Имонларига эргашинглар
Жасоратли, фидокор ва оқила аёл
ЭСТЕР тахтга яқинлашиб борар экан, юраги қинидан чиқиб кетай дерди. Бу пайтда Форс шоҳининг Шушандаги саройини шундай сукунат босган эдики, Эстер ўзининг аста-аста босаётган қадамлари ва шоҳона либосларининг шитирлашини эшитарди. У ўзининг диққатини саройнинг ҳашаматлилиги, хушбичим устунлари ва узоқ Лубнондан келтирилган кедр ёғочларидаги жимжимадор нақшларга чалғитмасликка ҳаракат қиларди. Эстер бутун эътиборини тахтда ўтирган кишига жамлаганди, чунки унинг ҳаёти ўша кишининг қўлида эди.
Шоҳ Эстернинг келаётганини диққат билан кузатиб, қўлидаги салтанатнинг олтин ҳассасини унга томон чўзди. Бу ҳаракат билан шоҳ, Эстернинг омон қолишини ва унинг ҳозирги хатосини кечирганини кўрсатди. Чунки Эстер шоҳ ҳузурига унинг таклифисиз кирган эди. Эстер тахтга яқинроқ келиб, қўлини узатди-да, миннатдорлик билан ҳассанинг учига тегинди (Эстер 5:1, 2)a.
Шоҳ Ахашверашнинг ташқи кўриниши, унинг катта бойлик ва ҳокимият эгаси эканидан далолат берарди. Ўша вақтдаги Форс шоҳи либосларининг баҳоси бугунги кунда бир неча юз миллион долларга тенг келади. Шунга қарамай, Эстер хўжайинининг кўзларида самимийлик борлигини кўриб турарди. Ҳа, шоҳ рафиқасига ўзгача меҳр қўйганди. «Шоҳ ундан: — Сенга нима керак, малика Эстер? — деб сўради. — Тилагинг нима? Ҳатто ярим шоҳликни сўрасанг ҳам берилади» (Эстер 5:3).
Эстер ўзининг халқини бутунлай қирилиб кетиш хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида шоҳ ҳузурига кириб, кучли имонию жасоратини намоён этди. Мана, Эстер мақсадига эришди, десак ҳам бўлади, аммо энг муҳими ҳали олдинда эди. У ўша мағрур ҳукмдорни, унинг ишонган маслаҳатчиси ёвуз инсон эканлигига ишонтириши лозим эди. Ахир Мордахай шоҳни алдаб, Эстернинг халқини ўлимга маҳкум этган эди-да. Хўш, у шоҳни қай йўсин ишонтира олади ва биз Эстернинг имонидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
У сўзлашнинг вақтини оқилона танлади
Эстер ҳамма хизматкорларнинг олдида шоҳга бутун муаммони очиб бериши керакмиди? Бундай қилганида, у шоҳнинг обрўйини тўккан бўларди. Шоҳнинг маслаҳатчиси Хомон эса, фурсатдан фойдаланиб, Эстер кўтарган масалани шубҳа остига қўйиши мумкин эди. Хўш, Эстер қандай йўл тутди? Бундан бир неча аср олдин ҳазрати Сулаймон илоҳий илҳом билан: «Ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор... Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор»,— деб ёзган эди (Воиз 3:1, 7). Эстернинг ўгай отаси бўлмиш художўй Мордахай ушбу ёш аёлни бундай принциплар асосида тарбиялаганини тасаввур қилишимиз мумкин. Аниқки, Эстер сўзлаш учун маъқул вақт танлаш муҳимлигини тушунарди.
Эстер шундай деди: «Агар шоҳимиз маъқул кўрсалар, бугун Хомон билан бирга меникига зиёфатга келсалар... Мен шоҳимиз учун зиёфат тайёрлагандим» (Эстер 5:4). Шоҳ рози бўлиб, Хомонни ҳам чақирди. Эстернинг қандай оқилона сўзлаганини пайқадингизми? У эрининг ҳурматини жойига қўйиб, дардини тўкиб солиш учун қулайроқ фурсат пойларди.
Зиёфат хўжайинига ёқиши учун Эстер пухта тайёргарлик кўрди ва дастурхонни дид билан безатди. Зиёфат аъло кайфиятда ўтсин, деган ниятда у дастурхонга энг яхши шаробни қўйди (Забур 103:15). Ахашверашнинг кайфияти чоғ бўлганида, яна бир бор Эстердан, у нимани хоҳлаётганини сўради. Балки энди гапириш фурсати келгандир?
