Яҳованинг каломи жонли
Забур китобининг учинчи ва тўртинчи қисмидан диққатга сазовор оятлар
САНО куйчиси Худога ибодат қилиб: «Наҳотки қабрда Сенинг лутфу карамингни, талафот диёрида ҳақиқатингни мақтасалар?» — деб сўради (Забур 87:12). Бу саволнинг жавоби аниқ — йўқ. Одам вафот этгандан сўнг, Худованд Яҳовага ҳамду санолар айта олмайди. Яшашнинг энг муҳим сабаби Яҳова Таолони мадҳ этишдир. Бу учун биз барча далилларга эгамиз.
72–105-санолар Забур китобнинг учинчи ва тўртинчи қисмини ташкил қилиб, уларда Яратувчимиз ва Унинг исмини мадҳ этишимиз учун кўпгина сабаблар келтирилган. Бу санолар устидан мулоҳаза юритиш «Худонинг каломи»га бўлган миннатдорчиликни оширади ва Яҳова Таолога яна ҳам кўпроқ ҳамду санолар айтишга ундайди (Ибронийларга 4:12). Келинг, шунинг учун олдин диққат билан Забурнинг учинчи қисмини кўриб чиқайлик.
«МЕН УЧУН ХУДОГА ЯҚИНЛАШМОҚ ЯХШИДИР»
Учинчи қисмнинг бошидаги 11та саносини Асаф ёки унинг хонадонида бўлганлардан бири ёзган эди. Забурнинг 72-саносида Асаф ўз фикрлаш тарзини ўзгартириб, адашиб қолмаслигига нима ёрдам бергани ҳақида айтилмоқда. У: «Мен учун Худога яқинлашмоқ яхшидир»,— деб тўғри хулосага келди (Забур 72:28). 73-саноси эса маъбад хароб қилингани тўғрисидаги нолишдир. Забурнинг 74, 75 ва 76-саноларида Худованд Яҳова адолатли Ҳоким, мазлумларнинг Халоскори ҳамда ибодатларнинг Эшитгучиси сифатида тасвирланмоқда. 77-санода Мусо пайғамбар давридан то шоҳ Довуд давригача бўлган исроилликларнинг тарихи кўздан кечирилмоқда. 78-сано, Қуддус вайрона бўлгани тўғрисидаги ноладир. Кейинги сано эса Худонинг халқи қайта тикланиши ҳақидаги ибодат. 80-санода Яҳова Таолога қулоқ солиш маслаҳати берилмоқда. 81 ва 82-санолар Худо ёвуз ҳакамлар ва Ўзининг душманлари устидан адолатли ҳукм чиқариши ҳақидаги илтижолардан иборат.
«Худованд ҳузурини соғиниб кўнглим адо бўлди»,— деб куйлар эди Қўраҳ ўғиллари (Забур 83:3). 84-сано Худо Бобил асрлигидан қайтиб келганларга барака ато этиши ҳақидаги илтижодан иборат. Ҳамда бу санода маънавий баракалар моддий ноз-неъматлардан устун эканлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилмоқда. 85-санода эса шоҳ Довуд Худодан уни асраб олиб, Ўз йўлларини ўргатиши ҳақида сўраган. 86-сано Сион ва у ерда туғилганлар ҳақидаги куй бўлиб, ундан кейинги 87-санода эса Яҳова Таолога бўлган ибодат келтирилган. 88-сано Довуд билан қилган аҳдда Яҳова Таолонинг меҳр-инояти акс этгани ҳақида таъкидлаб ўтилган бўлиб, шоҳ Сулаймон давридаги тўртта энг доно инсонлардан бири бўлган Этхан ёзган бўлиши мумкин (3 Шоҳлар 4:31).
Саволларга жавоблар:
72:9 — Фосиқлар «оғизларини кўкка кўтарганлар, забонлари эса ерда судралмоқда», деган сўзлар нимани англатади? Фосиқлар на осмонда, на ерда ҳеч кимни ҳурмат қилмаганлари учун ўз тиллари билан Худони ҳақорат ва инсонларга туҳмат қиладилар.
73:13, 14 — Яҳова Таоло қачон ‘аждаҳо бошларини сувда яксон этиб, Левятан бошларини тилка-пора қилган’? Муқаддас Китоб сувда сузиб юрган аждаҳони Миср подшоҳи Фиръавн билан таққослаяпти (Ҳизқиё 29:3). Эҳтимол, левятан Фиръавннинг ботир аскарларини англатади. Яҳова Таоло исроилликларни Миср қуллигидан озод этган пайтда Фиръавн ва унинг қўшинини тилка-пора қилганини англатиши мумкин.
