Покдил бўлиб юришга қароримиз қатъий!
Мен бўлсам, покдил бўлиб юраман. ЗАБ. 25:11
1, 2. Аюб ўз бенуқсонлиги ҳақида нима деган ва Аюб китобининг 31- бобида бу борада нима ёзилган?
БУГУНГИ кунда ҳам худди ўтмишдагидек бирон нарсани ўлчаш учун, тарозидан фойдаланишади. Ўша нарса палланинг бирига, тошлар эса иккинчисига қўйилиб ўлчанади. Шуни айтиш керакки, Худонинг хизматчилари тўғри тарози ва тошларни ишлатишади (Ҳик. 11:1).
2 Художўй Аюб Шайтон дастидан азоб-уқубат чеккач, шундай деган: «Худованд мени тўғри тарозида тортиб кўрсин, бенуқсон эканимни билади» (Аюб 31:6, ЯДТ). Ҳа, Аюбнинг бенуқсонлиги кўп вазиятларда синалган эди. Аммо, у ҳаммасига дош берган. Бу ҳақда Аюб китобининг 31- бобида ўқисак бўлади. Ушбу пайғамбарнинг зўр ўрнаги, бизни ҳам шундай йўл тутишга ва Довуд каби қуйидаги сўзларни дадиллик ила айтишга ундайди: «Мен бўлсам, покдил бўлиб юраман» (Заб. 25:11).
3. Нега кичик ва катта ишларда Худога садоқатли бўлиш керак?
3 Гарчи, бошига шиддатли синовлар тушган бўлса-да, Аюб Аллоҳимизга садоқатли қолган. Қаттиқ синовларга тоқат қилган бу пайғамбарни, баъзилар ҳатто ниҳоятда иродали қаҳрамон деб айтишар. Ахир, Аюб каби шиддатли синовларга дуч келмагандирмиз. Аммо-лекин, биз ҳам бенуқсон бўлиб, Яҳованинг ҳукмдорлиги тарафида қолсак, кичик ва катта ишларда Унга садоқатимизни сақлай оламиз (Луқо 16:10 ўқинг).
Ахлоқий поклик муҳим
4, 5. Бенуқсонликни сақлаш ниятида Аюб нимадан йироқлашган?
4 Тангри Яҳовага нисбатан бенуқсонликни ривожлантирмоқчи бўлсак, Аюб сингари ахлоқий меъёрларини маҳкам ушлаб олишимиз зарур. Аюб шундай деган: «Кўзларим билан аҳд қилганман. Аёлга маҳлиё бўлиб қарашга қандай журъат этардим?» Унинг сўзларига биноан, агар у бировнинг аёлига эҳтирос билан қарайдиган бўлса, унда унинг хотини бориб бегона киши учун меҳнат қилиши ва бошқалар у билан ётиши керак эди (Аюб 31:1, ЯДТ; 31:9, 10).
5 Худога бенуқсон бўлиб қолиш учун, Аюб шаҳвоний истак билан аёлга ҳатто қиё боқишга ботина олмаган. У уйланган киши бўлиб, турмуш қурмаган аёлга ноз-карашма қилишни ёки бошқа кишининг хотини билан ишқий муносабатлар қуришни ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаган. Исо Масиҳ ҳам Тоғдаги ваъзида ахлоқий поклик борасида қатъий огоҳлантирган. Айниқса, бенуқсонликни сақлайдиганлар буни унутмаслиги даркор (Матто 5:27, 28 ўқинг).
Ҳеч қачон маккорона йўл тутманг
6, 7. а) Бизнинг ҳам бенуқсонлигимизни текшириш учун Эгамиз нимадан фойдаланади? б) Нега маккорона йўл тутмаслигимиз зарур?
6 Бенуқсонликни сақлашни хоҳласак, маккорона йўл тутмаслигимиз зарур (Забур 5:7 ўқинг). Аюб, агар у фосиқлар билан юриб, ёлғонга борадиган бўлса: «Худованд мени тўғри тарозида тортиб кўрсин, бенуқсон эканимни билади»,— деб айтган (Аюб 31:5, 6, ЯДТ). Дарҳақиқат, Яҳова бутун инсониятни «тўғри тарозида» ўлчайди. Аюб билан бўлганидек, Эгамиз хизматчиларининг бенуқсонлигини текшириш учун мукаммал ва адолатли меъёрларидан фойдаланади.
