Яҳованинг Каломи жонли
Ҳизқиё китобининг диққатга сазовор оятлари (2- қисм)
МИЛОДДАН аввалги 609- йилнинг декабр ойида Бобил шоҳи Қуддусни охирги бор қамал қилишни бошлаганди. Шу вақтгача Ҳизқиё, Бобилликлар томонидан асирликка олинган яҳудийларга, уларнинг севикли шаҳри Қуддус вайрон этилиши ҳақида эълон қиларди. Энди эса Ҳизқиё, Худо халқининг фалокатидан қувонган халқларга нисбатан башорат қилмоқда. Қуддус 18 ойдан сўнг вайрон этилгач, Ҳизқиё ҳақ топиниш тикланиши тўғрисида хабар қила бошлади.
Ҳизқиё 25:1–48:35- оятларида Исроил атрофидаги халқларга ва Худонинг халқи халос этилишига тегишли башоратлар мавжудa. Ҳизқиё 29:17–20- оятларини ҳисобга олмаганда, ушбу китобдаги хабарларнинг санаси кетма-кет, шунингдек мавзулари ҳам тартиб билан жойлашган. Бироқ ушбу тўртта оят битта мавзуга бағишланган. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобнинг бир қисми бўлмиш Ҳизқиё ёзувлари «жонли ва таъсирли»дир (Ибронийларга 4:12).
ЯҲУДО МАМЛАКАТИНИНГ ҚАЙТА ТИКЛАНИШИ
Яҳова Таоло Оммон, Мўаб, Эдом, Филистия, Тир ва Сидон халқлари Қуддуснинг вайрон этилишига нисбатан қандай муносабатда бўлишларини олдиндан билиб, Ҳизқиё орқали уларга қарши башорат қилди. Шунингдек Миср талон-тарож қилиниши ҳақида айтди. Миср шоҳи ва унинг лашкарлари, Бобил шоҳи томонидан кесиб ташланган садр дарахтига ўхшатиляпти (Ҳизқиё 31:2, 3, 12; 32:11, 12).
Мил. авв. 607- йили Қуддус вайрон этилганидан олти ой ўтгач, омон қолган киши Ҳизқиёнинг олдига келиб, шаҳар вайрон этилганлиги ҳақида хабар беради. Энди пайғамбарнинг асирдагиларга гапирадиган вақти келди (Ҳизқиё 33:21, 22). У тикланиш ҳақидаги башоратларни эълон этишни бошлади. Тангри Яҳова Ўз халқи устидан хизматчиси Довудни чўпон этиб тайинлашини айтди (Ҳизқиё 34:23). Эдом йўқ қилиниб, Яҳудо юрти эса Адан боғи каби гуллаб-яшнайди (Ҳизқиё 36:35). Яҳова Ўзининг халос этилган халқини Яъжужнинг ҳужумидан ҳимоя қилишга ваъда беради (Ҳизқиё 38:2).
Саволларга жавоблар:
29:8–12 — Миср қачон 40 йил кимсасиз қолган эди? Мил. авв. 607- йилда Қуддус вайрон этилганидан сўнг, Еремиё пайғамбарнинг огоҳлантиришига қарамай, омон қолган яҳудийлар Мисрга қараб қочишади (Еремиё 24:1, 8–10; 42:7–22). Бироқ бу уларга муваффақият келтирмади, чунки Навухадназар Мисрга қарши жанг қилиб, уни мағлуб этди. Мисрнинг 40 йил давомида кимсасиз қолиши, эҳтимол унинг мағлуб қилинганидан сўнг бошланди. Гарчи бу тарих томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, бу ҳодиса юз берганидан шубҳаланмаслигимиз мумкин, чунки Яҳова Ўз башоратларининг Ижрочисидир (Ишаё 55:11).
29:18 — Қандай қилиб ҳамманинг боши кал, елкаси эса яғир бўлиб кетган эди? Тир шаҳрининг қамал қилиниши шу қадар куч ва тиришқоқликни талаб қилган эдики, Навухадназарнинг аскарлари доим дубулға кийиб юрганларидан бошлари кал бўлиб қолганди. Шаҳарни қамал қилишда қўрғонлар қуриш учун ашёлар ташишганидан эса, елкалари яғир бўлиб кетган эди (Ҳизқиё 26:7–12).
