8- БОБ
«Уларнинг устидан бир чўпонни... қўяман»
БУ БОБДА: Масиҳ билан боғлиқ тўртта башорат ва уларнинг амалга ошиши
1–3. Нега Ҳизқиёнинг қалби ғамга тўла эди ва у қандай башоратни ёзишга илҳомлантирилди?
ҲИЗҚИЁ олтинчи йили сургунда эдиa. Юзлаб километр олисда жойлашган азиз ватани, яъни Яҳудо қандай бошқарилаётгани ҳақида ўйлаганида пайғамбарнинг қалби ғамга тўлади. У бир шоҳ бошқасига алмашганига гувоҳ бўлган.
2 Ҳизқиё садоқатли шоҳ Йўшиё ҳукмронлигининг ўрталарида туғилганди. У шоҳ Йўшиё ўйма тасвирларни йўқ қилиш ва Яҳудода пок топинишни тиклаш мақсадида нималар қилганини эшитганда хурсанд бўлгандир. (2 Сол. 34:1–8) Аммо Йўшиё қилган ўзгаришлар кўпга етмади, боиси, ундан кейин тахтни эгаллаган шоҳларнинг аксарияти бутпарастлик билан шуғулланди. Бундай ёмон бошқарувчилар дастидан халқ маънавий ва ахлоқий ботқоққа баттар ботиб кетганининг ажабланарли жойи йўқ. Хўш, қандайдир умид бормиди? Бўлмасам-чи!
3 Яҳова садоқатли пайғамбарни келажакда пок топинишни абадий тиклайдиган ва Унинг қўйларига меҳр ила ғамхўрлик қиладиган бўлажак Бошқарувчи ва Чўпон, яъни Масиҳ ҳақидаги башоратни ёзишга илҳомлантиради. Бу, Масиҳ ҳақидаги бир нечта башоратдан биринчисидир. Мазкур башоратларни синчковлик ила кўриб чиқсак яхши бўларди, чунки абадий келажагимиз уларнинг амалга ошиши билан боғлиқ. Келинг, Ҳизқиё китобидаги Масиҳ билан боғлиқ тўртта башоратни тадқиқ қилайлик.
«Янги чиққан новда» «улкан кедрга айланади»
4. Ҳизқиё қандай башоратни айтди ва Яҳова бу башоратга кириш сўзи сифатида нимани айтиб берди?
4 Тахминан мил. авв. 612 йили Яҳова Ҳизқиёга «сўзини аён қилди» ва у Масиҳ бошқарувининг кўлами ҳамда унинг Шоҳлигига ишонишимиз кераклигини кўрсатувчи башоратни айтди. Бу башоратга кириш сўзи сифатида Яҳова Ҳизқиёни у билан сургунда бўлганларга Яҳудо бошқарувчиларининг садоқатсизлигини ва адолатли Масиҳий Бошқарувчи кераклигини таъкидлайдиган башоратли мазмунга эга жумбоқни айтишга илҳомлантирди. (Ҳиз. 17:1, 2)
5. Жумбоқнинг қисқача мазмуни қандай?
5 Ҳизқиё 17:3–10 ни ўқинг. Жумбоқнинг қисқача мазмуни қуйидагича эди: «катта... бургут» кедр дарахтининг учини узиб олади ва уни «савдогарлар шаҳрига» экиб қўяди. Сўнг бургут «юртдан уруғ олади» ва уни «сувлар бўйидаги» унумдор далага экади. Уруғ униб чиқиб «ёйилган токка айланади». Кейин эса иккинчи катта «бургут» учиб келади. Ток сув билан суғориладиган яхшироқ жойга кўчирилишни истаб илдизларини «жон-жаҳди билан бургут томон» чўзади. Яҳова токнинг ҳаракатларини қоралаб илдизи билан суғуриб олинишини ва «бутунлай қуриб қолишини» айтади.
6. Жумбоқ нимани англатишини тушунтиринг.
