2 Тимўтийга 1:3) Павлус унинг хатти-ҳаракати Яҳовага қандай таъсир қилганини билганида, ўзгариши кераклигини тушунган. Бирон иш қилишдан олдин ўзимиздан: «Яҳова қандай йўл тутишимни истайди?» — деб сўрасак бўлади.
9. Худодан қўрқиш нимани англатади?
9 Агар кимнидир яхши кўрсангиз, уни хафа қилишни истамайсиз. Яҳовани яхши кўрганимиз учун, Унга оғир ботадиган ҳеч нима қилишни хоҳламаймиз. Уни хафа қилишдан ниҳоятда қўрқамиз. Нахимиё бу борада яхши ўрнак кўрсатган. У ҳокимлик мавқеидан бойиб кетиш мақсадида фойдаланмаган. Нега? Бунинг сабабини тушунтириб, у қуйидагича деган: «Худодан қўрққаним учун бундай қилмадим». (Нахимиё 5:15) У Яҳованинг қалбига озор берадиган ҳеч қандай иш қилишни истамаган. Нахимиё каби биз ҳам Яҳовани ранжитадиган ёмон ишларни қилишдан қўрқамиз. Муқаддас Китобни ўқиш орқали Яҳовани мамнун қилиш йўлларини билиб олсак бўлади. (6- иловага қаранг.)
10, 11. Ичкилик борасида тўғри қарор чиқаришга Муқаддас Китобдаги қайси принциплар ёрдам беради?
10 Мисол учун, масиҳий спиртли ичимликларни ичиш-ичмаслик борасида қарор чиқариши керак. Тўғри қарор чиқаришга унга қайси принциплар ёрдам беради? Мана бир нечтаси: Муқаддас Китобда спиртли ичимликларни ичиш қораланмаган. Аксинча, унда айтилишича, шароб Худодан берилган ҳадя. (Забур 104:14, 15) Бироқ Исо издошларини ичкиликка берилишдан огоҳлантирган. (Луқо 21:34) Павлус масиҳийларга «айш-ишрат, ичкиликбозликдан» қочишни айтган. (Римликларга 13:13) У ичкиликбозлар «Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмаслиги» ҳақида ёзган. (1 Коринфликларга 6:9, 10)
11 Масиҳий ўзига шундай саволларни бериши керак: «Спиртли ичимлик мен учун қанчалик муҳим? Дам олиш учун спиртли ичимлик ичишим шартми? Ўзимга бўлган ишонч ортиши учун ичаманми? Қанча миқдорда ва қанчалик тез-тез ичаётганимни назорат қила оламанми?a Спиртли ичимлик бўлмаса ҳам, дўстларим билан вақтимни яхши ўтказа оламанми?» Тўғри танлов қилиш учун Яҳовадан ёрдам сўрашимиз лозим. (Забур 139:23, 24 ни ўқинг.) Шундай йўл тутсак, виждонимизни Муқаддас Китоб принципларига нисбатан таъсирчан қилиб тарбиялай оламиз. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.
НЕГА БОШҚАЛАРНИНГ ВИЖДОНИНИ ИНОБАТГА ОЛИШИМИЗ КЕРАК?
12, 13. Нега виждонимиз бошқаларникидан фарқ қилиши мумкин? Бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
12 Ҳамманинг виждони ҳар хил. Сизнинг виждонингиз бирор ишга йўл қўйса, бошқа инсонники йўл қўймаслиги мумкин. Мисол учун, сиз спиртли ичимлик ичишни танларсиз, бошқа инсон эса аксинча йўл тутар. Нега бир масала борасида икки киши турлича ўйлайди?
