АСОСИЙ МАВЗУ | НЕГА ОДАМЛАР ИБОДАТ ҚИЛИШАДИ?
Ибодатнинг муҳимлиги
«Агар Аллоҳ ҳамма нарсани, шу жумладан, фикрларимни ва эҳтиёжларимни билса, унда нега ибодат қилишим керак?» — деб сўрашингиз мумкин. Бу ўринли савол. Исо алайҳиссалом ҳам Худо «нималарга муҳтож эканингизни, Ундан сўрашингиздан аввал билади-ку»,— деб айтган (Матто 6:8). Ҳазрати Довуд ҳам буни билганлиги учун шундай сўзларни ёзган: «Бирон сўз тилимга келмасдан олдин, эй Эгам, Сен ҳаммасини биласан» (Забур 138:4). Унда нега Худога ибодатда мурожаат қилишимиз керак? Келинг, бу саволга жавоб олиш учун, Муқаддас Китобда ибодатлар ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайликa.
«Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади» (Ёқуб 4:8).
ИБОДАТ БИЗНИ ХУДОГА ЯҚИНЛАШТИРАДИ
Гарчи Муқаддас Китобда Аллоҳ Яҳовагаb ҳамма нарса аён эканлиги борасида айтилган бўлса-да, У азиз бандалари ҳақида маълумот йиғиш билан банд бўлмаслиги тўғрисида ҳам баён этилган (Забур 138:6; Римликларга 11:33). Аллоҳнинг чексиз хотираси жонсиз компьютернинг хотирасидан анча фарқ қилади. Чунки компьютер одамлар ҳақида маълумот йиғади-ю, бироқ уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ожиз. Худованд эса қалбимиз тубида яширилган ниятларимизни билишга роса қизиқади, сабаби У Унга яқинлашишимизни истайди (Забур 138:23, 24; Ёқуб 4:8). Тангри Яҳова кундалик эҳтиёжларимизни яхши билса ҳам, Исо алайҳиссалом шогирдларини Унга ибодат қилишга ундаган (Матто 6:6–8). Парвардигоримизга ўй-фикрларимизни қанчалик кўп айтсак, шунчалик кўп Унга яқинлашган бўламиз.
Баъзида айнан нима ҳақида ибодат қилишни билмай қоламиз. Шундай вазиятларда Аллоҳ ҳатто биз ифодалай олмаган ҳис-туйғуларимиздан кўпроқ нарсани ҳам кўра олади ҳамда вазиятимизни инобатга олган ҳолда ибодатимизга жавоб беришга қодир (Римликларга 8:26, 27; Эфесликларга 3:20). Дарҳақиқат, ҳатто унча аҳамиятга эга бўлмаган ишларимизда ҳам Худонинг ёрдамини кўрганимизда, Унга яқинлашганимизни ҳис этамиз.
АЛЛОҲ ҲАММА ИБОДАТЛАРГА ЖАВОБ БЕРАДИМИ?
Муқаддас Китобда ёзилган ваъдага кўра, Тангри Таоло содиқ хизматчиларининг ибодатларига жавоб беради. Бундан ташқари, Унинг Каломида У баъзи ибодатларни тингламаслигининг сабаблари ҳам келтирилган. Масалан, қадимги Исроилда зўравонлик кенг тарқалган пайтда, Ишаё исмли бир пайғамбар орқали Худованд халқига шундай сўзларни айтган: «Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам, эшитмасман Мен сизларни... Қўлларингиз қонга ботгандир» (Ишаё 1:15). Худонинг қонунига амал қилмаётган ёки нотўғри ният ила ибодат қилаётганларни У тингламаслиги аниқдир (Ҳикматлар 28:9; Ёқуб 4:3).
Бошқа томондан, Муқаддас Китобда: «Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади»,— деб ёзилган (1 Юҳанно 5:14). Демак бу сўзлар, Аллоҳ Ўз хизматчиларининг ҳар бир илтимосига автоматик равишда жавоб беришини англатадими? Йўқ. Келинг, Аллоҳнинг хизматчиларидан бири бўлмиш Павлуснинг мисолини кўриб чиқайлик. У уни «қийнаб турадиган бир дарддан» қутулишни Худодан ёлвориб сўраган (2 Коринфликларга 12:7, 8). Павлус кўзнинг сурункали касаллигига чалинган бўлиши мумкин. Ҳойнаҳой, бундан унинг ҳафсаласи пир бўлгандир-а! Павлусга шифо бериш ва ҳатто тирилтириш қобилияти берилган эди. Шунга қарамай, у касаллиги билан курашишига тўғри келган (Ҳаворийлар 19:11, 12; 20:9, 10). Павлус илтижоларига истаганидек жавоб олмаган бўлса ҳам, Худо унинг ибодатларига қандай жавоб беришидан қатъий назар, буни миннатдорчилик билан қабул қилган (2 Коринфликларга 12:9, 10).
