Яҳованинг Каломи жонли
Воиз китобининг диққатга сазовор оятлари
«УМРИМИЗ муддати етмиш йил экан, ёки бардамлик берса саксон йил экан, унинг чўққиси ҳам жафо ва заҳматдир. Ҳаёт тезлик билан ўтар, мана, биз учиб кетамиз!» (Забур 89:10). Муқаддас Китобда шундай дейилар экан, фойдасиз режалару ишларга қисқа умримизни сарфлаш арзимайди! Бўлмаса вақт, куч ва маблағларимизни нималарга сарфлайлик? Худонинг Каломи таркибига кирган Воиз китобида бу борада ишончли маслаҳатлар берилган. Улар ёрдамида ‘юрагимизнинг хаёлу ниятлари фош қилиниб’, мазмунли ҳаёт кечиришимиз мумкин бўлади (Ибронийларга 4:12).
Ўз донолиги билан донг чиқарган Исроил шоҳи Сулаймон ушбу ҳикматлар китобининг муаллифидир. Воиз китоби ҳаётимизда нима ҳақиқатдан ҳам қадрли ва ниманинг қадри йўқ эканини кўрсатиб, амалий маслаҳатлар бермоқда. Китобда ҳазрати Сулаймоннинг баъзи қурилиш ишлари қаламга олинган экан, китобнинг ёзилиши қурилиш якунланганидан сўнг, аммо шоҳ ҳақ топинишдан ҳали юз ўгирмаган пайтида тугатилган (Нахимиё 13:26). Хулласи калом, Воиз китоби Сулаймоннинг 40 йиллик ҳукмдорлигининг охирида, яъни мил. авв. 1000 йилдан олдин ёзиб тугатилган эди.
БЕҲУДАЮ БЕҲУДА ЭМАС НАРСАЛАР
«“Беҳуда! Беҳуда! — дейди Воиз. — Ҳаммаси беҳудадир!” Одам бу дунёда қилган меҳнатидан қандай фойда топар?» (Воиз 1:2, 3). «Беҳуда» сўзи Воиз китобида тез-тез такрорланади ва ибронийча матнда ҳевл бўлиб, сўзма-сўз «нафас» деб таржима қилиниши мумкин. Ҳевл сўзи қадри йўқ, мустаҳкам бўлмаган ва кўпга чўзилмайдиган нарсаларга нисбатан ишлатилар эди. Дарҳақиқат Худонинг иродасига зид бўлган инсонларнинг барча ишлари — беҳудадир.
«Худонинг уйига борганда қадамингизни ўйлаб босинг — деган эди Сулаймон. — Қулоқ солиш учун боринглар» (Воиз 4:17). Аллоҳимиз Яҳовага ҳақиқат ила топиниш беҳуда эмас. Аксинча Парвардигор билан бўлган муносабатлар — мазмунли ҳаётимизнинг гаровидир.
Саволларга жавоблар:
1:4–10 — Нима сабабдан табиат ҳодисалари «чарчатар» деб айтилади? Воиз, табиатда учрайдиган учта асосий ҳодисани, яъни қуёш чиқиб ботиши, шамолнинг эсиши ва сувнинг айланишини эслатиб ўтмоқда. Бу ҳодисалар туфайли сайёрамизда ҳаёт мавжуд. Чиндан ҳам, табиатда кўпдан-кўп ҳодисалар кечади ва уларнинг барчаси ўта мураккаб. Уларни бутун умр тадқиқ қилиш мумкин, аммо бари бир охиригача тушуниш имконсиздир. Ҳақиқатан бу одамни «чарчатар». Шунингдек, бу абадий ҳодисаларни қисқа умримиз билан солиштириш тушкунликка олиб келиши мумкин. Ҳатто янги кашфиётларни очиш «чарчатади». Зеро янги кашфиётлар ҳам, Аллоҳ барча нарсани яратганида ўрнатган эски қонун-қоидалардир.
2:1, 2 — Нега кулги ҳақида «телбалик» деб айтилади? Тўғри кулги ташвишларимизни бир зумга унутишга ва ҳаётнинг муаммоларига соддароқ қарашга ёрдам беради. Аммо буларнинг барчасидан фориғ қилмайди. Шунинг учун шунчаки кулги орқали бахтга эришиш «телбалик»дир.
3:11 — Қайси нарсаларни Аллоҳ «ўз вақтида содир» қилган? Яҳова Таоло «ўз вақтида содир» қилган ишларининг ҳаммаси гўзалдир. Уларнинг жумласидан Одам Ато ва Момо Ҳавонинг яратилиши, камалак аҳди, Иброҳим ва шоҳ Довуд билан тузилган аҳд, Исо Масиҳнинг юзага келиб, сўнг Худонинг Шоҳлигида ҳукмронлик қилиши. Бироқ яқинлашиб келаётган келажакда Худованд Яҳованинг яна бир нияти бор. У адолат ҳукм сурадиган янги дунёни «ўз вақтида» амалга оширади (2 Бутрус 3:13).