13 Инсоннинг фикрига у ўсиб-улғайган муҳит, оиласининг нуқтаи назари, ўз ҳаётий тажрибаси ва бошқа омиллар таъсир қилиши мумкин. Ичкилик борасида гап кетганда, ҳар бир инсон ўз вазиятини ўзи яхши билади. Ўтмишда ичкилик билан муаммоси бўлган инсон умуман ичмасликни танлаши мумкин. (3 Шоҳлар 8:38, 39) Агар кимгадир ичкилик ичишни таклиф қилганингизда, у рад этса, бунга қандай муносабат кўрсатасиз? Хафа бўласизми? Уни ичишга мажбурлайсизми? Нега рад этганини билиш учун уни сўроққа тутасизми? Йўқ, унинг виждонини ҳурмат қилганингиз учун бундай йўл тутмайсиз.
14, 15. Павлуснинг даврида қандай вазият юзага келган? У қандай маслаҳат берган?
14 Ҳаворий Павлус яшаган даврда инсонларнинг виждони бир-бириникидан фарқ қилишини кўрсатувчи вазият юзага келган. Ўша пайтда бозорда бутларга бағишланган гўштлар ҳам сотилган. (1 Коринфликларга 10:25) Павлус бундай гўштни сотиб олишни ва ейишни нотўғри деб ҳисобламаган. У барча егуликни Яҳовадан деб қабул қилган. Ўтмишда бутларга сиғинган баъзи масиҳийлар эса бошқача фикрда бўлган. Улар бундай гўштни ейиш нотўғри деб ҳисоблашган. Павлус «Менинг виждоним бунга йўл қўяди. Истаган нарсамни ейишим мумкин» деб ўйлаганми?
15 Йўқ, Павлус бундай деб ўйламаган. Имондошларининг ҳис-туйғулари у учун жуда муҳим эди, шу боис у ўз ҳуқуқидан воз кечишга тайёр бўлган. (Римликларга 15:1, 3) Павлус «фақат ўз манфаатимизни ўйламаслигимиз» кераклигини айтган. Кейин эса: «Ахир Масиҳ ҳам ўзига маъқул бўлган ишларни қилмаган»,— деб қўшиб қўйган. (Римликларга 15:1, 3) У худди Исо каби ўзгаларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйган. (1 Коринфликларга 8:13; 10:23, 24, 31–33 ни ўқинг.)
16. Агар виждонимиз имондошимизнинг виждонидан фарқ қилса, нега уни ҳукм қилмаслигимиз керак?
16 Борди-ю, бизнинг виждонимиз йўл қўймаган ишга бошқа инсоннинг виждони йўл қўйса-чи? Биз ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, бошқаларнинг қарори нотўғри дея, ўзимизникида туриб олмаслигимиз керак. (Римликларга 14:10 ни ўқинг.) Яҳова виждонни бошқаларни эмас, ўзимизни ҳукм қилиш учун берган. (Матто 7:1) Шахсий қарорларимиз жамоатда бўлинишларга олиб келишини асло истамаймиз. Аксинча, жамоатда севги ва бирликни мустаҳкамлаш йўлларини излаймиз. (Римликларга 14:19)
ТОЗА ВИЖДОН КЕЛТИРАДИГАН БАРАКАЛАР
17. Баъзи одамларнинг виждони билан нима юз беради?
17 Ҳаворий Бутрус: «Виждонингизни тоза сақланглар»,— деб ёзган. (1 Бутрус 3:16) Агар одамлар Яҳованинг принципларига бепарволик қилаверса, охир-оқибат уларнинг виждони огоҳлантирмай қўяди. Павлус бундай инсонлар ҳақида «виждонига қиздирилган темир билан тамға босилган» деб айтган. (1 Тимўтийга 4:2, изоҳ) Ҳеч бирор жойингизни қаттиқ куйдирганмисиз? Одатда терининг куйган жойи чандиқ бўлиб қолади ва сезгирлигини йўқотади. Шу каби агар инсон нотўғри ишларни қилишда давом этса, виждони сезгирлигини йўқотиб, умуман гапирмай қўяди.
18, 19. a) Айбдорлик ва уят ҳисси бизга қандай фойда келтиради? б) Тавба қилганимизга қарамай, ўзимизни айбдор ҳис қилсак, қандай йўл тутишимиз керак?