6 Ушбу жумбоқ нимани англатарди? (Ҳизқиё 17:11–15 ни ўқинг.) Мил. авв. 617 йили Бобил шоҳи Навуходоносор (биринчи «катта... бургут») Қуддусни қамал қилган эди. У Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни («кедр дарахтининг учини») тахтдан тушириб, Бобилга («савдогарлар шаҳрига») олиб кетган эди. Навуходоносор Зидқиёни («юртдан уруғ»ни, яъни шоҳлар сулоласидан бўлган кишини) Қуддусда тахтга ўтқазди. Яҳудонинг янги шоҳи Худонинг исми ҳаққи қасам ичиб, Бобил шоҳининг садоқатли вассали бўлишга ваъда берди. (2 Сол. 36:13) Лекин Зидқиё ичган қасамини менсимади; у Бобилга қарши бош кўтарди ва ҳарбий ёрдам сўраб Миср фиръавнига (иккинчи катта «бургут»га) мурожаат қилди, бироқ бундан ҳеч қандай фойда бўлмади. Яҳова садоқатсизлик қилиб қасамини бузган Зидқиёни қоралади. (Ҳиз. 17:16–21) Охири Зидқиё тахтдан туширилди ва Бобилда зиндонда вафот этди. (Ерм. 52:6–11)
7. Бу башоратли жумбоқдан қандай сабоқлар оляпмиз?
7 Бу башоратли жумбоқдан қандай сабоқлар оляпмиз? Биринчидан, пок тарзда топинувчилар сифатида сўзимизда туришимиз керак. Исо айтганидек, «“ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин». (Мат. 5:37) Ҳақиқатни айтиш учун Худо ҳаққи қасам ичиш керак, деб билсак, бунга жиддий ёндашамиз. Иккинчидан, кимга ишонаётганимизга диққатли бўлишимиз зарур. Муқаддас Китобда қуйидаги огоҳлантирув ёзилган: «Умид боғламанг бекларга, нажот беролмайдиган инсон ўғлига». (Заб. 146:3)
8–10. Яҳова бўлажак Масиҳий Бошқарувчини қандай тасвирлаган ва бу башорат қай йўсин амалга ошган? («Масиҳга оид башорат — улкан кедр дарахти» номли рамкага ҳам қаранг.)
8 Бироқ шундай бошқарувчи борки, унга тўлиқ ишониб, умид боғлашимиз мумкин. Кўчириб ўтказилган дарахт учи ҳақидаги башоратли жумбоқни айтгандан кейин Яҳова бўлажак Масиҳий Бошқарувчини тасвирлаш учун шунга ўхшаш шеърий образдан фойдаланган.
9 Башоратда нима дейилган? (Ҳизқиё 17:22–24 ни ўқинг.) Бироқ бу сафар катта бургутлар эмас, балки Яҳованинг Ўзи ҳаракатга киришади. У «баланд кедр дарахтининг учидаги [янги чиққан] новдани узиб олиб,.. уни баланд, улкан тоғнинг тепасига экиб қўяди». Новда «ўсиб... улкан кедрга айланади. Унинг остида турли қушлар қўним топади». Шунда «даладаги барча дарахтлар» Яҳованинг Ўзи ушбу улкан дарахтни ўстирганини билиб олишади.
10 Башорат қандай амалга ошди? Яҳова Ўғли Исо Масиҳни шоҳ Довуднинг сулоласидан («баланд кедр дарахти»дан) узиб олиб, самовий Сион тоғининг («баланд, улкан тоғнинг») тепасига экиб қўйди. (Заб. 2:6; Ерм. 23:5; Ваҳ. 14:1) Гарчи душманлари Ўғлини «энг аҳамиятсиз инсон» деб билган бўлса-да, Яҳова унга «бобокалони Довуднинг тахтини» бериб, уни юксалтирди. (Дон. 4:17; Луқо 1:32, 33) Баланд кедр дарахти сингари Масиҳий Бошқарувчи Исо Масиҳ осмондан туриб бутун ер юзи устидан бошқаради ва барча фуқаролари учун барака манбаи бўлади. Дарҳақиқат, у ишончимизга лойиқ Бошқарувчидир. Исо бошқарадиган Шоҳлик соясида ер юзидаги итоаткор инсонлар «бехатар яшайди. Фалокат уни [уларни] даҳшатга солмайди». (Ҳик. 1:33)
11. «Улкан кедрга» айланган «янги чиққан новда» ҳақидаги башоратдан қандай муҳим сабоқ оляпмиз?