7 Борди-ю, маккорлик ила йўл тутсак, Худога нисбатан бенуқсонлигимизни ривожлантира олмаймиз. Покдил киши «сирли ва уят ишларни рад этиб, ҳийла билан ҳаракат қилмайди» (2 Кор. 4:1, 2). Агар, маккорона ҳаракатимиз ёки сўзимиз дастидан имондошимиз сиқилиб, Худодан ёрдам сўраётган бўлса-чи? Унутмангки, кейинчалик бу ишимиз учун ҳолимизга вой бўлади! Сано бастакори қуйидагиларни ёзган: «Худовандга дод қилдим мен танглигимда, У эса қулоқ солди фарёдимга. Ёлғончи лаблардан, маккор тилдан жонимни асрагин, ё Раббий!» (Заб. 119:1, 2). Шунингдек, «юраклару кўнгилларни синовдан ўтказувчи» Худойимиз фикр-хаёлимизни текширишини ёдимиздан чиқармайлик (Заб. 7:9, 10).
Ўзгалар билан муомалада ибратли бўлинг
8. Аюб бошқаларга қандай муносабатда эди?
8 Покдил бўлишимиз учун, Аюб пайғамбарга ўхшашимиз лозим. Зеро, у адолатли ва камтарин бўлиб, бошқаларни ҳурмат қилган. У ўз қул ва чўриларига нисбатан адолатсизларча йўл тутмаган. Чунки, у Худодан қўрқиб, кейинчалик жавобгарликка тортилиши ҳақида ўйларди (Аюб 31:13–15).
9. Чўриларга нисбатан Аюб қандай фазилатларни кўрсатган ва биз бундан қанақа сабоқ оляпмиз?
9 Шубҳасизки, Аюбнинг даврида кимнингдир даъвоси бўлса, бориб арз қилиши мумкин эди. Бундай ишлар қонун асосида ҳал қилиниб, ҳатто хизматкорлар ҳам ҳакамларнинг олдига келишарди. Аюб эса қул-чўриларига нисбатан адолатли ва раҳм-шафқатли бўлган. Агар, биз ҳам покдомонликни сақлашни истасак, бу фазилатларни ривожлантиришимиз даркор. Бу айниқса жамоатдаги оқсоқолларга тааллуқлидир.
Очкўз эмас, сахий бўлинг
10, 11. а) Аюб сахий ва ёрдамга тайёр бўлганини қаердан биламиз? б) Аюб 31:16–25 даги сўзлар бизга яна қайси маслаҳатларни эслатяпти?
10 Аюб пайғамбар худбин ва очкўз бўлмай, сахий ҳамда ёрдам беришга доим тайёр эди. Бу киши беваю етимлардан озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва ёрдамини аямаган. Бундан ташқари, Аюб ҳеч қачон бойлигига таянмас эди. Чунки, у Аллоҳдан қўрқарди (Аюб 31:16–25).
11 Кейинчалик Исонинг шогирди Ёқуб ҳам шундай деган: «Отамиз Худога маъқул тушадиган дин-диёнат поклик ва бенуқсонликни талаб қилади, яъни етим-есирларни қайғули кунларида йўқлаб боришимиз лозим ҳамда бу дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашимиз керак» (Ёқб. 1:27). Боз устига, Исонинг мана шу огоҳлантиришини ҳам эсласак бўлади: «Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар турли тамагирликдан сақланглар. Зеро инсон умри унинг мол-мулки кўплигига боғлиқ эмас». Устозимиз, очкўз бой киши ҳақида масал келтирган. У киши «Худо назарида бойимагани» учун охир-оқибат ўлади (Луқо 12:15–21). Биз ҳам бенуқсонликни сақлаётган эканмиз, очкўзлик ва тамагирликдан қочишимиз шарт. Зотан, тамагирлик бутпарастлик билан баравар. Айтайлик, киши бирон нарсани оламан дея очкўзлик билан унга эга бўлишга интиляпти. Охири, бу нарса уни Яҳовадан йироқлаштириб, у учун бутга айланиб қолиши ҳеч гап эмас (Колос. 3:5). Ҳа, очкўз бўла туриб, бенуқсон бўла олмаймиз!
Ҳақ топиниш тарафдори бўлинг
12, 13. Бутпарастликдан қочишда Аюб бизга қандай ўрнак кўрсатди?
12 Бенуқсонлик пайидан бўлган киши пок топинишдан йироқлашмайди. Аюб пайғамбар ҳам шундай эди. Қуёш нури ва ойга қараб, қалбида уларга сажда қилиш ҳамда уларни имо билан ўпиш васвасаси пайдо бўлса, ҳакамлар буни кўриб чиқадиган жиноят деб билган. Аюб учун бундай қилиш, Парвардигордан юз ўгириш билан баравар эди! (Аюб 31:26–28).