18 Агар ўзимизни айбдор ҳис қилаётган бўлсак, виждонимиз нотўғри иш қилганимизни айтаётган бўлади. Бу эса нимани нотўғри қилганимизни аниқлашга ва уни тўхтатишга ёрдам беради. Хатоларимиздан сабоқ олиб, уларни такрорламасликни истаймиз. Мисол учун, шоҳ Довуд гуноҳ қилганида виждони уни тавба қилишга ундаган. У қилган ишидан нафратланган ва буёғига Яҳовага итоат этишга қарор қилган. Довуд ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, Яҳова ҳақида «меҳрибон ва кечиримли» деб айтган. (Забур 51:1–19; 86:5; 7- иловага қаранг.)
19 Лекин инсон гуноҳидан тавба қилган бўлса ҳам, узоқ вақт давомида виждони қийнаши мумкин. Айбдорлик ҳисси оғир бўлиши ва инсон ўзини арзимас ҳис қилиши мумкин. Агар сиз ҳам вақти-вақти билан ўзингизни шундай ҳис қилсангиз, ўтмишни ўзгартириб бўлмаслигини унутманг. Яҳова билиб-билмай қилган гуноҳларингизни бутунлай кечирган ва уларни ўчириб ташлаган. Сиз Яҳованинг назарида поксиз ва У ҳозир тўғри ишларни қилаётганингизни билади. Ҳатто қалбингиз сизни айбласа ҳам, Муқаддас Китобдаги «Худо қалбимиздан улуғ» деб ёзилган сўзларни унутманг. (1 Юҳанно 3:19, 20 ни ўқинг.) Бу дегани, Унинг севгиси ва кечиримли экани ҳар қандай айбдорлик ва уят ҳиссини енгиб ўтишга ёрдам беради. Яҳова сизни кечирганига ҳечам шубҳаланманг. Агар киши Яҳова уни кечирганига ишонса, унинг виждони тинчланиб, қувонч ила Унга хизмат қилади. (1 Коринфликларга 6:11; Ибронийларга 10:22)
20, 21. a) Ушбу адабиётнинг мақсади нимадан иборат? б) Яҳова бизга қандай эркинлик берган? Ундан қандай фойдаланишимиз керак?
20 Ушбу адабиётнинг мақсади виждонингизни тўғри тарбиялашга ёрдам беришдан иборат. Бундай виждон сизни ҳозирги оғир кунларда хавфдан огоҳлантириб, ҳимоя қилади. Қолаверса, бу китоб ёрдамида ҳаётдаги турли вазиятларда Муқаддас Китоб принципларини қўллашни ўрганасиз. Албатта, ушбу китобда ҳар бир вазиятда қўл келадиган қоидалар рўйхати тақдим этилмаган. Биз Худонинг принципларига асосланган «Масиҳнинг қонунига» биноан ҳаёт кечирамиз. (Галатияликларга 6:2) Бирор масалада аниқ қонун йўқлигини баҳона қилиб, нотўғри хатти-ҳаракатимизни оқламаймиз. (2 Коринфликларга 4:1, 2; Ибронийларга 4:13; 1 Бутрус 2:16) Аксинча, эркинлигимиздан Яҳовага бўлган севгимизни намоён этиш учун фойдаланамиз.
21 Муқаддас Китоб принциплари устида мулоҳаза юритиб, уларни амалда қўллаганимизда зеҳнимизни ишга солишни ва Яҳова каби фикр юритишни ўрганамиз. (Ибронийларга 5:14) Натижада тарбияланган виждон ҳаётимиз давомида бизга йўл кўрсатиб, Худонинг меҳр-муҳаббатида қолишимизга кўмаклашади.
a Кўп шифокорларнинг айтишича, ичкиликбозлар қанча ичаётганини назорат қилолмайди. Шифокорлар бундай кишиларга умуман ичмасликни маслаҳат беради.
«Масиҳнинг қонуни» Муқаддас Китобдаги принципларга асосланган, қонунларга эмас. Агар бирор масалада аниқ қонун бўлмаса ҳам, масиҳий нотўғри иш қилиш учун баҳона изламайди.