Ёдингиздами?
«Қўриқчи минораси» журналининг охирги сонлари сизга ёқдими? Қуйидаги саволларга жавоб бера оласизми?
• Номукаммал эканимизга қарамай, қандай қилиб итоатли бўлиб қолишимиз мумкин?
Яҳовага итоатли бўлишни ҳозирдан ўргансак, оғир синовларга дуч келганимизда қийналиб қолмаймиз (Заб. 77:8). Авваламбор, Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни қунт ила тадқиқ қилиш муҳимдир (15.9., 12- саҳ.).
• Бутрус чўка бошлаганида, Исо уни қутқариб олганидан қандай сабоқ олсак бўлади? (Мат. 14:28–31)
Мабодо, қайсидир биродаримизнинг имони суст эканини сезиб қолсак, унга ёрдам қўлини чўзиб, имонини мустаҳкамлашга кўмаклашишимиз лозим (15.9., 8- саҳ.).
• Бизни қутқариш учун Яҳова нима қилган?
Яҳова Таоло, Исони қийнашларига, мазах қилишларига ҳамда жиноятчи каби қатл қилишларига йўл қўйган. Бунинг рамзи сифатида, Иброҳим Халилуллоҳ ўз ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлган (15.9., 28–29- саҳ.).
• Яҳовадан таълим олмоқчи бўлганлардан нима талаб этилади?
Авваламбор, камтаринлик фазилатига эга бўлишимиз даркор. Буни, ҳазрати Довуднинг сўзларидан кўриш мумкин: «Худованд мурувватли ва адолатлидир... Беозорларга Ўзи раҳнамо бўлар» (Заб. 24:8, 9) (15.9., 21- саҳ.).
• Ҳикматлар 24:27 дан қандай сабоқ олиш мумкин?
Уйланмоқчи бўлган киши, авваламбор, зиммасига тушадиган масъулиятга яхшилаб тайёрланиб олиши зарур. Бу дегани, хотини ва бола-чақасининг моддий ҳамда маънавий эҳтиёжларини қондира олиши керак (15.10., 12- саҳ.).
• Оила билан бирга Худога топинишнинг фарзандлар учун қандай фойдаси бор?
Бундан фарзандлар жуда катта фойда олиб, Тангри Яҳова қилган барча яхшиликлари учун миннатдор бўлишига кўмаклашади. Шунингдек, бу уларнинг маънан мустаҳкам бўлишларига ҳисса қўшади (15.10., 30–31- саҳ.).
• Жамоат учрашувларию анжуманлар ўтказилганида, опа-сингилларимиз таржимон бўлса, бошини ёпишлари керакми?
Таржимон опамиз нутқни таржима қилганда, ўтирганлар бир пайтнинг ўзида ҳам таржимани эшита олади, ҳам маърузачини кузата олади. Гапириб таржима қилаётган опамиз ўтирадими, турадими, асосийси эътибор унга қаратилмайди. Шунинг учун, гапира оладиган кишиларга таржима қилаётган опамиз бошини ёпиши шарт эмас (15.11., 12–13- саҳ.).
• Одобли бўлишда Яҳова билан Исо қандай ўрнак кўрсатишган?
Гарчанд, Яҳова Парвардигори Олам бўлса-да, инсонларга нисбатан жуда меҳрибондир. Масалан, Ибтидо 13:14 да Эгамиз, Иброҳим Халилуллоҳга, Чиқиш 4:6 да эса Мусо пайғамбарга гапирганини ўқишимиз мумкин. Ушбу оятларнинг асл нусхасида Яҳова уларга «илтимос», деб мурожаат қилгани аён бўляпти. Худо шунингдек, одамларни диққат ила тинглайди (Ибт. 18:23–32). Исо ҳам, одамларга ёрдам беришга доимо тайёр бўлиб, ҳатто уларнинг исмларини айтиб чақирарди (15.11., 25- саҳ.).
• Қандай қилиб барчамиз «кўнглимизни кенгроқ» қила оламиз?
Йиғилиш Залига янги келган кишилар билан суҳбатлашиб, ёшу қарилар билан саломлашиш яхшидир. Анчадан бери кўришмаган кишилар билан ҳам, суҳбат қуриш учун вақт ажратса бўлади. Анжуманларга борганда эса, бошқалар билан танишишга ҳаракат қилинг (15.11., 21–22- саҳ.).