5:8 — ‘Ҳаммаси даланинг ҳосилига кўз тикиши’ нимани англатади? Ҳар бир инсон ернинг ҳосилига муҳтождир. Бундан ҳатто шоҳлар мустасно эмас. Уларнинг даласига ҳам ишлов бериб, парваришлаш даркор.
Хулосалар:
1:15. Бу дунёдаги жабр-зулм ва адолатсизликка қарши курашишга вақт ҳамда куч сарфлаш беҳудадир. Бизни фақат Худонинг Шоҳлиги ёвузликдан халос қилишга қодир (Дониёр 2:44).
2:4–11. Уйлар қуриш, боғлар экиш, мусиқа билан шуғулланиш ва дабдабали ҳаёт кечириш — «буларнинг ҳаммаси беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан», чунки бу ишлар ҳаётга на ҳақиқий маъно на ҳақиқий бахт келтирадилар.
2:12–16. Доноликнинг аҳмоқликдан устунлиги муайян муаммоларни ҳал қилишдадир. Аммо ўлим олдида инсонларнинг донолиги ожиз. Одам донолиги билан ҳатто ном чиқарган бўлса-да, келажакда у ҳам унутилади.
2:24; 3:12, 13, 22. Одам қилган меҳнатидан роҳат олса, бунинг ёмон жойи йўқ.
2:26. «Худога маъқул бўлганларга» Унинг Ўзи донолик ва қувонч беради. Аллоҳ Яҳова билан яхши муносабатларга эга бўлмай, доноликка эришиш имконсиздир.
3:16, 17. Ҳозирги дунёда ҳар қандай вазиятда адолатни кутиш пуч хаёлдир. Содир бўлаётган нарсалардан ташвиш қилишдан кўра, Худованд Яҳова вазиятни ўзгартиришини кутиш яхшироқдир.
4:4. Моҳирлик билан қилинган иш қаноатлантиради. Аммо бундай иш бошқалардан устун туриш учун қилинса, у рақобат, ҳасад ва ғайирликка олиб келиши мумкин. Яҳовага хизмат қилаётиб, кўнгил ниятларимиз пок бўлиши лозим.
4:7–12. Одамларнинг орасидаги муносабатлар бойликдан афзал. Бойлик орттираман деб, бундай муносабатларни оёқ ости қилиш ҳеч ҳам ярашмайди.
4:13. Юксак мартаба ва улуғ ёшнинг ўзи ҳурмат-иззат келтирмайди. Масъулиятга эга бўлганлар доноликни намоён этишлари даркор.
4:15, 16. ‘Шоҳнинг вориси бўлган йигитни қўллаб-қувватлаганлар аввалига сон-саноқсиз бўлиб кетиши мумкин, аммо келажак авлод уни рад қилади’. Дарҳақиқат шуҳрат одатда узоққа чўзилмас.
5:1. Ибодатларимиз мулоҳазали, чуқур эҳтиромли ва камгап бўлиши муҳим.
5:2–6. Мол-мулк кўпайтириш йўлида одам худбин эҳтиросларга берилиб кетиши мумкин. Бунинг дастидан у кечалари ухламай, хаёл суриб осмонда учиб юради. Кўп гапирган одам нодон каби кўриниб, шошқалоқлиги туфайли ўйламай Худога ваъда бериб қўйиши эҳтимоли бор. Буларнинг барчасидан бизни Ҳақ Яҳовадан қўрқиш асрайди.
6:1–9. Агар одам қайсидир сабабларга кўра ҳаётидан роҳатини кўрмаса бойлик, обрў, узоқ умр ва ҳатто юз фарзандли бўлишдан қандай фойдаси бор?! Пуч ниятлар ҳақида ҳавас қилишнинг ўрнига, кўз олдимизда турган нарса билан қаноатланиш яхшидир. Ҳа, «ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим» боридан шодланиб, Яҳова Таоло билан яхши муносабатларни сақлаб қолишни ўйлайлик.
ДОНОЛАРГА МАСЛАҲАТ
Яхши ном ва обрўни қандай сақлаб қолишимиз мумкин? Инсоний бошқарувга ва кўз ўнгимизда содир бўлаётган адолатсизликка қандай қарашимиз керак? «Марҳумлар ҳеч нарсани билмас» экан, ҳаётимиздан қандай фойдаланайлик? Қандай қилиб ёшлар вақтнию куч-қувватни донолик билан сарфласа бўлади? Ҳазрати Сулаймоннинг бу ва бошқа саволларга нисбатан доно маслаҳатлари Воиз китобининг 7–12-бобларида ёзилган.
Саволларга жавоблар:
7:19 — Қайси маънода донолик «ўнта ҳукмдордан қудратлироқ»? Муқаддас Китобда ўн рақами мажозий маънода қўлланилганида тўлаликни англатади. Бу сўзлар билан Сулаймон нима демоқчи экан? Донолик инсонни шаҳарни қўриқлайдиган барча аскарлардан ҳам афзалроқ ҳимоя қилишга қодир.