11 Башоратдан қандай сабоқ оляпмиз? «Улкан кедрга» айланган «янги чиққан новда» ҳақидаги тўлқинлантирувчи башорат «Биз кимга ишонишимиз керак?» деган жуда муҳим саволга жавоб топишга ёрдам беради. Инсоний ҳукуматлар ва уларнинг ҳарбий кучига ишониш нодонлик бўларди. Чинакам хавфсизликка эга бўлиш учун Масиҳий Шоҳ Исога тўлиқ ишониб, умид боғласак оқилона йўл тутган бўламиз. Унинг ишончли қўлларидаги самовий ҳукумат инсониятнинг ягона умидидир. (Ваҳ. 11:15)
«Қонуний ҳуқуқи бор» шахс
12. Яҳова Довуд билан қилган аҳдини унутмаганини қандай аён қилди?
12 Худо иккита бургут ҳақидаги башоратли жумбоқни Ҳизқиёга тушунтириб берганида, у Довуднинг сулоласидан бўлган садоқатсиз шоҳ Зидқиё тахтдан туширилишини ва Бобилга асир қилиб олиб кетилишини англаган. Эҳтимол, пайғамбар: «Худонинг Довуд билан қилган аҳди нима бўлади? Ваъдага кўра, Довуднинг сулоласидан бўлган шоҳ абадий ҳукмронлик қилиши керак-ку»,— деб ўйлагандир. (2 Шоҳ. 7:12, 16) Агар Ҳизқиё бу савол устида мулоҳаза қилган бўлса, жавобини узоқ кутмади. Тахминан мил. авв. 611 йили, сургуннинг еттинчи йили, ҳали Яҳудода Зидқиё ҳукмронлик қилаётганида Яҳова Ҳизқиёга «сўзини аён қилди». (Ҳиз. 20:2) Яҳова унга Масиҳ ҳақида яна бир башорат айтди. Унга кўра, Худо Довуд билан қилган аҳдини унутмагани аён бўлди. Башоратга биноан, бўлажак Масиҳий Бошқарувчи Довуднинг вориси сифатида бошқариш учун қонуний ҳуқуққа эга бўлади.
13, 14. Ҳизқиё 21:25–27 даги башоратнинг қисқача мазмуни қанақа ва у қандай амалга ошди?
13 Башоратда нима дейилган? (Ҳизқиё 21:25–27 ни ўқинг.) Яҳова Ҳизқиё орқали «Исроилнинг... ёвуз йўлбошчиси»га мурожаат қилиб, унинг жазо оладиган вақти келганини очиқчасига айтади. Яҳова ушбу ёвуз бошқарувчига унинг бошидаги «салла» ва «тож» (ҳокимият рамзи) олиб қўйилишини маълум қилади. Сўнг пасайтирилган ҳокимиятлар юксалтирилади, юксалтирилганлари пасайтирилади. Юксалтирилган ҳокимиятлар бошқариб туради, бироқ бу то «қонуний ҳуқуқи бор келмагунча» давом этади. Кейин Яҳова унга Шоҳликни топширади.