13 Аюб пайғамбар жонсиз нарсаларга асло сажда қилмас эди. Ахир осмон жисмларининг барига сиғиниш бемаънилик бўлиб, Аюб бундай ҳаракати билан Худодан воз кечган бутпарастга ўхшаб қоларди (Амр. 4:15, 19). Аллоҳга нисбатан бенуқсонликни сақламоқчи бўлсак, бутпарастликка аралашмаслигимиз зарур (1 Юҳанно 5:21 ўқинг).
Қасос олманг ва иккиюзламачи бўлманг
14. Нега Аюб зўравонларча йўл тутмаган деса бўлади?
14 Аюб ҳеч қачон зўравонларча йўл тутмаган. Бундай ҳаракат, бенуқсон кишига ҳеч ярашмайдиган иш эканини у яхши тушунарди. Аюб, ундан нафратланган кишининг ўлимига қувонишни ва уни ёмонлашни ёки лаънатлашни ҳам ҳатто хаёлига келтирмас эди (Аюб 31:29, 30).
15. Нега биздан нафратланаётган кишининг бошига кулфат тушса хурсанд бўлмаймиз?
15 Покдил Аюб, уни ёқтирмайдиган кишининг бошига кулфат келганда хурсанд бўлмаган. Ҳикматлар 24:17, 18 да мана шуларни ўқиймиз: «Душманинг йиқилганида севинма, қоқилгани учун юрагинг қувонмасин. Бўлмаса Эгамиз буни кўриб ёқтирмай, ғазабини ундан ўгиради». Яҳова қалбимиздаги барча нарсани яхши билар экан, кўнглимизда бировнинг мусибатига қувонмайлик. Нега деганда, У бундай туйғуларни сира ҳам ёқтирмайди (Ҳик. 17:5). Биздан нафратланаётган кишиларга нисбатан Худо: «Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман»,— деб айтмоқда (Рим. 12:19).
16. Гарчи бой бўлмасак-да, қай йўсин меҳмондўст бўла оламиз?
16 Аюб пайғамбар жуда ҳам меҳмондўст одам эди (Аюб 31:31, 32). Гарчи, биз унча бой бўлмасак-да, «меҳмондўст бўлишга жон куйдиришимиз» мумкин (Рим. 12:13). Унутмангки, «гўшт еб нафрат билан яшашдан, сабзавот еб севги билан яшаган афзалроқ». Шунинг учун, бошқаларни оддий овқат билан меҳмон қилсак бўлади (Ҳик. 15:17). Бенуқсонликни сақлайдиган имондошларимиз билан дастурхон устида бемалол суҳбатлашиб, далда ва тасалли топамиз.
17. Нима учун гуноҳни яширмаслик зарур?
17 Аюб шунингдек иккиюзламачи бўлмагани учун, бошқалар унинг меҳмондўстлигидан шодланишарди. У, биринчи асрдаги имонлилар жамоатига кирган, «тилёғламалик билан одамларнинг кўнглини овлайдиган» бетавфиқ кишилар каби бўлмаган (Яҳд. 3, 4, 16). Аюб, гуноҳларини бошқалар билиб қолишидан қўрқиб, уларни яширмаган. Қайтанга, у тайёрлик ила Худо уни текшириб кўришини хоҳлаган (Аюб 31:33–37). Мабодо, жиддий гуноҳга қўл урсак, обрўйимни тўкаман, деб қилмишимизни яширмайлик. Хўш, бу борада бенуқсонлик пайидан эканимизни қандай кўрсатсак бўлади? Ундай бўлса, гуноҳни тан олиб тавба қилишга ва жамоатда ёрдам излаб, қўлимиздан келганича ўзгаришга интилайлик (Ҳик. 28:13; Ёқб. 5:13–15).
Синовларда бенуқсон қолиш
18, 19. а) Нега Аюб ишчиларни ҳаддан ташқари ишлатмасди? б) Агар, Аюб айбдор бўлиб чиққанда, нимага тайёр эди?
18 Аюб ростгўй ва тўғри одам бўлган. У ҳатто пул тўламай мева-чева емаган ва уларнинг эгаларини ҳам ҳечам қийнамаган эди. Аюб бундай қилганида, буғдой ва арпанинг ўрнига тикану янтоқ ўсиб чиқсин, деб айтган (Аюб 31:38–40). Кўриб турганимиздек, бу киши бошқаларнинг ерига хўжайинлик қилмасди ва ишчиларни ҳаддан ташқари ишлатмасди. Аюбга ўхшаб, биз ҳам майда-чуйда ва катта ишларда Яҳовага нисбатан бенуқсон қолишга ҳаракат қиламиз.
