Рўза — унинг моҳияти нимада?
Рўза пайтида инсон кўпроқ Тангри билан бўлган муносабатлари ва ҳаётида нима муҳим ўринни эгаллаётгани ҳақида чуқур мулоҳаза юритади. КАТОЛИК АЁЛ
Рўза Худога яқинлашишга ёрдам беради. ЯҲУДИЙ РАВВИНИ
Мен рўза тутишни бурчим деб биламан. Бу мен учун имон пойдевори бўлиб, Худога бўлган миннатдорчилигимни кўрсатади. БАҲАИЗМ ДИНИДАГИ КИШИ
РЎЗА тутиш кўп динларда, шу қаторда буддавийлик, ҳиндуийлик, христианлик, жайнизм ва иудаизмда одат тусига кирган. Аксарият одамлар, муайян вақт овқат ейишдан тийилиш орқали Худога яқинлашиш мумкин деб ўйлашади.
Сиз ҳам юқоридаги фикрга қўшиласизми? Келинг, бу борада Аллоҳнинг Каломида нима ёзилганини кўриб чиқайлик.
Қадимда рўза тутиш мисоллари
Қадимда Худонинг хизматчилари турли сабабларга кўра рўза тутишган. Масалан баъзилари тавба-тазарру қилиб (1 Шоҳлар 7:4–6), яна бирлари Тангри Таолонинг марҳаматига сазовор бўлиш учун ёки Унинг раҳбарлигини излашгани сабаб (Ҳакамлар 20:26–28; Луқо 2:36, 37), бошқалари эса муҳим нарсалар устидан чуқур мулоҳаза юритиш учун рўза тутишган (Матто 4:1, 2).
Бироқ Муқаддас Китобда Аллоҳга хуш келмайдиган рўза тутиш ҳақида ҳам ёзилган. Подшоҳ Шоул арвоҳларни чақирадиган аёл олдига боришдан аввал рўза тутган (Левилар 20:6; 1 Шоҳлар 28:20). Исонинг шогирди бўлмиш Павлусни ўлдириш пайида юрган мутаассиблар ҳамда ёвуз малика Изабел рўза тутишган (3 Шоҳлар 21:7–12; Ҳаворийлар 23:12–14). Яҳудий дин мазҳабидан бўлган фарзийлар ҳам рўза тутиш одати билан машҳур эди (Марк 2:18). Лекин айнан иккиюзламачилиги учун Исо уларни қоралаганди (Матто 6:16; Луқо 18:12). Аллоҳ Яҳованинг Ўзи ҳам одамларнинг бадниятлиги ва нотўғри ишлари учун рўзаларини қабул қилмаган (Еремиё 14:12).
Бундан кўриниб турганидек, Худонинг мамнуниятини топиш учун рўза тутишнинг ўзи етарли эмас. Бироқ кўпгина художўй одамлар рўза тутишган-ку?! Хуллас рўза тутиш керакми ёки йўқми?
Бугунги кунда рўза тутиш шартми?
Таврот қонунига биноан одамлар фақат Покланиш кунида рўза тутишлари шарт эди (Левилар 16:29–31; Забур 34:13). Аллоҳ Яҳова фақат шу бир куни рўза тутишни аниқ буюрган холосa. Худонинг қадимги халқи Таврот қонунига биноан шундай йўл тутган. Бугунги кунда эса Худо буни талаб қилмаяпти (Римликларга 10:4; Колосаликларга 2:14).
Исо алайҳиссалом Тавротга бўйсуниб рўза тутганига қарамай, уни одат тусига киритишни ўйламаган ҳам. Гарчи шогирдларига рўза тутиш борасида насиҳатлар қилган бўлса-да, буни мажбурий деб айтмаган (Матто 6:16–18; 9:14). Ундай бўлса, нега Исо шогирдлари унинг ўлимидан кейин рўза тутишади деб айтди? (Матто 9:15). Аслида у буйруқ бермай, унинг ўлимидан сўнг шогирдлари афсус-надомат чеккани сабаб томоғидан овқат ўтмаслигини назарда тутган эди.
Муқаддас Китобда Исонинг шогирдлари рўза тутишганининг иккита мисоли келтирилиб, одам яхши ниятлар билан овқатдан ўзини тийиши билан Худога маъқул келиш мумкинлигини кўрсатиб турибди (Ҳаворийлар 13:2, 3; 14:23)b. Аммо-лекин бу мажбурий эмас. Аксинча рўза тутишни қарор қилган инсон, унинг хавфли томонлари борлигини унутмаслиги керак.
Тузоқлардан эҳтиёт бўлинг
Хўжакўрсинга рўза тутиш жуда хавфлидир. Зеро Муқаддас Китоб «ўзини мўминликка солишдан» огоҳлантирмоқда (Колосаликларга 2:20–23). Исо мағрур фарзий ҳақидаги бир масал келтириб, фарзий доимо рўза тутгани учун ўзини бошқалардан юқори тутган, аммо Худо уни рад этди, дея айтди (Луқо 18:9–14).
Гарчи бошқаларнинг гапига кириб рўза тутиш ва бу ҳақда ҳаммага айтиб юриш одатий ҳол бўлса-да, бундай йўл тутиш тўғрилигини англатмайди. Исонинг сўзларига кўра, рўза тутиш бу Худо билан бўлган шахсий муносабатлар ва буни пеш қилиш шарт эмас (Матто 6:16–18).
