45- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Бир-бирингизга меҳр-садоқат кўрсатишда давом этинг
Бир-бирингизга меҳр-садоқат ва раҳм-шафқат билан муомалада бўлинглар. ЗАКР. 7:9
107- ҚЎШИҚ Аллоҳ — севги намунасидир
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. Бир-биримизга меҳр-садоқат кўрсатишимизнинг қандай сабаблари бор?
БИР-БИРИМИЗГА меҳр-садоқат кўрсатиш учун ажойиб сабабларимиз бор. Хўш, улардан баъзилари қандай? Бунинг жавобини Муқаддас Китобдаги ҳикматли сўзлардан топишимиз мумкин. «Вафо билан меҳр-садоқатдан айрилма... Шунда Тангри ва инсонлар назарида илтифот топиб, фаҳм-фаросатли бўлиб таниласан». «Меҳр-садоқатли одамнинг жони ором топади». «Адолату меҳр-садоқатга интилган ҳаётга... сазовор бўлади». (Ҳик. 3:3, 4; 11:17, изоҳ; 21:21)
2 Ушбу ҳикматли сўзларда меҳр-садоқат кўрсатишимиз кераклигининг учта сабаби бор. Биринчиси, бу фазилатни кўрсатсак, Яҳованинг назарида қадрли бўламиз. Иккинчиси, меҳр-садоқат кўрсатиб ўзимиз фойда оламиз. Масалан, бошқалар билан яқин дўст тутинамиз. Учинчиси, келажакда баракаларга, жумладан, абадий ҳаётга эга бўламиз. Дарҳақиқат, Яҳованинг: «Бир-бирингизга меҳр-садоқат ва раҳм-шафқат билан муомалада бўлинглар»,— деган эслатмасига амал қилиш учун етарлича сабабларимиз бор. (Закр. 7:9)
3. Ушбу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?
3 Ушбу мақолада қуйидаги тўртта саволга жавоб топамиз: «Кимларга меҳр-садоқат кўрсатишимиз керак? Меҳр-садоқат намоён этиш борасида Рут китобидан нималарни ўрганишимиз мумкин? Ҳозирда меҳр-садоқатни қай йўсин кўрсата оламиз? Меҳр-садоқат кўрсатаётганлар бундан қандай фойда олади?»
КИМЛАРГА МЕҲР-САДОҚАТ КЎРСАТИШИМИЗ КЕРАК?
4. Меҳр-садоқат кўрсатишда Яҳовага қандай тақлид қилишимиз мумкин? (Марк 10:29, 30)
4 Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, Яҳова меҳр-садоқатни фақат Уни севадиган ва Унга хизмат қиладиган одамларга кўрсатади. (Дон. 9:4) «Севикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилишни» хоҳлаймиз. (Эфес. 5:1) Шунинг учун, биродару опа-сингилларимизга меҳр-садоқат намоён этишни истаймиз. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг.)
5, 6. Одатда садоқат сўзи нимани англатади?
5 Меҳр-садоқатнинг маъносини қанчалик яхши тушунсак, уни имондошларимизга шунчалик яхши намоён этишимиз мумкинлигига қўшилсангиз керак. Буни янада яхшироқ тушуниш учун уни одамлар ишлатадиган садоқат сўзи билан солиштириб кўрайлик. Келинг, бир мисолга диққат қаратамиз.
6 Тасаввур қилинг, бир киши компанияда кўп йиллардан бери садоқат ила ишлаб келяпти. Эҳтимол, у бу вақт давомида ҳеч бир бошлиғини кўрмаган. Бундан ташқари, уларнинг шартларини ёқтирмаслиги мумкин. Унга иш жойи ёқмайди, лекин маош туфайли ишлаб юрибди. У нафақага чиққунига ёки бошқа иш топгунига қадар ўша ерда ишлайди.
7, 8. а) Меҳр-садоқатни кўрсатишга бизни нима ундайди? б) Нега Рут китобидан бир нечта оятларни кўриб чиқамиз?