Хулосалар:
29:19, 20. Тир аҳолиси шаҳарнинг оролда жойлашган қисмига қочиб, ўзлари билан кўп бойликларини олиб кетишгани сабабли, шоҳ Навухадназарга жуда кам ўлжа теккан эди. Навухадназар мағрур ва худбин ҳоким бўлса-да, Яҳова Ўз иродасини бажаришда ундан фойдаланди. Бу учун, Худо уни Мисрни осонликча босиб олишига йўл қўйиш билан тақдирлади. Биз ҳам Худога тақлид қилиб, манфаатимиз учун хизмат қилаётган давлат ҳокимларига солиқларни тўлашимиз керак эмасми? Бу ҳокимлар ўзларини қандай тутишларига ва тўлаётган солиқларимиз нималарга ишлатилишига қарамай, ушбу мажбуриятдан бош тортмаслигимиз лозим (Римликларга 13:4–7).
33:7–9. Бугунги кунда мойланган масиҳчилар ва уларнинг ҳамкорлари хушхабарни ваъз қилиш ҳамда одамларни «буюк мусибат» бўлиши тўғрисида огоҳлантириш вазифасига жиддий муносабатда бўлишлари даркор (Матто 24:21).
33:10–20. Бизнинг қутқарилишимиз ёмон йўлдан четланиб, Худонинг талабларини баржаришимизга боғлиқ. Дарҳақиқат, Яҳованинг йўли адолатлидир.
36:20, 21. Яҳованинг халқи бўлмиш исроилликлар, Унинг талаблари бўйича яшамай, бошқа халқлар орасида Худонинг исмига иснод келтиришди. Биз ҳеч қачон Яҳовага юзаки топинмаслигимиз керак.
36:25, 37, 38. Бугунги кундаги рамзий жаннат пок инсонлардан иборат. Бинобарин, биз ҳам ушбу жаннатнинг поклигини сақлашга интилишимиз лозим.
38:1–23. Яҳова Ўз халқини Маъжуж диёридан бўлган Яъжужнинг ҳужумидан халос этишини билиш нақадар тасалли бахш этади! «Бу дунёнинг ҳокими» бўлмиш Шайтон ер юзига отилганидан сўнг, Яъжуж деган номга эга бўлди. Маъжуж диёри эса, Шайтон ва фаришталарига ер чегаралари билан тақсимланган ҳудудни назарда тутади (Юҳанно 12:31; Ваҳий 12:7–12).
ПАЙҒАМБАР КЎРГАНУ ЭШИТГАНИНИ ЮРАГИГА ЖО ЭТИШИ КЕРАК
Қуддус шаҳри вайрон этилганидан 14 йил ўтди (Ҳизқиё 40:1). Асирликнинг 56 йили эса ҳали олдинда (Еремиё 29:10). Ҳизқиё пайғамбар 50 ёшга етиб қолганди. У ваҳий орқали Исроил юртини кўрди. Ва пайғамбар кўргану эшитганини юрагига жо этиши керак эди (Ҳизқиё 40:2–4). Ваҳий орқали янги маъбадни кўриш, Ҳизқиёга нақадар қувонч бахш этганди-а!
Ҳизқиё кўрган ушбу маъбадда 6та дарвоза, 30та ошхона, Муқаддас ва Энг муқаддас хона, ёғочдан ясалган қурбонгоҳ ҳамда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ бор эди. Маъбаддан шунингдек сув оқиб чиқар эди ва кейинчалик ирмоққа айланарди (Ҳизқиё 47:1). Ҳизқиё шунингдек ваҳийда, мамлакат қабилалар аро шарқдан ғарбга қараб тақсимланишини кўрди. Яҳудо ва Бенямин қабилалари ўртасида эса бошқарув ҳудуди жойлашган эди. Ушбу ҳудудда, Яҳова ўша ерда деган шаҳар ва маъбад бор эди (Ҳизқиё 48:9, 10, 15, 35).