14 Башорат қандай амалга ошди? Қуддус вайрон қилиниши билан, яъни мил. авв. 607 йили пойтахти Қуддус бўлган «юксалтирилган» Яҳудо шоҳлиги пасайтирилди. Ўшанда бобилликлар шаҳарни вайрон қилиб, тахтдан туширилган шоҳ Зидқиёни асир қилиб олишди. Кейин шоҳ Довуднинг сулоласидан бўлган бирорта ҳам шоҳ Қуддусда ҳукмронлик қилмади. «Пасайтирилган» ўзга халқлар юксалтирилди ва ер юзи устидан бошқариш уларнинг қўлига ўтди. Бироқ бу чекланган вақт давом этди. 1914 йили Яҳова ҳукмронликни Исо Масиҳга топширганида «ўзга халқлар даври» якунига етди. (Луқо 21:24) Шоҳ Довуднинг авлоди сифатида Исо чиндан ҳам Масиҳий Шоҳликни бошқаришга «қонуний ҳуқуқи бор» шахсдирb. (Ибт. 49:10) Яҳова Довуднинг авлодларидан бири унинг тахтида абадий ўтириб, мангу бор бўладиган Шоҳлик устидан бошқариши ҳақидаги расмий ваъдасини Исода амалга оширди. (Луқо 1:32, 33)
15. Нега Шоҳ бўлмиш Исо Масиҳга тўлиқ ишонишимиз мумкин?
15 Башоратдан қандай сабоқ оляпмиз? Биз Шоҳ бўлмиш Исо Масиҳга тўлиқ ишонишимиз мумкин. Нега? Одамлар томонидан танланган ёки ҳокимиятни ноқонуний босиб олган дунёвий бошқарувчилардан фарқли ўлароқ, Исони Яҳованинг Ўзи танлади ва қонуний ҳуқуқи борлиги учун унга бу «салтанат берилди». (Дон. 7:13, 14) Дарҳақиқат, Яҳованинг Ўзи тайинлаган Шоҳга ишонишимиз мумкин!
«Хизматкорим Довуд» «уларнинг чўпони бўлади»
16. Яҳова қўйларига қандай муносабатда ва Ҳизқиё давридаги «Исроил чўпонлари» сурувга қандай муомала қилишган?
16 Олий Чўпон бўлмиш Яҳова қўйларининг — ер юзида унга топинувчиларнинг фаровонлиги учун қаттиқ қайғуради. (Заб. 100:3) Қўйларига ғамхўрлик қилишни ёрдамчи чўпонларга ишониб топширганида, бу чўпонлар қўйларига қандай муомала қилаётганини У диққат билан кузатиб туради. У ҳолда Яҳова Ҳизқиё давридаги «Исроил чўпонлари» ҳақида қандай фикрда бўлганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Улар «бераҳмлик ва золимлик қилиб» бошқаришган. Натижада сурув азият чеккан, кўплар пок топинишни тарк этган. (Ҳиз. 34:1–6)
17. Яҳова Ўз қўйларини қандай қутқарган?
17 Яҳова қандай йўл тутган? У Исроилнинг бераҳм бошқарувчиларини «жавобгарликка тортишни» айтган. Кейин: «Қўйларимни... қутқараман»,— деб ваъда қилган. (Ҳиз. 34:10) Яҳова ҳамиша сўзларини рўёбга чиқарган. (Ёшуа 21:45) Мил. авв. 607 йили У бобиллик босқинчилардан фойдаланиб худбин чўпонларни ҳокимиятидан маҳрум этган ва қўйларини қутқарган. Етмиш йилдан кейин, У қўйлар каби бўлган топинувчиларини Бобилдан қутқарган ва ҳақ топинишни тиклашлари учун уларни она юртига қайтариб олиб келган. Бироқ Яҳованинг қўйлари заиф ҳолда бўлиб, дунёвий ҳокимиятларнинг бошқаруви остида бўлишган. «Ўзга халқлар даври» бир неча аср давом этган. (Луқо 21:24)
18, 19. Мил. авв. 606 йили Ҳизқиё қандай башоратни айтган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
18 Мил. авв. 606 йили, Қуддус вайрон этилганидан тахминан бир йил ўтгач, Яҳова Ҳизқиёни бир башорат айтишга илҳомлантирган. Ушбу башоратда Олий Чўпон қўйлари учун қаттиқ қайғуриши ва улар абадий яшашини исташи ҳақида гап борган. Мазкур башоратда Масиҳий Бошқарувчи Яҳованинг қўйларини қандай боқиши тасвирланган.