«Биз шунда аминмизки, Аллоҳга мурожаат қилиб, Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади» (1 Юҳанно 5:14).
Муқаддас Китобдаги баъзи қаҳрамонларнинг ибодатлари чиндан ҳам мўъжизавий тарзда ижобат бўлган (4 Шоҳлар 20:1–7). Лекин қадимда ҳам бу оддий ҳол бўлмаган. Баъзи художўй одамларга Худо уларнинг илтижоларига жавоб бермаётгандек туюлганда, улар хавотирланишарди. Масалан, ҳазрати Довуд ҳам Аллоҳдан шундай деб сўраган: «Эй Эгам, қачонгача мени унутасан? Мени тоабад унутасанми?» (Забур 12:2). Аммо кейин Тангри Яҳова унга неча марта ёрдамга келганини эслаб, шоҳ Довуд Худога бўлган имонини мустаҳкамлаган. Ўша ибодатнинг ўзида у: «Мен умид боғлайман содиқ севгингга»,— деб айтган (Забур 12:6). Бугунги кундаги Худонинг хизматчилари ҳам ҳазрати Довуд каби тоат-ибодат қилишса, илтижолари ижобат бўлиши турган гап (Римликларга 12:12).
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АЛЛОҲ ИБОДАТЛАРГА ЖАВОБ БЕРАДИ?
Худо зарурий эҳтиёжларимизни инобатга олган ҳолда жавоб беради.
Ғамхўр ота-оналар яхши ният ила фарзандларига сўраган нарсасини ҳар доим ҳам улар сўраган вақтда олиб беришмайди. Шунга ўхшаб, Аллоҳ ҳам илтижоларимизга биз ўйлаган тарзда ва биз истаган вақтда жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Аммо Яратувчимиз ғамхўр ота каби зарурий эҳтиёжларимизни инобатга олган ҳолда ўринли пайтда ва ўринли тарзда жавоб беради (Луқо 11:11–13).
Тангри ибодатларга сезилмайдиган тарзда жавоб бериши мумкин.
Анчадан бери ҳал қилинмаётган муаммомизнинг ечимини топиш учун ёрдам сўраб ибодат қилсак-чи? Агар мўъжизавий тарзда жавоб олмасак, демак Тангри Яҳова илтижоимизга умуман жавоб бермайди, деб хулоса қилишимиз керакми? Аксинча, бизга кўринмайдиган қайси йўллар орқали Худо бизни қўллаб-қувватлаганини кўриб чиқсак яхши бўларди. Масалан, ғамхўр дўстингиз керакли пайтда сизга ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилди дейлик (Ҳикматлар 17:17). Ўша дўстингизни сизга Аллоҳ Яҳованинг Ўзи ёрдамга юборган бўлиши мумкин-ку?! Шунингдек, Аллоҳ илтижога Муқаддас Китоб орқали ҳам жавоб бериши мумкин. Ундан биз пайдо бўлган муаммони ечиш учун керак бўлган фаҳм-фаросатни топсак бўлади (2 Тимўтийга 3:16, 17).
Кўпинча шахсий муаммони йўқ қилишнинг ўрнига Худо Ўз бандаларига ўша муаммоси билан курашишга куч беради (2 Коринфликларга 4:7). Масалан, Исо алайҳиссалом синов дастидан Худонинг исмига доғ тушишидан қўрқиб, бу синов уни четлаб ўтишини ёлвориб сўраган. Лекин Тангри Яҳова азизини қўллаб-қувватлаш учун фариштасини юборган (Луқо 22:42, 43). Шунга ўхшаб, Аллоҳ муҳтож бўлган пайтимизда бизга далда берувчи сўзларни айтиши учун ғамхўр дўстимиздан фойдаланиши мумкин (Ҳикматлар 12:25). Худо бундай тарзда жавоб беришини баъзида сезмай қоламиз, шунинг учун, У ибодатларимизга қандай жавоб бераётганига диққатли бўлишимиз зарур.
Худо баъзи илтижоларимизга жавоб бериш фурсатини яхши билади.