Саволларга жавоблар:
40:3–47:12 — Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбад нимани тасвирлайди? Ҳизқиё кўрган ушбу маъбад жуда катта ҳажмда бўлиб, аслида ҳеч қачон қурилмаган. Худонинг бу рамзий маъбади бугунги кундаги пок топинишни англатади (Ҳизқиё 40:2; Михо 4:1; Ибронийларга 8:2; 9:23, 24). Маъбад ҳақидаги ваҳий «охирги кунларда», руҳонийлар гуруҳи, яъни мойланганлар саралаб олинаётган пайтда амалга ошмоқда (2 Тимўтийга 3:1; Ҳизқиё 44:10–16; Малахи 3:1–3). Бироқ ушбу ваҳий жаннатда тўлиқ бажо бўлади. Маъбад тўғрисидаги ваҳий асирликда бўлган яҳудийларга ҳақ топинишнинг тикланиши ва ҳар бир оила ўз ерларига эга бўлишига умид бахш этган.
40:3–43:17 — Маъбаднинг ўлчанилиши нимани билдиради? Бу, Яҳованинг ҳақ топинишга бўлган нияти албатта амалга ошишини англатади.
43:2–4, 7, 9 — Маъбаддан чиқариб ташланиши керак бўлган шоҳларнинг жасадлари ниманинг рамзи эди? Жасадлар эҳтимол бутларни англатарди. Қуддуснинг ҳокимлари ва унинг аҳолиси бутлар билан Худонинг маъбадини булғашган эди. Бу бутлар улар учун шоҳлар каби бўлиб қолишган.
43:13–20 — Ҳизқиё ваҳийда кўрган қурбонгоҳ ниманинг рамзи? Рамзий қурбонгоҳ, Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги билан боғлиқ бўлган Худонинг иродасини англатади. Зеро ушбу тўлов туфайли мойланганлар оқланиб, «улкан бир оломон» эса Худонинг назарида пок деб эълон қилинмоқда (Ваҳий 7:9–14; Римликларга 5:1, 2). Эҳтимол айнан шунинг учун Ҳизқиё кўрган маъбадда ҳовуз йўқ эди. Аммо Шоҳ Сулаймон даврида қурилган маъбадда «ҳовуз» бор бўлган ва ундан руҳонийлар ювиниш учун фойдаланишган (3 Шоҳлар 7:23–26).
44:10–16 — Руҳонийлар гуруҳи кимни тасвирлайди? Улар ҳозирги кундаги мойланганларнинг гуруҳига ишора қилади. 1918- йили Яҳова Ўзининг рамзий маъбадини тозалаш ва мойланганларни саралаб олиш учун тахтга ўтирганди (Малахи 3:1–5). Покланган ёки тавба қилганлар ўзларининг шарафли хизматларини давом эттиришди. Бундан кейин ҳам, улар «дунёнинг нопокликларидан ўзларини тоза сақлашга» ғайрат ила ҳаракат қилиб, руҳонийлар қабиласи бўлмаган «улкан бир оломон»га ўрнак кўрсатишлари керак эди (Ёқуб 1:27; Ваҳий 7:9, 10).
45:1; 47:13–48:29 — Мамлакат ва унинг бўлиниши нимани билдиради? Мамлакат — Худонинг халқи фаолиятини амалга ошираётган жойни англатади. Худонинг хизматчиси қаерда бўлмасин, ушбу рамзий мамлакатда ҳақ топинишни қўллаб-қувватлай олади. Мамлакатнинг бўлиниши ҳақидаги ушбу башорат эса, Худога садоқатли инсонлар янги дунёда ўз уй-жойига эга бўлганда бажарилади (Ишаё 65:17, 21).
45:7, 16 — Халқ руҳонийлар ва қабила йўлбошчилари учун хайр-эҳсон бергани нимани англатади? Рамзий маъбадда бу аввало маънан қўллаб-қувватлашни, яъни ёрдам қўлини чўзиб, ҳамкорлик қилишни билдиради.
47:1–5 — Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарёдаги сув нимани ифодалайди? Ушбу сув, ҳаёт учун тақдим этилаётган маънавий ҳадяларни, шу ҳисобда Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги ҳамда Муқаддас Китобдаги Худо ҳақидаги билимни тасвирлайди (Еремиё 2:13; Юҳанно 4:7–26; Эфесликларга 5:25–27). Ушбу дарё, ҳақ топинишга янги инсонлар келиб қўшилиши билан тўлиб бормоқда (Ишаё 60:22). Минг йиллик шоҳлик даврида бу ҳаёт дарёси ҳар қачонгидан ҳам катта бўлади. Бу сувлар шунингдек, келажакда очиладиган китобларни тушунишни ҳам ўз ичига олади (Ваҳий 20:12; 22:1, 2).
