У Аллоҳнинг марҳаматига эга бўлиши мумкин эди
БИЗ Тангри Яҳовага хизмат қиламиз ва Унинг марҳаматига эга бўлишни истаймиз, шундай эмасми?! Хўш, Аллоҳ қандай инсонларга марҳамат кўрсатиб, барака ёғдиради? Қадимда баъзилар жиддий гуноҳга қўл урган бўлса-да, Унинг марҳаматига сазовор бўла олган. Аммо бошқалар ажойиб фазилатлари бўлишига қарамай, Худонинг марҳаматига эга бўла олмаган. Шундай савол туғилиши мумкин: «Яҳова ҳар биримизда нимани кўради?» Яҳудо шоҳи Рахабомнинг мисолини кўриб чиқиш мазкур саволга жавоб топишга ёрдам беради.
БОШЛАНИШИ ЁМОН ЭДИ
Рахабомнинг отаси Исроилда 40 йил ҳукмронлик қилган Сулаймон эди. (3 Шоҳ. 11:42) Сулаймон мил. авв. 997 йили ҳаётдан кўз юмди. Шунда Рахабом шоҳ сифатида мойланиш учун Қуддуснинг шимолидан Шакамга борди. (2 Сол. 10:1) У тахтни эгаллашдан қўрққанми? Ахир Сулаймон тенги йўқ донолиги билан танилган эди. Тез орада Рахабом ҳам қийин муаммоларни ҳал қилиш учун етарлича доно эканини кўрсатиши керак эди.
Рахабом даврида Исроилдаги вазият таранг эди. Вақт ўтгач, халқ вакиллари келиб ташвишларини унга очиқчасига аён қилишди: «Отангиз бўйнимизга оғир бўйинтуруқ солган эди. Аммо отангиз зиммамизга ортган бу сермашаққат ишни ва оғир бўйинтуруқни енгиллатсангиз, сизга хизмат қиламиз». (2 Сол. 10:3, 4)
Рахабом муҳим қарор олдида турган эди. Борди-ю, халқнинг талабларини бажарса, у ва унинг оиласи ҳамда саройидагилар баъзи ҳашаматли нарсалардан воз кечиши ва одамлардан камроқ солиқ талаб қилиши мумкин эди. Бошқа тарафдан, агар халқнинг илтимосини рад этса, исён кўтарилиши эҳтимоли бор эди. Қизиқ, у қандай йўл тутди? Аввал у Сулаймонга хизмат қилган оқсоқоллар билан маслаҳатлашди. Бироқ кейин ёш Рахабом тенгдошларига маслаҳат солди. Уларнинг маслаҳатига кўра, халққа зулм ўтказмоқчи бўлди ва қуйидагича жавоб қайтарди: «Мен бўйинтуруғингизни янада оғирроқ қиламан. Отам сизларни қамчи билан савалаган бўлса, мен сизларни тиканли қамчи билан савалайман». (2 Сол. 10:6–14)
Қандай сабоқ олдингиз? Аниқки, ёши катталарга, маънан етук кишиларга қулоқ солиш кўпинча оқилонадир. Улар қарорлар қандай натижа олиб келиши мумкинлиги борасида тажрибага эга бўлгани боис, бизга яхши маслаҳат беради. (Аюб 12:12)
«УЛАР ЯҲОВАНИНГ СЎЗЛАРИГА ҚУЛОҚ СОЛДИ»
Рахабом чиқарган қарордан сўнг халқ исён кўтарди. Шу боис, у ўз қўшинини йиғди. Аммо Яҳова вазиятга аралашиб Шамаё пайғамбар орқали шундай деди: «Исроиллик биродарларингизга қарши жанг қилгани борманглар. Бу воқеалар юз беришига Мен йўл қўйганим учун ҳаммангиз уй-уйингизга тарқалинг». (3 Шоҳ. 12:21–24)a
Ҳеч қандай урушсиз-а?! Бу Рахабомни қанчалар ташвишлантирганини бир тасаввур қилинг! Одамларни «тиканли қамчи» билан жазолашини айтган, лекин исён кўтарганларга ён берган шоҳ ҳақида бошқалар нима деб ўйлайди? (2 Солномалар 13:7 ни солиштиринг.) Шунга қарамай, шоҳ ва унинг қўшини «Яҳованинг сўзларига қулоқ солиб, Яҳова айтганидай уйларига қайтиб кетишди».
Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Бошқаларга кулгили туюлса ҳам Худога итоатли бўлсак, оқилона йўл тутамиз. Итоаткорлик Аллоҳнинг марҳаматию баракасига етаклайди. (Қонун. 28:2)
Рахабом қандай натижага эришди? У пайдо бўлган янги халққа қарши чиқиш режасидан итоаткорлик ила воз кечиб, эътиборини ҳукми остидаги Яҳудо ва Бенямин қабиласининг ҳудудларида шаҳарлар қуришга қаратди. У бир нечта шаҳарларни «ғоят» кучайтирди. (2 Сол. 11:5–12) Энг муҳими, у муайян вақт давомида Яҳованинг амрларига амал қилди. Ёрубомнинг бошқаруви остидаги ўн қабилали Исроил шоҳлиги бутпарастликка тўлиб-тошганида, у ердаги кўплар ҳақ топиниш тарафини эгаллаш мақсадида Қуддусга келиб, «Рахабомни қўллаб-қувватлашди». (2 Сол. 11:16, 17) Шундай қилиб, Рахабом итоаткор бўлгани туфайли унинг шоҳлиги мустаҳкамланди.