74:5, 6, 11 — «Мугуз» сўзи остида нима назарда тутилади? Ҳайвоннинг мугузи ёки шохи мудҳиш қурол деб ҳисобланади. Шундай қилиб, «мугуз» куч-қудратни билдиради. Яҳова Таоло ўз халқининг ‘мугузларини кўтариб юксалтиради’, ‘фосиқларнинг ҳамма шохларини эса қирқади’. Биз ҳам ‘мугузларимизни кўкка кўтаришдан’ эҳтиёт бўлиб, манманчилик ва кеккайишдан узоқлашишимиз шарт. Худованд Яҳова ‘юксалтиргани‘ учун жамоатда бизга берилган барча топшириқларни Ундан келган деб қабул қилиш керак (Забур 74:8).
75:11 — Қандай қилиб «инсонлар қаҳри» Яҳова Таолога «ҳамду санога айланади»? Биз Яҳованинг хизматчилари бўлганимиз сабабли, одамлар бизга ўз қаҳрини сочадилар. Ва Худованд бунга йўл қўйиб беради, чунки бу яхши самаралар бериши мумкин. Бошдан кечирган қийинчиликлар бизга дарс беради. Яҳова Таоло кучимиздан ортиқ азоб чекишимизга йўл қўймай мақсадимизга эриштиради (1 Бутрус 5:10). Худо «қолган ғазабни эса... бўйсундиради». Агар ўлимгача азоб чекишга тўғри келса-чи? Ҳатто шундай бўлса ҳам, бу Яҳова Таолога шараф келтиради. Бизнинг Худога бўлган садоқатимизни кўрганлар эса Уни шарафлаши мумкин.
77:24, 25 — Нега исроилликларга берилган манна «самовий ғалла» ва «фаришталар нони» деб номланган? Яҳованинг иродасига мувофиқ манна самодан муҳайё қилинган (Забур 104:40). Манна «фаришталар нони» деб номланганининг сабаби, эҳтимол Яҳова уни мўъжизавий тарзда, фаришталар орқали муҳайё қилганидадир (Забур 10:4).
81:1, 6 — «Худолар» ва«Таолонинг ўғиллари» деганда кимлар назарда тутилган? Бу иккала ибора Исроилда бўлган ҳакамларга тегишли. Ваҳоланки, улар Худо томонидан тайинланган вакиллар сифатида хизмат қилишгани учун уларни бундай аташ ўринлидир (Юҳанно 10:33–36).
82:3 — «Бош кўтармоқдалар» деган ибора нимани англатади? Бу хатти-ҳаракат қарши туриш, жанг олиб бориш, ёки зулм ўтказиш учун куч-қудратни кўрсатишга тайёр эканлигига ишора қилади.
Хулосалар:
72:2–5, 18–20, 25, 28. Биз фосиқларнинг гуллаб яшнашини кўриб, уларнинг турмуш тарзига ҳавас ҳам, тақлид ҳам қилмаймиз. Чунки Улар «тойғоқ ерларда» турибдилар. Уларнинг охири — ўлим. Устига-устак ҳокимият номукаммал инсонлар қўли остида экан, ёвузликни бартараф қилиш барча ҳаракатларимиз беҳуда. Агар биз ҳам Асаф каби ёвузликка қарши туриб, ‘Худога яқинлашсак’ ҳамда У билан бўлган дўстона муносабатдан завқ олсак, оқилона иш тутган бўламиз.
72:3, 6, 8, 27. Мақтаниш, мазах қилиш, алдаш ва манманлик каби хислатларни акс эттириш қулай бўлган тақдирда ҳам, биз бундай қилишдан эҳтиёт бўламиз.
72:15–17. Иккиланиб қолган пайт дардимизни ҳамма билан бўлишишдан сақланишимиз даркор. Агар биз ‘шундай сўзласак’, бошқаларни тинчлигини бузган бўламиз. Шунинг учун безовта қилаётган нарсалар тўғрисида шошилмасдан мулоҳаза юритиш ҳамда Худонинг халқи билан мулоқотда бўлиб, саволларга жавоб излаш лозим (Ҳикматлар 18:1).