7 Олтинчи хатбошида кўриб чиқилган садоқат ва меҳр-садоқат ўртасидаги фарқ инсоннинг ниятига бориб тақалади. Қизиқ, нима учун Худонинг хизматчилари қадимда меҳр-садоқат кўрсатган? Улар мажбурият юзасидан эмас, балки чин қалбдан истагани учун меҳр-садоқат кўрсатган. Масалан, Довудни олайлик. Йўнатаннинг отаси Шоул Довудни ўлдирмоқчи эди. Бунга қарамай, у дўсти Йўнатанга меҳр-садоқат кўрсатган. Ҳатто Йўнатаннинг ўлимидан йиллар ўтиб, у Йўнатаннинг ўғли Мефибоситга меҳр-садоқат кўрсатишдан тўхтамаган. (1 Шоҳ. 20:9, 14, 15; 2 Шоҳ. 4:4; 8:15; 9:1, 6, 7)
8 Муқаддас Ёзувлардаги Рут китобидан бир нечта оят ёрдамида меҳр-садоқат ҳақида кўп нарсаларни билиб олишимиз мумкин. Бу китобда тилга олинган кишилар борасида қандай сабоқ оляпмиз? Ўрганганларимизни жамоатда қандай қўллашимиз мумкин?b
МЕҲР-САДОҚАТ НАМОЁН ЭТИШ БОРАСИДА РУТ КИТОБИДАН НИМАЛАРНИ ЎРГАНИШИМИЗ МУМКИН?
9. Нима учун Наима бўлган воқеаларда Яҳовани айблади?
9 Рут китобида Наима, унинг келини Рут ва Боз исмли киши ҳақида ўқиймиз. Боз художўй киши бўлиб, Наиманинг эрига қариндош эди. Исроилда очарчилик бўлганда Наима ва эри иккита ўғли билан Мўаб юртига кўчиб кетди. У ерда Наиманинг эри вафот этди. Унинг иккита ўғли уйланди, лекин афсуски, улар ҳам ҳаётдан кўз юмди. (Рут 1:3–5; 2:1) Булар унинг руҳини туширди, у шунчалик тушкунликка тушган эдики, ҳатто бунда Яҳовани айблади. Қуйида Худо ҳақида нима деганини ўқишимиз мумкин: «Яҳованинг қўли менга қарши кўтарилган». «Қодир Тангри ҳаётимни аччиқ қилди... Яҳова менга қарши чиқиб, Қодир Тангри бошимга мусибат ёғдирган». (Рут 1:13, 20, 21)
10. Наиманинг аччиқ сўзларига Яҳова қандай муносабат кўрсатди?
10 Наиманинг бундай аччиқ сўзларига Яҳова қандай муносабат кўрсатди? У Наимадан юз ўгирмади, аксинча, унга ҳамдард эканини кўрсатди. Яҳова «жабр-зулм донони ақлсизлик қилишга ундашини» тушунади. (Воиз 7:7) Бироқ барибир Наима Яҳова уни ташлаб қўймаганини кўриш учун ёрдамга муҳтож эди. Хўш, Худо унга қандай ёрдам берди? (1 Шоҳ. 2:8) У Рутни Наимага меҳр-садоқат кўрсатишга ундади. Рут қайнанаси Наимага маънан ва ҳиссан тикланиши учун чин қалбдан меҳр ила ёрдам берди. Рутнинг мисолидан нимани ўрганяпмиз?
11. Нега меҳрибон имондошларимиз руҳи тушган биродару опа-сингилларга ёрдам беряпти?
