Маънавийлик
Ушбу журналнинг илк мақоласида айтилганидай, кўп одамлар Муқаддас Китобни Худонинг Каломи деб билишади. Улар Муқаддас Китобни ўқиб, ундаги йўл-йўриқларга амал қилишгани туфайли Худога анча яқинлашганига ва ҳаётлари мазмунга тўлганига аҳамият беришди.
Муқаддас Китобга кўра, «маънавий инсон» ҳаётга нисбатан тўғри нуқтаи назарни ёки муносабатни сақлайди. (1 Коринфликларга 2:15) Фақат ўзини ўйлайдиган, тана истакларига берилган инсондан фарқли ўлароқ, маънавий инсон Худонинг меъёрларини юқори қадрлайди. (Эфесликларга 5:1)
УМИД
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Оғир кунда руҳинг тушса, кучинг ҳам заифлашади». (Ҳикматлар 24:10)
БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Тушкунлик ҳаётий муаммоларни ҳал қилишга кетадиган кучимизни олиб қўяди. Умид эса аксинча, олға интилишимиз учун куч бағишлайди. Дуч келаётган муаммоларимиз вақтинчалик эканини тушуниш бизга тасалли бериши мумкин. Бошимизга тушган қийинчиликлардан сўнг, яхши кунлар келишига умид қилсак бўлади.
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Келажакка ижобий назар билан қаранг. Юз бериши мумкин бўлган воқеалар ҳақида ташвишлангандан ёки вазиятингиз мукаммал ечим топишини кутгандан кўра, олдингизга қўйган мақсадларга мувофиқ йўл тутинг. Шуни тан олиш керакки, кўнгилсиз воқеалар ҳам юз бериб туради. (Воиз 9:11) Лекин кўпинча вазият биз кутгандан кўра яхшироқ тус олади. Буни тасвирлаш учун Муқаддас Китобда деҳқончиликка оид қуйидаги мисол келтирилган: «Эрталабдан уруғингни эккин, кечга қадар қўлларингга тиним берма. Чунки қай бири — униси ёки буниси ўсиб чиқишини билмайсан. Балки иккови ҳам униб чиқар». (Воиз 11:6)
ҲАЁТДАГИ МУҲИМ САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Менга фаҳм-идрок бер. [...] Каломинг асоси ҳақиқатдир». (Забур 119:144, 160)
БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Муқаддас Китоб деярли ҳар бир кишини қизиқтирадиган саволларга жавобларни тақдим этмоқда. Масалан, унда қуйидаги саволларга жавоблар бор:
Инсоният қаердан пайдо бўлган?
Нима учун дунёга келганмиз?
Инсон ўлганида нима юз беради?
Келажагимиз қандай бўлади?
Бутун дунёдаги миллионлаб инсонлар бу ва бошқа саволларга Муқаддас Китобдан жавоб топиб, ҳаётларини яхши томонга ўзгартиришди.
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Муқаддас Китобда нималар ёзилганини ўзингиз тадқиқ қилиб кўринг. Уни тушуниш учун Яҳова Шоҳидларининг биридан ёрдам сўрасангиз бўлади. jw.org веб-сайтимизга кириб кўринг ёки учрашувларимиздан бирига ташриф буюринг. Уларга истаган киши келиши мумкин ва кириш бепул.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БОШҚА ПРИНЦИПЛАР
МАЪНАВИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИНГИЗНИ ҚОНДИРИНГ.
«Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (МАТТО 5:3)
МУҚАДДАС КИТОБДАН ХУДО ҲАҚИДА КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ.
«Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди. Зеро У ҳар биримизга яқиндир». (ҲАВОРИЙЛАР 17:27)
МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎҚИБ, ФИКР ЮРИТИНГ.
«[Инсон] Яҳованингa қонунидан завқ олиб, қонуни устида туну кун фикр юритади... У барча ишларида муваффақиятга эришади». (ЗАБУР 1:2, 3)
a Муқаддас Китобга биноан, Худонинг исми Яҳова.