19 Башоратда нима дейилган? (Ҳизқиё 34:22–24 ни ўқинг.) Худо «бир чўпонни... қўяди» ва уни «хизматкорим Довуд» деб атайди. «Бир чўпон» ибораси ва «хизматкорим» сўзи бирликда ишлатилгани, Бошқарувчи Довуддан келиб чиқадиган шоҳлар сулоласини тиклашига эмас, балки шоҳликни Довуднинг ягона абадий вориси сифатида мерос қилиб олишига ишора қилади. Ушбу Чўпон ва Бошқарувчи Худонинг қўйларини боқиб, «уларнинг йўлбошчиси бўлади». Яҳова Ўз қўйлари билан «тинчлик аҳдини қилади». Шунда «баракалар ёмғир каби [уларнинг устига] ёғилади» ва улар ёқимли хавфсизлик, тетиклик бахш этувчи фаровонликка эришиб, серпушт бўлишади. Нафақат инсонлар ўртасида, балки инсонлару ҳайвонлар ўртасида тинчлик мўл бўлади! (Ҳиз. 34:25–28)
20, 21. а) «Хизматкорим Довуд» ҳақидаги башорат қандай амалга ошди? б) Ҳизқиёнинг «тинчлик аҳди» ҳақидаги сўзлари келажакда қандай амалга ошади?
20 Башорат қандай амалга ошди? Бошқарувчини «хизматкорим Довуд» деб атаб, Худо башорат орқали шоҳлик қилишга қонуний ҳуқуқи бўлган ва Довуднинг авлоди ҳисобланган Исога ишора қилган. (Заб. 89:35, 36) Ер юзида бўлганида Исо қўйлари учун ўз жонини бағишлаб «яхши чўпон» эканини исботлаган. (Юҳан. 10:14, 15) Ҳозир эса у самовий Чўпон. (Иброн. 13:20) 1914 йили Худо Исони Шоҳ этиб тайинлади ва унга ер юзидаги қўйларига чўпонлик қилиш ҳамда уларни боқиш масъулиятини ишониб топширди. Бу воқеадан кўп ўтмай, 1919 йили яқинда тахтга ўтирган Шоҳ «уйидагиларга» — самода ёки ер юзида яшаш умидига эга бўлган Худонинг садоқатли топинувчиларига — ризқ-рўзни бериб туриш учун «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлади. (Мат. 24:45–47) Масиҳ бошчилигида ишончли хизматкор Худонинг қўйларини маънавий озуқа билан яхши боқяпти. Бу озуқа уларга маънавий жаннатда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга кўмаклашиб келмоқда. Ушбу маънавий жаннат кенгайишда давом этмоқда.
21 Ҳизқиёнинг «тинчлик аҳди» ва баракалар ёмғир каби ёғиши ҳақидаги сўзлари келажакда қандай амалга ошади? Яқинда бўладиган янги дунёда ер юзида Яҳовага пок тарзда топинадиганлар «тинчлик аҳди»нинг баракаларига тўлиқ эга бўлишади. Том маънода курраи заминда бўладиган жаннатда Худога садоқатли инсонлар уруш, жиноят, очлик, касаллик ёки йиртқич ҳайвонлардан азият чекишмайди. (Ишаё 11:6–9; 35:5, 6; 65:21–23) Ер юзидаги жаннатда абадий яшаш истиқболидан наҳотки қалбингиз ҳаяжонга тўлмаса?! Ўшанда Худонинг қўйлари «хавфсизликда яшашади, ҳеч ким уларни қўрқитмайди». (Ҳиз. 34:28)
22. Исо қўйларга қандай муомала қилади ва ёрдамчи чўпонлар Исога қай йўсин тақлид қилишлари мумкин?