11 Меҳр-садоқат бизни руҳи тушганларга ёрдам беришга ундайди. Рут Наима билан бирга қолганидай, меҳрибон имондошларимиз қайғураётган ёки руҳи тушган биродару опа-сингилларга ёрдам беряпти. Бу имондошларимиз уларни яхши кўради ва ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилишга интилади. (Ҳик. 12:25, 24:10) Ҳаворий Павлус бизни шундай йўл тутишга ундаган: «Руҳи тушганларга тасалли беринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳамма одамларга сабр-тоқатли бўлинглар». (1 Салон. 5:14)
12. Руҳи тушган биродару опа-сингилларга ёрдам беришнинг энг самарали йўли кўпинча қандай?
12 Руҳи тушган биродару опа-сингилларимизга ёрдам беришнинг энг самарали йўли кўпинча уларни тинглаш ва севгимизга ишонтиришдир. Яҳованинг қимматбаҳо қўзичоқларига меҳр ила ёрдам берсак, бу Унинг эътиборидан четда қолмайди. (Заб. 41:1) Ҳикматлар 19:17 да шундай дейилган: «Бечорага меҳр кўрсатган Тангри Яҳовага қарз беради, У эса қилган яхшилигини қайтаради».
13. Рутнинг қарори Ўрпаникидан қандай фарқ қилган ва Рут қай йўсин меҳр-садоқатни кўрсатди? (Муқовадаги расмга қаранг.)
13 Наиманинг эри ва ўғиллари ҳаётдан кўз юмганидан кейин юз берган воқеалар ҳақида фикр юритганимизда, меҳр-садоқат қандай фазилат эканини яхшироқ тушунамиз. Наима «Яҳова Ўз халқига назар солиб, уларга ризқини бергани ҳақида эшитганида», уйига қайтишга қарор қилди. (Рут 1:6) Иккита келини унга эргашди. Лекин улар йўлда кетаётганида Наима уларга уч марта Мўабга қайтишни айтди. Хўш, кейин нима бўлди? Муқаддас Китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Ўрпа қайнонаси ўпиб, у билан хайрлашди-да, кетди. Рут эса унинг ёнида қолди». (Рут 1:7–14) Ўрпа қайнонаси айтгандай қилди ва Мўабга қайтди. Лекин Рут Наиманинг фойдасини кўзлаб, кўпроғини қилди. Рут уйига қайтиши мумкин эди. Лекин қайнонаси билан қолишга қарор қилди. (Рут 1:16, 17) Буни мажбурлигидан эмас, балки хоҳлагани учун қилди. Бу билан Рут меҳр-садоқат кўрсатди. Бундан қандай сабоқ оляпмиз?
14. а) Биродару опа-сингилларимиз нима қилишга тайёр? б) Ибронийларга 13:16 га кўра, Яҳовани қай йўсин мамнун қила оламиз?
14 Меҳр-садоқат керагидан ортиғини қилишга ундайди. Ўтмишда бўлганидай, бугунги кунда ҳам кўпгина биродару опа-сингилларимиз имондошларига, ҳатто ўзи танимайдиганларга меҳр-садоқат кўрсатяпти. Масалан, бу имондошларимиз табиий офат юз бергани ҳақида хабар топса, зудлик билан ўз ёрдамини таклиф қилади. Жамоатда кимдир моддий томондан қийналса, иккиланмасдан уларга амалий ёрдам кўрсатади. Биринчи асрдаги македонияликлар каби улар кўпроғини қилишга тайёр. Улар ёрдамга муҳтож биродару опа-сингилларга кўмаклашиш учун керагидан ҳам «ортиғини қилиб», вақтини ва бор нарсасини аямайди. (2 Кор. 8:3) Бундай руҳни намоён этаётганлар имондошларни кўриб, Яҳова жуда мамнун бўлади. (Ибронийларга 13:16 ни ўқинг.)
ҲОЗИРДА МЕҲР-САДОҚАТНИ ҚАЙ ЙЎСИН КЎРСАТА ОЛАМИЗ?
15, 16. Рут таслим бўлмаганини қандай кўрсатди?
15 Рут Наимага қандай ёрдам берганидан кўп фойдали сабоқ олсак бўлади. Келинг, баъзиларини кўриб чиқайлик.