10:15 — Қайси маънода «нодоннинг ҳаракатлари уни жуда чарчатади»? Агар одамга идрок етишмаса, у қанча меҳнат қилмасин на яхши натижаларга эришади, на мамнун бўлади. Унинг барча уринишлари уни жуда чарчатади.
11:7, 8 — «Ёруғлик лаззатлидир, қуёшни кўриш кўзлар учун ҳам ёқимлидир», деган гап нимани англатади? Чиндан ҳам ёруғлик ва қуёш бизга қувонч бахш этади. Шу ерда Сулаймон «қоронғулик кунлари», яъни куч-қуввату тетикликдан айирган қарилик келмагунига қадар, ҳаётдан «завқ олиш» кераклигини айтмоқда.
Хулосалар:
7:21, 22. Одамлар гапираётган ҳамма нарсага ҳам эътибор беравермаслик керак.
10:4. Агарда раҳбар ёки бошлиқ бизни танқид қилиб, тўғрилатса, ‘жойни ташлаб кетишнинг’ ўрнига вазминликни сақлаш оқилонадир.
8:8; 9:5–10, 12. Тўрга тушиб қолган балиқ ва тузоққа илинган қушдай ҳаётимиз ногаҳон тўхтаб қолиши мумкин. Бинобарин ҳаёт бахш этадиган ҳаёт учқунини сақлаб қолишга ҳеч бир инсоннинг қурби етмайди. Устига-устак ўлимнинг инсониятга қарши олиб борган урушда ҳеч ким бетараф қололмайди. Хуллас вақтни бой бермаслик керак. Эгамиз Яҳова ҳаётни қадрлашимизни ва ундан тўғри фойдаланиб, роҳатланишимизни истайди. Бунинг учун эса Худога хизмат қилишни биринчи ўринга қўйишимиз лозим.
8:16, 17. Кўзларимизга ҳатто уйқу бермай, Худо қилган ёки содир бўлишга йўл қўйган барча ишларини ўйласак-да, уларни охиригача тушуниб етиш имконсиздир. Атрофимиздаги ноҳақлик тўғрисида безовталаниш эса қувончдан маҳрум этади.
9:16–18. Ҳатто кўпчилик доноликни қадрламаса ҳам, биз уни қадрлашимиз даркор. Доно кишининг хотиржамлик билан айтган сўзлари нодоннинг баланд овоз билан айтган сўзларидан афзалроқдир.
10:1. Ўз нутқимиз ва хулқимизга эътиборли бўлишимиз зарур. Чунки обрўли одамнинг бир марта қилган нотўғри иши, масалан жаҳлни тия олмагани, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилгани ёки одобсизу ахлоқсиз хатти-ҳаракати номига доғ тушириши мумкин.
10:5–11. Аҳмоқнинг баланд лавозимда ўтирганига ҳасад қилмаслик керак. Ҳатто кичик ишда ҳам одамнинг қобилияти етмаса, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бироқ доноликни амалда қўллашни ўрганиш фойдалидир. Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб, шогирд орттириш фаолиятида қобилиятларимизни ривожлантириш нақадар муҳим!
11:1, 2. Чин қалбдан сахийлик қилган сахийлик кўрур (Луқо 6:38).
11:3–6. Ҳаётимизда нима юз беришини билмасак-да, иккиланувчан бўлиб қолмаслик керак.
11:9; 12:1–7. Ёшлар ҳам Яҳованинг олдида жавобгардир. Шунинг учун қувватсиз қарилик чоғи келмагунга қадар, улар ўз кучию вақтини Худога хизмат қилишга сарфлаши лозим.
«ДОНОЛАРНИНГ ҲИКМАТЛАРИ» ҚЎЛЛАНМА КАБИДИР
Ҳазрати Сулаймоннинг «маъқул келадиган сўзлари»га қандай муносабатда бўлиш лозим? Инсон донолиги билан ёзилган «кўп китоб»лардан фарқли равишда, Чўпонимиз бўлган Яҳова Таоло доноларга берган «ҳикматлари ўткир таёққа... маҳкам қоқилган михларга ўхшайди». Бундай илоҳий донолик ҳаётимизни барқарор қилишга қодир (Воиз 12:10–12).
Воиз китобининг доно маслаҳатларига риоя қилиш мазмунли ва бахтли ҳаёт кечиришга кўмаклашади. Бинобарин биз биламизки «Худодан қўрқадиганларга ундан ҳам яхшироқ бўлади». Илойим, «Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар», деган сўзларига қатъият ила амал қилайлик! (Воиз 8:12, 13; 12:13).
[15- саҳифадаги расм]
«Ўз вақтида» Худованд Яҳованинг яна бир нияти амалга ошади
[16- саҳифадаги расм]
Ейиш, ичиш ва ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўриш — Худонинг инъомидир