ГУНОҲ ВА ТАВБА
Бироқ шоҳлиги мустаҳкам бўлгач, Рахабом кутилмаган тарзда йўл тутди. У Яҳованинг амрларига қулоқ солмай, бутпарастликка берилди. Нега? У оммонлик бўлган онасининг таъсири туфайли шундай йўл тутганми? (3 Шоҳ. 14:21) Бунинг сабаблари нима бўлишидан қатъи назар, бутун халқ унга эргашди. Гарчи Рахабом шаҳарларни мустаҳкамлаган бўлса-да, Яҳова Миср шоҳи Шишах Яҳудонинг кўпгина шаҳарларини босиб олишига йўл қўйди. (3 Шоҳ. 14:22–24; 2 Сол. 12:1–4)
Вазият шундай тус олдики, Шишах Рахабом ҳукмронлик қилаётган Қуддусгача етди. Шунда Аллоҳ Шамаё пайғамбар орқали Рахабомга ва унинг бекларига қуйидаги хабарни етказди: «Сизлар Мени тарк этганингиз боис, Мен ҳам сизларни тарк этиб, Шишахнинг қўлига топшираман». Хўш, мазкур хабарга Рахабом қандай муносабат билдирди? Жуда яхши! Муқаддас Китобда мана шу сўзларни ўқиймиз: «Исроил беклари билан шоҳ буни эшитгач, Тангрининг олдида бўйин эгиб: “Яҳова адолатлидир”,— деб айтишди». Шу боис, Яҳова Рахабомни ва Қуддусни вайронагарчиликдан асради. (2 Сол. 12:5–7, 12)
Бундан кейин Рахабом жанубий шоҳлик устидан ҳукмронлик қилишда давом этди. Ўлимидан олдин у кўпгина ўғилларига сахийлик ила ҳадялар қилди. Эҳтимол, Рахабом ўғиллари тахтни эгаллайдиган Абиёга қарши исён кўтармаслиги учун ҳаракат қилгандир. (2 Сол. 11:21–23) Шу йўсин, Рахабом олдин намоён этмаган фаҳм-фаросатни кўрсатди.
ЯХШИМИ ЁКИ ЁМОНМИ?
Гарчи Рахабом баъзи яхши ишлар қилишга уринган бўлса-да, Муқаддас Китобда у «ёмон ишларга қўл урди» деб айтилган. Нега деганда, у «қалбида Яҳовани излашга қатъий қарор қилмаган эди». (2 Сол. 12:14)
Рахабомнинг мисолидан нимани ўргансак бўлади? Рахабом муайян вақт давомида Худога итоаткор бўлган. У Яҳованинг халқи учун баъзи яхши ишлар қилган. Лекин Раҳабом Яҳова билан кучли муносабатларни ва Уни мамнун қилиш истагини ривожлантирмаган. Шунинг учун ҳам у ёмон ишларга қўл уриб, сохта худоларга сажда қилган. Балки қизиқаётгандирсиз: «Рахабом қилган хатоларидан пушаймон бўлгани ва Худони мамнун қилишни истагани туфайли Унга итоатли бўлганми? Ёки бошқаларнинг гапига қулоқ солиб шундай йўл тутганми?» (2 Сол. 11:3, 4; 12:6) Гап шундаки, кейин у яна ёмон ишларга қўл ура бошлаган. У бобоси шоҳ Довуддан қанчалар фарқ қилган-а?! Тўғри, Довуд хатолар қилган. Аммо у қилмишларидан чин дилдан тавба қилган ва бутун ҳаёти давомида Яҳовани ҳамда ҳақ топинишни севган. (3 Шоҳ. 14:8; Заб. 51:1, 17; 63:1)
Ҳа, Рахабомнинг мисолидан сабоқлар олсак бўлади. Оиламизни таъминлаётганимиз ҳамда Яҳованинг хизматида муайян мақсадлар сари интилаётганимиз мақтовга сазовор. Лекин Худонинг марҳаматига эга бўлиш учун энг асосийси ҳақ топинишни қўллаб-қувватлашимиз ва бу йўлда маҳкам туришимиз керак.
Яҳовага нисбатан чуқур севгини ривожлантирсак, буни қила оламиз. Масалан, гулхан ўчмаслиги учун унга ўтин ташлаб туриш керак бўлганидек, биз ҳам Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиш, ўқиганларимиз устида мулоҳаза юритиш ва доим ибодат қилиш орқали Яҳовага бўлган севгимизни алангалатиб туришимиз лозим. (Заб. 1:2; Рим. 12:12) Ўз навбатида, Яҳовага бўлган севгимиз барча ишларимизда Уни мамнун қилиш истагини уйғотади. Шунингдек, бу севги хатоларга йўл қўйганимизда чин дилдан тавба қилиб, Яҳовадан кечирим сўрашимизга ундайди. Рахабомдан фарқли ўлароқ, биз ҳақ топинишда садоқатли қоламиз. (Яҳд. 20, 21)
a Сулаймоннинг садоқатсизлиги туфайли Худо шоҳлик бўлинишини башорат қилган эди. (3 Шоҳ. 11:31)