16 Таслим бўлманг. Рут қайнонаси билан бирга Яҳудога боришни таклиф қилганида, у бошида кўнмади. Лекин у таслим бўлмади. Хўш, натижаси қандай бўлди? «Наима Рутнинг у билан бирга кетишга қарори қатъий эканини кўриб, уни фикридан қайтаришга бошқа уринмади». (Рут 1:15–18)
17. Осонликча таслим бўлмасликка бизга нима ёрдам беради?
17 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Тушкунликка тушган имондошларимизга ёрдам бериш учун сабр-тоқат кутилади. Лекин таслим бўлмаслигимиз керак. Имондошимиз аввалига ёрдам қўлини рад этиши мумкин. Бироқ меҳр-садоқат бизни унга кўмаклашишга ундайди. (Галат. 6:2) Умид қиламизки, вақти келиб у ёрдамимизни қабул қилади ва кўнглини кўтаришимизга рози бўлади.
18. Нима туфайли Рутнинг кўнгли тушиши мумкин эди?
18 Юрагингизга яқин олманг. Наима ва Рут Байтлаҳмга келганида Наима олдинги қўшниларини учратган. У уларга: «Бу ердан кетаётганимда ҳар жиҳатдан тўкис эдим, аммо Яҳова мени бўш қўл билан қайтарди»,— деб айтган. (Рут 1:21) Бу сўзларни эшитган Рут нималарни ҳис қилганини бир тасаввур қилинг. У Наимага ёрдам бериш учун жон куйдирганди. У билан бирга йиғлаганди, унга тасалли берганди ва кўп кун давомида у билан бирга йўл юриб келганди. Наима бўлса: «Яҳова мени бўш қўл билан қайтарди»,— деб айтган. Бу сўзлари билан Наима унга елкадош бўлиб келган Рутнинг ёрдамини қадрламаганини кўрсатди. Бу туфайли Рутнинг кўнгли тушган бўлса керак. Буларнинг барига қарамай, Рут Наимани ташлаб кетмади.
19. Тушкунликка тушган имондошимизнинг ёнида бўлишга нима ёрдам беради?
19 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Биз ҳам тушкунликка тушган бирор имондошимизга ёрдам бермоқчи бўлармиз. Лекин ҳаракатларимизга қарамай, у бизни ранжитадиган сўзлар айтиши мумкин. Аммо буни юрагимизга яқин олмасликка ҳаракат қиламиз. Бу ёрдамга муҳтож бўлган имондошимизнинг ёнида бўлиб, Яҳовадан унга далда бера олишимиз учун тўғри йўл кўрсатишини сўраймиз. (Ҳик. 17:17)
20. Рут нима туфайли кучга тўлди?
20 Керакли вақтда далда беринг. Рут Наимага меҳр-садоқат кўрсатди. Энди эса ўзи далдага муҳтож. Яҳова Бозни унга далда беришга ундади. У Рутга шундай деди: «Булар учун Яҳова сизни тақдирласин. Исроилнинг Тангриси Яҳованинг қанотлари остида паноҳ излаб келган сизни У тўлиқ мукофотласин». Бу оромбахш сўзлар Рутга қаттиқ таъсир қилди. У шундай жавоб берди: «Сўзларингиз билан мен чўрингизга тасалли бериб, юпатдингиз». (Рут 2:12, 13) Рут ёрдамга муҳтож бўлганда Боз унга далда берди, бундан у кучга тўлди.
21. Ишаё 32:1, 2 га кўра, ғамхўр оқсоқоллар нима қилади?
21 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Бошқаларга меҳр-садоқат кўрсатаётганлар баъзида ўзлари далдага муҳтож бўлади. Рут қайнонаси Наимага ғамхўрлик қилганини Боз кўрган ва уни бу учун мақтаган. Бугун ҳам оқсоқоллар биродару опа-сингилларимиз бошқа имондошларга ёрдам берганини кўрганида, уларни самимий мақтайди. Ўз вақтида айтилган самимий мақтов биродару опа-сингилларимизга куч беради. Улар бу орқали имондошларимизга ёрдам беришда давом этади. (Ишаё 32:1, 2 ни ўқинг.)