47:12 — Мевали дарахтлар ниманинг рамзидир? Мажозий дарахтлар инсониятни мукаммалликка етказиш учун, Худо тақдим этаётган барча маънавий ҳадяларни ифодалайди.
48:15–19, 30–35 — Ҳизқиё ваҳийда кўрган шаҳар нимани тасвирлайди? Яҳова ўша ерда деган шаҳар, умумий ҳудудда жойлашгани ердаги нарсаларга тааллуқли эканини тасвирлайди. Эҳтимол, ушбу шаҳар ердаги раҳбарликни англатиб, «янги ер»ни ташкил этувчи инсонларга фойда келтиради (2 Бутрус 3:13). Унинг ҳар томонида дарвозалари мавжудлиги, у ҳамма учун очиқ эканини кўрсатади. Худди шундай, Худонинг халқи орасидаги оқсоқоллар ҳам муомалали, кўнгли очиқ бўлишлари керак.
Хулосалар:
40:14, 16, 22, 26. Маъбаднинг дарвозаларида хурмо дарахти тасвирланган бўлиб, бу ахлоқан пок бўлганларгина унга кира олишларини билдирарди (Забур 91:13). Бу, агар биз тўғри йўл тутсаккина, Яҳова бизнинг хизматимизни қабул айлашини кўрсатмоқда.
44:23. Биз бугунги кундаги руҳонийлар гуруҳи қилаётган хизмати учун нақадар миннатдормиз! «Ишончли ва ақлли хизматкор» ўз вақтида етказиб бераётган озуқа, бизга Яҳованинг назарида нима пок, нима эса нопок эканлигини ажратишга кўмаклашмоқда (Матто 24:45).
47:9, 11. Билим, яъни ҳаётбахш рамзий сув бугунги кунда ажойиб соғайтириш келтирмоқда. Бу билим одамларга маънавий ҳаёт бахш этмоқда (Юҳанно 17:3). Бошқа томондан, ушбу ҳаёт сувидан ичмаганлар туз учун қолдирилади — бутунлайин йўқ қилинади. Шундай экан, ўзимизни «ҳалол бир ишчи сифатида кўрсатишга ғайрат қилишимиз» нақадар муҳим! (2 Тимўтийга 2:15).
Худо Ўз исмини улуғлайди
Довуд наслидан бўлган охирги шоҳ тахтдан туширилгандан сўнг, шоҳлик қилишга ҳақли бўлган шахс келмагунига қадар, анча вақт ўтди. Бироқ Худо Довуд билан тузган аҳдидан воз кечгани йўқ (Ҳизқиё 21:27; 2 Шоҳлар 7:10–16). Ҳизқиёнинг башоратида Худонинг хизматчиси Довуд чўпон ва шоҳ бўлиши ҳақида айтилган (Ҳизқиё 34:23, 24; 37:22, 24, 25). Бу, шоҳлик тахтига ўтирган Ҳазрати Исодир (Ваҳий 11:15). Тангри Яҳова Ўз исмини ушбу Шоҳлик орқали улуғлайди (Ҳизқиё 36:23).
Яқинда Худонинг номига шак келтирганлар йўқ қилинади. Аммо Яҳовага маъқул келадиган тарзда хизмат қилиб, ҳаётида Унинг исмини улуғлаётганлар абадий ҳаётга эга бўладилар. Келинг, бугунги кунда тўлиб-тошиб оқаётган ҳаётбахш сувлардан тўлиқ баҳраманд бўлиб, ҳақ топишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўяйлик!
[Изоҳ]
a Ҳизқиё 1:1–24:27- оятлари «Қўриқчи минораси»нинг 2007- йил, 1- июл сонидаги «Ҳизқиё китобининг диққатга сазовор оятлари (1- қисм)» мақоласида кўриб чиқилган эди.
[25- саҳифадаги расм]
Ҳизқиё ваҳийда кўрган улуғвор маъбад
[26- саҳифадаги расм]
Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарё нимани англатади?
[Расм манбаи]
Pictorial Archive (Near Eastern History) Est.