Эстернинг фикрича, ҳали фурсат келмади. Аксинча, у шоҳ билан Хомонни эртасига иккинчи зиёфатга таклиф қилди (Эстер 5:7, 8). Қизиқ, у нимага гапиришни орқага сурди? Ахир Эстернинг бутун уруғ-аймоғи ўлимга маҳкум этилган-ку. Эсингизда бўлса, Хомон барча яҳудийларни қириб ташлаш учун шоҳдан рухсатнома олганди. Бундай мушкул вазиятда Эстер гапириш фурсати келганига амин бўлиши керак эди. Шунинг учун у яна бир зиёфат уюштириб, хўжайинининг эътиборини қозонишни қанчалар хоҳлаётганини кўрсатди.
Сабр-тоқат ноёб ва бебаҳо фазилатдир. Эстерга қийин бўлса ҳам, у ўз фикрини айтишга уринган, лекин бу учун қулай фурсат туғилгунча сабр-тоқат қилиб турган. Биз унинг мисолидан кўп нарсани ўргансак бўлади, чунки барчамиз ножўя ишлар қилинаётганини кўриб, эҳтимол уларни тузатиб қўйгимиз келар. Мабодо бирон мансабдорни масалани ҳал қилишга кўндирмоқчи бўлсак, сабр-тоқатли бўлишда Эстерга тақлид қилсак арзийди. Муқаддас Ёзувларда: «Сабр-тоқат билан гапирилса амалдор ҳам кўнади, мулойим сўз эса тошни ҳам синдиради»,— дейилган (Ҳикматлар 25:15). Агар Эстер каби, гапириш учун қулай фурсат туғилгунча сабр-тоқат қилиб турсак, ҳатто тошдек қаттиқ кўринган қаршилик ҳам синиб кетиши ҳеч гап эмас. Қизиқ, Эстер сабр-тоқат ва доноликни намоён этгани учун Тангриси Яҳовадан барака олдими?
Сабр-тоқат адолатга йўл очади
Эстернинг сабр-тоқати бир қатор ўзгаришларга йўл очди. Шоҳ билан малика Хомонга хайрихоҳлик кўрсатишгани учун у биринчи зиёфатдан «хурсанд, кайфияти чоғ бўлиб чиқди». Сарой дарвозаси олдидан ўтиб кетаркан, Хомоннинг кўзи Мордахайга тушди. Унинг назарида ўша яҳудий ҳалиям унга ўзгача ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни хоҳламасди. Аслида Мордахай Хомонга ҳурматсизлик кўрсатишни ҳаёлига ҳам келтирмаган. Аксинча, у учун ўзининг виждони ва Тангри Яҳова билан бўлган муносабати муҳимроқ эди. «Хомон эса ғазабдан тутоқди» (Эстер 5:9).
Хомон бу ҳақда хотини ва дўстларига айтиб берганда, улар уни ёмон бир иш қилишга ундашди. Уларнинг гапи бўйича Хомон, баландлиги 50 тирсак бўлган (тахминан 23 метрга тенг келадиган) дор тайёрлаб, унга Мордахайни осиш учун шоҳдан рухсат олиши керак эди. Хомонга уларнинг таклифи маъқул тушди ва у дарҳол ишга киришди (Эстер 5:12–14).
Ўша кечаси шоҳ беҳаловат бўлди. Муқаддас Китобда айтилишича, «шоҳнинг уйқуси қочди». Шу боис у хизматкорларидан, ҳукуматнинг расмий қайдларини ўқиб беришларини сўради. Қайдларда, Ахашверашга қарши фитна уюштирилгани ҳақида ёзилганди. У бўлиб ўтган воқеаларни эслади. Шоҳнинг жонига қасд қилмоқчи бўлганларни ушлаб, қатл қилишганди. Бу ҳақда шоҳни огоҳлантирган Мордахай ҳақида эса нима дейиш мумкин? Кутилмаганда шоҳ, бу хизмати учун Мордахай қандай тақдирланганини сўраб қолди. Хўш, шоҳга нима деб жавоб беришди? Бу киши учун ҳеч нарса қилинмаган экан (Эстер 6:1–3).