МЕҲР-САДОҚАТ КЎРСАТАЁТГАНЛАР БУНДАН ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛАДИ?
22, 23. Наиманинг нуқтаи назарида қандай ўзгариш юз берди ва бунга нима сабаб бўлди? (Забур 136:23, 26)
22 Бироз вақт ўтгач, Боз Наима ва Рутга сахийлик ила озиқ-овқат берди. (Рут 2:14–18) Хўш, Наима Бознинг сахийлигига қандай муносабат кўрсатди? У: «Тириклардан ҳам, ўликлардан ҳам меҳр-садоқатини дариғ тутмайдиган Яҳова, ўша кишига барака берсин»,— деб айтди. (Рут 2:20а) Наиманинг нуқтаи назари бутунлайин ўзгарди. Бундан олдин у кўз ёшлар билан: «Яҳова менга қарши чиқди»,— деб айтганди. Энди бўлса, қувончга тўлиб: «Меҳр-садоқатини дариғ тутмайдиган Яҳова»,— деб айтди. Нима туфайли Наиманинг нуқтаи назари ўзгарди?
23 Ниҳоят Наима ҳаётида Яҳованинг қўлини кўра бошлади. У Яҳудога қайтиб кетаётганида, Яҳова уни Рут орқали қўллаб-қувватлади. (Рут 1:16) Шунингдек, «қариндошлик бурчини ўтай оладиган» кишилардан бири бўлган Боз Наима ва Рутга ғамхўрлик қилган. Наима бунда ҳам Яҳованинг қўлини кўрганc. (Рут 2:19, 20б) У шундай ўйлаган бўлиши мумкин: «Энди тушундим, Яҳова мени ҳеч қачон ташлаб кетмаган. У доимо мен билан бўлган». (Забур 136:23, 26 ни ўқинг.) Рут билан Боз Наимага ёрдам беришда давом этгани учун у жуда миннатдор бўлган бўлса керак. Уларнинг учаласи ҳам бундан хурсанд бўлганига шубҳамиз йўқ.
24. Нега имондошларимизга доим меҳр-садоқатни кўрсатишни хоҳлаймиз?
24 Рут китобидан меҳр-садоқат ҳақида нималарни билиб олдик? Меҳр-садоқат бизни тушкунликка тушган имондошларимизга ёрдам беришда қатъий бўлишга ундайди. Шунингдек, бу уларга ёрдам бериш учун фидойилик кўрсатишни ҳам ўз ичига олади. Оқсоқоллар бошқаларга меҳр-садоқатни кўрсатадиган имондошларга ўз вақтида далда бериб туриши ўринли. Ёрдамга муҳтож бўлган имондошларимиз маънан тикланганини кўрганимизда суюнамиз. (Ҳавор. 20:35) Хўш, меҳр-садоқат кўрсатишимизнинг энг муҳим сабаби нима? Сабаби, меҳр-садоқатга бой Яҳовага тақлид қилишни ва Уни мамнун қилишни истаймиз. (Чиқ. 34:6; Заб. 33:22)
130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
a Яҳова имондошларимизга меҳр-садоқат кўрсатишимизни истайди. Худонинг ўтмишдаги баъзи хизматчилари бу фазилатни қандай кўрсатганини билиш орқали буни яхшироқ тушунамиз. Мазкур мақолада Рут, Наима ва Бознинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
b Бу мақоладаги сабоқларни яхшироқ тушуниш учун Рут китобининг 1- ва 2- бобларини ўқиб чиқишингизни тавсия қиламиз.
c Бознинг қариндошлик бурчи ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 октябрь (рус) сонидаги 20- саҳифада келтирилган «Имонларига эргашинглар. Яхши аёл» номли мақолага қаранг.