22 Башоратдан қандай сабоқ оляпмиз? Отаси каби Исо ҳам қўйларнинг фаровонлиги учун қаттиқ қайғуради. Чўпону Шоҳ сифатида у Отасининг қўйлари маънавий озуқа билан яхши боқилишига ва маънавий жаннатда тинчлик ҳамда хавфсизликдан баҳраманд бўлишига ғамхўрлик қиляпти. Бундай Бошқарувчи бизга ғамхўрлик қилиши нақадар далдали! Ёрдамчи чўпон бўлиб хизмат қиладиганлар қўйларга Исо каби муомала қилишлари керак. Оқсоқоллар «бажонидил» ва «иштиёқ билан» сурувга чўпонлик қилиб, қўйларга «ўрнак кўрсатиш»лари даркор. (1 Бутр. 5:2, 3) Оқсоқол Яҳованинг ҳеч бир қўйига ёмон муомала қилмаслиги лозим! Ҳизқиёнинг давридаги бераҳм Исроил чўпонларига айтилган Яҳованинг мана бу сўзларини ёдда тутинг: «Мен... уларни жавобгарликка тортаман». (Ҳиз. 34:10) Олий Чўпон қўйларига қандай муомала қилинаётганини диққат билан кузатиб турибди, Унинг Ўғли ҳам шундай йўл тутмоқда.
«Хизматкорим Довуд абадий уларнинг йўлбошчиси бўлади»
23. Исроил халқини бирлаштириш ҳақида Яҳова қандай ваъда берган ва бу қандай амалга ошган?
23 Яҳова Унга топинадиган кишилар якдил бўлиб хизмат қилишларини истайди. Тикланиш ҳақидаги башоратда Худо Ўз халқини — икки қабилали Яҳудо шоҳлигини ҳамда ўн қабилали Исроил шоҳлигини — йиғиб олишини ва улар «бир халқ» бўлишини ваъда қилган. Башоратга кўра, иккита «таёқ» Унинг қўлида «битта таёқ бўлиб қолади». (Ҳиз. 37:15–23) Башорат амалга ошиши учун Худо мил. авв. 537 йили ваъда қилинган юртда Исроил халқини тиклади, яъни қайта бирлаштирдиc. Бироқ бу, улкан ва келажакда юз берадиган абадий давом этувчи бирлашишнинг кичик намунаси эди, холос. Исроилнинг бирлашишини ваъда қилгандан кейин, Яҳова Ҳизқиёга қандай қилиб бўлажак Бошқарувчи бутун дунёдаги ҳақ топинувчиларни абадий давом этадиган бирлик ришталари билан боғлашини аён қилади.
24. Яҳова Масиҳий Бошқарувчига қандай тавсиф берган ва бу Шоҳнинг бошқаруви қандай бўлади?
24 Башоратда нима дейилган? (Ҳизқиё 37:24–28 ни ўқинг.) Яҳова Масиҳий Бошқарувчига ишора қилиб уни яна бир бор «хизматкорим Довуд», «бир чўпон» ва «йўлбошчи» деб атайди. Бироқ энди Яҳова уни «шоҳ» деб ҳам атайди. (Ҳиз 37:22) Бу Шоҳнинг бошқаруви қандай бўлади? Унинг бошқаруви абадий бўлади. Оятларда «мангу» ва «абадий» сўзлари ушбу Шоҳ бошқарганда баракаларнинг чеки бўлмаслигини кўрсатмоқдаd. Унинг бошқаруви бирлик борлиги билан ажралиб туради. «Битта шоҳ» бошқарганда садоқатли фуқаролар ўша-ўша «ҳукмлар»га риоя қилиб, биргаликда «ерда истиқомат қилишади». Шоҳнинг бошқаруви унинг фуқароларига Тангри Яҳовага яқинроқ бўлишга ёрдам беради. Яҳова ушбу фуқаролар билан «тинчлик аҳди»ни тузади. Яҳова уларнинг Худоси, улар эса Унинг халқи бўлишади. Унинг маъбади «уларнинг орасида абадий» бўлади.
25. Масиҳий Шоҳ ҳақидаги башорат қандай амалга ошди?