Шоҳ асабийлашиб, бу вазиятни аъёнлардан қай бири тўғрилаши мумкинлигини сўради. Айнан ўша пайтда сарой ҳовлисида Хомон турганди. У Мордахайни қатл қилиш учун шоҳнинг рухсатини олмоқчи эди. Аммо шоҳ Хомондан, унинг марҳаматига сазовор бўлган кишига қандай ҳурмат кўрсатиш мумкинлигини сўради. Хомон, шоҳ уни назарда тутяпти, деб ўйлади. Шунинг учун у шоҳнинг хайрихоҳлигидан фойдаланиб қолиш ниятида қуйидагиларни таклиф қилди: Ўша одамга шоҳона либосларни кийдириб, шоҳнинг отига миндиришсин-да, Шушан атрофида тантанали равишда айлантириб чиқишсин ва жар солиб, уни ҳамманинг олдида мақташсин. Шоҳнинг ҳурматига сазовор бўлган киши Мордахай эканини эшитганда, Хомоннинг афти қандай ўзгарганини бир тасаввур қилинг! Қизиқ, Мордахайга мақтовлар айтишга шоҳ кимни тайинлайди? Бу иш Хомоннинг бўйнига юкланди! (Эстер 6:4–10).
Хомон, жирканч деб ҳисоблаган бу вазифани зўрға бажарганидан сўнг алам билан жадал уйига йўл олди. Унинг хотини ва дўстлари юз берган ҳодисалардан яхшилик чиқмайдиганга ўхшашини ва яҳудий Мордахайга қарши чиққани учун Хомоннинг мартабаси шубҳасиз пастлашишини айтишди (Эстер 6:12, 13).
Эстер шоҳга илтимосини айтиш учун ўзгача бир кунни кутиб, сабр қилгани билан Хомоннинг паст кетишига шароит яратди. Эҳтимол, шоҳнинг уйқуси бузилишида Тангри Яҳованинг қўли бордир (Ҳикматлар 21:1). Худонинг Каломи бизни сабр ила кутишга ундаши ҳам ажабланарли эмас (Михо 7:7). Чунки муаммойимизни Аллоҳга қўйиб берсак, У буни хаёлимизга келмайдиган тарзда ечиб беради.
У жасорат билан гапирган
Эстер шоҳнинг сабрини синашга бошқа журъат эта олмасди; иккинчи зиёфатда у бор гапни айтиб берди. Аммо қай йўсин? Шундай бўлдики, шоҳнинг ўзи ундан нима исташини сўраб, гапиришга имкон берди (Эстер 7:2). Ана энди Эстер учун сўзлашнинг вақти келди.
Шоҳга гапиришдан олдин Эстер ўз Худосига ичида ибодат қилганини тасаввур қилишимиз мумкин. Сўнг у қуйидаги сўзларни айтди: «Шоҳ ҳазратлари! Агар ўзлари мендан мамнун бўлсалар, агар шоҳим маъқул кўрсалар, истагим шуки, жонимни сақлаб қолсинлар!» (Эстер 7:3). Эстер шоҳни, у тўғри деб ҳисоблаган нарсаларга нисбатан адолатли эканлиги учун ҳурмат қилаётганига ишонтириб, камоли эҳтиром билан мурожаат қилганига эътибор беринг. Ҳа, Эстер шоҳни атайлаб камситган собиқ хотини Ваштидан анча фарқ қиларди! (Эстер 1:10–12). Боз устига, Эстер шоҳни Хомонга лаққа тушиб ишонгани учун танқид қилмасди. Аксинча, у шоҳдан ўзининг ҳаётига хавф туғдираётган вазиятдан ҳимоялашини илтимос қилган.
Бу илтимос шоҳни ҳаяжону ҳайратга солгани шубҳасиздир. Қизиқ, ким ҳам маликанинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин эди? Эстер мана шуларни айтди: «Мен ва менинг халқим ер юзидан йўқ қилиниш учун, ўлдирилиш ва қирилиш учун сотилганмиз. Агар биз қул ва чўри қилиб сотилганимизда эди, овозимни чиқармасдим. Ўша душманнинг қилмиши учун шоҳимизни безовта қилиш арзимас иш бўларди» (Эстер 7:4). Эстер муаммони очиқ-ойдин сўзлади, лекин улар билан қуллардек муносабат қилишганида, оғзини ҳам оча олмаслигини айтиб ўтганига эътибор беринг. Аммо малика бу ҳақда индамаганида, бундай қирғинчилик шоҳ учун жуда қимматга тушарди.
Эстернинг мисолидан биз одамни ишонтира олиш маҳорати борасида сабоқ олишимиз мумкин. Агар яхши кўрган инсонингизга ёки катта лавозимга эга бўлган кишига жиддий муаммо ҳақида айтиш керак бўлса, сизга сабр-тоқат, ҳурмат ва самимийлик каби гўзал фазилатлар асқатади (Ҳикматлар 16:21, 23).