19 Аюб, учта дўстидан ёшроқ бўлган Элихуга қандай ҳаёт кечирганини айтиб берган. Унинг ҳаёти ҳақидаги ҳикояси асосида айбловчилар, у жазога лойиқ ёки йўқми ҳал қилишлари керак эди. Агар, Аюб айбдор бўлиб чиққанда, жазони қабул қилишга тайёр бўлган. Шундай қилиб, у олий ҳакамнинг ҳукмини кутиб, ўз ҳикоясига якун ясади (Аюб 31:35, 40).
Сиз ҳам бенуқсон бўлиб қолишингиз мумкин
20, 21. а) Нега Аюб бенуқсонлигини сақлай олган? б) Худога бўлган севгимизни қандай оширсак бўлади?
20 Аюб пайғамбар Худони севарди ва Эгамиз ҳам уни яхши кўриб, унга ёрдам бергани учун, бенуқсонлигини сақлай олган. Аюб, Яҳова унга ҳаёт ато этганини ва меҳр-иноятини кўрсатганини тан олган (Аюб 10:12). Боз устига, бу киши ҳам бошқаларга севгисини намоён қиларди. У билардики, кимдир бошқасидан севги ва меҳрини аяса, демак у Худодан қўрқмас экан (Аюб 6:14). Ҳа, бенуқсонликни сақлайдиган киши ҳам Аллоҳни, ҳам ўзгани севади (Мат. 22:37–40).
21 Эгамизга бўлган севгимизни Унинг Каломини кунда ўқиб, билимларимиз борасида мулоҳаза юритишимиз билан кўрсатамиз. Чин дилдан ибодат қилиб, Яҳованинг барча яхшиликлари учун миннатдорчилигимизни изҳор этишимиз мумкин (Филип. 4:6, 7). Тангри Яҳовани шарафлаб, доим Унинг халқи билан бирга йиғилиб фойда олсак бўлади (Иброн. 10:23–25). Худога бўлган севгимиз ошгани сайин, хизматда қатнашиб Унинг «нажоткорлигини кундан-кунга эълон қиламиз» (Заб. 95:1–3). Шунда, биз ҳам покдил бўлиб, сано бастакори каби: «Худога яқинлашмоқ яхшидир. Унинг барча ишларини тарғиб қилай дейман, Худойи Таолони ўзим учун паноҳ биламан»,— деб айта оламиз (Заб. 72:28).
22, 23. Олий ҳукмдорлик тарафдори ва бенуқсон бўлган ўтмишдаги хизматчилар каби биз ҳам нима қилишимиз керак?
22 Мана неча асрлар давомида, Яҳова покдил хизматчиларига турли вазифалар топшириб келяпти. Масалан, Нуҳ пайғамбар кема қурган ва «солиҳлик йўлини хабарлаб юрган» эди (2 Бутр. 2:5). Ёшуа пайғамбар исроилликларни ваъда қилинган юртга етаклаган. Бу ишда муваффақиятли бўлганининг сабаби, у Худонинг Каломини «кечаю кундуз» ўқиб, билганларига яраша йўл тутарди (Ёшуа 1:7, 8). Биринчи асрдаги масиҳийлар шогирд орттириб, Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш учун учрашиб туришарди (Мат. 28:19, 20).
23 Олий ҳукмдорлик тарафдори ва бенуқсон бўлсак, солиҳлик йўлини хабарлашимиз, шогирд орттиришимиз, Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилишимиз ва имондошларимиз билан жамоатларгаю анжуманларга бориб туришимиз лозим. Бундай фаолият туфайли биз ғайратли ва маънан етук бўлиб, Аллоҳнинг иродасини бажаришда муваффақиятли бўламиз. Бу биз учун асло қийин эмас. Зеро, самовий Отамиз ва Унинг арзандаси Исо Масиҳ ҳам бизни қўллаб-қувватлаб туришибди (Амр. 30:11–14; 3 Шоҳ. 8:57). Бунинг устига, бенуқсонлик пайидан бўлиб, Олий Ҳукмдоримиз Яҳовани шарафлаётган барча биродару опа-сингилларимизга ҳам кўмаклашишга жон куйдирамиз (1 Бутр. 2:17).
Марҳамат жавоб беринг
• Яҳованинг ахлоқий меъёрларига қандай қарашимиз керак?
• Сизга Аюбнинг айниқса қайси фазилати ёқди?
• Аюб 31:29–37 га биноан, у ўзини қандай тутган?
• Нега Худога нисбатан бенуқсон қолишимиз мумкин?
[29- саҳифадаги расм]
Аюб Яҳовага бенуқсон қолган. Биз ҳам бунинг уддасидан чиқамиз!
[32- саҳифадаги расм]
Бенуқсон бўлиб қолишимиз мумкин!