25 Башорат қандай амалга ошди? 1919 йили садоқатли мойланганлар «бир чўпон», яъни Масиҳий Шоҳ Исо Масиҳ бошчилигида бирлашишди. Кейин «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган... улкан оломон» имондошлари бўлмиш мойланганлар билан бирлашди. (Ваҳ. 7:9) Биргаликда улар «бир чўпон» бошчилигида «бир сурув»ни ташкил этишди. (Юҳан. 10:16) Умиди осмонда яшаш бўладими ёки ердами, уларнинг барчаси Яҳованинг ҳукмлари, яъни қонунларига итоат қилишмоқда. Натижада умумжаҳон биродарлик сифатида улар маънавий жаннатда бирга яшашмоқда. Барака сифатида Яҳова уларга тинчлик ато этди ва пок топинишни англатувчи Унинг маъбади уларнинг орасидадир. Яҳова уларнинг Худоси. Улар ҳозир ва абадий Унинг топинувчилари бўлишдан фахрланишади!
26. Маънавий жаннатдаги бирликка ўз ҳиссангизни қандай қўша оласиз?
26 Башоратдан қандай сабоқ оляпмиз? Яҳовага пок тарзда топинаётган умумжаҳон биродарлик билан бирлашиш шарафига эга бўлдик. Бироқ бундай шараф зиммамизга масъулият юклайди. Биз бирликка ҳисса қўшишимиз керак. Шу сабабдан, эътиқод ва қилган ишларимизда уйғунлик бўлишига ҳаракат қилишимиз даркор. (1 Кор. 1:10) Бунинг учун биз ўша-ўша маънавий озуқани чин дилдан тановул қилишга, хулққа оид Муқаддас Китоб меъёрларига риоя этишга ва ўша-ўша Шоҳлик хабарини ваъз қилиш ва шогирд тайёрлашдек муҳим ишда қатнашишга интиляпмиз. Бирлигимизнинг чинакам калити — севги. Агар севгини ва унинг кўпгина қирраларини, жумладан, ҳамдардлик, раҳм-шафқат ва кечиримлиликни ривожлантириб намоён этсак, бирликка ҳисса қўшамиз. Муқаддас Китобда «севги» «етук даражада бирлаштиради», дейилган. (Колос. 3:12–14; 1 Кор. 13:4–7)
27. а) Ҳизқиё китобидаги Масиҳга оид башоратлар сизда қандай туйғуларни уйғотяпти? б) Кейинги бобларда нима ҳақида гап боради?
27 Ҳизқиё китобида Масиҳга оид башоратлар борлигидан жуда миннатдормиз! Ушбу башоратларни ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш суюкли Шоҳимиз Исо Масиҳ ишончимизга лойиқ эканини, бошқариш учун унинг қонуний ҳуқуқи борлигини, меҳр ила бизга чўпонлик қилишини ва абадий давом этадиган бирлик ришталари билан бизни боғлашини кўрсатмоқда. Масиҳий Шоҳнинг фуқаролари бўлиш катта шараф! Келинг, Масиҳга оид ушбу башоратлар Ҳизқиё китобида очиб берилган тикланиш ҳақидаги умумий мавзунинг бир қисми эканини ёдда тутайлик. Яҳова Ўз халқини бирга йиғиб, пок топинишни уларнинг орасида тиклашда Исодан фойдаланмоқда. (Ҳиз. 20:41) Ушбу китобнинг кейинги бобларида тўлқинлантирувчи тикланиш мавзуси ва у Ҳизқиё китобида қандай очиб берилиши ҳақида гап боради.
a Сургуннинг биринчи йили мил. авв. 617 йилда бошланган. Ўшанда яҳудийлар илк бор Бобилга асир қилиб олиб кетилган. Демак, сургуннинг олтинчи йили мил. авв. 612 йили бошланган.
b Исо Довуднинг авлоди экани илҳомлантирилган Инжил баёнотларида батафсил ёзилган. (Мат. 1:1–16; Луқо 3:23–31)
c Ҳизқиёнинг иккита таёқ ҳақидаги башорати ва у қандай амалга ошгани мазкур китобнинг 12- бобида муҳокама қилинади.
d «Мангу» ва «абадий» деб ўгирилган ибронийча сўзга бир манбада шундай изоҳ берилган: «Давомийлик маъносидан ташқари бу сўз доимийлик, турғунлик, барқарорлик, қайтариб бўлмаслик ва ўзгармаслик деган қирраларга эга».