72:21–24. Агар кўзимизга фосиқлар гуллаб-яшнаётган бўлиб кўринса, ғазабимиз қўзғаб, туйғу билан ҳаракатланадиган онгсиз ҳайвонга ўхшаб қолишимиз мумкин. Биз эса аксинча Яҳова Таолонинг йўл-йўриқларига амал қилиб, У бизнинг ‘ўнг қўлимиздан тутиб тургани’ ва ёрдам бераётганига қаттиқ ишонч билдирамиз. Шунда Худо бизни ‘шараф ила қабул қилади’, яъни У билан дўст бўлишимизга имконият беради.
76:7. Маънавий эҳтиёжларни қондириш учун вақт ажратиб, Муқаддас Китоб таълимотларини ўрганиш ва мулоҳаза юритиш керак. Шунинг учун баъзан ёлғизликда қолиш муҳим.
78:9. Яҳова Таоло ибодатларимизга қулоқ солади, айниқса улар Унинг исми шарафланиши ҳақида бўлса.
80:14, 17. Агар биз Яҳова Таолонинг овозига қулоқ солиб, У кўрсатаётган йўлларидан юрсак, кўп қут-баракаларга эга бўламиз (Ҳикматлар 10:22).
81:2, 5. Адолатсизлик ‘ернинг негизлари ларзон уришига’, яъни инсоният жамиятининг барқарорлиги бузилишига олиб келади.
83:1–5, 11–13. Сано куйчилари Яҳованинг маъбади ва ўзгача бўлган хизматларини юқори даражада қадрлаганлар. Биз учун бу ажойиб ибратдир!
85:5. Яҳова Таоло «мурувватли ва кечиримли» Худодир. Биз бу учун Унга жуда ҳам миннатдормиз. Худованд Яҳова одамнинг хатти-ҳаракатида гуноҳлари кечирилишига асос бўла оладиган бирор бир ўзгаришларни излайди.
86:5, 6. Ер юзидаги жаннатда яшайдиган одамлар, самодаги ҳаётга муносиб бўлганларнинг исмини билиши мумкинми? Ҳа, бу оятларга асосланган ҳолда шундай бўлиши ҳам мумкин.
87:14, 15. Баъзида ибодатимизга дарҳол жавобни олмаймиз. Чамаси баъзи пайтларда Яҳова Таоло бизнинг Унга бўлган садоқатимизни исботлаб беришимизни хоҳлайди.
«УНГА ШУКР ҚИЛИБ, ИСМИГА ҲАМД-САНО ЎҚИНГ!»
Келинг, Забур китобининг тўртинчи қисмини кўриб чиқайлик. Унда Яҳова Таолони шарафлаш учун кўп сабаблар келтирилган. 89-санода Мусо пайғамбар инсоннинг тез ўтиб кетадиган умрини «мангу Подшоҳнинг» ҳаёти билан солиштирмоқда (1 Тимўтийга 1:17). Забур 90:2-оятида Мусо: «Ўзингсан бошпанам, қасрим менинг»,— дея Яҳовани хавфсизлик Манбаи эканлигини айтди. Кейинги саноларда эса Худонинг ажойиб хислатлари, мўъжизалари ҳамда унинг улуғвор фикрлари куйга солинган. Забурнинг учта саноси эса Худованд ҳокимлик қилиши ҳақида айтиб бошланмоқда (Забур 92:1; 96:1; 98:1). Сано куйчиси Яҳовани Яратувчимиз эканлигини айтиб: «Унга шукр қилиб, исмига ҳамд-сано ўқинг!» — дея даъват қилмоқда (Забур 99:4).
Худодан қўрққан ҳукмдор ўз ишларини қандай олиб бориши лозим? Жавобни шоҳ Довуд ёзган 100-саносида топиш мумкин. Кейинги санода Яҳова Таоло ҳақида: «Маъюслар ибодатига эътибор беражак, У хор қилмагай асло тоатларин», деб ёзилган (Забур 101:18). 102-сано эса Яҳованинг меҳр-инояти ва раҳм-шафқатига эътибор бермоқда. Сано куйчиси эътиборини Худонинг ажойиб ишларига қаратиб: «Эй Худованд, Сенинг ишларинг қанчалик кўпдир! Ҳаммасини ҳикмат билан яратгансан, ер Сенинг ижодларинг билан тўладир»,— деб куйлар эди (Забур 103:24). Забурнинг тўртинчи қисмидаги охирги иккита санода Худованд Яҳованинг ажойиб ижодлари учун шон-шарафлар айтилмоқда (Забур 104:2, 5; 105:7, 22).