Шундан кейин Ахашвераш: «Ким шундай қилишга журъат этди?» — дея сўради. Бунга жавобан Эстер: «Зараркунанда, ғаним, ёвуз Хомон!» — деб, бармоғи билан Хомонга ишора қилаётганини тасаввур қилинг. Бу сўзлардан кейин Хомон ўзини қандай ҳис қилди? Уни ваҳима босди. Ишониб юрган маслаҳатчиси уни лақиллатганини билгач, шоҳнинг юзи қандай ўзгариб кетганини кўз олдингизга келтириб кўринг! Ахир, Мордахай шоҳни ўзининг севикли рафиқасини йўқ қилиб юбориш ҳақидаги фармонни имзолашга кўндирган эди-ку! Шоҳ ўзини босиб олиш учун шоша-пиша сарой боғига чиқиб кетди (Эстер 7:5–7).
Хомон, режаси фош этилганидан қўрқиб, маликанинг оёқлари остига мук тушди. Шоҳ қайтиб келиб, Хомон Эстернинг ўриндиғига ёпишиб ётганини кўрди. У жаҳл билан Хомонни, маликани ўз уйида зўрламоқчи бўлганликда айблади. Ниҳоят, Хомонни олиб кетишди ва Муқаддас Китобда айтилишича, унинг юзини ёпишди. Шоҳнинг аъёнларидан бири унга, Хомон Мордахай учун баланд дор тайёрлаганини айтиб қолди. Шунда Ахашвераш дарҳол ўша дорга Хомоннинг ўзини осишларини буюрди (Эстер 7:8–10).
Бугунги ёлғон дунёда, ҳеч қачон адолат қарор топишини кўра олмаймиз, деган хулосага келиш мумкин. Сиз ҳам шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирганмисиз? Эстер асло тушкунликка тушмаган, ҳеч қачон адабсизлик қилмаган ва сира ҳам ишончини йўқотмаган. Вақти келганда у жасорат билан тўғри гапни айтган ва қолганини Тангри Яҳовага қўйиб берган. Илойим биз ҳам шундай йўл тутайлик! Худованд Яҳова Эстернинг давридан буён ҳечам ўзгармаган. Худди Хомон билан қилганидек, У ҳалиям ёвузларни тутиб, ўзлари қўйган тузоққа илинтиришга қодир (Забур 7:12–17).
У Тангри Яҳованинг халқи учун жонбозлик қилган
Ниҳоят шоҳ Мордахайнинг кимлигини билиб олди. Шоҳни қотилларнинг қўлидан қутқариб олган бу вафодор киши Эстернинг ўгай отаси бўлиб чиқди. Ахашвераш Мордахайни Хомоннинг ўрнига бош вазир этиб тайинлади. Хомоннинг уйини ва бутун мол-мулкини шоҳ Эстерга топширди, Эстер эса Мордахайни бу нарсаларга жавобгар қилиб тайинлади (Эстер 8:1, 2).
Мана, Эстер ва Мордахай хавф-хатардан қутулишди. Энди малика хотиржам, деса бўладими? Йўқ, ахир у худбин эмас-ку. Хомоннинг бутун яҳудийларни қириб ташлаш ҳақидаги фармони шоҳликнинг ҳар бир четига юборилган эди. Хомон пур — қуръа ташлаб, эҳтимол, сеҳр-жодунинг бир туридан фойдаланиб, шиддат билан ҳужум қилиш учун қулай вақтни аниқлаб олганди (Эстер 9:24–26). Бу кунгача ҳали бир неча ой бор эди, аммо у кун тез яқинлашиб келаётганди. Қизиқ, ҳалиям бўлса бу фалокатнинг олдини олиш мумкинми?
Эстер яна жонбозлик қилиб, ҳаётини хавф остига солди. Бу сафар ҳам у расмий таклифсиз шоҳнинг ҳузурига кирди ва ўзининг халқи учун йиғлаб, эридан ўша даҳшатли фармонни бекор қилишни ёлвориб сўради. Бироқ, Форс ҳукмдорининг номи билан йўлланган қонунларни бекор қилиш мумкин эмасди (Дониёр 6:12, 15). Шу сабабли шоҳ Эстер билан Мордахайга, янги қонун чиқаришга ваколат берди. Шундай қилиб, яҳудийларга ўзларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берадиган иккинчи фармон чиқарилди. Чопарлар шоҳликнинг барча ҳудудларига елиб кетишди ва яҳудийларга бу хушхабарни етказишди. Мана энди кўпларнинг қалби умидга тўлди (Эстер 8:3–16). Ўшанда Форс давлати ҳудудида яшовчи барча яҳудийлар қуролланиб, жангга тайёр бўлиб туришганини тасаввур қилсак бўлади. Агар шу янги фармон чиқарилмаганида, улар ҳеч қачон бундай қила олишмасди. Энг муҳими, «Сарвари Олам» Яҳова Ўз халқини қўллаб-қувватлармикан? (1 Шоҳлар 17:45).