Муқаддас Китобга кўра, Парвардигор камтарин бандаларига «ўз вақтида» иноят кўрсатади (1 Бутрус 5:6). Шунинг учун, агар самимий илтижоларимизга жавоб кечикаётгандек туюлса, бу, Аллоҳ Яҳова биз ҳақимизда қайғурмаётганини англатмайди. Аксинча, Парвардигоримиз кўп нарсани билгани сабабли бизга нима яхшироқ эканини инобатга олган ҳолда илтижоларимизга жавоб қайтаради.
«Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтарин тутинглар, шунда У ўз вақтида сизларни юксалтиради» (1 Бутрус 5:6).
Мисол учун, кичкина ўғлингиз велосипед олиб беришингизни сўраяпти. Шунда сиз ўйламай-нетмай унинг илтимосини бажарасизми? Агар сиз, у велосипед минишда ҳали ёшлик қилади, деб ўйласангиз, унга велосипед олиб беришни кейинга қолдирарсиз. Аммо вақти келиб, унинг илтимосини бажаришингиз мумкин бўлади, чунки сиз унга бу қачон фойдали бўлиши мумкинлигини биласиз. Шу сингари, агар тинмай ибодат қилсак, Аллоҳ Ўз иродасига мувофиқ бўлган «кўнглимиздаги орзуларимизга» керакли пайтда етказиши турган гап (Забур 36:4).
ТАНГРИ ЯҲОВА СИЗНИ ТИНГЛАШИГА АМИН БЎЛИНГ
Муқаддас Китобда Худонинг хизматчилари ибодатнинг муҳимлигини ҳеч қачон эсдан чиқармасликлари ҳақида ёзилган. Баъзилар: «Буни айтиш осон, лекин қилиш қийин»,— дейиши мумкин. Дарҳақиқат, агар анчадан бери ечими топилмаётган муаммо ёки адолатсизликка дуч келаётган бўлсак, Аллоҳнинг жавобини кутиш баъзида қийин кечиши мумкин. Лекин шунга қарамай, Исо пайғамбарнинг тоат-ибодат ҳақидаги сўзларини ҳамиша эсда тутсак яхши бўларди.
Исо алайҳиссалом бева аёл тўғрисида бир масал айтиб берган эди. Ушбу аёл қозининг олдига адолатни излаб борибди (Луқо 18:1–3). Гарчи қози аввал унга ёрдам беришдан воз кечган бўлса ҳам, охири у шундай дебди: «Бу бева аёл олдимга келавериб, жиғимга теккани учун унинг масаласи бўйича адолатли қарор чиқара қолай» (Луқо 18:4, 5). Асл нусхадаги матнга кўра, қози «ўзининг обрўсини туширмаслик учун» бева аёлга илтифот кўрсатганc. Агар адолатсиз қози бошқа одамлар у ҳақда нима ўйлаши мумкинлигидан қўрқиб, бева аёлга ёрдам берган бўлса, унда ғамхўр Худойимиз «Ўзига кечаю кундуз ёлвораётган танланганларига» адолат ўрнатиши муқаррар! Ҳа, Исо пайғамбар айтгани каби, Аллоҳ «улар учун адолатни тезда ўрнатади» (Луқо 18:6–8).
«Сўраб туринглар ва сизларга берилади» (Луқо 11:9).
Баъзида биз ёрдам ёки марҳамат сўрашдан чарчаб қолишимиз мумкин, аммо таслим бўлмаслигимиз керак. Чунки тоат-ибодатда бўлиб, ҳаётимизда Худонинг қўлини кўриш истагимиз ҳақиқий эканини кўрсатамиз. Шунингдек, Тангри илтижоларимизга жавоб бераётганини кўришни ўрганамиз ва натижада Унга яқинлашган бўламиз. Ҳа, агар сўраб турсак ва Аллоҳ ибодатларимизга жавоб беришидан шубҳаланмасак, Унинг иродасига мувофиқ бўлган ибодатларимизга У жавоб беришига амин бўлишимиз мумкин (Луқо 11:9).
a Агар Худо ибодатларимизни тинглашини истасак, Унинг талабларига мос келишга астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Бундай йўл тутиб, ушбу мақолада муҳокама қилинганидек, ибодатнинг ёрдамини ўзимизда ҳис этишимиз мумкин. Кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли китобнинг 17- бобига ёки www.jw.org сайтига қаранг.
b Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан, Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.
c Қадимда Худо Исроилдаги ҳакамларга бевалар ва етимларга алоҳида эътибор кўрсатиш кераклигини буюрган эди (Қонунлар 1:16, 17; 24:17; Забур 67:6).