Қолаверса рўза тутиб гуноҳим ювилади деган тасаввур хатодир. Агар биз Аллоҳнинг қонун-қоидаларига мувофиқ ҳаёт кечириб рўза тутсак, ана ўшанда бошқа гап (Ишаё 58:3–7). Гуноҳлардан фориғ бўламан десангиз эса рўза тутишнинг ўзи эмас, балки чин дилдан тавба қилиш афзал (Йўэл 2:12, 13). Муқаддас Китобга биноан гуноҳларимиз фақатгина Исо Масиҳнинг қурбонлиги асосида Аллоҳнинг инояти билан кечирилади. Ҳеч ким ўз ишлари билан, ҳатто рўза тутиб оқлана олмайди (Римликларга 3:24, 27, 28; Галатияликларга 2:16; Эфесликларга 2:8, 9).
Ишаё пайғамбар даврида рўза ҳақида бошқа нотўғри фикр бор эди (Ишаё 58:3). Худонинг халқи: «Агар биз рўза тутсак, албатта Худонинг меҳр-иноятига сазовор бўламиз» — деб ўйлашган. Худди Аллоҳ улар олдида қарздор бўлиб қоларди. Лекин акси келиб чиққанда улар аччиқланиб, рўза тутамиз-у нега Худо диққат қилмаяпти, дея айтишарди. Ҳозир ҳам одамлар рўза тутишлари билан Аллоҳдан бирон нарса олишга умид қилишади. Илоё, бундай қинғир-қийшиқ ниятлар қалбимиздан ҳеч қачон жой олмасин!
Баъзилар рўза пайтида баданни қийноққа солиб, йиғи-сиғи қилиш билан Худога маъқул келиш мумкин деб ўйлашади. Бироқ Худонинг Каломида «баданни қийнаш одамларга ҳикматдай туюлади» холос, дея айтилган (Колосаликларга 2:20–23).
Мулоҳазакор бўлинг
Хуллас биз рўза тутиш керак ёки йўқ деб таъкидламоқчи эмасмиз. Эҳтимол баъзи бир вазиятларда рўза тутиш фойдалидир. Аммо юқорида айтиб ўтилган хавф-хатар борлигини инкор этмаслик керак. Асосийси — рўза тутиш ҳақ топинишда муҳим ўринни эгалламаслиги лозим. Зеро Яҳова Таоло «Муборак Худодир» ва Унинг хизматчилари қувониб юришларини хоҳлайди (1 Тимўтийга 1:11). Айнан шу учун Муқаддас Китобда мана нима дейилган: «Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир» (Воиз 3:12, 13).
Худога сиғиниш бизга қувонч ва бахт келтириши керак. Бироқ айнан рўза тутиш орқали бунга эришиш мумкинлиги ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Устига-устак овқатдан ўзини тийиш соғлигимизга зарар келтирса, бунинг қандай фойдаси бор?! Ахир Яратувчимиз бизга ҳаётбахш хабарни эълон этиш топшириғини берган экан, буни қувонч билан бажариш учун куч-қувват керак-ку!
Рўза тутиш ёки тутмаслик ҳақида ҳамма ҳар хил қарор чиқарган бўлиши мумкин, лекин бу борада бошқаларни ҳукм қилмаслигимиз лозим. Ҳар ҳолда Аллоҳнинг хизматчилари «Худонинг Шоҳлиги овқат ва ичимликдан иборат эмас, балки Муқаддас Руҳ бағишлаган солиҳлик, тинчлик ва севинч» эканлигидан шубҳаланишмайди (Римликларга 14:17).
[Изоҳлар]
a Малика Эстер тутган рўзаси Аллоҳ томонидан буюрилмаган бўлса-да, Унга маъқул кўринган. Ҳозирги кунда яҳудийлар малика Эстерга тақлид қилиб, Пурим байрамидан олдин рўза тутишади.
b Муқаддас Китобнинг баъзи таржималарида Матто 17:21; Марк 9:29; Ҳаворийлар 10:30; 1 Коринфликларга 7:5- оятларида рўза тутиш ҳақида айтилган бўлса ҳам, юнон тилидаги қадимги ёзувларда бундай фикр учратилмайди.
[18- саҳифадаги матн парчаси]
Фарзийлар «ўзини мўминликка солиб» рўза тутишарди
[19- саҳифадаги матн парчаси]
«Худонинг Шоҳлиги овқат ва ичимликдан иборат эмас, балки Муқаддас Руҳ бағишлаган солиҳлик, тинчлик ва севинчдир»
[19- саҳифадаги рамка]
Христиан оламининг рўзаси қаердан келиб чиққан?
Христиан оламидаги 40 кунли рўзани (Великий Пост) одамлар кўпинча Исо Масиҳнинг 40 кун тутган рўзаси билан таққослашади. Аммо Ҳазрати Исо ҳеч қачон шогирдларига бундай қилишларини буюрмаган эди. Қолаверса улар шундай қилишганлари ҳақида Муқаддас Китобда ёзилмаган ҳам. Умуман олганда Пасхадан олдин тутиладиган 40 кунли рўза тўғрисида биринчи бор милодий 330- йили машҳур черков руҳонийси бўлган Афанасий Александрийский томонидан ёзилган битикларда учрайди.
Дарвоқе, Исо ушбу рўзани ўлимидан олдин эмас, балки Худонинг иродасини бажаришга киришишдан аввал тутган. Демак христианларнинг рўзаси Пасхадан олдин тутилиши (христиан олами ҳисоблашича Исонинг тирилиш вақтига тўғри келади) умуман ғалати кўринмоқда. Гапни очиғи йилнинг ушбу вақтида рўзани тутиш қадимда бобилликлар, мисрликлар ва юнонлар орасида одат бўлган. Мана ҳақиқат ҳам очилди: христиан оламининг рўзаси ўша бутпарастларнинг одатидан келиб чиққан.