Охири белгиланган кун келди ва Худонинг халқи бунга тайёр эди. Яҳудий Мордахай янги бош вазир этиб тайинлангани ҳақидаги хабар бутун шоҳлик бўйлаб ёйилиб боргани сайин, ҳатто Форс ҳукуматининг аксарият аъзолари ҳам яҳудийларнинг тарафини эгаллаб олишди. Тангри Яҳова Ўзининг халқига катта ғалаба ато этди. Худо, душманлар Унинг халқига зиён етказа олмайдиган даражада мағлубиятга учрашига амин бўлгани шубҳасиздирb (Эстер 9:1–6).
Бундан ташқари, Хомоннинг ўнта ўғли ҳали ҳаёт экан, Мордахай асло тирик қолиб, ўша душманнинг уйига эгалик қила олмасди. Ана шу сабабли улар қатл қилинди (Эстер 9:7–10). Шу йўсинда, Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошди. Зеро Худо анча олдин, Ўзининг халқига душманлик қилган Омолек халқининг буткул ҳалок қилинишини каромат қилган эди (Амрлар 25:17–19). Хомоннинг ўғиллари эса Худонинг қаҳрига учраган ўша халқнинг авлоди бўлишган.
Эстер ўзи ёш бўлатуриб, зиммасига катта масъулият олганди. У душманлар билан жанг қилиш ва уларни қатл этиш каби шоҳнинг фармонларини амалга ошириши керак эди. Бу иш осон бўлмаган. Аммо Тангри Яҳованинг иродаси бўйича, Унинг халқи йўқ қилинишдан ҳимояланиши зарур эди. Ахир, бутун инсониятга умид бахш этадиган зот — Масиҳ Исроил халқидан келиб чиқиши ваъда қилинганди! (Ибтидо 22:18). Масиҳ бўлмиш Исо ер юзига келгач, ўзининг издошларига ўша пайтдан бери урушларда иштирок этишни тақиқлаб қўйганини Аллоҳнинг ҳозирги хизматчилари яхши билишади (Матто 26:52).
Шундай бўлса-да, масиҳийлар маънавий жангда иштирок этяптилар. Чунки Шайтон жон-жаҳди билан, Тангри Яҳованинг садоқатли хизматчиларини йўқ қилиб юборишга интиляпти (2 Коринфликларга 10:3, 4). Эстер каби инсонларнинг мисоллари учун Аллоҳга минг қатла шукур! Илойим биз ҳам Эстернинг имонига тақлид қилиб, оқилона тарзда ишонтира олиш қобилиятига эга бўлайлик ва жасорат ҳамда фидокорлик ила Худонинг халқини ҳимоя қилайлик.
[Изоҳлар]
a Ўтган сафар шу туркумдаги мақоладан билиб олганимиздек, етим қолган Эстерни, ўзидан ёши анча катта бўлган амакиваччаси Мордахай боқиб олади. Кейинчалик, Форс шоҳи Ахашвераш Эстерни хотинликка танлайди. Шоҳнинг маслаҳатчиси Хомон ёвуз режа тузиб, Мордахайнинг халқи — яҳудийларни қириб ташламоқчи бўлади. Шунда Мордахай Эстерни шоҳдан, ўзининг халқини ҳимоя қилишни сўрашга кўндиради. Бу ҳақда «Дунёни аслида ким бошқаряпти» номли рисоланинг 14–19- бетларида жойлашган «Имонларига эргашинглар» туркумидаги «Худонинг халқини ҳимоя қилган аёл» номли мақолада ўқишингиз мумкин.
b Шоҳ яҳудийларга иккинчи куни ҳам душманларини охиригача мағлуб этишга ижозат берди (Эстер 9:12–14). Ҳозиргача яҳудийлар ҳар йили баҳорда ўша ғалабани ёдга олиб, Пурим деган байрамни нишонлашади. Бу байрамнинг номи, Хомоннинг Исроил халқини йўқ қилиб юбориш учун қуръа ташлаганига ишора қилади.