Саволларга жавоблар:
90:1, 2 — «Худойи Таолонинг паноҳида» бўлиш нимани англатади? «Худойи Таолонинг паноҳи» рамзий мазмунга эга бўлиб, маънавий зарардан паноҳ топиш ва ўзимизни хавфсиз ҳис қиладиган жой; маънавий жаннат. Бу паноҳга Худога таянмайдиганлар эриша олмайди. Агар Яҳова биз учун ‘бошпана ва қасримиз’ бўлса, Уни Сарвари Коинот сифатида улуғласак ва Шоҳлик Хушхабарини ваъз қилсак — «Худойи Таолонинг паноҳида» яшаган бўламиз (Забур 89:1).
91:13 — Нима учун «солиҳлар хурмо дарахти каби гуллаб-яшнар», деб айтиш мумкин? Хурмо дарахти жуда ҳам серҳосил. Солиҳлик йўлида юрган инсон хурмо дарахти каби «яхши мевалар» келтиради, яъни савоб ишлар қилади (Матто 7:17–20).
Хулосалар:
89:7, 8, 13, 14. Биз қилиб қўйган гуноҳ ҳамиша Ҳақ Худо билан бўлган муносабатларимизга зиён келтиради. «Сирли ишлар» ёки яширинча қилинган гуноҳларни Яҳова Таолодан сир сақлаб бўлмайди. Лекин чин дилдан тавба қилиб, гуноҳ йўлини қолдирсак, Унинг марҳаматига қайтадан эга бўламиз ва У «инояти ила бизни тўйдирар».
89:10, 12. Ҳаёт тезлик билан ўтар экан, биз ‘кунларимизни санашни ўрганишимиз’ зарур. Қандай қилиб? «Токи биз доно қалб эгаси бўлиб», яъни фаҳм-фаросатли ҳаёт кечириб, кунларимизни беҳуда ўтказмасдан Яҳованинг кўнглини топишни мақсад қилиб қўямиз. Бунинг учун доно кишилар каби кун кечириб, маънавий эҳтиёжларни биринчи ўринга қўямиз (Эфесликларга 5:15, 16; Филиппиликларга 1:10).
89:17. Яҳова Таоло биз қўл урган барча ишларимизга ёр бўлиб, ваъзгўйлик хизматимизни баракалаши учун Унга ибодат қилишимиз лозим.
91:15, 16. Кексалар Муқаддас Китобни астойдил ўрганиб, Яҳованинг халқи билан мунтазам равишда мулоқотда бўладилар. Улар маънавий жиҳатдан кучли ва жамоат учун жуда ҳам қадрли бўлгани учун «бардам ва ширадор»дир.
93:19. Ҳар хил сабабга кўра ичимизда кўнгил «қайғулари» пайдо бўлади. Муқаддас Китобдаги «таскинларни» ўқиб, мулоҳаза юритиш бизга тасалли беради.
94:7, 8. «Юрагимизни тош бўлиб кетишига» йўл қўймаслик учун, биз Муқаддас Китобдаги насиҳатларни тинглаб, диққатли бўлишимиз ва уларга доим риоя қилишга тайёр бўлишимиз керак (Ибронийларга 3:7, 8).
105:36, 37. Бу оятлар бутпарастлик билан жинларга қурбонлик олиб келиш ўртасидаги бўлган умумийликни кўрсатади. Бундан келиб чиққан ҳолда бутларга ёки суратларга сиғинган инсон жинларнинг таъсири остига тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун Муқаддас Китоб бизни: «Бутлардан сақланинглар»,— деб даъват этмоқда (1 Юҳанно 5:21).
«Ҳамдлар бўлсин!»
Забур китоби тўртинчи қисмининг охирги учта саноси «ҳамдлар бўлсин», яъни «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»га биноан «Ёҳу [Яҳова исмининг қисқа шакли] Худовандга ҳамдлар бўлсин!» деган сўзлар билан якунланади (Забур 103:35; 104:45; 105:1, 48). Бу ибора Забур китобининг ушбу қисмида кўп маротаба учрайди.
Бизнинг Яҳова Таолога ҳамд-санолар айтишга кўп сабаблар бор. 72–105-санолар устидан фикр юритиш бизнинг қалбимизда Эгамиз Яҳовага бўлган миннатдорчиликни оширади. Худованд биз учун нима қилгани ва келажакда нима қилиши ҳақида мулоҳаза юритиш «Ёҳу Худовандга ҳамдлар айтишга» рағбатлантирмайди-ми!
w06-UZ 7/15