[28- саҳифадаги рамка]
Эстерга тааллуқли саволлар
Нега Мордахай Эстернинг бутпараст кишига турмушга чиқишига рухсат берган?
Айрим олимларнинг фикрича, Мордахай манфаатпараст бўлган ва ўзига обрў орттириш ниятида у Эстерни подшоҳга эрга берган эмиш. Аммо бундай хулоса қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Аслида Мордахай тақводор яҳудий эди ва у бундай никоҳни сира ҳам маъқуллаган бўлмасди (Амрлар 7:3). Мазкур воқеа ҳақидаги қадимги яҳудий ҳикояларга кўра, Мордахай бу никоҳга қарши чиққан экан. Ўзини худо ўрнида кўрган мустабид ҳокимнинг бошқаруви остидаги давлатда мусофир бўлиб яшаган Мордахай ҳам, Эстер ҳам бўйсунишдан бошқа чора топмаганга ўхшайди. Вақти келганда, Тангри Яҳова Ўзининг халқини ҳимоя қилиш мақсадида Эстернинг никоҳидан фойдалангани равшан бўлди (Эстер 4:14).
Нимага Эстер китобида Худонинг Яҳова деган исми бирор марта учрамайди?
Бу китобни илоҳий илҳом билан Мордахай ёзганига шубҳа йўқ. Эҳтимол, уни Қуддусга олиб кетишларидан олдин, Форс давлатининг расмий ҳужжатлари орасида сақлаб келишган. Агар унда Худонинг Яҳова деган исми қўлланилганида, сохта худоларга топинган форслар бу китобни йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Ҳар қалай, унда баён этилган воқеа-ҳодисаларда Эгамиз Яҳованинг иштироки аниқ кўриниб турибди. Қизиғи шундаки, Аллоҳнинг шахсий исми ушбу китобнинг иброний тилидаги асл нусхасида мувашшаҳ услубида ёзилган. Яъни, тўрт сатрдан иборат бўлган гапнинг бош ҳарфларида Худонинг исми яширилган (Эстер 1:20).
Эстер китоби тарихий жиҳатдан ноаниқми?
Танқидчилар шундай деб ҳисоблашади. Лекин айрим олимлар, бу китобнинг муаллифи Форс давлатининг шоҳлари, меъморчилиги ва урф-одатларига доир ажойиб тафсилотларни баён этганига эътибор қаратишди. Ҳақиқатан ҳам малика Эстер тўғрисида Муқаддас Китобдан ташқари сақланиб қолган бирон-бир ҳужжат йўқ. Аммо подшоҳнинг оила аъзоларининг номлари расмий ҳужжатлардан ўчириб ташланганда, биргина Эстернинг исми сақланиб қолиши амримаҳол эди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, расмий ҳужжатларда учраган «Мардука» исми, Эстер китобида баён этилган даврда Шушан қалъасида мулозим бўлиб хизмат қилган Мордахай исмининг форсча талаффузидир.
[29- саҳифадаги рамка]
Амалга ошган башорат
Эстер билан Мордахай Худонинг халқи учун кураш олиб бориб, Муқаддас Китобдаги яна бир башоратни амалга оширишган. Ўша воқеадан қарийб 1 200 йил аввал Тангри Яҳова Ёқуб пайғамбарни, унинг ўғилларидан бири тўғрисида шундай башорат қилишга илҳомлантирган эди: «Бенямин оч бўрига ўхшар, сабоҳда у ўлжасини ямлаб ютар, оқшомда у топганини бўлишар» (Ибтидо 49:27). Исроил шоҳлари тарихининг «сабоҳида», яъни бошида Беняминнинг авлодларига шоҳ Шоул ва бошқа кучли жангчилар кирган. Исроил шоҳлари тарихининг «оқшомида» эса, яъни сўнгги дамларида, Бенямин қабиласидан бўлган Эстер ва Мордахай Тангри Яҳованинг ғанимларига қарши жанг қилиб, ғалаба қозонишган. Бир ҳисобда улар Хомондан қолган нарсаларни бўлишиб олишган.
[25- саҳифадаги расм]
Эстер камтаринлик билан шоҳнинг марҳамати учун миннатдорлигини билдирди
[27- саҳифадаги расм]
Эстер жасорат билан Хомоннинг ёвузлигини фош қилди
[28- саҳифадаги расм]
Эстер билан Мордахай Форс давлатида яшовчи яҳудийларга фармон юборишди